Шаббир Аҳмад Усмоний яшаган давр Ҳиндистон инглизлар мустамлакаси бўлган вақтларга тўғри келади. Динидан қатъий назар ҳар бир фуқаро босқинчилардан қутулиб, ватанини озод қилишга ҳаракат қилган. Олимлар ҳам юртини озод қилишга ўз ҳиссасини қўшган. Улар одамларга ватанини севиш ва душманга қарши туришга чақириқларда иштирок этган.
Шаббир Аҳмад Усмоний 1305/1889 йил 13 декабрда Ҳиндистоннинг Бижнур шаҳрида туғилган. Усмон розияллоҳу анҳунинг олтинчи авлоди Абдураҳмон Мадинаи мунавварадан чиқиб, Мовароуннаҳр шаҳарларига келиб яшаган. Унинг авлодларидан Хўжа Абулвафо ибн Убайдуллоҳ Девбандга келиб, яшаб қолгани манбаларда келтирилган [3:33]. Шаббир Аҳмаднинг насаби Хўжа Абулвафога бориб тақалгани учун “Усмоний” нисбаси берилган.
Шаббир Аҳмадга отаси Фазлуллоҳ деб исм қўйган. Лекин Шаббир Аҳмад деб машҳур бўлиб кетган. Бу ҳақда Шаббир Аҳмаднинг ўзи ҳам “Тафсири Усмоний” асарида “Шаббир Аҳмад деб чақириладиган Фазлуллоҳ ибн Фазлураҳмон Усмоний…” [1:933], деб келтирган.
Дастлабки таълим босқичида урду ва форс тилидаги китобларни ўқиди. Кейин эса араб тили ва исломий илмларни ўргана бошлади. Ўз даврининг етук алломаларидан илм олди. Шаббир Аҳмад исломий илмларнинг ҳаммасини мукаммал ўқиб, моҳир бўлиб етишди. Энг юқори баҳо билан Дорул улуб Девбандни битирди.
Унга камёб зийраклик, чуқур фаҳм, мукаммал даражада англаш хусусияти берилган эди. Талабалик вақтларида мантиқдан дарс берар эди. Муҳаммад Шафе Усмоний: “Муҳаммад Қосим Нонутвий Девбанд мадрасасида фалсафа, мантиқ ва ҳикматдан дарс берар эди. Унинг дарсларини яхши ўқийдиган талабалар ҳам тушунишга қийналар эди. Лекин икки киши Муҳаммад Қосимнинг ҳикматини шарҳ ва изоҳига кучи етар ҳамда яхши тушунар эди. Бири Шаббир Аҳмад Усмоний, иккинчиси Қори Муҳаммад Тоййиб” [4:23], деб айтган эди.
Шаббир Аҳмад ўқишни тугатиши билан Дорул улум Девбандда ўқитувчиликка тайинланди. Бир неча ой ўтиб, Деҳлидаги “Фатҳпури” мадрасаси мудири Дорул улум Девбанддан Шаббир Аҳмадни устоз қилиб юборишини сўради. Кўп ўтмасдан уни ортга қайтариб, Дорул улумда дарс бериш учун чақиртириб олишди. Қайтиши билан юқори курс талабалари ўқийдиган китоблардан дарс беришга тайинланди. Босқичма-босқич “Сунани Термизий”, “Сунани Абу Довуд”, “Саҳиҳи Муслим” ва “Саҳиҳи Бухорий” китобларидан дарс беришга ўтди.
Ҳижрий 1354/1935 йилдан 1362/1943 йилгача Девбанд мадрасасида бош мударрис сифатида ҳам фаолият олиб борди. Ўзига юклатилган вазифани мукаммал адо қилди. Кейин яна бир неча ой Добҳилга бориб ишлади. Бир неча дард-касалликка учрагани учун яна Девбандга қайтиб келди.
Илм ва соф эътиқодни тарқатиш борасида катта ишларни амалга оширди. У одамларга ваъз-насиҳат ва бошқа диндаги ҳиндлар билан баҳс-мунозара қилар эди. Тўғри йўлни исбот қилиш ва хатони кўрсатиб беришда кучли далиллар келтирар эди. Бу йўлда бор куч-ғайрати ва илмини сарф қилар эди. Унинг тўғри йўлга чақириғи Ҳиндистоннинг ҳамма жойига етиб борган. Ислом фалсафасида ҳам ўзига яраша катта тажриба ва малакаси бор эди.
