Мовароуннаҳр ва Хуросондан кўплаб муҳаддислар етишиб чиққан. Улар қолдирган асарлари ҳамда олиб борган фаолияти билан ҳадис илми ривожига улкан ҳисса қўшган. Шундай муҳаддислардан бири Абу Довуд Сижистоний бўлиб, ҳижрий III асрда яшаган. Абу Довуд роҳматуллоҳи алайҳ бошқа ҳадис олимлари каби ҳадис излаб кўплаб шаҳарларга борган. Абу Умар Зарир, Муслим ибн Иброҳим, Аҳмад ибн Ҳанбал, Абдуллоҳ ибн Маслама Қаънабий, Абдуллоҳ ибн Рожаъ, Абу Валид Таёлисий, Аҳмад ибн Юнус, Абу Жаъфар Нуфайлий, Абу Тавба Ҳалабий, Сулаймон ибн Ҳарб каби алломалардан илм олган. Ҳижоз, Шом, Миср, Ироқ, Жазира, Хуросон каби ўлкаларда кўплаб илм халқаларида иштирок этди.
У кишининг қўлида таълим олган машҳур шогирдлари орасида Имом Термизий, Имом Насоий, Имом Абу Бакр ибн Абу Довуд, Абу Авона, Абу Бишр Дулобий, Али ибн Ҳасан ибн Абд, Абу Усома Муҳаммад ибн Абдулмалик, Абу Саид ибн Аъробий, Абу Алий Луълуъий, Абу Бакр ибн Доса, Абу Солим Муҳаммад ибн Саид Жалудий, Абу Амр Аҳмад ибн Али каби улуғ олимлар бор эди.
Абу Довуд роҳимаҳуллоҳнинг тўлиқ исми Сулаймон ибн Ашъас ибн Исъҳоқ ибн Башир ибн Шаддод ибн Амр ибн Имрон Аздий Абу Довуд Сижистонийдир. Буни “Сунан”ларнинг ровийларидан бўлган Ибн Доса ва Абу Убайд зикр қилиб ўтган. Шунинг учун ҳам Ҳофиз Абу Тоҳир Силафий: “Унинг насаби борасидаги энг тўғриси ва қалб ҳам кўпроқ мойил бўладигани Абу Довуддир” [16:224], деган.
Имом Абу Довуд исмидан кўра куняси билан кўпроқ машҳур бўлган. Чунки у китобларда фақатгина куняси билан зикр қилинади.
У зотнинг бобоси Имрон Али розияллоҳу анҳу тарафида туриб Сиффин жангида жанг қилган ва шаҳид бўлган [7:356].
Имом Абу Довуд араб қабилаларидан бўлган Азд қабиласига мансубдир. Бу арабларни катта қабилаларидан бўлган. Бу қабила аслида Яман томонлардан келиб, араб жазирасининг турли тарафларига тарқалиб яшаган. Исломда фатҳлар бўлгандан кейин эса улар бошқа шаҳарларга ҳам бориб истиқомат қила бошлаган.
Имом Абу Довуд Сижистондан бўлган. Сижистон Хуросонни жанубидаги жуда катта вилоятлардан саналган. Сижистоннинг чегарадош ҳудудлари: жануб тарафдан Макрон, шимол тарафдан эса Хуросон, ғарб тарафдан эса Қуҳустон ва Кармон саҳросидир. Шарқ тарафдан эса қўшниси аниқ эмас [17:23]. Бу маълумот қадимги шаҳарлар харитасига асосланади. Ҳозирги харитага кўра, У Афғонистон жануби-ғарбида жойлашган. Бу ҳудуд ҳозирги кунда Қандаҳор, Ҳилманд, Нимруз вилоятларини ўз ичига олади.
Сижистон маркази Заранж шаҳри бўлган. Бу ҳам Афғонистон жануби-ғарбида жойлашган. Ҳозирги кунда бу шаҳар Афғонистоннинг Нимруз вилояти маркази ҳисобланади. Заранж шаҳри Сижистон шаҳри деб машҳур бўлган. Чунки кейинги замонда яшаган араблар бу шаҳарни Сижистон шаҳри деб атаган. Шунинг учун ҳам баъзида Сижистон ва Заранж бу иккаласи битта шаҳарни номи дейилади. Лекин аслида ундай эмас, чунки Заранж Сижистон шаҳри маркази ҳисобланади. Кейинги замонларда Сижистон атамасига нисбатан унинг маркази номи бўлган Заранж кўп қўлланган.
