Home / МАҚОЛАЛАР / “ШАМОИЛУН НАБАВИЙ”НИНГ МАРКАЗ ҚЎЛЁЗМАЛАР ФОНДИДА САҚЛАНАЁТГАН НОДИР ҚЎЛЁЗМА НУСХАСИ

“ШАМОИЛУН НАБАВИЙ”НИНГ МАРКАЗ ҚЎЛЁЗМАЛАР ФОНДИДА САҚЛАНАЁТГАН НОДИР ҚЎЛЁЗМА НУСХАСИ

Мовароуннаҳр ҳадис мактабининг йирик вакили, машҳур муҳаддис Имом Термизий 209/824 йили Термиз яқинидаги (ҳозирги Сурхондарё вилоятининг Шеробод тумани ҳудудида жойлашган) Буғ қишлоғида, ўртаҳол оилада таваллуд топган. Алломанинг тўлиқ исми – Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн Заҳҳок Сулламий Термизий бўлиб, Абу Исо унинг куняси, Муҳаммад исми, Исо отасининг исми, Савра бобосининг исми, Термизий туғилган жойига нисбадир.

Имом Термизийнинг ёшлик йиллари Термизда ўтиб, дастлабки таълимни ҳам шу шаҳарда олган. 20 ёшида Хуросонга бориб, Исҳоқ ибн Роҳавайҳ Марвазийдан таълим олган. 25 ёшида Басрага, сўнг Ҳижозга бориб таълимни давом эттирган. 20 йил давомида турли юртларда ҳадисларни ўрганиб, тўплаб, бошқаларга ўргатган. 250/864 йилда Термизга қайтиб келган.

Имом Термизий Қутайба ибн Саид Сақафий Бағлоний (ваф. 240/854 й.)[1], Абдуллоҳ ибн Муовия Жумаҳий (ваф. 243/857 й. ), Али ибн Ҳужр Марвазий (ваф. 244/858 й.), Сувайд ибн Наср ибн Сувайд Марвазий (ваф. 241/855 й.), Абд ибн Ҳумайд Кеший (ваф. 249/863 й.), Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон ибн Фазл Самарқандий Доримий (ваф. 255/869 й.) ва Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий (ваф. 256/870 й.) каби машҳур муҳаддисларга шогирд бўлиб, улардан ҳадис ривоят қилган.

Имом Термизий олти машҳур муҳаддис – “кутуби ситта” соҳибларининг тўртинчисидир.

Аллома 279/892 йил ўзи туғилиб ўсган қишлоқда вафот этган ва ўша ерда дафн қилинган[2].

Аллома ўзидан бой илмий мерос қолдирган. Уларнинг аксарияти бизгача етиб келган.

  1. “Сунани Термизий”;
  2. “Шамоилун набавий” (“Набавий хулқ асослари”);
  3. “Илалу фил ҳадис” (“Ҳадислардаги иллатлар”);
  4. “Рисолату фил хилофи вал жадал” (“Ҳадислардаги ихтилоф ва баҳслар ҳақида рисола”);
  5. “Китобут тарих”;
  6. “Китобуз зуҳд” (“Зоҳидлик китоби”);
  7. “Китобул асмоу вал куня” (“Исмлар ва кунялар китоби”);
  8. “Асмоус саҳоба” (“Саҳобаларнинг исмлари”) каби асарлар шулар жумласидандир.

Имом Термизийнинг “Жомиъус саҳиҳ” (“Ишончли тўплам”) асари “Сунани Термизий”, “Жомиъул кабир” (“Катта тўплам”) ёки (“Саҳиҳи Термизий”) номлари билан машҳур бўлиб, у 6 ишончли ҳадис тўпламининг тўртинчиси ҳисобланади. Алломанинг Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсий ҳаёти, У зотнинг сурати, сийрати, ажойиб фазилатлари ва одатларига бағишланган яна бир машҳур асари “Шамоилун набавий” бўлиб, у 400дан ортиқ ҳадис[3]ни ўз ичига олган.

