Home / ҲАДИС / 11-боб. Ота-онасига яхшилик қилган кишини Аллоҳ таоло умрини зиёда қилиши ҳақида- باب من بر والديه زاد الله في عمره

11-боб. Ота-онасига яхшилик қилган кишини Аллоҳ таоло умрини зиёда қилиши ҳақида- باب من بر والديه زاد الله في عمره

٢٢ – حدثنا اصبغ بن الفرج قال: أخبرني بن وهب عن يحيى بن أيوب عن زبان بن فائد عن سهل بن معاذ عن أبيه قال: قال النبي صلى الله عليه و سلم: «من بر والديه طوبى له زاد الله عز و جل في عمره».

  1. Бизга Асбағ ибн Фарж ҳадис айтди, – деди. У: Менга Ибн Ваҳб Яҳё ибн Айюбдан у Забон ибн Фоиддан у Саҳл ибн Муоздан, у эса отасидан[1] хабар берди, – деди. Муоз ибн Жабал (р.а.)дан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ота-онасига яхшилик қилса, унга Тубо (жаннат) бўлсин. Аллоҳ азза ва жалла унинг умрини зиёда қилсин”[2], – дедилар.[3]

Муоз ибн Жабал озияллоҳу анҳу) – саҳоба, Мадинанинг Ҳазраж қабиласидан, ҳофизу-л-Қуръон, ҳадис илмининг олими, умматнинг фақиҳи, “Қиёматда олимларнинг имоми” (ҳадис). Яман аҳлига ислом дини таълимотларини ўргатишга кетаётганларида у кишига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари Қуръон ва суннатдан ҳукми топилмаган масалалларда ижтиҳод қилишларига рухсат берганлар. 33 ёшларида вафот этган.

Ҳадиснинг умумий маъноси:

Аввалги ҳадисларнинг маъноларида ишорат қилинган асл мақсад ушбу ҳадисда яққол ўз ифодасини топади, яъни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ким ота-онасига яхшилик қилса, унга Тубо (жаннат) бўлсин” – деб ота-она хизматини қилувчилар ҳаққига ўзларининг барокотлик дуои хайрларини қилдилар

Ҳадисдаги “Тубо” сўзига уламолар турлича таъриф берганлар.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, “Тубо” – бу “жаннат” сўзининг ҳабаший тилида айтилиши. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан келган бошқа ривоятда ““Тубо” – бу жаннатдаги дарахтнинг номидир”.

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Тубо дарахтини шундай таърифлаганлар: “Жаннатда бир дарахт бор. Отлиқ учқур оти билан юз йил юрса ҳам, соясининг охирига етолмайди”. (Муттафақун алайҳ – Олти саҳиҳ мусаннифлари барчалари ривоят қилишган).

Абу Умома Боҳилий: “Тубо жаннатдаги бир дарахтдир. Жаннатда бу дарахтнинг шохи кирмаган бирорта уй йўқ. Қанча гўзал қушлар бўлса, ҳаммаси ўша дарахтда бўлади, қанчалик чиройли мева бўлса, барчаси ўша дарахтда бўлади”, – деб таърифлаган.

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда айтилади: “Бир киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Эй Расулуллоҳ, сизни кўрган, сизга иймон келтирганларга тубо бўлсин!” деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мени кўрган, менга иймон келтирганларга тубо бўлсин ҳамда мени кўрмай туриб менга ишонганларга тубо бўлсин, тубо бўлсин, тубо бўлсин!” деб охирги сўзини уч бора такрорладилар. “Тубо нима, ё Расулуллоҳ?” сўради ҳалиги киши. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У жаннатдаги дарахтдир, баланд­лиги юз йиллик масофа, унинг гулкосасидан жаннат аҳлининг кийими чиқади”, деб жавоб бердилар. (Имом Аҳмад ривояти).

 Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дуоларида давом этиб Аллоҳ азза ва жалла унинг умрини зиёда қилсин”[4], – дедилар. Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг бу дуоларига ҳақли бўлишга интилиб яшаш бу дунёдаги айни саодатдир.

Ҳадисдан маълум бўладики, ота-онанинг қадри-қиммати ва ҳурмати шу қадар улкан эканки, уларнинг ҳар бир сўзи сўзсиз бажарилиши, уларга яхшилик қилиш эса фарзанднинг энг муҳим бурчи бўлиши керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек ота-оналаримиз хизматини қилиб, уларнинг хайрли, барокотли дуоларини олиш учун ҳаракат қилмоғимиз биз учун икки дунё саодатининг калитидир.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

  1. Ота-онага яхшилик қиладиган ҳар бир инсон бу иши билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуоларига мушарраф бўлиши
  2. Ота-онасига яхшилик қилувчилар жаннатга ҳақли инсонлар эканлиги.
  3. Ота-онасига яхшилик қилиш билан умрнинг узоқ бўлиши.
  4. Жаннатнинг “Тубо” деб ҳам аталиши.
  5. Тубо – Жаннатнинг исми ёки жаннатдаги бир дарахт номи эканлиги.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими Қобилов Нодир

 

[1] Муоз ибн Жабал
[2] Банданинг умри азалдан тақдир қилинган. Бу ўринда умрнинг узоқ бўлиши деган гап фаровонликка, ризқнинг мўллигига, дунёвий ишларнинг баракали бўлишига ишорадир.
[3] Имом Бухорий.  “Ал-адаб ал-муфрад”. 11- боб, 22-ҳадис.
[4] Банданинг умри азалдан тақдир қилинган. Бу ўринда умрнинг узоқ бўлиши деган гап фаровонликка, ризқнинг мўллигига, дунёвий ишларнинг баракали бўлишига ишорадир.

Check Also

ОТА-ОНАГА ЯХШИЛИК ҚИЛИШ

Аллоҳ таоло инсонга ота-онаси билан яхши муносабатда бўлишни ва доимо уларга мурувват кўрсатишни буюрган. Аллоҳ …