Мусулмонлар Сижистон диёрини ҳижрий 23 йил Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу даврида Осим ибн Амр Тамимий ва Абдуллоҳ ибн Умайр бошчилигидаги қўшин билан фатҳ қилган.
Сижистон ҳудуди ҳамма асрларда ҳам бир хил бўлмаган, балки даврлар ўтиши билан турлича кўринишга келган. Имом Абу Довуд Заранж шаҳридан бўлган. У зот ҳадис олиш учун кўплаб шаҳарларга сафар қилган, охир оқибат Басра шаҳрида қўним топган.
Туғилиши. Имом Абу Довуд Сижистон шаҳрида ҳижрий 202 йил туғилган. Бу маълумотни шогирди Абу Убайд: “Мен Сулаймон ибн Ашъас Абу Довудни “Мен 202 йил туғилганман”, деганини эшитганман”, деб айтган” [4:294].
У зот Имом Бухорийдан 8 йил кейин туғилган. Чунки Имом Бухорий ҳижрий 194 йил туғилган. Шунингдек, у зот Имом Бухорийдан 19 йил кейин вафот этган.
Имом Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ илмга муҳаббатли ва илмли оилада вояга етган. Отаси Ашъас ибн Исъҳоқ Ҳаммод ибн Зайддан ҳадис ривоят қиладиган ровийлардан бўлган. Акаси Муҳаммад ҳам муҳаддис ва шу йўлда сафар қиладиганлардан эди [11:149]. Бундай илмий муҳит сабабли ҳам Имом Абу Довуд илмга эрта кириб келиб, юксак мақомга эришган. Имом Ҳоким айтади: “Абу Довудни туғилган жойи Сижистон, бу жойда ҳозиргача унинг ва ўтмишдошларининг битим, мулк ва вақфлари бор” [12:217]. Имом Абу Довуд илмга жуда эрта кирганлардан ҳисобланади. Чунки у 20 ёшга етмасдан илм талабида сафар қила бошлаган ва шунга қадар зарурий илмларнинг ҳаммасини эгаллаб бўлган.
Имом Абу Довуд уйланган ва уни битта Абдуллоҳ исмли ўғли бўлган. Бу ўғлининг куняси Абу Бакр эди. У ҳам ҳофиз ва муҳаддислардан саналган. Имомни битта акаси ҳам бор бўлиб, бу ҳақда юқорида ҳам зикр қилинди. Унинг исми Муҳаммад ибн Ашъас бўлган. Акаси унинг илм талабидаги сафдоши бўлган. Улар илм учун бирга сафар қилган [11:149].
Имом Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ илмда ва амалда олий даражага олиб чиқадиган юқори сифатлар билан таърифланган. У зот ҳимматнинг олийлигида, илмига амал қилишида ва ҳамма ишларини суннатга мувофиқ тарзда бажаришида эргашишга лойиқ зотлардан бўлган ва яна зуҳд билан ҳам танилган. Шунинг учун ҳам кейинги уламолар у зотни мақтаган ва “диндаги имом” деб сифатлаган.
Имом Абу Довуднинг фазилатлари. Ҳамма ишларда суннатга эргашиши. У зот роҳимаҳуллоҳни уламолар шунинг учун ҳам устози Аҳмад ибн Ҳанбалга ўхшатган. Аҳмад ибн Ҳанбал эса устози Вакеъга менгзалган. Вакеъни эса устози Саврийга, Саврийни устози Мансур ибн Мўътамирга, Мансурни эса Алқамага, Алқама эса Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуга ўхшатишган. Ҳаммага маълумки, Ибн Масъудни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўхшатишган. Хатиб Бағдодий ўз санади билан Аъмашдан ривоят қилади: У Иброҳимдан: У Алқамадан: У зот айтди: Андуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳидоятда ва сифатларда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ўхшатилар эди. Жарир ибн Абдулҳамид айтади: Иброҳим Алқамага, Мансур эса Иброҳимга ўхшатилар эди. Жарирдан бошқалар эса “Суфён Мансурга ўхшатилар эди”, дейди. Умар ибн Аҳмад айтади: Вакеъ Суфёнга, Аҳмад эса Вакеъга ва Абу Довуд эса Аҳмад ибн Ҳанбалга ўхшатилар эди [13:99, 101].
