Home / МАҚОЛАЛАР / Носих ва мансух оятлар

Носих ва мансух оятлар

Қуръон илмлари дастлаб Қуръон лаҳжалари, қироатлари, сабабун -нузул, носих ва мансух каби илмларнинг асослари Муҳаммад (с.а.в.)га ваҳий нозил қилинган вақтддан бошлаб шаклланган ва аста-секин такомиллашиб, алоҳида бир илмий тизимга айланган.

Шу билан бирга илгаридан мавжуд бўлган сабабун-нузул, маккий ва маданийлик, носих ва мансух, ғарибул-Қуръон илмлари ҳамда тафсирга эътибор кучайиб, улар илм сифатида бир-биридан ажрала бошлади. Ушбу илмлар ҳадислар таркибида алоҳида бўлимлар сифатида қайд этиб борилган. Бу араблардан бошқа халқларнинг исломга киришлари ва исломга оид билимларни эгаллашлари асносида шаклланган.

Илк ислом даврида тафсир илми ўзига хос жиҳатлар билан ажралиб туради. Бу ҳам бўлса, Қуръонга оид шарҳларнинг Муҳаммад (с.а.в.)нинг тушунтириш беришлари билангина кифояланилди. Бу давр ва саҳобийлар даври ҳақида Маҳмуд Ҳусайн аз-Заҳабий ўз тадқиқотида “Муҳаммад (с.а.в.) ва саҳобийлар даврида тафсир” мавзуси остида бирлаштириб ёзган. Буни иккига ажратиб кўриб чиқиш ҳам мумкин. Биринчиси, Муҳаммад (с.а.в.)нинг ҳаётлик вақтларида саҳобийларнинг саволларига жавоб тарзда Қуръон оятлари ва сўзларига шарҳ беришлари. Бу ҳақда Ибн Халдун “Муқаддима” асарида шундай ёзади: “Набий (с.а.в.) саҳобийларга Қуръоннинг мужмалларни айтиб, носих ва мансухларини ажратиб, уларга ўргатар эдилар”[1].

Абу Убайд Қосим ибн Салом (ваф. 224/839) носих ва мансух ҳамда қироат илмлари бўйича икки асарни яратиб, бу илмларни алоҳида ажралишида муҳим ҳисса қўшган алломалардан ҳисобланади.

Қуръон илмлари тўлиқ тарзда Суютий, Заркаший каби олимлар томонларидан ўрганилган бўлса, унинг доирасидаги мавзулар бўйича ҳам алоҳида асарлар яратилган. Жумладан, сабабун-нузул, носих ва мансух кабилар кенг ўрганилган мавзулар сирасига киради.

Қуръон илмлари – носих ва мансух бўйича ҳам алоҳида асарлар битилган. Шу билан бирга умумий тарзда Қуръон илмлари бўйича асарларда алоҳида мавзу остида ўрганилган.

Носих ва мансух илми. Қуръонда бир ҳукмнинг бекор қилиниши ва ўрнига бошқа ҳукмнинг келтирилиши мавжуд ҳолатдир. Камчилик олимларнинг қарашларига кўра Қуръонда насх мумкин бўлмаган ҳолат ҳисобланади. Лекин кўпчилик мусулмон олимлар насх ҳолатини мавжуд деб қараб, унинг турлари ҳақида сўз юритганлар. Шу каби насх ҳолатига алоҳида мавзу ва асарлар бағишланган. “Насх ” сўзи “ўчириш”, “бекор қилиш” ва “кўчириш” маъноларида ишлатилади. Қуръонда “ўчириш”, “бекор қилиш” маъносида ишлатилган.

Муфассирлар учун носих ва мансух оятларни билиш зарурий илмлардан саналган. “Насх”нинг маъноси бир оят ҳукмини бошқа оят ҳукми бекор қилишидир. Қуръон арабларга 23 йил давомида тушиб, уларнинг шарт-шароитларини ҳисобга олинган. Шунинг учун исломнинг аввалидаги баъзи ҳукмлар кейинги ҳукмлар билан бекор қилинади.

Абу-л-Лайснинг ушбу зарур илмни чуқур эгаллаган олим эканлиги тафсир давомида яққол кўзга ташланади. Мисол сифатида “Бақара” сурасидаги “насх” ҳақидаги оят шарҳида шундай дейди:

“Зажжож деди: Насх луғатда бирор нарсанинг бошқа нарсани бекор қилиши ва унинг ўрнини ўша бекор қилаётган нарсанинг эгаллашидир”. Кейин ваъд ва ваидларда насх бўлиши мумкинлигини ҳамда қисса ва хабарларда насх бўлиши мумкин эмаслигини айтади. Чунки қисса ва хабарларда насх бўлиши мумкин бўлса, у ҳолда улар ёлғонга чиқиб қолади. Ёлғон эса, Қуръонда бўлиши мумкин эмас[2].

يا أيها الذين آمنوا اتقوا الله حق تقاته ولا تموتن إلا وأنتم مسلمون

“Эй, мўминлар, Аллоҳдан чинакам қўрқингиз ва мусулмон бўлмай дунёдан ўтмангиз”[3] ояти тафсирида ушбу оятни насх бўлмаган деювчиларга раддия беради: Кўпчилик муфассирлар бу оят мансух бўлган деганлар. Баъзилар эса, мансух дейиш мумкин эмас, чунки, Аллоҳ бандаларнинг қўлидан келмайдиган нарсага буюрмайди, дейишган. Рўй-рост қўрқиш қўлларидан келади, деган сўзга жавоб – улар бу ишда қаттиқ машаққатга учрайдилар, чунки бу имкониятни қийинлаштиради ҳамда ундай ҳолларида бардавом бўлолмайдилар. Аллоҳ таоло бандаларини қўлларидан келмайдиган ишга буюрмайди. Шунинг учун уларга енгиллатиб: (فاتقوا الله ما استطعتم) “Аллоҳдан имкониятингиз етгунча қўрқинглар”, деди[4].

Шу каби Абу-л-Лайс тафсирида оятларнинг носих ва мансухларини доимо зикр этиб боради. Унинг тафсирида суннатнинг оятни насх қилиши ҳам ўз аксини топган. Барча илмлар каби носих ва мансух оятларни ўрганишга бўлган талаб ва эътибор кучайиб бормоқда.

А.Рахимов
Имом Бухорий халқаро илмий–тадқиқот маркази
Қуръоншунослик шуъбаси илмий ходими
[1]Ибн Халдун. Муқаддима. –Байрут: Дор ал-авда, 1982. – Б. 489
[2]Абу-л-Лайс тафсири. Ж. 1. Б. 146-147
[3]Оли Имрон: 102.
[4]Абу-л-Лайс тафсири. Ж. 1. Б. 288.

Check Also

Рамазон — меҳр-мурувват, хайру саховат ойи

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Халқимиз ҳаётида маънавий поклик, меҳр-оқибат, хайру саховат фазилатлари сайқалланадиган муборак Рамазон ойининг …