Home / МАҚОЛАЛАР / Фарзандингизни интернетдан фойдаланишида назоратни унутманг!!!

Фарзандингизни интернетдан фойдаланишида назоратни унутманг!!!

Ҳар бир нарсани яхши томони бўлгани каби ёмон жиҳатлари ҳам бор. Интернетда фойдали маълумотлар билан бир қаторда, зарарли беҳаё, бузуқ маълумотлар ҳам кенг тарқалгандир. Инсон маънавиятига таъсир қиладиган фохишабозлик, беҳаёликни, ахлоқсизликни тарғиб қилувчи сайтлар жуда ҳам кўпайиб бормоқда.

Баъзи одамлар интернет орқали бир-бирларини алдамоқда, бир-бирига тухмат қилмоқда, у туфайли кўпгина ёш оилалар ажрашиб кетиш ҳолатлари кузатилмоқда ва ҳоказо. Интернет орқали нафақат ахлоқий бузуқликлар, балки сиёсий, иқтисодий, молиявий ва бошқа кўпгина соҳаларда ҳам кўплаб жиноятлар содир этилмоқда.

Юқорида келтириб ўтилган гаплар шуни кўрсатиб турибдики интернетни биз ҳам яхшиликка, ҳам ёмонликка ишлатишимиз мумкин экан. Бизни вазифамиз ундан фақатгина яхшилик йўлида фойдаланишимиз керак. Бунинг учун эса динимизнинг умумий таълимотлари асосида интернетдан фойдаланиш одобларини йўлга қўйишимиз керак бўлади.

Аввало интернетдан фойдаланмоқчи бўлган одам ниятини тўғри қилиши керак. Ана шунда бу ишдан фойда топади. Интернетдан фойдаланишдан олдин вақтни бекор кетказмасликни, унинг ҳар лаҳзаси ҳисобли эканини ўйлаш керак. Интернетда узоқ вақт ўтириш ҳам зарарли бўлиб, у сабабли инсон ўзига хос хасталикларга чалиниши мумкин. Бундан ташқари интернетда кўриладиган, эшитиладиган ва ўқиладиган маълумотларнинг барчасига шариат рухсат берган бўлиши керак. Аммо минг афсуслар бўлсинки, кўпгина инсонлар сайтда ўзларига раво кўрмайдиган нарсаларни сайт орқали бемалол кўришади. Бундай одамларнинг ахлоқида камчилиги бор. Шунинг учун инсон ҳар бир ишни қилаётганда Аллоҳ таоло уни кўриб турганлигини унутмаслик керак. Зеро Аллоҳ таоло Ғофир сурасида марҳамат қилади: “У зот кўзларнинг хиёнатини ҳам, кўкслар яширган нарсаларни ҳам билур” (19 оят). Аллоҳ таоло билмайдиган ҳеч нарса йўқ. У зот ҳамма нарсани билади. Ҳаттоки ҳеч кимга билдирмасдан, дилда тугиб қўйган нарсаларни ҳам билади. Шундай бўлгандан кейин бошқа нарсаларни билишда шак шубҳа йўқ. Одамлар буни билиб қўйсинлар.

Балоғат ёшидаги ўсмирларнинг интернетдан фойдаланишини тўғри тартибга қўйиб, уларни доимий равишда кузатиб бориш керак. Бундай ҳолатларда болаларни эътибордан четда қолдирмаслик керак. Улар фойдаланадиган компьютер, телефон жиҳозлари доимий равишда кузатиб борилиши керак. Чунки бола кўча-куйда ўртоқларидан ёки бирон танишларидан ҳам турли беҳаё сайтларни ўрганиб, шуларга кириб фойдаланиши мумкин. Боланинг интернет ёки компьютерда ўйнайдиган ўйинлари зеҳнни чарҳлайдиган, одоб ахлоққа тарғиб қиладиган бўлиши керак. Уларнинг вақтлари беҳудага кетмаслиги учун ота-она доимий равишда ҳаракат қилиши лозим бўлади. Агар ота-она фарзандига интернетдан фойдаланиш одобларини доимий равишда ўргатиб, уни назорат қилиб борса, ундай фарзанднинг ҳаёси, одоби ўз жойида бўлади. Бегона ёт ғояларга эргашиб кетмайди. Фикрлаш қобилияти яхши ривожланади.

Ҳозирда интернетда мавжуд салбий ва зарарли сайтлар, яъни ўз-ўзини ўлдириш – худкушликнинг осон йўлларини тарғиб қилувчи сайтлар қарийб 10 мингга яқинлашганлиги, шундан зиёд террорчилик ва экстремистик сайтлар, қарийб беш минг эротик сайтлар ва шунга ўхшаш бир қанча тарбияга зид сайтлар кўпайганлигини кўришимиз мумкин.

Китоб ёшларимиз онги ва маънавий дунёқарашини тўғри шакллантиришга хизмат қилади. Юқорида қайд этиб ўтилган салбий ҳолатларнинг олдини олиш учун бугунги кун ёшларимиз фақат “uz” доменидаги сайтлардан фойдаланишлари мақсадга мувофиқ бўлади. Халқимизда “Огоҳ бўлган абгор бўлмас” деган нақл бор. Интернет жуда катта бозорга ўхшайди. Харидор бу ердан ўзига керакли барча нарсани топади. Инсон азиз, унинг соғлиги ва омонлиги бебаҳо неъмат. Арзимаган, оний лаззатни деб азиз умримизга, бебаҳо соғлигимиз ва тинчлигимизга хиёнат қилмайлик.

Абдуллаев Бекназар
Хазорасп тумани “Шайх Ҳусайин бобо” масжиди имом хатиби

Check Also

ЎЗБЕКИСТОН ФАЛСАФА ТАРИХИ РИВОЖИДА НАЖМИДДИН КОМИЛОВ ТАСАВВУФШУНОСЛИК МАКТАБИНИНГ ЎРНИ ВА ИЗДОШЛИК АНЪАНАЛАРИ

Инсоннинг ақлий кашфиёти, интеллектуал салоҳияти юқори даражага етган глобал даврни рақамлашган дунё бошқармоқда. Аммо башарият …