Иззат-нафс, илм ва ҳадис айтишда шарафли ҳамда ундай бўлмаганларни тенг кўриши.
Зоҳид, тақводор ва тавозели эканлиги. У зотдан қуйидагилар ривоят қилинади: “Кимки паст кийим кийса ва паст таом еса, жасадини роҳатлантирибди”, “яширин шаҳват – бу бош бўлишни яхши кўришдир”, “каломларнинг энг яхшиси беихтиёр қулоққа эшитилганидир” [12:217].
Имом Абу Довудни юқоридагилардан бошқа жуда кўп мақтовга сазовор сифатлари ва хислатлари бўлган. Жуда катта жидду-жаҳд билан ҳаёт кечирган Имом Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ ҳижрий 275 йил шаввол ойининг 14-санаси, ҳафтанинг жума куни вафот этган [16:227].
У суннатга жуда қаттиқ эргашгани сабаб ўлим тўшагида ётганида, уни Ҳасан ибн Мусанно ювишини васият қилган. Чунки у бу амални суннатга мувофиқ тарзда қилар эди. Абу Довуд айтади: “Агар Ҳасан ибн Мусанно мени ювишга рози бўлса, ўзи ювсин. Агар рози бўлмаса, Сулаймон ибн Ҳарбнинг Ҳаммод ибн Зайддан ривоят қилган китобига амал қилган ҳолда ювинг деб васият қилган”. Кейин У зот вафот этганидан кейин васият қилган иши амалга оширилди. Уни Ҳасан ибн Мусанно жума намозидан кейин ювди ва кафанлади. Унга Аббос ибн Абдулвоҳид ибн Жаъфар ибн Сулаймон Ҳошимий жаноза намозини ўқиди. У Суфён Саврийнинг қабри ёнига дафн қилинди [8:38].
Илмий сафарлари. Юқорида айтиб ўтилдики, Имом Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ илмга эрта кирган ва илм йўлида ёш сафар қилган. У 20 ёшга етмасдан диний соҳадаги зарурий илмларнинг ҳаммасини эгаллаб бўлган. Бу фикрни у зотнинг Ироққа сафар қилишидан олдин Сижистон ва Хуросон олимлари ҳақида китоблар ёзгани ҳам исботлайди.
Имом Ҳоким ўз китобида: “Абу Довуд Ироққа чиқиб кетишидан олдин Хуросонда Ҳирот шаҳри ҳақида, Бағдодда Қутайба ҳақида ва Райда Иброҳим ибн Мусо ҳақида китоб ёзган”, деган [7:366]. Демак, бундан келиб чиқадики, аллома амалга оширган ишларнинг ҳаммаси 20 ёшдан олдин бўлган. У зот бу ёшда катта уламолардан илм олиш учун сафар қилиш даражасига етиб бўлган.
Абу Довуд роҳимаҳуллоҳнинг сафар харитасини ўрганиб чиқадиган бўлсак, у ўз сафарини биринчи Хуросондан бошлагани маълум бўлади. Сўнгра араб шаҳарларига юзланган ва биринчи Бағдоддан бошлаган. Лекин бу ерда кўп турмаган балки, шу йилни ўзида Басрага сафар қилган. Бу ерда жуда кўп муддат туриб, илм ўрганган ва охирида шу ерни ватан тутган.
Имом Абу Довуд илм олиш ва ҳадис эшитиш учун жуда кўплаб шаҳарларга сафар қилган. Хатиб Бағдодий айтади: “У кўплаб юртларга сафар қилган, ҳадис тўплаган ва китоблар тасниф этган. Шунингдек, Ироқ, Хуросон, Шом ва бошқа турли юрт муҳаддисларидан ҳадис эшитган ва уларни ёзиб олган олимлардан биридир” [7:356].
Ҳоким айтади: У Сижистонда туғилган ва ҳадис эшитиш учун Басрага сафар қилиб, ўша жойда яшаган. Басрада асосан Сулаймон ибн Ҳарб, Абу Нўмон ва Абулвалиддан ҳадис эшитган. Сўнгра Шом ва Басрага сафар қилган. Бу ерлардан эса Ироққа, сўнгра Найсабурга сафар қилган. Бу ерда ўғлига Исҳоқ ибн Мансурдан ҳадис эшиттирган ва Сижистонга қайтган. У ердан Басрага қайтиб, ўша жойда умрининг охиригача яшаган” [12:204].
