Home / МАҚОЛАЛАР / Алоуддин Усмандийнинг “Лубобул Калом” асарида ҚАДАР ВА ИЙМОН МАСАЛАЛАРИ 2-қисм

Алоуддин Усмандийнинг “Лубобул Калом” асарида ҚАДАР ВА ИЙМОН МАСАЛАЛАРИ 2-қисм

1-қисм

Биринчи гапга келсак, иймон агар “бо” ҳарфи ёрдамида ўтимли феълга айлантирилса, луғатда ундан тасдиқ ирода қилинади. Зеро, бирор айтгувчи шахс «فلان مؤمن بالبعث و فلان غير مؤمن به»(Фалончи қайта тирилишга иймон келтиргувчидир ва фалончи унга иймон келтиргувчи эмасдир), дейдиган бўлса, у қайта тирилишни тасдиқлагувчи ёки ёлғонга чиқаргувчидир, деган маънода бўлади. Бу гапдан мана шу маънодан бошқаси тушунилмайди. Ўз ўрнида маълум бўлган қоидаларга мувофиқ бирон бир монелик мавжуд бўлмайдиган бўлса, Китоб ва Суннатда келган ҳар қандай лафзни луғат тақозо қилган маънога буриш вожиб бўлади. Бинобарин, луғатда бир нарсага иймон келтириш луғатда уни тасдиқлаш, уни тўғри деб эътиқод қилиш бўлса, шариатда ҳам худди шундай бўлади. Демак, Аллоҳ таолога, Унинг расуллари ва китобларига иймон келтириш ўша нарсаларни қалб билан тасдиқлашдир.

Агар: “Иймон бу, омонликка киришдир. Агар киши омонликда бўлса, “аамана”, дейилади. Шунга асосан, Аллоҳга иймон келтириш Унинг тоатларини адо этиш, маъсиятлардан тийилиш билан нафсни Аллоҳ таолонинг азобидан омонликка дохил қилишдир”, дейиладиган бўлса, биз шундай деймиз:

Иймон баъзида мутлақ тарзда зикр қилинади ва ундан мурод сизлар зикр қилган нарса бўлади. Аммо “бо” ҳарфи билан ўтимлига айланган иймон эса бу маъно учун зикр қилинмайди. «آمن بالله أو آمن بالبعث» – ўзини омонликка дохил қилди, деганидир”, дейилмайди. Аксинча, ундан мурод биз юқорида зикр қилган гапдир. Гап Аллоҳ таолога иймон келтириш ҳақида бўлаяпти, мутлақ иймон ҳақида эмас.

Аммо бизга мухолиф бўлганларнинг сўзлари ботиллигига келсак, биринчи сўз ҳақида шундай деймиз: Биз муътазилийларнинг “Амаллар иймондан эмасдир”, деган сўзларининг ботиллигига далил келтирадиган бўлсак, уларнинг сўзлари ўз-ўзидан ботил бўлади. Ҳар ҳолда биз “агар ҳар қандай тоат иймон ва ҳар қандай маъсият куфр бўладиган бўлса, у ҳолда бир вақтнинг ўзида ҳам тоатни адо этган, ҳам маъсиятга қўл урган киши битта вазиятда ҳам кофир, ҳам мўмин бўлиши керак бўлади. Ҳеч ким бу гапни айтган эмас.

Уларнинг “Куфр иймондан кўра кучлироқдир”, деган сўзлари оддий бир ибора, холос. Чунки, чинакам иймон бўлгани ҳолда тоат вужудга келадиган бўлса, шахснинг мўмин бўлган, деб сифатланиши керак бўлади. Шунингдек, чинакам куфр бўлгани ҳолда маъсият ҳам вужудга келадиган бўлса, шахснинг кофир бўлган, деб сифатланиши керак бўлади. Ана шунда биз юқорида айтиб ўтган ҳолатга олиб боради.

Аммо иккинчи сўзга келадиган бўлсак, унинг ботиллигига далил биз айтиб ўтганимиздек, иймон бу, тасдиқ эканлигидир. Уларнинг айтган сўзлари эса луғатнинг тақозосидан ташқарига чиқишдир. Бунга далил иймоннинг куфрнинг зидди эканидир. Аллоҳ таоло ҳам Ўзининг: “Бас, кимки тоғутга куфр келтириб, Аллоҳга иймон келтирадиган бўлса”[1], деган сўзи билан иймонни куфр билан қарама-қарши қўйган. Куфр – рад этиш, инкор қилиш ва ёлғонга чиқаришдир, амаллар эмас. Шунингдек, иймон ҳам иқрор ва тасдиқ бўлади, аммо амаллар бобидан бўлмайди. Бунинг далили шуки, Аллоҳ таоло “Шубҳасиз, Аллоҳнинг масжидларини Аллоҳга ва Охират кунига иймон келтирган ҳамда намозни қоим қилган кишиларгина обод қилурлар”[2], бир қанча ўринларда: “Албатта, иймон келтирган ва солиҳ амаллар қилган кишилар”[3], деган сўзи билан тоатларни иймонга атф қилди, иймон билан тоатларнинг ўртасини ажратди. Шунингдек, бир қатор ишларга буюриб, сўнгра: “агар мўмин бўлсангиз”, деган. Жумладан, “Агар мўмин бўлсангиз, ўз орангизни ислоҳ қилингиз”[4], яна: “Агар мўмин бўлсангиз, рибонинг сарқитини ҳам тарк қилинг”[5], сингари бир қатор оятлар борки, улар иймонни тоатлардан бошқа нарса эканини, тоатлар мақбул бўлиши учун иймон шарт эканлигини ифодалайди.

