Home / МАҚОЛАЛАР / Имом Бухорийнинг “ал-Жамиъ ас-Саҳиҳ” асаридаги услублари

Имом Бухорийнинг “ал-Жамиъ ас-Саҳиҳ” асаридаги услублари

Ҳадис илми илмларнинг аҳамиятлиси ва фойдалироғи бўлгани сабабли муҳаддислар бу йўлда ўзларининг самимийлигини намоён қилиб, тинмай меҳнат қилиб, ўз ниятларини амалга оширдилар. Натижада ўзларидан кейингилар учун яхши ўрнак бўлиб, ҳимматларининг улуғлигидан Пайғамбаримизнинг ҳадисларини чалкашлик ва ўзгариб кетишдан сақладилар. Бу йўлда ҳар бир муҳаддис ўзига хос услубларни яратиб, китобларини туздилар.

Ҳадис илми султони Имом Бухорий ҳам “ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” асарини ёзишда ўзларига хос бўлган бир нечта услублардан фойдаланиб, бу услублардан баъзилари ровийлар санадига боғлиқ бўлса, баъзилари ҳадисни тушунишга боғлиқдир.

Имом Бухорийнинг санадга боғлиқ бўлган услублари жуда ҳам кўп бўлиб, уларни англаш ва фаҳмлаш фақатгина жиддий эътибор қилиш ва бу асарни диққат билан ўқиш орқали амалга ошади. Қуйида Имом Бухорийнинг шу мавзуга боғлиқ бўлган услубларини келтириб ўтамиз:

Имом Бухорий битта санад[1] билан ҳадисни такрорламайди, балки такрорласа ҳам ҳар бир бобнинг тақозосига кўра бошқа санад билан шу ҳадисни келтиради. Яъни қачонки Имом Бухорий ҳадисни такрор келтиришдан  чорасиз бўлиб қолса, санад ёки матндаги қоидалардан бир тур билан келтиради. Бунга мисол санадни бир ўринда қўшиш, бошқа жойда таълиқ қилишлик ва бир жойда санадни тўлиқ қилишлик, бошқа жойда қисқартириб келтириш каби чора-тадбирлар билан бу қийинчиликдан чиқиб кетар эди.  Имом Бухорий бир ҳадисни битта санад ва битта матн билан жуда оз келтирган[2].

“ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” асарида бундай ҳадислар йигирма нечта бўлиб, жумладан:

