Home / МАҚОЛАЛАР / Қуръони каримда тоғларни зикри

Қуръони каримда тоғларни зикри

Биз кўриб турган ва билган тоғларнинг ўз вазифалари ва ўрни бор. Қуръони каримда Аллоҳ тоғлар ҳақида кўп жойларда мисоллар келтирган ва унинг ерни бир зайлда ушлаб туришлигини ҳам айтиб ўтган. Қуръони каримда Жудий, Тур, Сад, Сафо ва Марва тоғлари зикр қилинган.

Яъни Жудий тоғи.

وَقِيلَ يَا أَرْضُ ابْلَعِي مَاءَكِ وَيَا سَمَاءُ أَقْلِعِي وَغِيضَ الْمَاءُ وَقُضِيَ الْأَمْرُ وَاسْتَوَتْ عَلَى الْجُودِيِّ وَقِيلَ بُعْدًا لِّلْقَوْمِ الظَّالِمِينَ ﴿هود: ٤٤﴾

“Эй ер, сувингни ютгин, эй осмон, ўзингни тутгин”, дейилди. Сув қуриди. Фармон бажарилди ва (кема) Жудий (тоғи)га жойлашди. Ҳамда “Золим қавмлар йўқолсин!” дейилди. (Ҳуд, 44-оят).

 Муъсилнинг ғарбидаги оролда жойлашган тоғ.

 Ҳозир у тоғ Туркия ҳудудларида экани собит бўлди. Мазкур кеманинг қолдиқлари ҳам топилди[1].

Яъни Тур тоғи.

وَطُورِ سِينِينَ ﴿التين: ٢﴾

Тури Синин (тоғи) билан.[2] (Тин. 2-оят).

وَرَفَعْنَا فَوْقَهُمُ الطُّورَ بِمِيثَاقِهِمْ وَقُلْنَا لَهُمُ ادْخُلُوا الْبَابَ سُجَّدًا وَقُلْنَا لَهُمْ لَا تَعْدُوا فِي السَّبْتِ وَأَخَذْنَا مِنْهُم مِّيثَاقًا غَلِيظًا ﴿النساء: ١٥٤﴾

Ва аҳдномаларига мувофиқ устиларига Турни кўтардик ва уларга: “Эшикдан эгилиб киринглар шанба куни ҳаддингиздан ошманг», дедик. Ва улардан мустаҳкам аҳднома олдик. (Нисо, 154-оят)

Яъни, яҳудийлар шариатга юрмаганлари ҳолда, нима қилсанг розимиз, деб аҳд берган эдилар. Худди ўша аҳдномаларига мувофиқ Аллоҳ таоло уларни қўрқитиш учун тепаларига Тур тоғини олиб келиб қўйди. Яҳудийлар ночор ҳолда қолдилар. Агар тавба қилмасалар, Аллоҳнинг айтганига кирмасалар, устиларидаги тоғ уларни босиб тушиши аниқ эди. Аммо яҳудийлар яна яҳудийликларини қилдилар. Ўзларини хавфдан ҳоли сезишлари билан дарҳол аҳдномани буздилар. Байтул Мақдисга тавозуъ билан эгилиб эмас, кетлари билан сурилиб кирдилар ва шанба куни балиқ овлашга ҳийла ўйлаб чиқардилар. Бас, ушбу қилган гуноҳлари ва бошқа (келаси оятларда зикр қилинадиган) айблари учун Аллоҳ таоло уларни лаънатлади.

فَلَمَّا قَضَىٰ مُوسَى الْأَجَلَ وَسَارَ بِأَهْلِهِ آنَسَ مِن جَانِبِ الطُّورِ نَارًا قَالَ لِأَهْلِهِ امْكُثُوا إِنِّي آنَسْتُ نَارًا لَّعَلِّي آتِيكُم مِّنْهَا بِخَبَرٍ أَوْ جَذْوَةٍ مِّنَ النَّارِ لَعَلَّكُمْ تَصْطَلُونَ ﴿القصص: ٢٩﴾

Қачонки, Мусо муддатни тугатиб, аҳли билан йўлга тушиб кетаётиб, Тур томонда узоқдан оловни кўриб қолди. У аҳлига: «Туриб туринглар, аниқки, мен узоқдан оловни кўрдим. Балки у ердан сизга бирор хабар ёки исинишингиз учун бир тутам чўғ олиб келарман», деди. (Қасос, 29-оят)

 Мусо алайҳиссалом қайинотаси билан келишган муддатни ўтаб, аҳли аёлларини олиб Мисрга қайтиш учун йўлга чиқдилар. Йўлда, Сийна ярим оролидаги Тур тоғига яқинлашганда, тоғ томонда узоқдан бир олов ёниб турганини кўрдилар.