Шаббир Аҳмад илмига амал қиладиган, одамларни яхши йўлга ва савобли ишларга чақирадиган олим бўлган. У ижтимоий, маданий ва сиёсий соҳаларда ҳам одамларга тўғри йўлни кўрсатар эди. Шаббир Аҳмад биринчи бор Болқон уруши бошланган вақтда сиёсат майдонига кирди. Мусулмонларга дахлдор сиёсий масалаларни ҳал этишда фаол иштирок этди. Ҳиндистондаги мусулмон жамиятини қўллаб-қувватлади. Бу жамият ўша вақтда мусулмонларга қарши бўлган инглизларга қарши курашадиган ягона жамият эди.
Олим Покистон мустақиллиги ҳақидаги қарорни қўллаб-қувватлади. Покистонни таъсис этишда Муҳаммад Али Жиноҳ ёнида туриб, жуда катта меҳнат қилди. Бу иши учун айрим олимлар ва тоифалар томонидан турли танқидларга учради. Лекин унинг овози кундан-кунга кучайиб, Покистон 1947 йил мустақил бўлди. Покистоннинг илк генерал-губернатори Муҳаммад Али Жиноҳ ўша куни Шаббир Аҳмаддан биринчи бўлиб Покистон байроғини кўтаришини сўради. Бу билан олимнинг меҳнатини эътироф қилаётган эди.
Шаббир Аҳмад Покистон мустақил бўлгандан кейин бир йилу тўрт ой яшади. Лекин шу қисқа вақт ичида Покистон ҳукуматига катта фойдаси тегди. Янги давлат қонунларини тузишда ўзидаги бор билим ва имкониятини сарфлади. Ҳукумат унинг ёрдамида қонунларни тартибга келтирди.
Олим сиёсат майдонида фаол бўлиш билан бирга, тасаввуф ва нафс тарбиясида ҳам етук эди. Мустаҳкам тақволи, чиройли хулқли, одамларга меҳрибон, тавозели, қалби юмшоқлик каби олийжаноб хулқларга эга эди. Доим Аллоҳни зикр қилиб, Қуръон тиловати билан банд эди.
Аллома Шаббир Аҳмад Усмоний милодий 1329/1949 йил 13 декабрь сешанба куни Баховалпур шаҳрида вафот этди. У Аббосия университетининг очилиши маросимида қатнашиш учун Карачидан Бахавалпурга йўлга чиққан эди. Покистонда олимнинг вафоти ҳақидаги хабар тарқалганда бутун мамлакат билар бирга, илмий соҳа вакиллари ҳам қаттиқ қайғуга тушди. Бутун ислом олами таъзия билдирди. Покистон аҳолиси жуда катта мусибатга дучор бўлган эди. Олимнинг жасади Карачига олиб келинди. Икки юз минг одам жаноза намозида иштирок этди. Жанозани Муҳаммад Шафе ўқиди.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Шаббир Аҳмад Усмоний етук олиб бўлган. Зоҳид Кавсарий ўз мактубида Шаббир Аҳмад Усмонийни “Дарҳақиқат, сиз бу асрда ҳанафийларнинг фахрисиз” [4:211], деб эътироф этган. Шунингдек, олим бир қанча асар ёзган бўлиб, унинг ноёб илмидан ўқувчилар ҳам баҳраманд бўлиши мумкин. “Фатҳул муслим” асари эса “Саҳиҳи Муслим” асарининг ҳанафий фиқҳи бўйича шарҳланган қимматли манба саналади.
Шаббир Аҳмад маърифий соҳа билан чекланиб қолмасдан, вазият тақозосига кўра, сиёсий майдонда ҳам фаол бўлган. Ватандошлари ва юрти келажаги учун бор куч-ғайратини сарф қилган. Унинг теран фикри ва узоқни кўра олиш қобилияти сиёсат майдонида ҳам яхши натижаларга олиб келган. Хусусан, олим Покистон мустақиллиги учун ҳаракат қилган инсонлар томонида турган. У мусулмонлар тинч-хотиржам яшаши тарафдори бўлган. Олимлар ҳам, сиёсатчи бўлишни истовчилар ҳам Шаббир Аҳмад Усмоний фикр-мулоҳазалари билан танишиши ва амалга оширган ишларини ўрганиши лозим. Бунда унинг ютуқларидан фойдаланиш ва камчилиги бўлса ибрат олиш мақсадга мувофиқдир.
-
Шаббир Аҳмад Усмоний. Тафсир Усмоний. – Карачи: Дорул ишоат, 2007. – Ж. 3.
-
Шаббир Аҳмад Усмоний. Фатҳул мулҳим. – Дамашқ: Дорул қалам, 2006. – Ж.1.
-
Муҳаммад Анвар Ҳасан Ширкутий. Ҳаёти Усмоний. – Карачи: Дорул улум, 1985.
-
Муҳаммад Анвар Ҳасан Ширкутий. Камолати Усмоний. – Мултан: Идора ишоатил хайр, 2006.