Мухолиф томон Аллоҳ таолонинг: “Аллоҳ иймонингизни зое қилмайди”[6], яъни, Байтул-мақдисга қараб ўқиган намозингизни, деган сўзини, яна Пайғамбар  алайҳис-саломнинг: “Иймон етмиш нечта бобдир”[7], деб, зоҳирий амалларни ҳам ўшалар қаторида санаб ўтганларини ушлаб олганлар.

Жавоб: Аммо оятга келсак, улар учун оятда ҳеч бир хужжат йўқдир. Чунки, унда зикр қилинган иймондан мурод Байтул-мақдисга қараб намоз ўқишнинг жоизлигини тасдиқлашлари бўлиши эҳтимоли ҳам бордир. Ана шунда у ҳақиқат бўлади. Ундан мурод мажозий маънода намознинг ўзи бўлиши эҳтимоли ҳам бор. Чунки иймон унинг шартидандир ёки намоз иймон ва тасдиққа далолатдир.

Аммо ҳадисга келсак, у битта ҳадисдир ва уни эътиқод бобида хужжат қилиб ушлаш тўғри эмас. Бундан ташқари улар “лаа илааҳа иллаллоҳу” деб шоҳидлик бериш иймоннинг бир шуъбаси эканлигини тақозо қилади, дея ҳадиснинг зоҳирига амал қилишни тарк қилдилар. Чунки у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Унинг энг юқориси “Лаа илааҳа иллаллоҳу” деб шоҳидлик бериш ва энг қуйиси йўлдан озор берадиган нарсаларни олиб ташлашдир”, дедилар.

Аммо учинчи сўзга келадиган бўлсак унинг ботил эканига далил зикр қилиб ўтганимиздек, иймон бу, тасдиқ эканлигидир. Маърифат эса тасдиқ дейилмайди. Бунга далил шуки, бу Аллоҳ таолони қалби билан таниган, аммо тили билан инкор қилган ва Унга эътиқод қилмаган киши ҳам чинакам мўмин бўлишини тақозо қилишидир. Бу бил ижмоъ ботилдир.

Тўртинчи сўзга тўхталадиган бўлсак унинг ботил эканига далил шуки, мунофиқ ҳам чинакам мўмин бўлишини тақозо қилади. Бу ботилдир. Бунга Аллоҳ таолонинг “Оғизлари ила, иймон келтирдик, деб қалблари иймон келтирмаганлар”[8], деган сўзи далолат қилади. Агар иймон тил билан бўлса ва унинг қалбга алоқаси бўлмаса бу гап ҳам, Аллоҳ таолонинг “Аъробийлар, иймон келтирдик, дедилар. Сен: “Иймон келтирганингиз йўқ”, дегин”[9], деган сўзи ҳам асло тўғри бўлмасди. Бунга Аллоҳ таолонинг “ҳали иймон қалбларингизга киргани йўқ”[10], “Аллоҳ ундоқ кишиларнинг қалбларида иймонни собит қилган”[11], деган сўзи ва иймоннинг қалбга хослигини шарт қилгувчи бошқа оятлар далолат қилади. Бунга Аллоҳ таолонинг “қалби иймон ила ором топа туриб зўрланганлар бундан мустасно”[12], деган сўзи далолат қилади. Агар иймон тилга хос бўлганида юқоридаги оят худди “қалби иймон ила ором топа туриб кофир бўлганлар бундан мустасно”, дегандек бўлиб қолар эди. Бу эса ботилдир.

Мана шу кишиларда биргина шубҳа бор. У ҳам бўлса, улар иймонга тегишли ҳукмларни тили билан иқрор қилган кишиларга нисбатан жорий қилинишини, аммо тили билан иқрор бўлмаган кишиларга нисбатан жорий қилинмаслигини кўрганликларидир. Бу – юқорида айтиб ўтганимиздек, тил билан иқрор бўлиш иймонга далил эканинидир. Аллоҳ таоло “уларни имтиҳон қилиб кўринглар. Аллоҳ уларнинг иймонини билгувчидир”[13], деганидек, ҳукмлар далилга асосланади. Демак, иймон – бу, қалб билан тасдиқ қилиш экани ўз тасдиғини топди. Тавфиқ Аллоҳдандир.

Отабек МУҲАММАДИЕВ
Нашрлар бўлими бошлиғи
[1] Бақара сураси, 256 – ояти.
[2] Тавба сураси, 18 – ояти.
[3] Бақара сураси, 277 – ояти ва Юнус сураси, 9 – ояти.
[4] Анфол сураси, 1 – ояти.
[5] Бақара сураси, 278 – ояти.
[6] Бақара сураси, 143 – ояти.
[7] Сунани Абу Довуд, Сунна, б.414; Сунани Насоий, иймон ва унинг аҳкомлари, б.16; ибн Можанинг Сунани, муқаддима, б.4 да “Иймон етмиш нечта шуъбадир” лафзи билан келган.
[8] Моида сураси, 41-ояти.
[9] Ҳужурот сураси, 14-ояти.
[10] Юқоридаги оятнинг давоми.
[11] Мужодала сураси, 22-ояти.
[12] Наҳл сураси, 106-ояти.
[13] Мумтаҳана сураси, 10-ояти.

Check Also

ЎЗБEК ДАВЛАТЧИЛИГИ ТАРИХИНИ ЎРГАНИШДА «НИЗОМ АТ-ТАВОРИХ»НИНГ АҲАМИЯТИ

Ўзбек давлатчилигини бошқарган сомонийлар, салжуқийлар, ануштегинийлар ҳамда мўғулларга қарамлик даври (1220–1370) тарихига оид манбалардан бири …