Дарҳақиқат, дунёда ҳеч бир инсоннинг тарихи Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тарихлари каби мукаммал ўрганилмаган. У зотнинг суннатлари, халқий ва хулқий сифатларини васф этувчи ҳадислар кўплаб муҳаддислар томонидан китобат қилинган. Улар орасида Имом Термизий қаламига мансуб “Шамоилун набавий” асарининг илмий ва тарбиявий аҳамияти жуда юқоридир. У ўзига хос услуби билан Пайғамбар алайҳиссалом шамойилларига оид бошқа асарлардан алоҳида ажралиб туради. Мазкур асар кўп асрлардан буён нафақат тадқиқотчи олимларнинг, балки Пайғамбар алайҳиссаломнинг сийрат ва фазилатларини ўрганишга қизиққан барча мусулмонларнинг эътиборини ўзига тортиб келади.

“Шамоил” арабча “шамила” сўзининг кўплиги бўлиб, “фазилат”, “табиат”, “хулқ-атвор” каби маъноларни англатади.

Асарни мазмун-моҳиятига кўра икки қисмга бўлиш мумкин.

  1. Халқий сифат – ташқи сифат;
  2. Хулқий сифат – ички сифат.

Халқий сифат. Бунга Пайғамбар алайҳиссаломнинг халқий сифатлари – сурат (ташқи қиёфа)ларини тавсифлаган ҳадислар киради. Уларга кўра, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам суяги йирик, ўрта бўйли, гавдали, бақувват, хушбичим, кўкраклари кенг, қоринлари билан кўкраклари бир (текис), қўллари гўштдор, пешоналари кенг ва кўзлари катта-катта бўлганини билиб олиш мумкин.

Хулқий сифат. Бунга Пайғамбар алайҳиссаломнинг сийратлари – ички дунёси ва ахлоқий сифатларига оид ҳадислар киради. Улар орқали Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ахлоқий жиҳатдан намунавий, мукаммал бир сиймо бўлганини билиб олиш мумкин. Жумладан, у зот каттаю кичик, эркак-аёл, бой-камбағаллар билан бир хил муомалада бўлганлар. Бирор киши ножўя иш қилиб, узр сўраса, дарҳол қабул қилганлар. Йўлда учраган барча инсонларга биринчи бўлиб салом бериб, самимий ҳол-аҳвол сўраганлар.

Мазкур асарнинг қўлёзма нусхалари Ер куррасининг деярли барча минтақаларидаги архив, музей ва кутубхоналарда сақланиб келмоқда. Лекин мамлакатимиз хазиналарида “Шамоилун набавий”нинг қўлёзма нусхалари кам учрайди[4].

Жумладан:

Унинг иккита қўлёзма нусхаси Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази манбалар хазинасида инв.№71 ва инв.428/II рақамлари остида сақланмоқда. Улардан бири – №428 рақам остида сақланаётгани мажмуа таркибида.

Мажмуада қуйидаги ўн асар жамланган:

  1. Шамсиддин Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад Жазарий – “Ал-Ҳисн ал-ҳасин мин калом сайд ал-мурсалин” (в. 1б-78б);
  2. Абу Исо Муҳаммад Исо ибн Савра Термизий – “Шамоилун набавий” (в. 79б-147а);
  3. Абу Закарийё Яҳё ибн Шарофиддин ибн Муррий ибн Ҳасан Ҳизомий Ҳувроний Нававий – “Арбаъин ҳадис” (в. 148б-162а);
  4. Ҳофиз Жалолиддин Абдураҳмон ибн Абу Бакр Суютий – “Китобул лубоб” (в. 163б-178а);
  5. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий – “Ал-Аҳодис ас-сулосиёт” (в. 180а-184а);
  6. Муаллифи номаълум бўлган “Каъбул ахбор” асари (в. 184б-203а);
  7. Муаллифи номаълум бўлган “Мухтасару жомиъ” асари (в. 204б-211а);
  8. Муҳаммад Амин ибн Убайдуллоҳ Муминободий – “Шарҳу фароизис Сирожия” асари (в. 212б-266а);
  9. Муаллифи номаълум “Анвои ҳисоб” (Ҳисобнинг навлари) асари (в. 266б-268б);
  10. Абдураҳмон ибн Аҳмад Жомий Абдуроҳман – “Рисолаи сағир дар муаммо” асари (в. 269б-270а).

