Home / МАҚОЛАЛАР / ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИК ВА МИЛЛАТЛАРАРО ТОТУВЛИК – ТАРАҚҚИЁТ ВА ФАРОВОНЛИК ОМИЛИ

ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИК ВА МИЛЛАТЛАРАРО ТОТУВЛИК – ТАРАҚҚИЁТ ВА ФАРОВОНЛИК ОМИЛИ

Ҳозирги кунда жаҳонда 1600 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари истиқомат қилади. Дунё харитасида эса миллатнинг ўз номи билан аталадиган бор-йўғи 200 га яқин давлат бор, холос. Демак, жаҳонда мавжуд давлатларнинг ҳар бирига кўп миллатлилик хосдир. Табиийки, ҳар бир миллат вакиллари турли диний эътиқодга амал қилади.

Марказий Осиё ғоят хилма-хил дин, маданият ва турмуш тарзи туташган марказ ҳисобланади.  Ўзбекистон ҳудуди ҳам қадимдан ислом дини билан бир қаторда турли маданият, тил, урф-одат, турмуш тарзига эга бўлган, хилма-хил динларга эътиқод қилувчи халқлар яшаб келаётган ўлкадир. Республикамизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари яшайди. Аҳолисининг 90 фоизидан ортиғи ислом динига эътиқод қилади. Шу билан бирга, мамлакатимизда 16 та диний конфессия вакиллари ҳам бағрикенглик тамойиллари  асосида ҳаёт кечирмоқда.

Бағрикенглик – ён бериш, андиша ёки хушомад эмас. Бағрикенглик, энг аввало, инсоннинг барча ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини тан олиш асосида шаклланган фаол муносабатдир. Ҳеч қандай вазиятда ҳам бағрикенглик ана шу асосий қадриятларга тажовуз қилувчилар учун баҳона бўлиб хизмат қилмайди. Бағрикенгликни алоҳида шахс, гуруҳ ва давлатлар намоён қилиши лозим.

Бағрикенглик – инсон ҳуқуқларини қарор топтириш, демократия ва ҳуқуқ тантанаси учун кўмаклашишга ёрдам берувчи мажбуриятдир. Бағрикенглик – ақидапарастликдан, ҳақиқатни мутлақлаштиришдан воз кечишни англатувчи ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳуқуқий ҳужжатларда ўрнатилган қоидаларни тасдиқловчи тушунчадир.

Ўзбекистоннинг муҳим савдо йўллари чорраҳасида жойлашгани, кўплаб давлатлар билан амалга оширилган иқтисодий алоқалар ерли халқларнинг диний ва маънавий ҳаётига таъсир кўрсатган. Шунингдек, Мовароуннаҳр аҳолиси амал қилиб келаётган урф-одатлар эса ўзга юртлар маданияти ривожига ўз ҳиссасини қўшган. Бу эса ўзига хос миллатлараро ҳамжиҳатлик ва диний бағрикенгликни шакллантиришда асосий омиллардан бири бўлиб хизмат қилган.

Юртимизда истиқлолга эришган дастлабки кунлардан бошлаб диний бағрикенглик давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланди. Бугунги кунда нафақат юртимизда, балки бутун минтақамизда тинчлик ва барқарорликни сақлаш ҳамда диний бағрикенгликни таъминлаш борасида Президентимиз юритаётган сиёсат жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда. Давлатимиз раҳбари 2018 йил 28 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида бу борада қуйидаги фикрни билдирган эди: “Ўзбекистон миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик соҳасида ўз анъаналарига доимо содиқ бўлиб, бу йўлдан ҳеч қачон оғишмасдан илгари боради. Мамлакатимизда турли миллат ва диний конфессиялар вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстлик ва аҳиллик муҳитини мустаҳкамлашга биринчи даражали эътибор қаратилади. Бу – бизнинг энг катта бойлигимиз ва уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш барчамизнинг бурчимиздир”[1].

Жамиятнинг оқил кишилари доим тинчлик-тотувликка интилиб келган. Тарихдан маълумки, инсоният эришган барча ютуқлар тинчлик-тотувликка чамбарчас боғлиқдир. Юрт тинчлиги – бебаҳо неъмат, барқарор тараққиёт гаровидир. Албатта, тинчликка ўз-ўзидан эришиб бўлмайди. Уни изчил ва қатъий ҳаракат, шунингдек, дунёда содир бўлаётган  жараёнларни тафаккур қилиш орқали таъминлаш мумкин. Тинчлик деб аталмиш неъматни мустаҳкамловчи омилларидан бири – диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликдир. Тинчлик  мамлакатимизнинг жаҳон сиёсий майдонида олға сураётган асосий ғояларидан биридир.

Шу боисдан бу муборак заминда аждодларимиз бошқа дин вакиллари эътиқодига доимо ҳурмат назари билан қараган. Шунингдек, юрт озодлиги, фаровонлиги йўлида бир-бирига елкадош бўлган. Чунки юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, миллатлараро тотувлик, сабр-тоқат ва бағрикенглик мамлакат ривожи учун зарур омиллардан бири ҳисобланган. Шу нуқтаи назардан қараганда, конфессиялараро муносабатлар ва уларнинг моҳияти жамиятда мавжуд ижтимоий муносабатлар характерини белгилаб берувчи омил сифатида намоён бўлади.

