Home / МАҚОЛА / ХХ АСР СЎНГИДА МАРКАЗИЙ ОСИЁДА ДИНИЙ МУТААССИБЛИКНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ ЮЗАСИДАН КЎРИЛГАН ЧОРАЛАР

ХХ АСР СЎНГИДА МАРКАЗИЙ ОСИЁДА ДИНИЙ МУТААССИБЛИКНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ ЮЗАСИДАН КЎРИЛГАН ЧОРАЛАР

Марказий Осиёда ислом динининг қайта тикланиши ва мусулмонларнинг сиёсий фаол қисми ўртасида шаклланган мутаассиблик СССР парчаланганидан сўнг минтақа давлатларидаги сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва диний муаммолар фонида ўзининг чўққисига етди.

Марказий Осиё республикаларининг мустақилликка эришиши Москва томонидан тўғридан-тўғри бюджет ёрдамининг тугашини англатарди. Бу эса 1991 йилда улкан иқтисодий муаммоларни келтириб чиқарди ҳамда фуқаролик бошқаруви ва ижтимоий таъминотнинг аксарият соҳаларига таъсир кўрсатди. Натижада, саноат ишлаб чиқариши кескин пасайди, бошқарув ва интеллектуал элитанинг кенг кўламли эмиграцияси вужудга келди.

Собиқ иттифоқ республикалари ичида Қирғизистон ва Тожикистон энг қашшоқ ресурс, заиф инфратузилмага эга давлатлар сифатида кескин иқтисодий таназзулга учради. Бу ҳолат Тожикистондаги фуқаролар уруши туфайли янада аянчли ҳолга келди.  Мазкур жараёнларда Ўзбекистон, Туркманистон ва Қозоғистон Республикаларининг иқтисоди қишлоқ хўжалиги, пахта етиштириш малакаси ҳамда табиий ресурслар қазиб олиш ҳисобига камроқ зарар кўрди [6:2-3].

Юқоридаги ҳолатлар сабабли ХХ асрнинг 90-йилларида Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон Республикалари расмийларининг кун тартибида жамиятни маънавий юксалтириш, давлат ва дин ўртасидаги муносабатларни тартибга солиш, радикал ва экстремистик ғоялар тарқалишининг олдини олиш масалалари ўрин олмади.

Маҳаллий ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва адлия идораларида эса диний хавфсизликни таъминлашда тажриба ва кўникмаларнинг етишмаслиги, диний уламолар ўртасида бирдамликнинг йўқлиги ва турли ёт ғояларга нисбатан жавоб беришга тайёр эмаслиги жамиятда диний-ижтимоий муаммоларнинг урчишига ҳамда аҳоли орасида турли мутаассиб ғояларнинг кенг тарқалишига олиб келди [5:38-50].

Совет давридаги айрим таҳлилчилар Иттифоқнинг парчаланишига “ислом радикализми” сабаб бўлишини башорат қилиб, яширин диний фаоллик коммунистик бошқарув издошларига қарши чиқиш учун пайдо бўлганини таъкидлашган эди [1:7]. 

Совет Иттифоқи мутахассисларининг бу каби қарашлари уларнинг динга бўлган атеистик муносабати, динга хавф сифатида қараши ва қўрқувлар натижасида шаклланган тахминлар ўзини оқламади. СССРнинг парчаланишида радикал диндорларнинг роли сезилмади.

Бироқ ХХ асрнинг охирига келиб, Совет Иттифоқи даврида вужудга келган диний мутаассибликнинг радикаллашуви Марказий Осиёдаги диний-ижтимоий ва сиёсий вазиятни беқарорлаштирувчи асосий омиллардан бири бўлди.

Бу даврга келиб диний мутаассиб шахслар аҳоли орасида ўз ғояларини кенг тарғиб этиш ва диндорларда ўзларига нисбатан ижобий муносабатни шакллантиришда расмий уламоларни обрўсизлантириш “услубидан унумли” фойдаланди.

XX асрнинг 90-йилларида Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идораси” муфтий лавозимига тайинланиши ва у томонидан 1989-1992 йиллар давомида олиб борилган ислоҳотлар (асосан ҳажга борувчиларни саралаш, хориждан хайрия қилинган Қуръони карим савдоси ва кадрлар алмашинуви) айрим эски тузум тарафдори бўлган шахслар томонидан қўллаб-қувватланмади.

Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистондан бўлган мазкур шахсларнинг ўз манфаатларини ҳимоя қилишга бўлган уринишларидан мутаассиб тоифалар ва айрим сиёсий кучлар янги шаклланаётган жамиятларда турли ихтилоф, низо ва нотинчлик келтириб чиқариш каби мақсадлари йўлида фойдаланди.

Жумладан, “Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идораси” томонидан намозхонлар ўртасида турли ихтилоф ва тушунмовчиликларни келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида чиқарилган масжидларда ибодатларни Имоми Аъзам мазҳабида олиб бориш борасида берилган фатво сохта салафийлик ғоялари тарафдори бўлган шахслар томонидан мусулмонлар орасини бўлиш, намозхонлар ўртасида ихтилоф чиқариш ва мазҳабпарастлик сифатида талқин қилинди.

