Home / МАҚОЛАЛАР / ЁЛҒОН СЎЗ – УЛКАН ГУНОҲ (1-қисм)

ЁЛҒОН СЎЗ – УЛКАН ГУНОҲ (1-қисм)

Инсон ҳаёти жамият ичра ўзаро муносабатларда бир-бирига ишонч устида қурилган. Ҳаётни гўзаллаштирадиган воситалардан бири ҳам жамият аъзолари ўртасида оқибат ва ўзаро ишончнинг мустаҳкамлиги саналади. Одамлар орасида ўзаро муомалада ишонч ва ростгўйлик энг муҳим аҳамиятга эга. Жамиятларни бузадиган, инсонлар орасидаги барча инсоний фазилатларни парчалайдиган амаллардан бири ва энг каттаси ёлғон сўз саналади.

Ёлғончилик барча разолатларнинг аслидир. У жамиятни парчалайди, барча ишларни бузади ва алалоқибат ўз эгасининг обрўсини тўкади. Жамиятда ёлғонни тарқалиши сабаб одамлар бир-бирига ишонмай қўяди, омонатдорлик йўқолиб фисқу фужур кенг илдиз отади. Ёлғон ишончни йўққа чиқаради. Шунинг учун ҳам Аллоҳ ёлғончиларни  йўлдан адашганлар қаторига қўшиб, Қуръони каримда бундай дейди:

“Кимки исрофчи, ёлғончи бўлса, албатта Аллоҳ уни тўғри йўлга бошламайди” [1].

Шунингдек, ёлғончиларга қиёмат куни аламли азоблар бўлишини уқдириб:“Тилларингизни сифатлаган нарсаларни ёлғон бўлса ҳам, бу ҳалол, бу ҳаром деб, Аллоҳга ёлғон айтманглар. Аллоҳга ёлғон тўқиганлар нажот топмайдилар. Бу озгина мато бўлиб, уларга аламли азоблар бор”[2], дейилади.

Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ёлғончилик жуда оғир гуноҳ эканлигидан огоҳ этиб, улар ҳақида: “Ёлғончилар менинг умматим эмас”, деб  мўмин кишини ёлғончи бўлиши мумкин эмаслигини, ёлғончи киши эса мусулмончиликдан чиқишини аниқ ва қатъий қилиб баён қилдилар.

Ёлғончи ўз оиласини – ота-онаси, аёли, фарзандларини алдашга ҳаракат қилади, ишхонада бошлиғига ёлғон гапиради, хуллас, сувдан қуруқ чиқиши учун бебаҳо имонини ёлғонга сотади. Аммо, ёлғони фош бўлганидан кейин атрофидаги инсонлардан, яқин кишиларидан жудо бўлади, қариндошлик, дўст-биродарлик ришталари узилади, оилалар бузилади. Шунинг учун Сарвари олам соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ёлғончи жаннатга кирмайди”, деганлар. Ёлғон сўзнинг касри имонга уради ва соҳибини юзидан нурни кетказади. Ёлғончиликнинг ёмон оқибатларидан бири – у жамиятга фитна солиб, одамлар орасини бузишдир. Бир ёлғон ўз ортидан минглаб, балки унданда кўпроқ ёлғонларни эргаштириб бузғунчилик ва фитнага асос бўлади. Содир бўлган бузғунчиликнинг, фитнанинг гуноҳи ёлғон гапирганга бўлади, албатта, фитнанинг гуноҳи эса қотилликдан оғирдир. Аммо, унинг зарари унданда оғир, чунки унинг зарари бутун жамиятга тарқалади. 

Ёлғончилик ҳамма вақт ҳам ёлғон бўлавермайди. Баъзи бир вақтлар борки, унда ёлғон гапириш мумкин. Шулардан бири   одамлар орасини тузатиш учун ёлғон гапиришдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамлар орасини тузатиш учун  яхши гапларни топиб гапирган одам ёлғончи эмас”, деганлар. Уч жойда ёлғон жоиздир: 1.Икки жанжаллашиб қолганни яраштиришда, чунки бу ёлғон билан икки аразлашган инсон ораси ислоҳ қилиш нияти мавжуд. 2.Уруш майдонида, чунки ҳадисларда келтирилишича урушнинг ўзи макр-ҳийла, ёлғондан иборат. 3.Эр бирла хотинни яраштираётганда ишлатилган ёлғон, чунки ислом динида оила энг муқаддас даргоҳ ҳисобланади. Ҳар қандай йўл билан бўлса-да оилани дарз кетишидан сақланишга ҳаракат қилинади. Эр-хотинни, қариндош-уруғларни, дўстларни бир-бирига яраштириш мақсадида айтилган ёлғон сўз учун азоб қилинмайди. Чунки бундаги ният тамоман бошқачадир.

