Инсон сабаблар дунёсида яратилган. Шунинг учун ризқини ҳалолдан топиши, маиший эҳтиёжларини қондириши учун меҳнат қилиши зарур. Бу инкор қилиб бўлмас ҳақиқат. Исломда ишлаш фақат пул топиш ва оиласини боқиш дегани эмас. Балки у ибодат даражасидаги амалдир. Исломда ибодат тушунчаси кенг бўлиб, у барча фарз амалларни ўз ичига олади. Шунингдек, оиласи ва ўзининг манфаати учун хизмат қилиш ва унга интилиш ҳам шунга киради.
Меҳнатнинг аҳамияти рўзғор тебратиш кўринишида намоён бўлади. Бунга қуйидагилар далолат беради: Аллоҳ таоло ризқ топишга ҳаракат қилишни буюриб марҳамат қилади: “Бас, (шундай экан) сизлар ризқни Аллоҳ даргоҳидан истангиз ва Унгагина ибодат қилингиз ва Унга шукр қилингиз!”[1]. Оятда ризқ ибодатга боғланмоқда, чунки ризқ берувчи ибодат қилинадиган зотдир.
Аллоҳ таоло дейди: “Бас, қачонки, намоз адо қилингач, ерда тарқалиб, Аллоҳнинг фазли (ризқи)дан истайверингиз! Аллоҳни кўп ёд этингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз”[2]. Бу оят иш ва савдони ибодат билан бирга юритиш кераклигини кўрсатади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам инсоннинг ўз меҳнати орқали топган таомини бу дунёдаги энг яхши таом деб таърифлаганлар: “Миқдом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳеч ким қўл меҳнати билан топиб еганидан яхши таом еган эмас”, дедилар”[3].
Ҳатто пайғамбарлар Аллоҳ таоло ҳузуридаги юксак даражага эга бўлишига қарамай, ризқини касби воситасида топган. Аллоҳ таоло Юсуф алайҳиссалом ҳақида: “(Юсуф) деди: “Мени шу ернинг хазинабони қилиб қўй! Зеро, мен (омонатни) сақловчи ва (ўз ишини пухта) билувчидирман” [4], деди. Довуд алайҳиссалом ҳақида бўлса: “Унга (Довудга) сизларга зиён етишдан сақлайдиган совут ясаш санъатини таълим бердик”[5], деди. Бу ҳунар қийин, лекин у пайғамбар бўлса ҳам шу ҳунарда ишлаган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирор набий йўқ-ки, қўй боқмаган бўлса”, дедилар[6]. Имом Муслим ўзининг “Саҳиҳ”ида Закариё алайҳиссаломнинг дурадгорлик қилганларини келтирган. Саҳобалар ризқ топиш учун меҳнат қилиш муҳимлигини тушунди. Шунинг учун Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Сизлардан ҳеч ким ризқ излашни тарк этиб, “Эй Аллоҳ, мени ризқлантиргин”, демасин. У биладики, осмондан на олтин, на кумуш ёғади. Аллоҳ таоло одамларни бир-бири сабабли ризқлантиради».
Бу сўзлар орқали Умар ибн Хаттоб фаол меҳнат қилиш, ҳаракат қилиш ва ризқ излаш зарурлигини таъкидламоқда. У: “Фақат дуо билан чекланиб, ҳаракат қилмаслик нотўғри. Аллоҳ ризқни одамларга воситалар орқали беради – яъни бир одам бошқасига сабаб бўлади (иш берувчи, мижоз, харидор ва ҳ.к.). Осмондан тайёр бойлик ёғмайди, меҳнат қилиш керак” демоқда.
Ишлаш оилалар ва хонадонларнинг эҳтиёжини қондириш воситаси, бу эса жамиятдаги айрим салбий ҳолатлар, масалан, ўғирлик ёки тиланчиликнинг йўқолишига олиб келади.
Ислом ишга ундайди, у қанчалик оддий бўлмасин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бировингизнинг арқон олиб, елкасида бир боғлам ўтин олиб келиб сотгани ва бу билан Аллоҳ унинг шаънини сақлагани беришса-беришмаса, одамлардан тиланганидан яхшироқдир”, дедилар”[7].
Бу ҳадисдаги маъно шуки, оддий иш – масалан, ўтин териш – одамлар олдида тиланишдан кўра афзалроқдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг берган совғасидан кўра ўз меҳнати билан топилган озгина ризқни афзал кўрганлар.
Жамият ҳар қандай ҳалол ризқни қадрлайди, иш содда бўлса ҳам, уни яхши кўради. Инсонни жамиятда баҳолаш воситаларидан бири – унинг меҳнати. Аллоҳ таоло иш билан банд бўлган, аммо ибодатини унутмаган кишиларни мадҳ этиб бундай деган: “Кишилар бордирки, уларни на тижорат ва на савдо (ишлари) Аллоҳнинг зикридан, намозни баркамол адо этишдан ва закот беришдан чалғита олмас”[8].
Агар одам мажбуран ёки таҳдид остида ишлаётган бўлса, иш ҳақи жуда кам бўлса ёки умуман берилмаса, дам олиш ҳуқуқидан, соғлиқни сақлашдан, хавфсизликдан маҳрум бўлиб, ҳужжатлари олиб қўйилган бўлса, эркин ҳаракатлана олмаса – бу қулликка киради. Лекин, инсон ўзи танлаган касбда ишлаётган бўлса, шароити оғир бўлса ҳам мақсадли бўлса, ҳуқуқлари кафолатланган, ихтиёрий ишлаётган бўлса – бу меҳнатни “қуллик” деб бўлмайди. Демак, баъзилар даъво қилаётгандек кун бўйи ишлаш, бировнинг қўлида ишлаш ҳеч қанақасига “замонавий қуллик” эмас. Аксинча, оилани моддий таъминлаш, силаи раҳмни мустаҳкамлаш, яхшилик улашиш учун воситадир.