Ислом дини инсонларни одоб-ахлоқ, яхшилик ва эзгуликка чорлайди. Шу боис, ислом динида ўтганларни хотирлаш, уларнинг ҳақига дуо қилиш ва тирикларни қадрлаш тарғиб қилинади.
Қуръони каримда Аллоҳ таоло мусулмон умматини ўтганларни хотирлаб, ҳақига дуо қиладиган уммат, деб таърифлаган. Динимизда ўтганларни эслаш, ҳаққига дуо ва хайр эҳсон қилиш ибодат саналади. Шу билан бирга, бу амал тириклар зиммасидаги бурч бўлиб, дунёдан ўтганларнинг ҳақидир.
Қуръони каримда бундай дейилган: “Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: “Эй Роббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй Роббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан!” (Ҳашр сураси, 10-оят).
Аллоҳ таоло ушбу оятда ўзидан олдин ўтган мўминларга мағфират сўраганларни мадҳ қилмоқда. Бу эса вафот этганлар тириклар истиғфоридан манфаат олишига далолат қилади. Имонда ўтган зотлар ҳақига истиғфор айтмоғимиз имонимиз тақозосидаги амалдир. Демак, ислом умматининг хусусиятларидан бири шуки, кейингилар олдин ўтганларни яхши сифатларини ёдга олиб, ҳақига хайрли дуо қилишдир.
Албатта, биз мусулмонлар ўтганлар руҳини шод қилиш мақсадида уларни қанча кўп хотирлаб дуо қилсак, фарзандларимиз ҳам бундай амаллардан ибрат олади. Улар ҳам бизни хотирлаб дуо қилади. Шунингдек, ўтганлар ўз ортида қолган қариндош ва яқинлари каби ҳаёт юрганлар дуосидан умидвор бўлиши ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадис ривоят қилинган.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бундай ривоят қилади: “Қабрдаги маййит худди сувга чўкаётиб, ёрдамга чақираётган кишига ўхшайди. Отасидан ёки онасидан ёки ака-укасидан ёки дўстидан дуо келишига интизор бўлади. Агар унга дуо етиб борса, дуо унинг учун дунё ва ундаги нарсалардан кўра маҳбуброқ бўлади. Албатта, Аллоҳ таоло қабр аҳлига Ер юзидагиларнинг дуоларини тоғларнинг мисолида киритади. Тирикларнинг маййитларга ҳадялари улар учун истиғфор айтмоқликдир” (Байҳақий ривояти).
Шунинг учун киши вафот этган кундан бошлаб ҳар куни имкон қадар қилган амаллари савобини маййитга бағишлаб, садақа қилиш унинг фарзандлари ва яқинларига мустаҳабдир. Шунингдек, маййитнинг оиласи учун қўшнилар таом қилиб чиқариши ҳам мустаҳабдир.
Уламолар жаноза намозидаги дуони далил қилиб, ўлган киши тириклар дуосидан манфаат олади, деган. Жаноза намозидаги дуолар маълум ва машҳурдир. Ўтганлар номидан яхши амаллар қилиб, савобини уларга бағишлаш бевосита Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тавсиялари билан шариатимизда жорий қилингандир.
Шунингдек, мусулмонлар, вафот этган инсон қарзини бошқа биров, ҳатто бегона киши бўлса ҳам тўлаб қўйса, унинг зиммасидаги қарз соқит бўлади деган фикрга келган. Қуръон қироат қилиб, савоби вафот этганга бағишланса, унинг савоби етади.
Ҳар бир киши охирати обод бўлиши учун тириклигида яхши амал қилиб яшаши лозим. Вафотидан сўнг фарзанд ва яқинлари дуо ва эҳсон қилиб, унинг ҳақига савобини бағишлаши муқаддас динимиз кўрсатмаларидан биридир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ҳадисларида марҳумларни ёдга олиш одобини баён қилиб берганлар. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дунёдан ўтганларнинг яхши сифатларини зикр қилинглар, уларнинг ёмон сифатларини зикр қилишдан сақланинглар”, дедилар” (Имом Абу Довуд ва Термизий ривояти). Ўтганларнинг яхши амалларини эслаш, аввало, уларнинг руҳини шод қилса, қолаверса, яхши сифат, хайрли амал ва солиҳ кишилар эсланса, у жойга барака ёғилиб туради.
Суфён ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ: “Солиҳлар зикр қилинган жойга Аллоҳнинг раҳмати ёғилади”, деган. Чунки бу хайрли ишга тарғиб ҳисобланади ва солиҳ кишилардан намуна олишга рағбат ортиб, инсонларда яхшилик қилишга ҳаракат кучаяди.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қайси ёш йигит бир мўйсафидни ёши улуғлиги учун икром кўрсатиб эъзозласа, Аллоҳ ўша ёш йигитга мазкур оқсоқолнинг ёшига киришини ва ўша ёшида унга икром, эъзоз кўрсатувчини тақдир қилади”, дедилар”.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким кичигимизга раҳм қилмаса ва катталаримизнинг ҳақини билмаса, биздан эмас”, дедилар”.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон кексани ҳурмат қилиш, Аллоҳ зиммасига юклаган Қуръонга эътиборли бўлиш (яъни, Қуръони каримга ихлос билан хизмат қилиш) ва адолатли имомга итоат қилиш Аллоҳнинг бандаларига бўлган улуғворлигидандир”, деганлар”.
Мўмин-мусулмонлар ўзидан кичикларга ва болаларга раҳм қилиши, меҳрибон бўлиши, бошини силаши лозим. Айни пайтда, катталарнинг ҳурматини жойига қўйиши ҳам керак. Бу ишлар мўминлар сиймоси, ислом жамияти аъзосининг белгисидир. Бундай жамиятда яшаб туриб, кичикларга раҳм қилмаган, катталарга ҳурмат кўрсатмаган одам ана шу муборак сиймони йўқотади. Буни яхши англаб, амал қилишимиз, катталарга ҳурматда, кичикларга иззатда бўлишимиз керак. Демак, дунёдан ўтганларни яхшилик билан эслаш ва ҳаёт бўлганлар ҳурматини жойига қўйиш инсоний бурчимиздир.