Home / ЯНГИЛИКЛАР / МОТУРИДИЙЛИК – МЎЪТАДИЛЛИК МЕЗОНИ

МОТУРИДИЙЛИК – МЎЪТАДИЛЛИК МЕЗОНИ

Сўнгги йилларда диний соҳадаги ислоҳотлар натижасида юртимиздан етишиб чиққан ҳамда дунё илм-фани, маърифати ривожига бебаҳо ҳисса қўшган кўплаб уламоларнинг илмий меросини кенг тадқиқ қилиш имконияти пайдо бўлди. Жорий йил 14 мартда Президентимизнинг “Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилиниши ҳам маънавий ҳаётимизнинг муҳим воқеаларидан бири бўлди. Мазкур ҳужжат буюк алломанинг ибратли ҳаёт йўли ва бой илмий-маънавий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этишда катта аҳамиятга эга. Зеро, қарор мотуридийлик таълимотига хос бағрикенглик ва мўътадиллик тамойилларини халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб этишга хизмат қилади.

Шунингдек, ҳужжатда ислом динининг ёш авлодни миллатлараро ва динлараро бағрикенглик, ўзаро ҳурмат, тинч-тотувлик каби асл қадриятлари руҳида тарбиялаш, аҳоли орасида мўътадил ислом ғояларини тарғиб қилишга қаратилган илмий изланишларни қўллаб-қувватлаш йўллари ҳам белгилаб берилган.

29 апрель куни Самарқанд шаҳрида Абу Мансур Мотуридийнинг 1155 йиллигига бағишланган халқаро конференция иш бошлади. “Мотуридийлик — бағрикенглик, мўътадиллик ва маърифат таълимоти” мавзусидаги бу нуфузли конференцияга юксак даражада тайёргарлик кўрилди. Халқаро анжуманда юртимизнинг юксак салоҳиятга эга илм соҳиблари билан бирга, Миср, Бирлашган Араб Амирликлари, Буюк Британия, Туркия, Марокаш, Иордания, Ита­лия, Япония, Малайзия, Ҳиндистон, Туркия, Озарбайжон каби ўнлаб давлатлардан 70 дан зиёд кўзга кўринган олим иштирок этмоқда.

Халқаро анжуман “Имом Мотуридий ва унинг издошлари илмий меросининг ислом илмлари ривожидаги ўрни”, “Мотуридийлик таълимотида умуминсоний қадриятлар талқини”, “XXI асрда мотуридийлик таълимотининг аҳамияти” шўъбалари кесимида фаолият кўрсатади. Бу шўъбалар доирасида иштирокчилар — муфтийлар, илм-фан арбоблари ва илмий тадқиқотчилар ўз маърузалари билан қатнашмоқда.

Мотуридийлик мазҳаби Имом Абу Мансур Мо­туридийнинг ақидавий мавзулардаги қарашлари атрофида шаклланган ва ислом тарихида аҳли сунна вал жамоа деб танилган асосий оқимларнинг бири ҳисобланади.

Бу мазҳабнинг асосларини қўйган ва бош ғояларини шакллантирган шахс Имоми Аъзам Абу Ҳанифа ҳисобланади. Унинг қарашлари Абу Юсуф, Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний, Абу Мутиъ Балхий, Ҳаммад ибн Исмоил каби шогирдлари орқали кенг тарқалган. Абу Юсуф Бағдодда қози этиб тайинлангандан сўнг Хуросон ва Мовароуннаҳр ҳудудларига юборилган қозилар Абу Ҳанифа таълимотларини кенг тарқатган. Улар мадрасалар очиб, ҳанафий мутакаллим ва фақиҳларни тарбиялашга ҳисса қўшган.

Имом Абу Мансур Мотуридий Самарқанд яқинидаги Мотурид маҳалласида туғилган. У 944 йилда вафот этган ва Самарқанднинг Чокардиза қабристонига дафн қилинган.

Имом Мотуридий кўплаб асарлар ёзган, аммо уларнинг иккитаси — “Таъвилот ал-Қуръон” (ёки “Таъвилоти аҳли сунна”) тафсири ва “Китоб ат-тавҳид” китоблари бизгача етиб келган.