Дунёдаги барча динлар эзгулик ғояларига асосланган ва одамзодни яхшилик, тинчлик, ўзаро ҳамкорлик ва дўстликка даъват этади. Ислом дини бу борада энг етакчи дин десак, янглишмаймиз. Динимизда тинчлик ва бағрикенгликка катта эътибор берилган бўлиб, бу ҳар бир мусулмон эътиқодининг ажралмас қисмидир.

“Айтингиз (эй, мўминлар!): “Аллоҳга, бизга нозил қилинган нарса (Китоб)га, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва унинг авлодларига нозил қилинган нарсаларга, Мусога, Исога ва (барча) пайғамбарларга Парвардигорларидан берилган нарсаларга имон келтирдик (ишондик). Биз улар ўртасидан бирортасини (пайғамбар эмас деб) ажратиб қўймаймиз ва биз Унга (Аллоҳга) бўйинсунувчилармиз” (Бақара сураси, 136-оят).

Ушбу ояти каримада келган буйруққа биноан, ҳар бир мусулмон киши Аллоҳ юборган ҳамма пайғамбарларни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарлигини тасдиқ этгандек тасдиқ этиши, яратган Зот туширган китобларга Қуръони каримга иймон келтиргандек имон келтириши лозим. Агар улардан бирортасига имон келтирмаса ёки уларни беҳурмат қилса, мусулмонлиги қолмайди. Демак, бағрикенглик, аввало, динимиз асоси бўлган имонда ўз ифодасини топган.

Шунингдек, Қуръони каримнинг Мумтаҳана сураси 8-оятида: “Дин тўғрисида сизлар билан уришмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севар”, деб мўмин-мусулмонларни бошқа миллат ва дин вакиллари билан яхши муносабатда бўлишга буюрмоқда. Ушбу ҳукм исломнинг нақадар инсонпарвар ва бағрикенг дин эканига ёрқин далилдир. Бу дин бошқа диндагиларга яхшилик ва адолат қилишдан ҳеч кимни ман қилмайди.

Хусусан, “Ҳужурот” сураси 13-оятда бундай дейилади: “Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳаво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир”. Ушбу оятда сизнинг ота-онангиз бир, яъни барчангиз Одам Ато ва Момо Ҳаводан тарқалгансиз. Шундай бўлса-да, сизни турли миллат, элат, халқ ва қабилаларга ажратиб қўйдик, деган маъно мавжуд. Оят замиридан одамзодни турли миллат, элат, халқ ва қабилаларга бўлиниши Аллоҳнинг иродаси билан бўлгани келиб чиқади. Инсониятни турли элат ва миллатларга ажралиши ўзаро ихтилоф учун эмас, аксинча, бир-бирини ўзаро тушуниш ва илм-маърифатнинг тараққий этиши учундир.

Буюк маърифатпарвар олим Абдурауф Фитрат ҳам бағрикенглик ҳақида қуйидаги фикрларни билдирган: “Ҳеч шубҳа йўқки, одамлар ҳар хил дин ва мазҳабдан, ҳар хил қабила ва миллатдан бўлсалар ҳам, бир отанинг ва ягона жинснинг фарзанди, бошқача қилиб айтганда, бир-бирининг ака-укаларидир. Шундай экан, улар ўзаро умумий биродарликни юзага келтиришлари керак”[2] .

“Бағрикенглик  – дунёдаги турли бой маданиятларни, ўзини намоён қилишнинг хилма-хил усулларини ҳурмат қилиш, қабул қилиш ва тўғри тушунишни англатади. Уни билим, самимият, очиқ мулоқот, ҳурфикр, виждон ва эътиқод вужудга келтиради. Бағрикенглик – турли-туманликдаги бирликдир. Бу фақат маънавий бурчгина эмас, балки сиёсий ва ҳуқуқий эҳтиёж ҳамдир. Бағрикенглик – тинчликка эришишни таъминловчи ва уруш деб номланган маданиятсизликдан тинчлик деб номланган маданиятга элтувчи йўлдир”[3].

Дарҳақиқат, ёш авлодни миллатлараро ва динлараро тотувлик ҳамда диний бағрикенглик руҳида тарбиялаш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир. Ўз ҳаётий тажрибаси билан шахсий ибрат намунасини кўрсатаётган устозлар иштирокида маҳалла, умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари, олий ўқув юртларида маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этиш мақсадга мувофиқдир. Унда миллатлараро ва динлараро тотувлик тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик омили эканига урғу бериш лозим.

[1] Мирзиёев Ш.М. Мамлакат ривожидаги истиқболли вазифалар (Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзоларига 2018 йилда амалга оширилган асосий ишлар якуни ва Ўзбекистон Республикасини 2019 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор йўналишларига бағишланган Мурожаатнома) /https://kun.uz/99444746.
[2] Терроризм – жаҳолат ўчоғи. Методик-библиографик қўлланма. –Т.: Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси, 2003. – Б.4.
[3] Бағрикенглик тамойиллари Декларацияси. – Т., 2002. – Б.9.
Нодир ҚОБИЛОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЁЛҒОН СЎЗ – УЛКАН ГУНОҲ (1-қисм)

Инсон ҳаёти жамият ичра ўзаро муносабатларда бир-бирига ишонч устида қурилган. Ҳаётни гўзаллаштирадиган воситалардан бири ҳам …