Мажмуа таркибидаги (инв. № 428/II) иккинчи манба Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ибн Савра Термизийнинг “Шамоилун набавий” асари бўлиб, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фазилати, табиати ва хулқ-атвори ҳамда халқий ва хулқий сифатлари бобида тенгсиз манба ҳисобланади. Асар 69 варақ (79б-147б)дан иборат бўлиб, 56 боб ва 415 ҳадисдан ташкил топган.

Асар 79б варақдан басмала билан қуйидагича бошланган.

بسم الله الرحمن الرحيم الحمد لله وسلام علی عباده الذین اصطفی قال الشیخ الحافظ ابو عیسی محمد بن عیسی بن سؤرة الترمزی رحمة الله تالى باب ماجآء فى خلق رسول الله صلى الله عليه وسلم [5].

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман. Аллоҳга ҳамду сано ва танлаб олинган бандалари (пайғамбарлари)га саломлар бўлсин. Шайх, ҳофиз Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ибн Савра Термизий айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг халқий сифат (ташқи кўриниш)лари ҳақида келган ривоятлар боби”.

Ундан сўнг илк ҳадис келтирилган:

  • أَخْبَرَنَا أَبُو رَجَاءٍ قُتَيْبَةُ بْنُ سَعِيدٍ عَنْ مَالِكِ بْنِ أَنَسٍ عَنْ رَبِيعَةَ بْنِ أَبِي عَبْدِ الرَّحْمَنِ عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّهُ سَمِعَهُ يَقُولُ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لَيْسَ بِالطَّوِيلِ الْبَائِنِ وَلَا بِالْقَصِيرِ وَلَا بِالأَبيضِ الأَمْهَقِ ولا بالأدَمِ ولا بالجَعْدِ القَطَطِ ولا بِالسَّبْطِ، بَعَثَهُ اللهُ تَعَالَى عَلَى رَأْسِ أَرْبَعِينَ سَنَةً فَأَقَامَ بِمَكَّةَ عَشْرَ سِنِينَ وَبِالْمَدِينَةِ عَشْرَ سِنِينَ وَتَوَفَّاهُ اللهُ تَعَالَى عَلَى رَأْسِ سِتِينَ سَنَةً وَلَيْسَ فِي رَأْسِهِ وَلِحْيَتِهِ عِشْرُونَ شَعْرَةً بَيْضَاءَ.[6]
  1. Бизга Абу Ражо Қутайба ибн Саъийд Молик ибн Анасдан, у Робиа ибн Абу Абдураҳмондан, у Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан хабар қилди. Робиа ибн Абу Абдураҳмон Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг бундай деб айтаётганини эшитибди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жуда новча ҳам, пакана ҳам, ўта оппоқ ҳам, буғдойранг ҳам эмас эдилар. (Сочлари) жуда жингалак ҳам, ўта силлиқ ҳам эмас эди. Қирқ ёшларида Аллоҳ таоло у зотни пайғамбар қилди. Маккада ўн йил, Мадинада ўн йил турдилар. Аллоҳ таоло олтмиш ёш аввалида[7] у зотни вафот эттирди. Ўшанда соч-соқолларида йигирмата ҳам оқ тола йўқ эди”.

Изоҳ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўрта бўйли бўлиб, кўрган киши новча деб ҳам, пакана деб ҳам таърифламайдиган даражада мўътадил бўлганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ранглари ўта оқ ҳам, жуда буғдойранг ҳам бўлмаган. Балки қизғиш-оқ (нурли, чароғон) юзли инсон бўлганлар.

Сочлари ўртача бўлиб, жуда жингалак, бир-бирининг ичига кириб кетган ҳам, ўта силлиқ, текис ҳам бўлмаган.

Бу ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Маккада ўн йил турганлари ва олтмиш йил умр кўрганлари айтилган. Бунга сабаб арабларнинг гоҳо каср сонларни зикр қилмайдиган одатларидир (яъни, “ўн уч” демасдан “ўн” деган. “Аллоҳ таоло олтмиш ёш аввалида у зотни вафот эттирди” деганда ҳам каср сон ташлаб кетилган, деб қаралади).

Ҳақиқатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қирқ ёшга тўлганларида Аллоҳ таоло у зотга илк ваҳийни нозил қилган. Пайғамбар бўлганларидан кейин Маккада ўн уч йил турганлар. Маккадан Мадинага эллик уч ёшларида ҳижрат қилганлар. Шундан сўнг Мадинада ун йил яшаганлар. Вафот этганларида, олтмиш уч ёшда бўлиб, соч-соқолларидаги оқ толаларнинг сони йигирмага ҳам етмаган.

Бу бобдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг халқий сифатларига оид 15 та ҳадис ўрин олган. Бешинчи ҳадис билан олтинчи ҳадис маъно ва матн жиҳатидан бир хил бўлгани учун бирининг фақат санади келтирилган[8].

Таъкидланганидек, асар 56 боб ва 415 ҳадисдан ташкил топган. Асарнинг охирги 56-боби “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни тушда кўриш ҳақида келган ривоятлар” бўлиб, унда 10 ҳадис жамланган.

Энг сўнгги ҳадис 147а варақда қуйидагича келтирилган:

حَدَّثَنَا مُحَمَّدُ بْنُ عَلِي ثَنَا النَّضْرُ أَنْبَأَنَا ابْنُ عَوْنٍ عَنِ ابْنِ سِيرِينَ قَالَ: هَذَا الْحَدِيثُ دِينٌ فَانْظُرُوا عَمَّنْ تَأْخُذُونَ دِينَكُمْ.

Ибн Сирин раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинади: “Бу ҳадис диндир. Шундай экан, динингизни кимдан олаётганингизга қарангиз”.

Изоҳ. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбат берилган, санади у зотга етиб борган бу ҳадислар диннинг моҳиятини очиб беради. Биз ўша ҳадислар орқали динни ўрганамиз. Шунинг учун ҳадисларни кимдан қабул қилаётганимизга эътибор беришимиз зарур.

Имом Термизий “Шамоилун набавий” китобини мана шу ривоят билан якунланганининг ҳикмати ҳам шунда. Чунки, мусулмон киши ҳадис, тафсир, фиқҳ, ақида, сийрат, шамоил каби диний илмларни ўрганишда фақат ишончли, санади Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борган, саҳобаи киромлардан нақл қилинган ривоятларга суяниши лозим.

Шариат илмлари дуч келган одамдан олинавермайди. Аввал унинг илми етуклигига, адолатига, диёнатига қаралади. Негаки, илм ёлғончи, бидъатчи, адашган кимсалардан ўрганилса, диннинг асосларини нотўғри талқин қилиш, исломнинг асл моҳиятидан узоқлашиш, нотўғри ғояларни тарқатиш, жамиятда низо ва бўлинишларни келтириб чиқариш, ахлоқий бузилиш каби салбий оқибатлари жуда аянчли бўлади.

Асарнинг 147а варағида колофон қисми бўлиб, унда қуйидаги жумлалар ёзилган:

تمت الحديث

شد بتوفیق الهى لا ینام این کتابت روزي آدينة تمام

Ухламайдиган Илоҳнинг тавфиқи билан, бу китоб жума куни ёзиб тугатилди.

Ундан сўнг қуйидаги жумлалар ёзилган:

قاريان بر من قهر عتاب  ر خطاى رفته باشد در كتاب

آن خطاى رفته راتصحيح كن از كرم والله اعلم بالصواب

Ўқувчилар! Китобда хато бўлса, бағрикенглик билан уни тузатингиз. Аллоҳ билгувчироқдир.

Колофонда қўлёзманинг кўчирилган вақти, хаттоти ҳақида маълумот келтирилмаган. Аммо хат тури, ёзилиш услуби, сатр қатори, мистара, пойгир, сиёҳ ранги ва қоғоз нави мажмуанинг 1б-78б варақларидаги Шамсиддин Жазарийнинг “Ҳиснул ҳасин мин калом сайдил мурсалин” асари билан бир хил бўлганидан келиб чиқиб, бу икки китоб бир хаттот томонидан кўчирилган, дейиш мумкин.

