Home / МАҚОЛА / ИККИ КАЛЛА БИР ҚОЗОНДА ҚАЙНАМАЙДИМИ!?

ИККИ КАЛЛА БИР ҚОЗОНДА ҚАЙНАМАЙДИМИ!?

Ҳозирги глобаллашув жараёнида тинчлик дини – исломни инсонларга нотўғри талқин қилаётган гуруҳлар унга туҳмат тошлари отилишига сабабчи бўлмоқда. Дин ниқоби остида фаолият юритаётган оқимлар, партия ва ташкилотлар муқаддас динимиз ва миллий қадриятларимизга катта зарар келтирмоқда. Шу ва бошқа кўплаб омиллар ислом ҳақида қўпорувчилик билан боғлиқ нотўғри тушунчаларни шакллантирди. Баъзи гуруҳлар номидан амалга оширилаётган террористик амалиётлар шундай хулосага сабаб бўлаётган ва буни амалга ошираётганлар исломни ёйишнинг биргина йўли – қуролдан фойдаланиш ва бу нарса манбаларда айтилган, деб алдасалар, бунга қарши туришда фақат шу манбаларга мурожаат қилиш орқалигина муваффақият қозониш мумкин.

Бироқ, экстремистик оқимларнинг айнан мусулмонлар орасида пайдо бўлаётганига гувоҳ бўлиб турган кўпчилик ислом уруш дини эканини таъкидлайди. Натижада, Қуръони карим даъват этган ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таржимаи ҳолларида ўз аксини топган тинчликка мойиллик эътибордан четда қолади.

Улар баъзи оятлар ва айрим ҳадисларнинг зоҳирий маъноларини ушлаб олиб, бағрикенглик, тажовуз қилмаслик ва тинчликка чорловчи юзлаб оят-ҳадисларни унутишади. Ваҳоланки,

لَآ إِكۡرَاهَ فِي ٱلدِّينِۖ قَد تَّبَيَّنَ ٱلرُّشۡدُ مِنَ ٱلۡغَيِّۚ

Динга мажбур қилиш йўқ, зеро, тўғри йўл янглиш йўлдан ажрим бўлди”[1].

Қолаверса, бошқа бир оятда:

ٱدۡعُ إِلَىٰ سَبِيلِ رَبِّكَ بِٱلۡحِكۡمَةِ وَٱلۡمَوۡعِظَةِ ٱلۡحَسَنَةِۖ وَجَٰدِلۡهُم بِٱلَّتِي هِيَ أَحۡسَنُۚ إِنَّ رَبَّكَ هُوَ أَعۡلَمُ بِمَن ضَلَّ عَن سَبِيلِهِۦ وَهُوَ أَعۡلَمُ بِٱلۡمُهۡتَدِينَ

(Эй Муҳаммад!) Раббингизнинг йўли (дини)га ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват этинг! Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг!”[2] деб марҳамат қилинган.

Ислом одамларни унга киришга мажбурламайдиган, нотинчлик позициясидан устун турувчи, мусулмон бўлмаганларга ҳам инсон сифатида эҳтиром кўрсатишимизни буюрувчи дин экани таъкидланган.

وَإِنۡ أَحَدٌ مِّنَ ٱلۡمُشۡرِكِينَ ٱسۡتَجَارَكَ فَأَجِرۡهُ حَتَّىٰ يَسۡمَعَ كَلَٰمَ ٱللَّهِ ثُمَّ أَبۡلِغۡهُ مَأۡمَنَهُۥۚ ذَٰلِكَ بِأَنَّهُمۡ قَوۡمٌ لَّا يَعۡلَمُونَ

“Агар мушриклардан бирортаси Сиздан ҳимоя сўраса, бас, уни ҳимоянгизга олинг, токи у Аллоҳнинг каломини эшитсин. Сўнгра уни хавфсиз жойига етказиб қўйинг! Бу уларнинг билмайдиган қавм бўлганлари сабаблидир”[3].

