Home / МАҚОЛАЛАР / МАМЛАКАТ БАРҚАРОРЛИГИ ВА РАВНАҚИ АВВАЛО ЖАМИЯТ БАҒРИКЕНГЛИГИ БИЛАН БЕЛГИЛАНАДИ

МАМЛАКАТ БАРҚАРОРЛИГИ ВА РАВНАҚИ АВВАЛО ЖАМИЯТ БАҒРИКЕНГЛИГИ БИЛАН БЕЛГИЛАНАДИ

Бугун комил ишонч билан айта оламизки, Ўзбекистон жамиятда диний бағрикенглик ва конфессиялараро толерантлик, миллатлараро тотувлик ва ижтимоий аҳилликни таъминлаш, жаҳон илм-фани, маданияти, санъати, меъморлиги ва ҳаётий фалсафаси ривожига ҳам фикрий, ҳам амалий жиҳатдан беқиёс ҳисса қўшган улуғ аллома ва мутафаккирларимизнинг бой илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш ва тарғиб этиш, ёш авлодни эл-юртга муҳаббат ва садоқат, миллий ва диний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, мамлакатимизнинг башарият цивилизацияси бешикларидан бири сифатидаги тарихий-маънавий мақоми ва нуфузини тиклаш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, 2017 йилдан ҳозиргача бўлган тарихан қисқа муддатда юртимизда Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси, Ҳадис илми мактаби, Мир Араб олий мадрасаси ташкил этилди ва бу жамиятда соғлом маънавий муҳитни таъминлашга, ёшларни замонавий фикрлайдиган ва буюк аждодларимизга ҳар жиҳатдан муносиб этиб тарбиялашга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг яқинда қабул қилинган “Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу йўлдаги ишлар суръатини янада ошириш ва миқёсини кенгайтиришга хизмат қиладиган ҳужжат бўлди.

Фармонда биринчи навбатда диний-маърифий соҳадаги фаолиятни такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари белгилаб берилгани эътиборга моликдир. Булар сирасида жамиятда диний бағрикенглик ва конфессиялараро тотувликни янада мустаҳкамлашга оид илғор механизмларни жорий этиш, аллома бобокалонларимизнинг эзгу умуминсоний ва олижаноб ғояларга асосланган меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш, диний-маърифий соҳада кадрлар тайёрлаш тизимини янада яхшилаш орқали замон талабларига мос мутахассислар тайёрлаш, одамлар орасида бирдамлик, жипслик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат руҳини кучайтиришга, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга қаратилган долзарб илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, диний-маърифий йўналишда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва ривожлантириш кабилар диққат марказига олинган.

Айтиш керакки, узоқ тарих давомида юртимиз заминида зардуштийлик, яҳудийлик, буддавийлик, насронийликнинг турли йўналишларига эътиқод қилинган. Исломдан аввал шунча динлар мавжуд бўлганига, мусулмонлик мустаҳкам ўрнашгандан кейинги даврда ҳам йўқолиб кетмаганига қарамай, минг йиллар мобайнида бу ерда бирор марта ҳам диний низо бўлмаган. Бошқа дин ва конфессия вакиллари ҳар қанча озчиликни ташкил қилмасин, доим тинч-омон ҳаёт кечирган. Бағрикенгликнинг бу асрий анъанаси бугун ҳам давом этмоқда.

2018 йил 12 декабрь куни БМТ Бош ассамблеясининг ялпи мажлисида Ўзбекистон ташаббуси бўлган “Маърифат ва диний бағрикенглик тўғрисида”ги махсус резолюция қабул қилинди.

Айни пайтда юртимизда 16 конфессияга мансуб жами 2 356 диний ташкилот фаолият юритаётган бўлса, шундан 197 таси ноисломий конфессияларга тааллуқлидир. Улар орасида православ, католик ва протестант черковлари, баптистлар, адвентистлар, лютеранлар ибодатхоналари, баҳоийлик, кришнавийлик ва буддавийлик жамоалари бор. Сўнгги етти йил давомида 91 масжид, 23 черков очилди. Шу муддат мобайнида 350 масжид қайта қурилди, 555 масжид ва 10 черков капитал қайта таъмирланди. Мир Араб, Кўкалдош каби мадрасалардан иборат жами 13 ислом билим юрти билан бир қаторда, православ ва пятидестяник семинариялари фаолият юритмоқда.

Диний соҳадаги миллий қонунчилик, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар фуқароларнинг манфаатларини – уларнинг миллий ва диний мансублигидан қатъи назар – кафолатлаш, миллати ёки динга муносабати асосида камситилишига йўл қўймаслик имконини беради. Давлат диний ташкилотларга турли муаммоли масалаларни ҳал этишда кўмаклашиш, динлараро ва миллатлараро тинчлик, жамиятда тотувликни таъминлаш, конфессиялараро мулоқот маданиятини ривожлантириш бўйича ҳамкорликда таклиф ва чора-тадбирлар ишлаб чиқиш орқали улар билан яқин ҳамкорликни таъминлайди. Дин ишлари бўйича қўмита ҳузуридаги Конфессиялар ишлари бўйича кенгаш диний муносабатлар соҳасидаги масалаларни муҳокама қилиш учун самарали платформа яратмоқда. 2018 йилдан Кенгаш таркиби кенгайтирилиб, унга 16 диний конфессиянинг барча раҳбарлари киритилган.