Саховий айтади: “Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ ислом шаҳарларининг ҳаммасини айланиб чиққан олимлардан ҳисобланади. У 18 ёшида ўз шаҳридан Боғдодга борган. Чунки ўзи “Мен Аффонга Бағдодда 20 ёшимда жаноза намозини ўқидим”, деган сўзлари бор. Аффон ўша йили Рабиул ойи охирида вафот этган. Шу йили Ражаб ойида Басрага борган. Абу Амр Зарирни битта мажлисига қатнашган. Йигирма бир ёшида эса Кўфа ва Дамашққа борган” [13:78,79].
Устозлари. Имом Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ илм учун жуда кўп сафар қилиши натижасида бир неча шаҳарлардаги кўплаб устозларидан ҳадис ёзиб олган. Бунга юқорида айтиб ўтилган Миззий ва Хатибнинг сўзлари гаплари бўлади.
Аллома илм учун жуда эрта сафар қилгани сабабли тенгдошлари ичида энг олий санад эгаси бўлган. Баъзи шайхлари борасида Имом Бухорийга тенг келади. Ибн Дақиқ айтади: “Имом Абу Довуд олий санад борасида Абу Абдуллоҳ Бухорийдан кейин туради. Чунки у киши олтита китоб муаллифлари ривоят қилишда Бухорийга баробар бўлмаган ривоятларда баробар бўлган” [15:5]. Миззий роҳимаҳуллоҳ ўз китобида Абу Довуднинг 179 та устозини таржимаи ҳолини келтиради [7:356,359]. Кейин Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ “Таҳзиб” китобида Миззийга эътироз билдириб айтади: “Абу Довудни сунан ва бошқа китоблардаги устозлари 300 га яқин. Миззий роҳимаҳуллоҳ буларни ҳаммасини келтирмаган” [14:155]. Абдуллоҳ ибн Солиҳ роҳимаҳуллоҳ Ибн Асокирнинг китобидан Абу Довуд роҳимаҳуллоҳнинг сунан китобидаги устозларини ажратиб чиққан, уларнинг сони 421 тага етган [1:17,25]. Имом Абу Довуд роҳимаҳуллоҳнинг устозлари борасида Абу Али Ҳусайн ибн Муҳаммад Жайёний алоҳида китоб ёзган ва унда имомнинг устозлари сони 498 тага етган. Бу китобни номи “Тасмияту шуюхи Аби Довуд Сижистоний”дир. Имом Абу Довуднинг устозларини вафот этган йилига қараб қуйида табақалаштирамиз:
Биринчи табақа. Булар Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ илм талаб қилишни бошлаган пайтда ҳадис эшитган устозлари: Иброҳим ибн Мусо Розий, Ҳафс ибн Умар Басрий, Абдуллоҳ ибн Маслама Қаънабий, Осим ибн Али ибн Осим Воситий, Муслим ибн Иброҳим Фароҳидий, Муҳаммад ибн Касир Абдий, Мусо ибн Исмоил, Саид ибн Мансур Хуросоний.
Иккинчи табақа. Жуда кўп ҳадис эшитган устозлари: Мусаддад ибн Мусарҳад Басрий, Яҳё ибн Маин, Али ибн Абдуллоҳ ибн Мадиний, Абу Бакр ибн Абу Шайба Воситий, Исъҳоқ ибн Иброҳим ибн Махлад Ҳанзалий (Ибн Роҳуяҳ деб танилган), Қутайба ибн Саид, Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳанбал, Ҳаннод ибн Сарий ибн Мусъаб Кўфий, Муҳаммад ибн Ало ибн Курайб Ҳамдоний, Аҳмад ибн Солиҳ Мисрий, Муҳаммад ибн Башшор Мисрий (Бундор деб танилган), Муҳаммад ибн Яҳё ибн Абдуллоҳ Зуҳлий.
Учинчи табақа. Булар ўзи билан ёши яқин бўлган устозлари: Ҳасан ибн Муҳаммад Саббоҳ, Умар ибн Хаттоб Сижистоний, Аббос ибн Валид Байрутий, Аббос ибн Муҳаммад Дурий, Муҳаммад ибн Аффон Тоий [9:42, 44].
Қуйида аллома устозларидан 15 нафари исмини Абу Довуднинг “Сунан” китобида ривоят қилинган ҳадислари сонига қараб кетма-кетликда келтириб ўтамиз:
Мусаддад ибн Мусарҳад Басрий. Имом бу устозидан ўз китобида 539 та ҳадис ривоят қилган.