Муҳаммад Абдуллоҳ Дарроз: “Кўряпсизми, биз мусулмон бўлмаганларни ҳам ҳимоя қилишимиз, уларга бошпана беришимиз ва фақат ўз маҳалламиздаги хавфсизликни кафолатлашимиз, уларни ҳақ ва тўғри йўлга йўналтиришимиз ҳам етарли эмас экан. Балки, улар хоҳлаган жойга етгунларича уларни ҳимоя қилиш ва ҳаракатларида ғамхўрлик қилишни буюрмоқда”, дейди.

Жиҳод тушунчаси

Исломда жиҳод соф мудофаа характерига эга экани исботланган ва жанг қилиш ҳақидаги барча буйруқлар, биринчи ўринда фақат ўзини ҳимоя қилиш учун бўлгани билан таъкидланади. Аввало уларнинг ҳеч бири тажовузкор уруш олиб боришга ишора қилмайди, иккинчидан, улар вақтинчалик хусусиятга эга эканини алоҳида таъкидлаш лозим ва келажак авлод учун мажбурий буйруқ сифатида қаралмаслиги керак.

Ва яна шуни қўшимча қилиш керакки, “жиҳод” сўзи классик араб тилида инсоннинг бор кучини кўрсатиши, ҳаракат қилиши, курашиши ёки ўзини қатъият, тиришқоқлик, матонат, жиддийлик, иштиёқ билан ишлашга ундашини англатади.

Ислом фатҳлари уруш ахлоқи бўйича умумбашарий сабоқлар беради, бу унда қўпорувчилик хулқ-атвори йўқлигини кўрсатиб, бошқа тузумлардан ажралиб туришига сабаб бўлади.

Бунинг яққол мисолини биринчи халифа Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳижрий 12 йилда Усома ибн Зайд бошчилигидаги қўшинни исломни ёйиш учун Шомга юбораётганида айтган хутбаларида кўрамиз: “Бузғунчилик, адоват ва хиёнат қилманглар. Ёш болаларни, қарияларни ва аёлларни ўлдирманг, хурмо дарахтларини кесманг ва ёқиб юборманг, мевали дарахтни кесманг. Қўй, сигир ва туяларни овқатдан бошқа нарса учун сўйманг. Ўзларини ибодатхоналарга бағишлаган одамларнинг ёнидан ўтасизлар, уларни тек қўйинг”[4].

“Бир қозонда икки калла қайнамайди! Ер юзида ё мўмин ё мушрик қолсин”, деб даъво қиладиганлар исломнинг моҳиятини тушунмайдиган, калтафаҳм кишилардир. Ерда фақат мусулмонлар қолсин, бошқа дин вакилларини қириш керак, бўлмаса бизни йўқ қилади дейиш ҳеч қандай мантиққа тўғри келмайди.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, тинчлик ислом дини таянган энг муҳим тамойиллардан бири. Бу нарса унинг ўша даврда дунёнинг турли бурчакларигача тез тарқалишига асосий сабаблардан бири бўлган. Бу эса ислом дини қилич билан тарқалди, деган нотўғри тушунчани бутунлай йўққа чиқаради. Мусулмонлар бошқа дин вакиллари билан алоқалар ўрнатмаганида ва инсоний қадриятларни улар билан баҳам кўрмаганида, бу иш амалга ошмаган бўларди.

[1] Бақара сураси, 256-оят.
[2] Наҳл сураси, 125-оят.  
[3] Тавба сураси, 6-оят.      
[4] Имом Муслим ривояти.
Баҳодир МИРЗАЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

МИЛЛИЙ МАЪНАВИЙ МЕРОС – ТАРБИЯ ОМИЛИ СИФАТИДА

Бугунги глобаллашув даврида ижтимоий-иқтисодий, ҳарбий-сиёсий, маънавий-ахлоқий зиддиятларнинг кучайиши жаҳонда тинчлик ва барқарорликка жиддий хавф солмоқда. …