Муфтий Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф бошчилигидаги уламоларни эса намоз ўқимайдиган, масжидга келмайдиган ва турли гуноҳларга муккасидан кетган шахсларни ҳидоятга чорлаш ўрнига масжидга келаётган инсонларни қайси мазҳабда намоз ўқишини муҳокама қилишда, намозхонларни масжид ва диндан бездиришда айблашди.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда ҳам расмий диний соҳа вакилларига нисбатан юқоридаги каби айбловлар шаклан бироз ўзгарган, аммо мазмунан ўша-ўша ҳолда давом этмоқда.

Аҳолида ислом дини ҳақидаги билимларнинг камлиги, минтақадан ташқаридаги сиёсий фаоллик ва мунозаралар ҳақида маълумотлар етишмаслиги хорижий мусулмон давлатлардан келган айрим даъватчиларнинг ўз қарашларини маҳаллий аҳолига сингдириши учун қулай фурсат бўлди. Натижада, мазкур муаммолар “Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идораси” парчаланишига сабаб бўлди. Бу эса, ўз навбатида, Марказий Осиё мамлакатларининг ҳар бирида ўзига хос бўлган ислом динининг тарқалишига, 1991 йилдан кейин Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Ўзбекистонда мақсадлари “исломий халифалик”ни тузиш орқали давлатларнинг миллий чегараларини тугатишни назарда тутадиган сиёсий партия ва гуруҳлар ташкил этила бошлашига олиб келди. Ушбу жараёнларда иштирок этмаган Марказий Осиёнинг ягона мамлакати Туркманистон Республикаси бўлди.

Жума Намангоний (Жума Хожиев) ва Тоҳир Йўлдош (Тоҳир Йўлдошев) томонидан асос солинган “Ўзбекистон Ислом Ҳаракати (ЎИҲ)”[1] Марказий Осиёдаги асосий ва энг фаол ҳаракатлардан бири бўлди. Саид Абдулло Нурий бошчилигидаги “Тожикистон ислом тикланиш партияси (ТИТП)” ҳам ана шундай ҳаракатлардан ҳисобланди. Мазкур жараёнларда “Акромийлар”[2], “Ҳизб ут-Таҳрир”[3] ва “Нурчилик”[4] каби экстремистик ташкилотлар ҳамда “Барлавийлар”, “Таблиғ жамоати” каби сохта салафийлик ва сохта тариқатчиларнинг саъй-ҳаракатлари натижасида жамиятда диний мутаассиб ғоялар тарқалди.

Минтақадаги республикалар томонидан мустақилликнинг дастлабки йилларидаги сиёсий, иқтисодий муаммолар ҳал этилгач, диний фанатизмнинг олдини олиш мақсадида давлат ва дин ўртасидаги муносабатлар тартибга солинди.

ХХ асрнинг 90-йиллари ўрталарига келиб Марказий Осиё республикаларининг аксарияти бозор иқтисодиётига асосланган, дунёвий характерга эга бўлган, демократик тамойиллар асосидаги ўзининг тараққиёт йўлини белгилаб олди ва бу ўзининг бош қомуси бўлган конституцияларда референдумлар орқали белгилаб қўйилди [2].

Бундан ташқари, Марказий Осиё республикаларида турли дин ва миллат вакиллари истиқомат қилар эди. Жамиятда барқарорликни сақлаш учун биринчи навбатда уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш, “дин ва эътиқод эркинлиги”ни таъминлаш қонуний асоси яратилди.

Минтақа давлатлари виждон эркинлигининг ҳуқуқий асосларини таъминлаш ва уларни тартибга солиш орқали жамиятда диний мутаассибликнинг олдини олиш бўйича олиб борган ислоҳотлари ва юқоридаги каби қонунлари инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ташкилотлар томонидан халқаро  стандартларга мос келмаслиги айтилиб, эътироз билдириб келинади.

Таъкидлаш жоизки, бу каби эътирозларнинг айримлари ўринли бўлса-да, аксарият мулоҳаза ва тавсияларда Марказий Осиёда халқларнинг менталитети, уларнинг миллий урф-одатлари, минтақадаги диний-ижтимоий вазиятга салбий таъсир кўрсатаётган хавфлар ва муаммоларни ҳамда мазкур эркинликнинг ўзига хос бўлган минтақа халқлари орасида ёйилиши ортидан келиб чиқадиган салбий ҳолатлар инобатга олинмаган.

Марказий Осиё республикаларининг дин ва жамиятда диний мутаассибликнинг олдини олиш борасидаги сиёсати 1999 йил 16 февраль куни Тошкент шаҳрида рўй берган террористик ҳаракатлар, 2000 йилда Сурхондарё вилоятининг Саросиё ва Узун туманларига террорчиларнинг бостириб кириши ҳамда 1999-2000 йилларда Қирғизистон Республикасининг Боткен вилоятида содир бўлган воқеалар [3:206] дан сўнг ўзгарди.