 Яъни Сад тоғи

آتُونِي زُبَرَ الْحَدِيدِ حَتَّىٰ إِذَا سَاوَىٰ بَيْنَ الصَّدَفَيْنِ قَالَ انفُخُوا حَتَّىٰ إِذَا جَعَلَهُ نَارًا قَالَ آتُونِي أُفْرِغْ عَلَيْهِ قِطْرًا ﴿الكهف: ٩٦﴾

 “Менга темир парчаларини келтиринг”, деди. Ниҳоят, икки тоғ томонлари ила баробарлашганда: “Дам уринглар”, деди. Ниҳоят, у (тўп темир)ни ўтга айлантиргач: “Олиб келинглар, устидан мис қуяман”, деди. (Каҳф, 96-оят)[3]

 Икки тоғ орасига тўпланган темирни босқонлар билан дам уриб эритиб олов ҳолига келтирдилар. Эритилган мис олиб келинглар, олов бўлиб турган темир устидан қуяман, деди. Мис аралашган темир янада мустаҳкам бўлиши Яқинда кашф этилди. Демак, ўша замонда ҳам Зулқарнайн Аллоҳ унга берган илм орқали бу сирни яхши билган ва жуда мустаҳкам девор қуриб, ҳалиги қавмнинг Яъжуж ва Маъжужнинг ҳужумларидан сақланишига ёрдам берган[4].

Зурқарнайн қурдирган девори олдидаги иккита тоғ Сад тоғлари бўлган.

Яъни Сафо ва Марва тоғлари.

إِنَّ الصَّفَا وَالْمَرْوَةَ مِن شَعَائِرِ اللَّهِ فَمَنْ حَجَّ الْبَيْتَ أَوِ اعْتَمَرَ فَلَا جُنَاحَ عَلَيْهِ أَن يَطَّوَّفَ بِهِمَا وَمَن تَطَوَّعَ خَيْرًا فَإِنَّ اللَّهَ شَاكِرٌ عَلِيمٌ ﴿البقرة: ١٥٨﴾

 Албатта, Сафо ва Марва Аллоҳ(дини)нинг белгиларидандир. Ким Байтуллоҳни ҳаж ёки умра қилса, икковлари ўртасида саъйи қилиш гуноҳ эмас. Ким яхшиликни холисона қилса, бас, албатта, Аллоҳ шукр қилувчи ва билувчидир. (Бақара, 158-оят)

 Ушбу икки тоғнинг ўртасида ҳаж амалларининг бири бўлган тавоф амали қилинади.

 Имом Бухорийдан ривоят қилинади. Айтди Муҳаммад ибн Юсуф. Суфён эса Осим ибн Сулаймондан. У эса Анасдан Сафо ва Марва ҳақида сўради. Айтди у иккаласи орасида сайр қилишлик жоҳилият кишиларнинг иши деб билардек, ислом келгач (оят нозил бўлгандан кейин) Сафо ва Марвани сайр қилишликни маҳкам ушладек[5].

 Оятда Аллоҳ таоло: “Ким Байтуллоҳни ҳаж ёки умра қилса, икковлари ўртасида саъйи қилиш гуноҳ эмас”, дейди. Ушбу оят ҳужжат бўлиб шариатимизда Сафо ва Марва тепаликлари ўртасида саъйи қилиш вожиб амал, деб белгиланган. Оятда саъйи қилиш вожиб бўлади, дейиш ўрнига, “Саъйи қилиш гуноҳ бўлмайди”, дейилишининг боиси шуки, иккала тепаликда бут борлиги учун, саъйи қилиш мушрикларнинг иши, гуноҳ бўлади, деб ўйлаб мусулмонлар саъйи қилмай қўйган эдилар. Шунинг учун Аллоҳ таоло гуноҳ бўлмайди, саъйи қилинглар, демоқда.

А. Рахимов
Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази
Қуръоншунослик шўъбаси илмий ходими
[1] Шайх Муҳаммад Содиқ муҳаммад Юсуф “Тафсири Ҳилол” Т- 2018 й. 3-жуз. 99-Б
[2] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Абдулазиз Мансур. Т-2004й.
[3] http://www.quran.uz/tarjima/quran/18
[4] Шайх Муҳаммад Содиқ муҳаммад Юсуф  “Тафсири Ҳилол” 3-жуз. Т- 2018 й. 509-Б.
[5] Имом Ҳофиз Имодиддин, Абул Фидоъ Исмоил ибн Касир. Тафсири Ибни Касир 1-жуз. 205-Б.

Check Also

АМИР САИД ОЛИМХОН ШАХСИЯТИ

Тарихда шундай шахслар борки, уларнинг ҳаёти доимий равишда одамларда қизиқиш уйғотган. Бухоро амирлигининг сўнгги ҳукмдори …