Home / МАҚОЛАЛАР / Мовароуннаҳрда қироат илми

Мовароуннаҳрда қироат илми

Ислом дини Мовароуннаҳр ерларига кириб келгач, минтақадан қисқа муддат ичида дин илмларининг кўплаб моҳирлари етишиб чиқди. Бу ерларда ҳадис, ақоид, тафсир, фиқҳ илмлари қаторида Қуръони карим қироати ва тажвид илми ҳам равнақ топди. Марказий Осиё уламолари орасида мазкур илм бўйича мутахассис сифатида алоҳида ажралиб чиққанлари бўлди.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, юртимиздан етишиб чиққан қироат илми олимлари ҳаётини ўрганишга доир тадқиқотлар нисбатан камчиликни ташкил этади. Интернет сайтларида ҳам бу борадаги маълумотларни кўп ҳам учратавермайсиз. Айрим мутахассисларнинг маҳаллий интернет сайтларида Ўзбекистон ҳудудидан етишиб чиққан қорилар ва қироат илми ҳақидаги изланишларини кўришимиз мумкин холос.

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси ўқитувчиси Аҳмадхон Рашидовнинг  “nasihat.uz” сайтида эълон қилган мақоласида Темурийлар даврининг ўзида Мавлоно Муъиниддин Фароҳий (ваф. 907/1501-1502), Амир Ихтиёриддин Ҳасан Турбатий, Мавлоно Муъиниддин Воиз, Шамсуддин Муҳаммад Табадгоний (ваф. 891/1486) каби ўнлаб олимларнинг тафсир, ҳадис, фиқҳ, тасаввуф каби диний илмлар қаторида қироат илми борасида ҳам етук бўлганлари ҳақида маълумот берилади. Шунингдек, самарқандлик олим Ёрмуҳаммад Самарқандий ўзининг қироат ва тажвидга оид “Қавоид ал-Қуръон” (Қуръон ўқиш қоидалари), “Ҳофизи калон” (катта ҳофиз) лақаби билан танилган Ҳофиз Бадриддин Бухорий ҳам қироат илмига оид “Дуррат ал-фарид” (Терилган гавҳар), Ҳофиз Дўст Муҳаммад ибн Ёдгор Вазирий “Мажмаъ ал-ажойиб” (Ғаройиботлар жамланмаси) сингари китобларни таълиф қилгани айтилади.

“quran.uz” сайтидаги “Ўлкамизда Қуръони каримга хизмат” сарлавҳаси остидаги мақолада муаллиф томонидан Фарғона водийси, Бухоро, Самарқанд, Термиз, Хоразм минтақаларида III-VI ҳижрий асрлар оралиғида яшаб ўтган 36 нафар қироат илмининг етук олимлари номлари келтирилган.

Тарихдан маълумки, Мовароуннаҳр ҳудудида Қуръон илмларнинг ривожланишига катта туртки бўлган шахслардан бири шубҳасиз имом Шамсиддин Муҳаммад ибн Муҳаммад Жазарий раҳматуллоҳи алайҳдир. У ҳижрий 805 йили (мелодий 1402-1403 йй) Амир Темур томонидан Румдан Мовароуннаҳр диёрига олиб келинган. Олим Кеш (ҳозирги Шаҳрисабз) шаҳрида Соҳибқирон салтанатида ҳаёт кечиради. Кеш ва Самарқанд аҳолисининг бир жамоаси у зотдан таҳсил олади. Амир Темур бу буюк имомга доимо ҳурмат-эҳтиром кўрсатиб, улуғлар эди.

Кешда Имом Жазарийнинг шогирдлари орасидан Абдулқодир ибн Тилла Румий, Ҳофиз Боязид Кеший ва Ҳофиз Маҳмуд ибн Муқрийлар энг пешқадамлардан бўлганлар. Улар ўн хил қироат илмини ўрганиб, қироатлар шайхлари унвонини олишади. Бу ҳақда буюк алломанинг ўзи таъкидлаб ўтган. Бошқалар битта‑иккита ёки ундан кўп қироатларни ўрганган бўлиши мумкин, аммо ўнта қироатда ҳамюртларимиз ичида ўша шайхлардан бошқа ижоза олган кишилар нақл қилинмаган.