Аҳоли орасида диний бағрикенглик тамойилларини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган жараёнлардан бири сифатида ҳар йили “16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни” муносабати билан ташкил этиладиган тадбирлар анъанавий тус олди. “Бағрикенглик ҳафталиги” доирасида дипломатик корпус, диний конфессиялар вакиллари иштирокида турли илмий-маърифий анжуманлар, давра суҳбатлари ва дўстона учрашувлар ташкил этиб келинмоқда. Соҳанинг фаол иштирокчиларига, шу жумладан, турли конфессия вакилларига “Диний бағрикенглик” кўкрак нишонлари топширилмоқда.

Фуқароларнинг диний эркинликларини таъминлаш ва ибодатига қулай шароит яратиш мақсадида давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ҳаж сафарига борадиган юртдошларимизнинг сони кўпайиб бормоқда, умра зиёрати учун мунтазам авиақатновлар ташкил қилиняпти. Бошқа дин вакилларининг Исроил, Греция ва Россиядаги диний қадамжоларга зиёратларини ташкил қилиш ишлари ҳам изчил давом эттирилмоқда. Бунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони асосида ташкил этилган Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ҳамда Байналмилал маданият маркази негизида Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси фаолияти катта аҳамият касб этмоқда.

Эндиликда янги Фармонга мувофиқ, жамиятда виждон эркинлигини кафолатлаш, диний бағрикенглик,  фуқаролараро тотувлик ва ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш мақсадида “Бағрикенг жамият – барқарор давлат” тамойили асосида Дин ишлари бўйича қўмита билан Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Ички ишлар вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг янги ҳамкорлик тизими йўлга қўйиладиган бўлди.

Унинг асосий вазифалари сирасига диний соҳага давлат сиёсатининг мақсади, асосий вазифалари ва тамойилларини амалга оширишда давлат ва жамоат  ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлигини йўлга қўйиш, фуқароларнинг виждон эркинлиги борасидаги ҳуқуқини таъминлаш, жамиятда турли диний конфессиялар вакилларининг ўзаро аҳил-иноқ ва ҳамжиҳат ҳаёт кечиришини қўллаб-қувватлаш, дини, эътиқоди, миллати, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, ҳар бир шахснинг ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини тўлиқ рўёбга чиқара олишини таъминлаш, диний мансубликка қараб устунлик бериш, камситиш ва виждон эркинлиги кафолатлари бузилишининг бошқа ҳар қандай шаклларининг олдини олиш кабилар киритилди.

Очиғини айтганда, бугун дунёда юз бераётган низо ва можароларнинг аксарияти диний ё конфессиялараро зиддиятлар устига қурилган. Аслида бу келишмовчиликларнинг барчаси бузғунчи кучларнинг сиёсий, геосиёсий, моддий ва бошқа манфаатлар йўлида сунъий, ўйлаб топилган қарама-қаршиликлар уюштиришга қаратилган ғаразли мақсадлари оқибатидир. Айрим давлатлардаги низолар гўё мусулмонлар ва насронийлар, баъзилари худди яҳудийлар ва мусулмонлар ўртасидаги зиддиятлардан келиб чиққандек кўрсатилади. Ваҳоланки, ўша халқлар можаро келиб чиқишидан аввал асрлар давомида ёнма-ён яшаб, аҳил-иноқ турмуш кечириб келгани барчага яхши маълум. Бузғунчиларнинг фитналари шу қадар чигалки, турли сунъий оқимлар хатти-ҳаракати туфайли баъзан ҳатто бир дин вакиллари ўртасида биродаркушлик урушлари пайдо бўляпти.

Шуларни инобатга олиб айтганда, янги қабул қилинган Фармон Ўзбекистонда динлараро ва конфессиялараро бағрикенглик тамойилларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Зотан, мамлакат ривожининг бирламчи омили барқарорликдир. Имконият ва салоҳиятни юзага чиқариш ана шуни таъминлагандан кейин мумкин бўлади. Юртимиздаги иқтисодий тараққиётни эътироф этиб келаётган халқаро ҳамжамият бу заминдаги ижтимоий барқарорликка ҳам гувоҳдир. Мазкур Фармон доирасида амалга ошириладиган саъй-ҳаракатлар бу эътирофни янада мустаҳкамлашига шубҳа йўқ.

Шодиёр АЛИМОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎТГАНЛАРНИ ХОТИРЛАШ ВА ТИРИКЛАРНИ ҚАДРЛАШ – ИНСОНИЙ БУРЧИМИЗ

Ислом дини инсонларни одоб-ахлоқ, яхшилик ва эзгуликка чорлайди. Шу боис, ислом динида ўтганларни хотирлаш, уларнинг …