Абдуллоҳ ибн Маслама Қаънабий. Ундан 336 та ҳадис ривоят қилган.
Мусо ибн Исмоил. Ундан 314 та ҳадис ривоят қилган.
Усмон ибн Абу Шайба. Ундан 282 та ҳадис ривоят қилган.
Имом Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳанбал. Ундан 229 та ҳадис ривоят қилган.
Қутайба ибн Саид ибн Жамил Бағлоний. Ундан 155 та ҳадис ривоят қилган.
Имом Аҳмад ибн Солиҳ Мисрий. Ундан 149 та ҳадис ривоят қилган.
Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Нуфайлий. Ундан 142 та ҳадис ривоят қилган.
Ҳасан ибн Али Ҳулвоний. Ундан 132 та ҳадис ривоят қилган.
Муҳаммад ибн Касир Абдий. Ундан 129 та ҳадис ривоят қилган.
Муслим ибн Иброҳим Фароҳидий. Ундан 108 та ҳадис ривоят қилган. Бу инсон Абу Довуднинг энг катта устози ҳисобланади [14:529].
Муҳаммад ибн Мусанна Басрий. Ундан 100 та ҳадис ривоят қилган.
Ҳафс ибн Умар ибн Ҳорис Намарий. Ундан 98 та ҳадис ривоят қилган.
Муҳаммад ибн Ало ибн Курайб Ҳамдоний. Ундан 85 та ҳадис ривоят қилган.
Аҳмад ибн Амр ибн Сарҳ Мисрий. Ундан 80 та ҳадис ривоят қилган.
Шогирдлари. Имом Абу Довуд роҳимаҳуллоҳдан жуда кўплаб уламо ва имомлар ҳадис ривоят қилган. Биз қуйида уларнинг баъзилари исмини келтирамиз. Улар Имом Термизий (Имом Термизий ундан сунан китобида 3 та ҳадис ривоят қилган), Имом Насоий, Абу Бакр Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳорун, Ҳофиз Абу Авона Яъқуб ибн Исъҳоқ (Имом Муслим саҳиҳларига “мустахраж” ёзган), Али ибн Абдуссомад, ўзини ўғли Абу Бакр Андуллоҳ ибн Абу Довуд, Абу Бакр Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Абу Дунё, Али ибн Ҳасан Ансорий, Ҳофиз Абу Бишр Муҳаммад ибн Аҳмад, Абу Али Аҳмад ибн Амр Луълуийдир. Ундан устози Аҳмад ибн Ҳанбал ҳам битта ҳадис ривоят қилган [13:95, 97].
Асарлари. Имом Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ ҳадис, жарҳ ва таъдил, фиқҳ, ақида ва тафсир илмлари борасида жуда кўплаб китоб ёзган. Лекин бугунги кунгача бу китобларнинг ҳаммаси ҳам етиб келмаган. Бизга етиб келган китоблари:
Ҳаммага машҳур “Сунан” китоби. Бу китоб жуда кўп маротаба нашр этилган, шарҳлар ёзилган ва бир қанча тилларга таржима ҳам қилинган.
Макка аҳлига ёзган рисоласи. Бу китоб ҳам жуда кўп маротаба нашр қилинган.
Маросил. Бу китоб ҳукмлар борасидаги мурсал ҳадисларни ўз ичига жамлаган китобдир. Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ бу китобни фиқҳий бобларга кўра тартиблаган. Ҳар бир боб тагида ўзига мос мурсал ҳадисларни келтирган. Бу китобдаги ҳадислар сони 537 тадан иборат.
Масоилу Имом Аҳмад. Бу китоб фиқҳга бағишланган бўлиб, у фиқҳий бобларга кўра тартибланган. Китоб охирги марта ҳижрий 1353 йил Муҳаммад Ризо таҳқиқи билан нашр қилинган.
Суалату Аби Довуд ли Имом Аҳмад фий ар-рижол (Абу Довуднинг Имом Аҳмаддан ровийлар борасидаги саволлари). Бу китоб ҳам ҳижрий 1414 йил Зиёд Муҳаммад Мансур таҳқиқи билан нашр қилинган.
Ар-Руват минал ихвати вал ухувват (ака-ука ва опа-сингил бўлган ровийлар). Бу китоб ҳижрий 1408 йил нашр қилинган.