Мазкур воқеалар Марказий Осиёда диний мутаассиблик, экстремизм ва терроризмга қарши кураш сиёсатида айрим камчиликлар мавжудлигини очиб берди ва мутахассислар ўртасида маълум келишмовчиликлар пайдо бўлишига сабаб бўлди. Баъзи мутахассислар диний ташкилотлар ва миссионерлар фаолияти устидан назоратни кучайтириш зарур деб ҳисобласа, бошқалари зўравонлик усуллари, айниқса, эътиқод эркинлиги тамойилини чеклаш ҳеч қачон ижобий натижага олиб келмаслиги борасидаги қарашларни илгари сурди [4:15-17].

Жумладан, О.Молдалиев “Минтақавий барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш учун фуқароларга минтақа мамлакатлари конституцияларида назарда тутилган барча ҳуқуқ ва эркинликларнинг, шу жумладан, диний ҳуқуқларнинг кафолатларини изчил таъминлаш зарур” дея таъкидлади [7:103-109].

Мутахассисларнинг бу каби хулосаларга келишига Марказий Осиё республикаларининг жамиятдаги диний муаммоларни бартараф этиш борасида  диний соҳадаги ягона концепцияси ва тажрибаси йўқлиги асос бўлди. Шу сабабли, юқоридаги экстремистик ва террористик ҳаракатларнинг рўй бериши ортидан минтақа давлатларининг диний соҳадаги сиёсати ўзгариб кетди.

Бундан ташқари, минтақада диний фанатизм таъсирига тушган шахслар фаолиятига қонуний чора кўрилган бўлса-да, мутаассиб шахслар ва уларнинг оила аъзоларини реабилитация қилиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмади. Бу эса жавобгарликка тортилган шахсларнинг яқинларида ҳам давлат ва жамиятдан норозилик кайфиятининг шаклланишига, аҳоли орасида мутаассиблик ғояларининг илдиз отиши учун қулай шароитнинг яралишига олиб келди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, диний мутаассибликнинг олди олишда биринчи навбатда фуқароларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларни давлат томонидан кафолатланиши ва таъминланиши муҳим омиллардан бири бўлиб хизмат қилади. Фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва эркинликлари тўлиқ таъминланган жамиятларда аҳолида давлат ва жамиятга нисбатан норозилик кайфияти шаклланмайди ва дахлдорлик ҳисси кучли бўлади.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ:
  1. Alexander Bennigsen and Marie Broxup, The Islamic Threat to the Soviet State (New York: St. Martin’s Press, 1985), as cited in ICG Asia report, No. 14 “Central Asia: Islamist Mobilisation and Regional Security” 1 March 2001.
  2. Бушков В.И., Микульский Д.В. Анатомия гражданской войны в Таджикистане (Этно-социальные процессы и политическая борьба, 1992-1995) / ред. Л. Г. Губарева. — М.: Институт Практического Востоковедения, 1996.
  3. Гоибназаров Ш. Ислам отвергает террор. – Тошкент: Niso nashryot va matbaa uyi, 2024.
  4. Джалилов З. Анализ современных религиозных процессов центральноазиатскими исследователями: краткий обзор // Инновации в науке. – 2017. – №17 (73).
  5. Zhiltsov S.S., Slisovskiy D.E., Shulenina N.V., Markova E.A. Shaping national Identities in Central Asian countries: results, problems, prospects. Central Asia and the Caucasus. 2018; 19 (1).
  6. ICG Asia Report, Incubators of Conflict: Central Asia’s localised poverty and social unrest, 8 June, 2001. 
  7. Молдалиев О. Исламизм и международный терроризм: угроза ислама или угроза исламу? // Центральная Азия и Кавказ. – 2002. – №3 (21).
 [1] Ўзбекистон Республикаси Олий Судининг 2016 йил 26 сентябрдаги қарори билан Ўзбекистон ҳудудида фаолияти таъқиқланган.
[2] Ўзбекистон Республикаси Олий Судининг 2016 йил 26 сентябрдаги қарори билан Ўзбекистон ҳудудида фаолияти таъқиқланган.
[3] Ўзбекистон Республикаси Олий Судининг 2016 йил 26 сентябрдаги қарори билан Ўзбекистон ҳудудида фаолияти таъқиқланган.
[4] Ўзбекистон Республикаси Олий Судининг 2016 йил 26 сентябрдаги қарори билан Ўзбекистон ҳудудида фаолияти таъқиқланган.
Баҳодир ДАМИНОВ
Дин ишлари бўйича қўмита Ахборот-таҳлил ва тарғибот ишларини ташкил этиш
бошқармаси бош мутахассиси

Check Also

313 та ҳаётий зийнат қоидалари (1-қисм)

313 та ҳаётий ЗИЙНАТ қоидаларини УЛУҒ УСТОЗ УЛАМОЛАРИМИЗ баён қилиб берганлар: “ИНТИЗОМ – ҒАЛАБАНИНГ КАЛИТИ”  КАЛОМУЛЛОҲНИНГ ОЯТИ КАРИМАЛАРИДА ХУДОИМ ТАОЛО МАРҲАМАТ ҚИЛАДИ:  «Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангиз, …