Home / МАҚОЛАЛАР / Бола одоби билан гўзалдир

Бола одоби билан гўзалдир

Ҳар бир ота она борки ўз фарзандини бахтли бўлиб камол топишини келажакда ўз фарзандидан меҳр мурувват ва роҳат кўришни истайди. Мана шундай бахтга эришмоқлик учун ота-она фарзанд тарбиясига жиддий эътибор бермоқлиги лозимдур.

Акс ҳолда бефарқлик ва лоқайдлик сабабидан ўзларимиз ўстираётган бу фарзандлар биз ота-оналарни ҳамда миллатни оғир ҳолатларга солиб қўйишлиги мумкин.

Доно халқимиз “Отанг боласи бўлма, одам боласи бўл!” деб бежиз айтмаган. Ўзидан насл қолдиришликни ҳар қандай жонивор уддасидан чиқади. Бу махлуқотлар ичида одамзотгагина ўз парвардигори томонидан тарбия беришликдек улуғ вазифа юклатилган. Келажагимиз бўлиб турган бу ёшлар эртанги кунимизнинг буюкларидир. Ҳар бир жамият ўз фарзандларини муносиб фуқаролар бўлиб етишишини истайди, улар мамлакат тараққиёти, юрт равнақи ва гуллаб яшнашига ўз улушларини қўшадилар, деб умид боғлайдилар. Ҳар бир оила бир ватандир, ҳар бир оила жам бўлиб бир бутун жамият бўлади. Фарзандларимизнинг беморлиги билина бошласа бизлар унинг давосини излашликка интиламиз, ҳар қандай вазият бўлсин хоҳ тун ярми бўлсин, хоҳ қаҳратон совуқ бўлсин фарзандимизнинг соғлигини тиклашликка жон-жаҳдимиз билан мол мулкимизни сарфлаймиз. Аммо фарзандларимизнинг маънавий беморликлари ортиб бораётгани яъни фарзандимиз одобсиз бўлиши, ёмон йўлларга юриши, ўғирлик қилиши, гиёҳвандлик ва ичкилик йўлларига кириб қолиши ва яна бир қанча иллатларга ботиб қолиши бизларни ташвишга қўймайди. Фарзандни баданий соғлигини даволашни иложини топиш мумкиндир, лекин унинг маънавий соғлигига ўз вақтида эътибор бериб, уни чораси кўрилмас экан, даволаш ҳам қийинлашиб бораверади. Ота-она фарзандини тақводор, одамларга яхшилик қиладиган ор-номусли қилиб ўстириши керак.

Инсон одоби билан гўзалдир. Шу боис фарзандга ёшлигиданоқ илм ва одобни ўргатиш зарурдир. Ҳадисларда шундай деб баён қилинади: “Ҳар бирингиз тарбиячисиз ва ҳар тарбиячи қўл остидагиларга жавобгардир”. Бизлар ўз фарзандимизни яхши ишларида мақтовга сазовор бўлганимиз каби уларнинг бетарбия бўлишида жавобгар эканлигимизни унутмаслигимиз керак. Улуғларимиздан нақл қилинади: “фарзандларингизга давр илмини ўргатинглар, чунки улар сизнинг даврингиздан бошқа даврда дунёга келгандирлар”. Бу ўгитга амал қилган миллатгина келажаги порлоқ бўлади.

Зеро ўзгараётган дунёни келажагини ўйлаб, ёшларга диний ва дунёвий илмларни чиройли ҳолатда ўргатсак улар келажакнинг мустаҳкам пойдевори бўлади. “Оилавий тарбия масаласида хатога йўл қўймаслик учун аввало ҳар қайси хонадондаги маънавий иқлимни, ўзаро ҳурмат, ахлоқ одоб, инсоний муносабатлар асосига қуриш айни муддао бўлар эди”. Хулоса қилиб Абдулла Авлоний таъбири билан айтганда “Тарбия биз учун: ё ҳаёт, ё мамот, ё саодат, ё фалокат” дир.

Парвардигор ҳаммамизни ўзи рози бўладиган даражада ҳаёт кечиришимизга ва фарзанд тарбиясида ҳам хато қилмасдан яшамоғимизга муваффақ этсин.

Абдуллаев Бекназар
Хазорасп тумани “Шайх Ҳусайин бобо” масжиди имом хатиби

Check Also

ЎЗБEК ДАВЛАТЧИЛИГИ ТАРИХИНИ ЎРГАНИШДА «НИЗОМ АТ-ТАВОРИХ»НИНГ АҲАМИЯТИ

Ўзбек давлатчилигини бошқарган сомонийлар, салжуқийлар, ануштегинийлар ҳамда мўғулларга қарамлик даври (1220–1370) тарихига оид манбалардан бири …