Суалату Аби Убайд Ажурий Аба Довуд фил жарҳ ват таъдил (Абу Убайд Ажурийнинг Абу Довуддан жарҳ ва таъдил ҳақида сўраган саволлари). Бу китобнинг бир қисми ҳижрий 1399 йил Муҳаммад ибн Али Умарий таҳқиқи билан нашр қилинган. 1418 йил эса Доктор Абдулалим таҳқиқи билан тўлиқ ҳолда нашр қилинган.
Зуҳд китоби. Бу китоб ҳам ҳижрий 1413-1414 йиллар нашр қилинган.
Имомнинг бу китоблардан ташқари бизга етиб келмаган кўплаб китоблари бор. Булар қуйидагилар:
Носих ва мансух. Бу китобни Абу Довуд роҳимаҳуллоҳдан шогирди Абу Бакр Нажжор ривоят қилган. Бу китобни Ибн Хойр Ишбилий “Носихул Қуръон ва мансухуҳу” деб номлаган [10:47]. Имом Миззий роҳимаҳуллоҳ ҳам бу китобдаги ҳадисларни китобида келтириб خد (хд) деб белги қўйган.
Ар-Род ала аҳлил қадар (Қадарийларга раддия). Бу китобни баъзилар “Ар-Род ала аҳлил ҳавовал қадар” деб номлаган. Бу китобни ҳам Имомдан жуда кўплаб уламолар нақл қилган. Имом Миззий роҳимаҳуллоҳ бу китобга قد (қд) деб белги қўйган.
Ал-Баъс ван нушур (Қайта тирилиш).
Далоилун нубувват (Нубувват далиллари).
Ат-Тафарруд фид дин. Миззий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Бу китобда фақат битта шаҳар аҳли ривоят қилган ҳадислар жамланган” [6:150]. У ҳам фиқҳий бобларга кўра тартибланган. Бу асарни Абу Довуд роҳимаҳуллоҳдан Ибн Доса ва Луълуий ривоят қилган.
Муснаду Молик. Миззий роҳимаҳуллоҳ бунга كد (кд) деб белги қўйган.
Фазоилу Ансор. Бунга Миззий роҳимаҳуллоҳ صد (сд) деб белги қўйган.
Ал-Мавақит. Саховий ва бошқалар китоб номини шундай номлаган. Миззий роҳимаҳуллоҳ эса “Маърифату Авқот” деб ном берган [6:151].
Ат-Таҳоратул кабир.
Фазоилу Рамазон ва ситтин мин шаввол ва ашр ва ашуро.
Манасикул ҳажжил кабир.
Ал-Қазоул кабир.
Ал-Ийман қовл ва амал.
Аъламун нубувва.
Ал-Мубтада. Бу китоб Мусо алайҳиссаломнинг туғилиши, Фиръавннинг сувга ғарқ бўлиши, Бани Исроил хабарлари ва Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сийратлари ҳақида ёзилган [13:91].
Имом Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ жуда кўплаб фанларда етук имомлардан саналади. Хусусан, ривоят, дироят ва илал илмларида ҳадис имомларидан эди. Шунингдек, у зот фиқҳ борасида ҳам имом эди. Абу Довуд роҳимаҳуллоҳда илмда бундай етук даражага етишиш учун бир неча сифатлар жамланган эди. Булар: илм талабида ҳиммати юқорилиги, ёшлиги ва қувватини илмга сарфлагани, керак бўлмаган нарсаларни кетказадиган пок қалбли экани ва машҳурликни ёқтирмаслигидир. Шу билан бирга, илм учун умрини берган ва фақат илм учун сафар қилган.
Имом Абу Довуднинг илми етук эканига Амир Муваффақ билан содир бўлган воқеа етарлидир [5:614, 620].
Имом Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ бошқа илмлардан кўра, ҳадис ва фиқҳда жуда етук бўлган. Хоссатан, ҳадис илмида етук саналиб, унга жуда катта ҳисса қўшган. Имом Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ айтади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг 500 мингта ҳадисини ёзиб олдим ва “Сунан” китобимга шулар ичидан танлаб олдим” [3:57].