Яна юртимиз қорилари ҳақида Шамсиддин Саховийнинг “Завъул ломиъ лиаҳли қорнис сабиъ” асарида маълумот учратиш мумкин. Асарнинг биринчи жилдида Аҳмад ибн Оқ Хоразмий (ваф. 709/1309-1310), Аҳмад ибн Ҳусайн Хоразмий (ваф. 745/1344-1345) ҳақида қисқа маълумотлар бериб ўтилган.

“Имтинаул фузало битарожимил қурро” номли асарда нисбатан бизга яқин бўлган даврда яшаган қорилар ҳақида маълумот берилган. Шулар орасидан Қўқонда 1307 ҳижрий санада (мелодий 1889-1890 йй) туғилган Шайх Аббос Инъом Хўжа Бухорий ҳақида маълумот келган. Унинг Қўқон, Бухоро ва Самарқандда таълим олгани, минтақани Чор Россияси босиб олгач, юртни тарк этгани, Афғонистон, Ҳиндистон, Бағдод, Шом шаҳарларида яшагани, кейинчалик Мадина шаҳрига бориб, ўрнашиб қолгани айтилади. Шу ерда қироат бўйича машҳур бўлиб, “Ўзбеклар” мадрасасини умрининг охиригача бошқаргани зикр этилган.

Яна Шайх Муҳаммад Қодир Холмирзо Андижоний ҳақида ҳам маълумот берилган. 1330 ҳижрий санада (мелодий 1912-1913 йй) Андижонда туғилган Муҳаммад Қодирнинг дастлаб шу ерда илм олгани, кейинчалик эса ёшлигида Афғонистонга бориб, Қуръонни шу ерда пухта ёдлагани ҳақида ёзилган. Ушбу қори ҳам кўплаб зиёлиларимиз қаторида юртга қайта олмагач, Макка шаҳрига бориб яшаб қолган. Макка шаҳрида етти қироатни ҳам ўрганган. У “Рисолатун фий тажвид”, “Итҳафул фузало мухтасарул манорил ҳудо фий баянил вақф ва ибтидо” номли китоблар ёзган.

Қироат илми бугунги кунда ҳам юртимизда назардан четда қолган эмас. Балки бу илмга эътибор кун сайин ошиб бормоқда. Тобора қориларимиз сони ва сифати ҳам ортиб бормоқда. 2018 йилда юртимиз бўйлаб ўтказилган қорилар мусобақасида бунга яна бир бор амин бўлдик. Мусобақада 5500 дан ортиқ қори ва қориялар иштирок этиб, улардан 1100 дан ортиғи совринли ўринларни қўлга киритдилар.

Манбаларда Марказий Осиёда шаҳарларида XVIII-XIX асрларда ҳам қироат ҳамда тажвидга оид ўнлаб асарлар яратилгани, лекин улар ҳалигача тадқиқотчиларини кутиб ётгани таъкидланади.

Ҳозирдаги тадқиқот йўналишларининг кемтик нуқталаридан бири марказий осиёлик олимларнинг бошқа исломий илмлар қаторида қироат ва тажвид илмларига қўшган буюк ҳиссалари ҳалигача етарли даражада ўрганилмаганидир. Бу эса соҳа мутахассислари ва ёш тадқиқотчилар зиммасига яна бир буюк масъулиятни юклайди.

Усмонхон Муҳаммадиев
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Қуръоншунослик шўъбаси раҳбари

Check Also

АМИР САИД ОЛИМХОН ШАХСИЯТИ

Тарихда шундай шахслар борки, уларнинг ҳаёти доимий равишда одамларда қизиқиш уйғотган. Бухоро амирлигининг сўнгги ҳукмдори …