Мажмуанинг 78а-78б варақларида 821/1418 йил жумодил охир ойида, якшанба куни, Ҳирот ташқарисида Жағиртон (Жафартон) мавзеси, Руҳобод маҳалласида хаттот Жалолиддин ибн Муҳаммад ибн Убайдуллоҳ Қоиний томонидан кўчирилгани қайд этилган[9]. Аммо “Шамоилун набавий”нинг колофонида “бу китоб жума куни ёзиб тугатилган” дейилган. Бундан хаттот Шамсиддин Жазарий “Ҳиснул ҳасин мин калом сайдил мурсалин” асарини кўчириб бўлганидан сўнг Имом Термизийнинг “Шамоилун набавий” асарини кўчирган, деб хулоса қилиш мумкин.

Асар араб тилида, насх хатида кўчирилган, 13 сатрдан, мистара, пойгири бор, асосий матн қора, боб ва фасл номлари қизил сиёҳда ёзилган. Ҳошиясида баъзи сўзларнинг шарҳи, матнда қолиб кетган сўзларнинг тўлдирмалари келтирилган. Матн орасида баъзи сўзларнинг форсча таржималари ёзилган. Шарқ қоғози, курросаси 8 варақдан ташкил топган. Матн ўлчами – 150´95 mm., варақ ўлчами – 247´193 mm.

Муқова ва таякиси малларанг чармдан бўлиб, четлари бироз емирилган. Орқа муқоваси жойидан ажралгани учун қисман таъмирланган.

Имом Термизийнинг “Шамоилун набавий” асари Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг шамойилларини ўрганишда, ёшларни имонли, эътиқодли қилиб улғайтириш ва уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда катта аҳамиятга эга. Ушбу қўлёзма нусха эса, мазкур асарни ўрганишда, таҳқиқ, тадқиқ ва таҳлил этишда тадқиқотчилар учун муҳим манба бўлиб хизмат қилади.

[1] У “кутуби ситта” –  “олти энг ишончли тўплам” эгаларининг шайхи ҳисобланади.
[2] Мирзо Кенжабек. Буюк Термизийлар, Термиз тазкираси. –Т.: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти. 2017. –Б.115.
[3] “Шамоилун набавий”даги матни ва мазмуни такрор келган ҳадисларни ҳисоблаганда 415 та, уларни ҳисобга олмаганда эса 408 та ҳадисни ташкил этади.
[4] Термизлик алломалар асарларининг қўлёзмалари каталоги. –Т.: 2015. –Б. 4.
[5] Абу Исо Муҳаммад ибн Исо Термизий. Шамоилун набавий. ИБХИТМ. Қўлёзма № inv. MR 428/II. –Б. 79а.
[6] Абу Исо Муҳаммад ибн Исо Термизий. Шамоилун набавий. ИБХИТМ. Қўлёзма № inv. MR 428/II. –Б. 79а.
[7] Ровий фақат ўнликни зикр қилган, каср сонни ташлаб кетган (яъни, “ўн уч” демасдан “ўн” деган).
[8] Қаранг: Абу Исо Муҳаммад ибн Исо Термизий. Шамоилун набавий. ИБХИТМ. Қўлёзма № inv. MR 428/II. –Б. 80а.
[9] Қаранг Шамсиддин Жазарий. Ҳиснул ҳасин мин калом сайдил мурсалин. ИБХИТМ. Қўлёзма № inv. MR 428/I. –Б. 78а – 78б.
Йўлдошхон ИСАЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ИЛК АРАБ-МУСУЛМОН ДАВЛАТЧИЛИГИ: СОЛИҚ СИЁСАТИ ВА УНИНГ ИҚТИСОДИЙ БАРҚАРОРЛИККА ТАЪСИРИ

Янги давлатнинг молиявий қудратини шакллантириш ва уни ривожлантиришда солиқлар муҳим ўрин тутади. Маълумки, ривожланган солиқ …