Ижтимоий бузғунчиликларга сабаб бўладиган ёлғоннинг турларидан бири ёлғон гувоҳлик беришдир. Бу нарса бегуноҳ инсонларни жабру жафо тортиши, ҳақ-ҳуқуқларининг поймол бўлиши, ҳатто ёлғон гувоҳлик натижасида ноҳақдан жазога тортилиб кетиши каби кўпгина ёмонликларга сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам Ислом динида ёлғон гувоҳлик беришни дунёдаги энг катта гуноҳ – Аллоҳга ширк келтириш билан тенглаштирилган.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бомдод намозидан сўнг бурилиб ўринларидан турдиларда уч марта: “Ёлғон гувоҳлик беришнинг гуноҳи Аллоҳ таолога ширк келтиришнинг гуноҳи билан тенглаштирилди”, дедилар ва ушбу оятни ўқидилар: “…Бас сизлар Аллоҳ учун ҳақиқий (йўлдан оғмаган мусулмон) бўлган ва У зотга ширк келтиргувчи бўлмаган ҳолингизда бутлардан иборат нажосатдан йироқ бўлингиз ва ёлғон сўздан йироқ бўлингиз!”[1]
Бошқа бир оятда Аллоҳ ўзига яқин солиҳ бандаларини:
“Ёлғон гувоҳлик бермайдиганлар”[2], деб таърифлаган.
Жумладан, Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ёлғон гувоҳлик бериш учта катта гуноҳлардан бири билан бир қаторда келтирганлар:
“Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш, ноҳақдан жонни ўлдириш ва ёлғон қасам ичиш катта гуноҳлардандир”. Имом Бухорий ривояти.
Ёлғон гапирмоқ дуруст эмас. Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рост гапиринглар, чунки ростгўйлик яхшиликларга бошлайди ва бу яхшиликлар жаннатга йўллайди. Киши рост гапираверса, у Аллоҳ таоло ҳузурида жуда ростгўй деб ёзилиб қолади. Ёлғон гапиришдан ўзларингизни сақланг, чунки ёлғон гапириш ҳамма бузуқларга олиб боради, бузуқлар эса дўзахга йўллайди. Киши ёлғон гапираверса, Аллоҳ ҳузурида ёлғончи бўлиб ёзилиб қолади”, дедилар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ёлғон гапиришни ва унга амал қилишни қўймаса, унинг таоми ва шаробини тарк қилмоғига Аллоҳнинг эҳтиёжи йўқ”, дедилар. Имом Бухорий ривояти.
Чақимчилик ҳам ёлғоннинг бир тури бўлиб, бу амал ҳам оғир гуноҳлардан бири саналади. Чунки, чақимчилик сабабли одамлар дўстлар, ака-ука ва ҳатто ота-ўғил орасига совуқчилик тушади. Чақимчи киши одамлар орасида душманчилик ва хусуматдан бошқа нарса бўлмаслигини хоҳловчи шахс ҳисобланиб, унинг қилган ишининг оқибати ҳеч қачон яхшилик билан тугамаганидек ўзининг ҳам охири яхшилик билан тугамайди. Бундай кишиларга қарши курашнинг энг яхши усули, унинг гапига қулоқ солмасликдир. Аллоҳ таоло каломи шарифи Қуръони каримда шундай дейди: “Қасамхўр, пасткаш, одамларни айбловчи ва чақимчининг гапига кирмагин”[3]. Шунингдек, бошқа оятда “Эй иймон келтирганлар! Агар сизларга бир фосиқ киши бирор хабарни келтирса, уни текшириб кўринглар”[4], деб фосиқ, бузғунчи кимсаларнинг сўзларига ишонмасликка чақиради.
Қиёмат куни инсоннинг савоб тарозусини оғирлаштириб турадиган амаллардан бири чиройли хулқдир. Инсоннинг хулқи чиройли бўлиши учун аввало, унинг қалби пок бўлиши лозим. Чунки, қалб инсон жасадининг подшоҳи, қолган аъзолар унга тобеъдир. Агар қалб пок бўлса, қолган аъзолар ҳам унга эргашади, агар у нопок бўлса, барча аъзолардан нопок амаллар содир бўлади. Ёлғондан сақланиб, рост сўзлашга одатланиш ҳам қалб поклигининг асосларидан бири ҳисобланиб, қиёматда савоблар торозуни оғирлаштирувчи амаллардан бири саналади. Мусулмон киши рост сўзда мудом бўлиш ва ёлғондан сақланиш билан охиратда сиддиқлар ва шаҳидлар даражасига етади. Ёлғон сўз ва унга яқин амалларни қилиш мўминнинг солиҳ амалларини ҳам йўққа чиқаради.
Қалб поклиги борасида буюк аллома Имом Ғаззолий бундай деганлар: “Киши зоҳирини нажосатлардан сақлаши, ундан узоқ юриши лозим. Аммо, ботиний нажосатлар ҳам борки, улардан сақланиш ундан ҳам муҳимроқдир. Чунки, ботиний ифлосликлар яъни қалб нопоклиги киши нафақат бу дунёда ҳалокатга бошлайди, балки охиратда ҳам аламли азобга дучор бўлишига сабаб бўлади.
Покликни истовчи қалб гўё бир ошён, фаришталар қўнадиган макон. Гина, ҳасад, ёлғончилик, кибр, ғараз, ғазаб, мараз каби қалб касалликлари жирканч махлуққа ўхшайди. Фаришталар қандай қилиб бундай маконда қўним топсин?!”
Демак қалбларимизни юқоридаги иллатлар ва яна уларга ўхшаш мақтанчоғлик, бахиллик, ҳирс, тамаъ, ғурур, риё, мутакаббирлик, ёмон ният каби иллатлардан поклаб, фаришталар макони бўлмиш қалбларимизни ростгўйлик, тўғрисўзлик, камтарлик, тавозе, яхши ният ва бошқа гўзал хулқлар билан безамоғимиз зарур.