Home / МАҚОЛАЛАР / Хушуфағон қишлоғи

Хушуфағон қишлоғи

IX-XII асрлар ислом оламида илм-фаннинг юксак даражада ривожланган даври бўлганлиги боис бу асрларни илм-фан ривожининг олтин даври деб эътироф этилган. Айнан шу даврда юртимизнинг Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Шош, Насаф, Термиз, Фарғона ва Марғинон каби минг йиллик тарихга эга кўҳна ва навқирон шаҳарлар ва улар атрофида жойлашган Дабусия, Афшона, Замахшар, Соғарж, Иштихон, Кушония ва Хушуфағон каби қўрғон ва қишлоқлардан ҳам минглаб алломалар етишиб чиққани барчага маълум. Улар илм-фаннинг тиббиёт, астрономия, жуғрофия, философия, математика, адабиёт каби табиий ва ижтимоий ҳамда тафсир, ҳадис, ақида, фиқҳ каби диний илмлар ривожига ўзларининг беназир ҳиссаларини қўшган. Ўзининг кўҳна ва қадимийлиги билан тарих саҳифаларидан ўрин олган қишлоқлардан бири “Хушуфағон” бўлиб, бу қишлоқдан ўрта асрларда кўплаб алломалар етишиб чиққан.

“Хушуфағон” тарихи ҳақида рус шарқшунос олимаси О.И. Смирнова “Места домусульманских культов в Средней Азии” номли мақоласида шундай ёзади: “Хушуфағон” суғдча “хшу” – “олти”, “фаған” – “ибодатхона”, яъни “Олти ибодатхона” деган маънони билдирган. Бу қишлоқ XII асрларгача Хушуфағон деб, XIII асрларда арабча “Роъсу-л-қантора” (Кўприк боши”) деб, XIII – XVI асрларда эса форсча “Сарипул” (Кўприк боши”) деб аталган[1].

VII аср охири ва VIII аср бошларида Ўрта Осиё араблар томонидан фатҳ этилганидан сўнг бу диёр халқлари орасида араб тили кенг тарқала бошлаган. Ундан олдин эса суғд тилида мулоқот қилишган. Юқорида О.И. Смирнованинг мақоласидаги “Хушуфағон” суғдча “хшу” – “олти”, “фаған” – “ибодатхона”, яъни “Олти ибодатхона” деган маънони билдиради деган сўзига эътибор қаратадиган бўлсак, “Хушуфағон” атамаси айнан суғд тилидан олинганлигига урғу берилмоқда. Ушбу манбага таянган ҳолда Хушуфағон қишлоғининг тарихи XII – XIII асрларга эмас, балки, ундан анча аввалроқ V – VI асрлар – Суғдлар даврига бориб тақалган, десак адашмаган бўламиз. Бу қишлоқда олтита ибодатхонани бўлганлиги эса, ўша даврда Хушуфағон қишлоқ эмас, балки шаҳар бўлганлигига далолат қилади.

Манбаларда қайд этилишича, “Хушуфағон” Самарқанд Суғдидаги Иштихон ва Кушония оралиғида жойлашган бўлиб, ўзининг гўзал ва хушманзара табиати билан алоҳида ажралиб турган.

Абу Саъд Абдулкарим Самъонийнинг “Ал-Ансоб” (“Насаблар”) номли асарида Хушуфағон таърифи ҳақида шундай маълумот келтирилади:

Бир куни Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад Суғдий Хушуфағон қишлоғида жойлашган ҳовлисидаги катта дарахтнинг остида дўстлар даврасида суҳбат қуриб ўтирган эди.

Абу Ҳафс дўстларига:

“Сизлар дунёнинг энг кўркам ва энг хушманзара жойида ўтирибсизлар,” -деди.

“Нима учун?” – дейишди.

“Чунки дунёда Самарқанднинг Суғди каби кўркам, хушманзара, баҳаво жой топилмайди. Суғдда эса Хушуфағонга тенг келадиган жой йўқ. Хушуфағонда эса менинг бу боғимдан кўра обод жой, боғимда эса бу дарахтнинг соясига тенг келадиган серсоя ва салқин жойнинг ўзи йўқ,” – деди.

Бундан кўриниб турибдики, Хушуфағоннинг сўлим ва хушманзара табиати қадимдан бошқа халқларнинг эътиборини ўзига тортиб, бу жойларда ибодатхоналарнинг барпо бўлишига ва халқининг маданиятини равнақ топишига ҳамда Ғарб билан Шарқни боғловчи буюк ипак йўлини шу ердан ўтишига сабаб бўлган бўлса ажаб эмас.