  1. Абдуллоҳ ибн Муғоффалнинг ёғнинг идиши тўғрисидаги ривоят қилган ҳадиси. Имом Бухорий бу ҳадисни “Хумс” ва “Забоиҳ” бобида келтирган[3].
  2. Саҳл ибн Бакорнинг “Туяларни қурбонлик қилиш” тўғрисидаги ривоят қилган ҳадиси. Имом Бухорий бу ҳадисни “Ҳаж” бобида келтирган[4].
  3. Анас розияллоҳу анҳунинг Умму Ҳориса онамиз ҳақларида ривоят қилган ҳадиси. Уни “ал-Мағозий” ва “ар-Риқоқ” (яъни “Қуллар”) бобида келтирган[5].
  4. Анас розияллоҳу анҳунинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузуридан чиққан, ваҳоланки, ўзлари билан бирга иккита чироққа ўхшаш нарсаси бор бўлган икки киши тўғрисидаги ривоят қилган ҳадиси. Уни “Намоз” ва “Пайғамбарлик аломатлари” бобида келтирган[6].
  5. Яна Анас розияллоҳу анҳунинг “Истисқо” (яъни Қурғоқчилик бўлганда Аллоҳдан ёмғир сўраб дуо қилиш) бобида ривоят қилган ҳадиси. У “Истисқо” бобида ва Аббос розияллоҳу анҳунинг маноқибларида келтирилган[7].
  6. Абу Бакранинг: “Иккита мусулмон ўз қиличлари билан йўлиқса” деган ҳадиси. Уни “Иймон” ва “Диётлар” (яъни “Хунлар”) бобида келтирган[8].
  7. Абу Жуҳайфанинг “ Саҳифа” тўғрисидаги ривоят қилган ҳадиси. Уни ҳам “Диётлар” (яъни “Хунлар”) бобида келтирган[9].
  8. Ҳузайфа розияллоҳу анҳунинг “Омонат” тўғрисидаги ривоят қилган ҳадиси. Уни “Риқоқ” (яъни “Қуллар”) ва “Фитна” бобида келтирган[10].
  9. Абу Ҳурайранинг Бодия аҳлидан бўлган бир киши тўғрисидаги ривоят қилган ҳадиси. “Ҳарс” ва “Музараъа” ва “Тавҳид” бобларида келтирилган[11].
  10. Умар розияллоҳу анҳунинг Бани Назир қабиласининг аҳволи тўғрисида ривоят қилган ҳадиси. Бу ҳадис “Жиҳод” ва “Тафсир” бобида келтирилган[12].
  11. Абу Ҳурайранинг Айюб алайҳиссаломнинг беҳожат бўлганлиги ҳақидаги ривоят қилган ҳадиси. Уни “Анбиё” (яъни “Пайғамбарлар”) ва “Тавҳид” бобида келтириб ўтган[13].
  12. Абу Ҳурайранинг “Меросимни тақсимлама” тўғрисидаги ривоят қилган ҳадиси. Бу ҳадис “Васоё” (яъни “Васиятлар”) ва “Хумус” (“Ўлжанинг бешдан бири”) бобида келтирилган[14].
  13. Абдуллоҳ ибн Амрнинг “Муаъҳид” (мусулмон мамлакатларида шартнома асосида жон пули тўлаб яшовчи мусулмонликни қабул қилмаган киши)ни ўлдиришлик тўғрисидаги ривоят қилган ҳадиси. Бу ҳадис “Жизя” ва “Диёт” бобида келтирилган[15].
  14. Абу Саид розияллоҳу анҳунинг ривоят қилган ҳадиси. Бу ҳадис намозда сутра қўйиш (олдига бармоқ қалинлигидаги таёқдан бир тўсиқ қўйиш) ва “Бадъул холқи” (яъни махлуқотларнинг яратилиши) бобида келтирилган[16].
  15. Абу Ҳурайранинг Закотни сақлашлик тўғрисидаги ривоят қилган ҳадиси. Имом Бухорий бу ҳадисни “Ваколат” ва “Фазоилул Қуръон” (Қуръон фазилатлари) бобида келтирган[17].
  16. Адий ибн Ҳотимнинг оиласидан шикоят қилган киши ҳақида ривоят қилган ҳадиси. Бу ҳадисни Имом Бухорий “Закот” ва “Пайғамбарлик аломатлари” бобида келтирган[18].
  17. Анас розияллоҳу анҳунинг “Уҳуд куни” тўғрисидаги ривоят қилган ҳадиси. Бу ҳадисни Имом Бухорий “Жиҳод” ва “Мағозий” бобида келтирган[19].
  18. Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳунинг “Ҳижратнинг аввалги кунлари” ҳақида ривоят қилган ҳадиси. Бу ҳадисни Имом Бухорий “Пайғамбарлик аломатлари”, “Мағозий” ва “Туш таъбири” бобларида келтирган[20].
  19. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг “Албатта Жаброил…” деб ривоят қилган ҳадиси. Бу ҳадисни Имом Бухорий “Мағозий” китобининг иккита бобида келтирган[21].
  20. Жобир розияллоҳу анҳунинг “Али розияллоҳу анҳунинг эҳром боғлашлиги” ҳақида ривоят қилинган ҳадиси. Бу ҳадис “Ҳаж” ва “Мағозий” китобида келтирилган[22].
  21. Оиша онамизнинг “Мустаҳоза” (яъни, ҳайз ва нифос муддатидан кейин касаллик қони келадиган аёл) ҳақида ривоят қилган ҳадиси. Имом Бухорий бу ҳадисни “Ҳайз” ва “Эътикоф” бобида келтирган[23].
  22. Абу Ҳурайранинг “Таврот тафсири” ҳақида ривоят қилган ҳадиси. Имом Бухорий бу ҳадисни “Эътисом” (Китоб ва Суннатни маҳкам ушлашлик)  ва “Тавҳид” бобларида келтирган[24].