Шунингдек, одамларга хурсандлик улашаяпман деган баҳона ёлғон гапираётганларни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамларни кулдириш учун ёлғон сўзлайдиганларга дўзах бўлсин, дўзах бўлсин, дўзах бўлсин”, деб дуоибад қилганлар. 

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Хоҳ чиндан хоҳ ҳазил тариқасида ёлғон сўзламоқ ҳам, бирортангиз фарзандига ваъда қилиб, уни амалга оширмаслик ҳам дуруст эмас. Истасангиз, Аллоҳ таолонинг Эй, имон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва (имонда) содиқ кишилар билан бирга бўлингиз!” каломини ўқинглар!” деди.

Шунингдек, ёлғоннинг бир неча турлари ва кўринишлари мавжуд бўлиб, улардан хиёнат ёлғончиликнинг энг ёмон туридир. Қайси бир жамиятда хиёнат кўпайса, ўша жамият таназзулга юз тутиб хароб бўлади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло  мусулмонларни хиёнатдан қайтариб: “Эй, имон келтирганлар, Аллоҳга ва Пайғамбарга ва ўзаро омонатларингизга билиб туриб хиёнат қилманглар”[3], дейди. Киши ислом динини ҳақ динлигини билиб туриб ўз нафси ҳавосига эргашиб, ундан узоқ бўлишга ҳаракат қилиши ҳамда исломга кирганидан кейин ундаги арконларга беписандлик билан қарамоғи  Аллоҳ ва расулига бўлган улкан хиёнат ҳисобланади. Шунингдек, оятда одамларнинг бир-бирларини ўртасида бўладиган омонатларга хиёнат қилмасликка ҳам чорланмоқдаки, бу учала иш кишининг имонига чанг солувчи ва жамиятини бузувчи амаллардан ҳисобланади.

Бошқа оятда “Албатта, Аллоҳ хиёнатчи ва гуноҳкорларни яхши кўрмайди”[4],  дея гуноҳ ишлардан тап тортмайдиганлар ва хоин кимсаларни Аллоҳ таоло ёмон кўриши хабар қилиниб, гуноҳ ишлар ва хиёнатдан қайтарилмоқда. Аллоҳ таоло кимни ёмон кўрса, шубҳасиз у хорлик ва аламли азобга маҳкум. Яратган зотнинг Ўзи паноҳ берсин.

Ваъдага вафо қилмаслик одати ҳам ёлғончиликнинг бир туридир. Бундай одам иродасиз, ишониб бўлмайдиган ва ундан бошқаларга яхшилик чиқмайдиган одам бўлади. Ваъдага вафо қилмаслик, одамлар орасидаги муҳаббатни кетказувчи омиллардан бири бўлиб, бу ҳам ёлғоннинг бир туридир. Шунинг учун ҳам пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ваъдага вафо қилмайдиган хоин ёлғончи кишилардаги бу сифатларни  мунофиқлар сифатидан деб: “Мунофиқнинг белгилари учтадир: гапирса – ёлғон гапиради, ваъда берса – вафо қилмайди ва омонатга хиёнат қилади”, айтганлар. Демак, кимда ушбу уч сифатлар ёки улардан бири мавжуд бўлса, у шак-шубҳасиз мунофиқдир. Манбаларда хабар берилишича, мунофиқнинг охиратдаги жазоси кофирнинг жазосидан оғир бўлар экан.

[1] Ғофир сураси, 28-оят.
[2] Наҳл сураси, 116-117-оятлар.
[3] Анфол сураси, 27-оят.
[4] Нисо сураси, 104.
 Нодир ҚОБИЛОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ҚУРБОНЛИКНИНГ ҲИКМАТИ ВА ФАЗИЛАТЛАРИ

Аллоҳ таолога бандани яқинлаштирувчи, Унинг розилигини топиш йўлидаги молиявий ибодатлардан бири қурбонликдир. Кимга қурбонлик вожиб …