Биламизки, жарҳ ва таъдил илми ҳадис илмлари ичида энг қийинидир. Бу илм билан ҳадис ва ровийларнинг кўпчилигидан хабардор бўлган инсонларгина шуғуллана олади. Имом Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ ровийларнинг туғилган ва вафот этган вақти, кимлардан ҳадис эшитгани, ундан кимлар ҳадис олгани, ровийларнинг ёзган ҳадис китоблари, уларнинг ҳолати, ҳадис тариқларидаги узилишлар каби ровий ва ривоятлар тариқларини билган. Бундай мартабага фақатгина Аллоҳ таоло шу йўлни очиб қўйганларгина ета олади. Имом Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ мана шу мартаба етганлардан ҳисобланади. У жарҳ ва таъдил фани имомларидан саналади. Шунинг учун ҳам бу борада китоблар ёзган.
Шунингдек, ҳадис илмининг қийин илмларидан яна бири илал илми ҳисобланади. Бу илмда ҳам у киши имом бўлган. Шунинг учун ҳам Ибн Манда айтади: “Китобида саҳиҳ ҳадис келтирадиганлар, саҳиҳни иллатлидан ва тўғрини хатодан ажратадиганлар 4 та: Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Насоий” [2:42].
Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ёсин Ҳиравий айтади: “Абу Довуд Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари илми, иллатлари ва санадини биладиган ҳофизлардан биридир” [3:58].
Имом Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ фиқҳда мужтаҳид даражасига ҳам етган. Буни кўплаб имомлар айтган. Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ мужтаҳид эканига шогирдлари гувоҳлик берган. Бошқа кўплаб уламолар ҳам олтита китоб соҳиблари ичида фақатгина Бухорий ва Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ мужтаҳид бўлган, деган.
-
Abdulloh ibn Solih Barrok. Imom Abu Davud Sijistoniy va kitabuhu as-sunan. – Ar-Riyod: Daru Roya, 1993.
-
Abu Abdulloh Muhammad ibn Is’hoq ibn Manda. Shurutul aimma. – Ar-Riyod: Dоru Muslim, 1995.
-
Abu Bakr Ahmad ibn Aliy Xatib Bag’dodiy. Tarixu Bag’dod. J. 9. – Bayrut: Dоrul kutub al-Ilmiyya, 2004.
-
Abu Davud Sulaymon ibn Ash’as Sijistoniy. Sualatu Abi Ubayd Aba Davud. 2. – Bayrut: Muassasatu Rayyon, 1997.
-
Abu Ja’far Muhammad ibn Jarir Tabariy. Tarixu Tabariy. J.9. – Qohira: Darul Ma’arif, 1970.
-
Abul Hajjoj Jamoliddin Yusuf Tahzibul kamol. – J:1. – Bayrut: Muassasatar-risala, 2018.
-
Abul Hajjoj Jamoliddin Yusuf Mizziy. Tahzibul kamol. – J:11. – Bayrut: Muassasatar risala, 2018.
-
Alouddin Mug’ultoy ibn Qolij Hanafiy. Ikmalu tahzibil kamol. J.6. – Bayrut: Daru Kuttub al-Ilmiyya, 2011.
-
Muhammad ibn Muhammad Jamil Nuristoniy. Madxal ila sunanil imam Abi Davud. – Quvayt: Maktab ash-Shu’un al-fanniyya, 2008.
-
Ibn Xayr Ishbiliy. Fihrisatu Ibn Xayr. – Tunus: Daru G’arbil Islamiy, 2009.
-
Muhammad Ibn Hibbon ibn Ahmad. As-Siqot. J.9. – Haydarobod: Ma’ariful Usmoniyya, 1973.
-
Shamsiddin Muhammad ibn Ahmad ibn Usmon Zahabiy. Siyar A’lomu an-nubalo. J.13. – Bayrut: Muassasatar risala, 1993.
-
Shamsuddin Abuxayr Muhammad ibn Abdurahmon Saxoviy. Bazlul majhud fiy xatmi sunani Abi Davud. – Misr: Azyaus salaf, 2008.
-
Shihobiddin Ahmad ibn Ali ibn Hajar Asqaloniy. Taqribut tahzib. J.4. – Bayrut: Muassasatar risala, 2014.
-
Taqiyyiddin Ibn Daqiqil Iyd. Sharh Ilma’ bi ahadis al-ahkam. – Suriya: Darun Navodir, 2010.
-
Yahyo ibn Sharaf Navaviy. Tahzibul asmo val lug’ot. – J:2. – Bayrut: Dоrul Kutub al-Ilmiyya, 2013.
-
Yaqut ibn Abdulloh Himaviy. Mo’jamul buldan. – J:3. – Misr: Daru Sodr, 1951.