Давоми бор…

О.Бахриев
Қуроншунослик шўъбаси илмий ходими
[1] Матнга олиб борувчи кишилар силсиласи – санад дейилади.
[2] Ҳофиз ибн Ҳажар. “Фатҳул-барий” 13\517.
[3] Имом Бухорий бу ҳадисни “Хумс”нинг фарз бўлиши бобида 3153 рақам билан, “Забоиҳ” бобида 5508 рақам билан келтирган.
[4] Имом Бухорий бу ҳадисни Ҳаж китобида 1712чи ва яна 1714чи рақам билан келтирган.
[5] “ал-Мағозий” бобида 3982-чи ва “ар-Риқоқ” бобида 6550 рақам билан келтирган.
[6] “Намоз” бобида 465чи ва “Пайғамбарлик аломатлари” бобида 3639чи рақам билан келтирган.
[7] Имом Бухорий бу ҳадисни “Истисқо” бобида 1010чи ва “Саҳобаларнинг фазилатлари” китобида 3710чи рақам билан келтирган.
[8] “Иймон” китобида 31чи ва “Диётлар” китобида 6875чи рақам билан келтирган.
[9] Имом Бухорий бу ҳадисни “Диётлар” китобида “Оқила” бобида 6903чи ва “Мусулмон кофирни ўлдирмайди…” бобида 6915чи рақам билан келтирган.
[10] “Риқоқ” китобида 6497чи ва “Фитна” китобида 7086чи рақам билан келтирган.
[11] “Ҳарс” ва “Музараъа” бобида 2348чи ва “Тавҳид” китобида 7519чи рақам билан келтирган.
[12] “Жиҳод” китобида 2904чи ва “Тафсир” китобида 4885чи рақам билан келтирган.
[13] “Пайғамбарлар” китобида 3391чи ва “Тавҳид” китобида 8493чи рақам билан келтирган.
[14] “Васоя” китобида 2776чи ва “Фарзул хумус” китобида 3096чи рақам билан келтирган.
[15] “Жизя” китобида 3166чи ва “Диёт” китобида 6914чи рақам билан келтирилган.
[16] Намоз китобида 509чи ва “Бадул холқи” китобида 3274чи рақам билан келтирган.
[17] “Ваколат” китобида 2311чи ва “Фазоилул Қуръон” китобида 5010чи рақам билан келтирган.
[18] “Закот” китобида 1413чи ва “Маноқиб” китобининг “Пайғамбарлик аломатлари” бобида 3595чи рақам билан келтирган.
[19] “Жиҳод” китобида 1413чи ва “Мағозий” китобида 4064чи рақам билан келтирган.
[20] Имом Бухорий бу ҳадисни бир нечта ўринда битта санад билан келтирган, жумладан “Маноқиб” китобининг “Пайғамбарлик аломатлари” бобида санадни тўлиқ қилган ҳолатда 3622чи ва “Мағозий” китобида санадни қисқа қилган ҳолда 3987чи ва яна шу бобда 4081чи ва “Туш таъбири” бобида 7035чи ва шу бобда бошқа ровийларни зикр қилиб 7041чи рақам билан келтирган.
[21] Бу ҳадисни Имом Бухорий “Мағозий” китобининг “Бадр урушига гувоҳ бўлган фаришталар” бобида 3995чи рақам билан ва “Уҳуд ғазоти” бобида ҳам шу санаднинг ўзи билан келтирди.
[22] “Ҳаж” китобида 1557чи ва “Мағозий” китобида 4352чи рақам билан келтирган.
[23] “Ҳайз” бобида 310чи ва “Эътикоф” бобида 2037чи рақам билан келтирган.
[24] Имом Бухорий бу ҳадисни учта ўринда битта санад ва битта матн билан келтирган, жумладан “Тафсир” китобида 4485чи ва “Китоб ва Суннатни маҳкам ушлашлик” китобида 7362чи ва “Тавҳид” китобида 7542чи рақам билан келтирган.

Check Also

ЎЗБЕКИСТОН ФАЛСАФА ТАРИХИ РИВОЖИДА НАЖМИДДИН КОМИЛОВ ТАСАВВУФШУНОСЛИК МАКТАБИНИНГ ЎРНИ ВА ИЗДОШЛИК АНЪАНАЛАРИ

Инсоннинг ақлий кашфиёти, интеллектуал салоҳияти юқори даражага етган глобал даврни рақамлашган дунё бошқармоқда. Аммо башарият …