Ёқут Ҳамавийнинг “Муъжаму-л-булдон” асарида келтирилишича: Хушуфағон қишлоғи кейинчалик “Роъсу-л-қантора” деб атала бошаган ва бу ердан қанторий нисбати билан Абу Мансур Жаъфар ибн Содиқ Ибн Жунайд Қанторий (в. 315/927 й.) каби кўплаб алломалар ҳам етишиб чиққан[2]

Юқорида аллома Абу Мансур Жаъфар ибн Содиқ Қанторийнинг вафот этган йили 927 йил деб келтирмоқда, бу эса О.И.Смирнованинг мақоласида келтирилган маълумотдан бир оз фарқли ўлароқ, бу қишлоқ XII-XIII асрларда бошлаб эмас, балки 927 йил – X асрда ҳам “Роъсу-л-қантора” деб аталганлиги далолат қилиб турибди.

VIII асрнинг бошларида Қутайба ибн Муслим бошчилигида Бухоро ва Самарқанд фатҳ қилган. Шундан сўнг бу ерларда ислом дини кенг ёйила бошлаган. VIII аср охири IX аср бошига келиб, Мовароуннаҳр халқлари орасида Ислом дини билан биргаликда араб тили ҳам кенг тарқалиб, араб тилига оид маҳаллий атамалар пайдо бўла бошлаган. Жумладан, Хушуфағон қишлоғи ҳам VIII аср охири IX асрлардан бошлаб арабча Роъсу-л-қантора деб аталган десак мантиқан тўғри бўлар.

Қадимий бу шаҳарнинг жойлашган ўрни борасида рус олими Бартольд шундай фикр билдиради: бу қишлоқ Нарпай канали ёқасидаги Фароғат қишлоғининг ёнида, Каттақўрғоннинг шимолий тарафида тахминан 8 км масофада жойлашган[3].

Бошқа манбаларда эса Каттақўрғон шаҳрининг шарқий-шимолий тарафидан тахминан олти фарсах масофада жойлашган деб келтирилган.

Тарихдан бизга маълумки, XV аср охири ва XVI аср бошида Темурийларнинг ўзаро келишмовчиликлари кучайган кезлар эди. Ундан фойдаланган Шайбонийхон 1499 йил Мовароуннаҳрда Бухоро ва Қоракўлни эгаллайди. Султон Али Мирзо эса 1500 йилда Самарқандни Шайбонийхонга жангсиз топширади. Бироқ шаҳар аҳолиси ва зодагонларининг маълум бир қисми темурийлар ҳукмдорлигини тиклаш тарафдори эди. Улар Фарғона ҳокими Бобур Мирзога мактуб йўллаб, Самарқандни ишғол қилишга даъват этганлар. Бобур Мирзо 1500 йилнинг кеч кузида ўзинг 240 кишилик қўшини билан Самарқандга етиб келгач, аҳоли унга пешвоз чиқиб, шаҳар дарвозаларини очиб беради. Шайбонийхоннинг шаҳар ҳимояси учун қолдирган 600 нафар аскари қириб ташланади. Шайбонийхон эса Бухорога чекинади. Қисқа вақт ичида Самарқанднинг барча туманлари, Қарши ва Ғузор шаҳарларида Бобур Мирзо ҳокимлиги эътироф этилади. Аммо шаҳарда озиқ-овқат заҳиралари тугаб, очарчилик бошланган эди. Бундан хабар топган Шайбонийхон 1501 йилнинг апрелида катта куч тўплаб, яна Самарқандга юриш бошлайди. Зарафшон бўйидаги бўлган жангда Бобур Мирзо қўшинлари енгилади ва Самарқандга чекинади. Бу жанг Сарипул қишлоғи яқинида бўлиб ўтади.

Тарихий манбаларга назар соладиган бўлсак, кейинчалик бу қишлоқ туркийча “Тош кўприк” деб ҳам аталганини учратиши мумкин.

Ҳозирги кунда бу қишлоқнинг ўрни ва ундан қолган археологик ёдгорликлар айнан қаерда жойлашган эканлиги маълум эмас. Уни аниқлаш борасида аниқ илмий ва археологик тадқиқотлар олиб борилиши лозим.

Қўлёзмалар билан ишлаш ва музей бўлими бошлиғи,
Йўлдошхон ИСАЕВ
[1] Смирнова О.И. СТРАНЫ И НАРОДЫ ВОСТОКА. Москва. “НАУКА” Главная редакция восточной литературы. 1871. – Б. 90.
[2] Абу Абдуллоҳ Ёқут Ҳамавий. Муъжаму-л-булдон. Ж, 9. – Байрут, 1979. – Б. 302.
[3] Бартольд В.В., К истории орошения Туркестана.; Карта Катта-Курганского уезда, сост. Ф. П. Леонтьевым. 1902. – Б. 198.

Check Also

ЎРТА ОСИЁДА «ТУРК» ГУРУҲИ ВАКИЛЛАРИ ЯШАЙДИГАН ҲУДУДЛАР ВА УЛАРНИНГ ИЧКИ ЭТНИК ТАРКИБИ

XIX аср охири – XX аср бошларида Ўрта Осиё халқлари орасида миллий мансублик тушунчаси яхлит …