Home / МАҚОЛАЛАР / ҲОЖИДАН БОШҚАЛАРГА АРАФА КУНИ РЎЗАСИ

ҲОЖИДАН БОШҚАЛАРГА АРАФА КУНИ РЎЗАСИ

1326. Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:‎
‎«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: ‎
‎«Аллоҳдан умид қиламанки, Арафа кунининг рўзаси ундан ‎олдинги йилни ва ундан кейинги йилни каффорат қилур», дедилар». ‎
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.‎Шарҳ: Бу, албатта, ҳажга бормаган кишилар учундир. Демак, ҳажга ‎бормаганлар Арафа кунининг рўзасини тутсалар, улкан фазлга эга ‎бўладилар.‎

‎1327. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: ‎
‎«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Арафада оғизлари очиқ ‎бўлди. Умму Фазл у зотга сут юборган эди, ичдилар». ‎
Тўртовлари ривоят қилганлар.‎
Шарҳ: Ривоятда номлари келган Умму Фазл ровий Абдуллоҳ ибн ‎Аббоснинг ўгай оналари, ҳазрати Аббос ибн Абдулмутталибнинг ‎хотинларидир.‎
Мазкур ҳодиса ҳажда бўлиб ўтган. Кишилар ичида Расулуллоҳ ‎соллаллоҳу алайҳи васаллам рўза тутган ёки тутмаганлари ҳақида ‎ихтилоф чиққан. Шунда кўпчилик қатори Арафага чиққан Умму Фазл ‎розияллоҳу анҳо у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга бир идишда сут ‎юборадилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у сутни ичадилар. ‎Шунда у зотнинг Арафа куни Арафотда туриб, рўза тутмаганлари ‎ҳаммага аён бўлади.‎

‎1328. «Ибн Умар розияллоҳу анҳудан Арафа куни рўзаси ҳақида ‎сўралди. Бас, у киши:‎
‎«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр, Умар ва ‎Усмонлар билан бирга ҳаж қилдим. Улар арафа куни рўза ‎тутмадилар. Мен ҳам у куни рўза тутмайман, уни тутишни амр ҳам ‎қилмайман, ундан наҳий ҳам қилмайман», дедилар». ‎
Насоий ва Термизий ҳасан санад билан ривоят қилганлар.‎
Шарҳ: Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ҳам ҳажда юрган ‎кишининг Арафа куни рўза тутмаслиги ҳақида гапирмоқдалар.‎
Ўрганган ҳадисларимиздан хулоса шуки, ҳаж қилмаган одам Арафа ‎куни рўза тутгани, ҳаж қилган одам эса тутмагани афзал.‌‏

«Ҳадис ва ҳаёт» 9-жуз китобидан
Манба:@hilolnashr

Check Also

ЎЗБEК ДАВЛАТЧИЛИГИ ТАРИХИНИ ЎРГАНИШДА «НИЗОМ АТ-ТАВОРИХ»НИНГ АҲАМИЯТИ

Ўзбек давлатчилигини бошқарган сомонийлар, салжуқийлар, ануштегинийлар ҳамда мўғулларга қарамлик даври (1220–1370) тарихига оид манбалардан бири …