Мотуридий қарашлари ўз даврида керакли дара­жада қадрланмаган бўлса-да, унинг шогирдлари ва издошлари орқали машҳур бўлган. Шогирдларидан бири Ҳаким Самарқандий (953 йилда вафот этган) бўлиб, адолатли ва ҳикматли ҳукмлари учун “ҳаким” унвонини олган. Ҳаким Самарқандийнинг “Ас-саводул Аъзам” асари ўз даврида расмий ақида китоби сифатида қабул қилинган ва мадрасаларда ўқитилган.

Алломанинг шогирдларидан яна бири Абул Ҳасан Али ибн Саид Рустуфағний (956 йилда вафот этган) бўлиб, Самарқанд яқинидаги Рустуфағн қишлоғида туғилган. У Имом Мотуридий қарашларини қабул қилиб, уларни тарқатган олимлардан ҳисобланади.

Яна бир олим Абу Лайс Самарқандий (баъзи манбаларга кўра, 984 йилда вафот этган) ҳам Имом Мотуридий ва Абу Ҳанифа таълимоти кенг ёйилишини таъминлашда муҳим роль ўйнаган. Унинг “Баён ақидат ал-усул” асари аҳли сунна ақидасини қисқа ва тушунарли шаклда изоҳлаб, “Фиқҳул акбар” асарига шарҳ ёзиш орқали ҳанафий-мотуридий қарашларини кенг тарқатган.

Шу йўналишда фаолият кўрсатган олимлардан яна бири Абул Юср Паздавийдир. 1100 йилда вафот этган олим ҳам ўз асарларида аҳли сунна вал жамоа тамойилларини ёритган.

Абу Муин Насафий (1115 йилда вафот этган) ҳам мотуридийлик мазҳаби ривожига катта ҳисса қўшган шахслардан биридир. У Имом Мотуридий ғоялари-ни тизимлаштирган ва уни чуқурлаштириб, мотуридийликни асосли ва мустаҳкам ҳаракатга айлантирган. Насафийнинг “Табсиратул адилла”, “ат-Тамҳид ли-қоваиди ат-тавҳид” ва “Баҳрул калом” асарлари бу соҳада муҳим ўринга эга.

Насафийнинг шогирдларидан бири Абу Ҳафс Нажмиддин Умар Насафий (1142 йилда вафот этган) бўлиб, у “Ақоид рисоласи” асарида мотуридийлик мазҳабининг ақидавий асосларини қисқа, равшан ва тизимли тарзда баён қилган. Насафийнинг бошқа бир шогирди Алоуддин Самарқандий (1144 йилда вафот этган) эса Имом Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” тафсирига шарҳ ёзган.

Бу олимларнинг барчаси мотуридийлик мазҳаби ривожига беқиёс ҳисса қўшган ва унинг изчил тарқалишини таъминлашда катта роль ўйнаган.

Мотуридийлик мазҳаби ислом географик ҳудудининг катта қисмида, хусусан, Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Афғонистон, Марказий Осиё, Кавказ, Туркияда кенг тарқалган.

Имом Мотуридий ақл ва нақл ўртасида мувозанатни сақлашни таъкидлаган машҳур олимлардан. У “Китоб ат-тавҳид” асарида тақлидга қарши чиқиш ва диний далилларга асосланишнинг зарурлигини ёзган. Имом Мотуридий ақл ва нақлни динни билишнинг асосий икки йўли деб эътироф этган. Унинг фикрича, Яратувчининг мавжудлигини билиш ва диний манбаларни англаш учун ақл зарур, аммо ақл танқидсиз ваҳийдан устун бўлиши мумкин эмас.

Буюк аждодимиз Аллоҳ — табиат ва Аллоҳ — инсон муносабатларини бошқача талқин қилиб, инсонга ўз амалларида фаолроқ ўрин ажратган. Унинг фикрича, Аллоҳ ҳикмат соҳиби бўлиб, ҳар бир ишида маъно ва ҳикмат бор. Аллоҳ эркин иродага эга ва у ўзининг хоҳлаган нарсаларини амалга оширади.

Имом Мотуридийнинг калом тизимида ақл, маъ­рифат ва ҳикмат асосий тушунчалардир. Ақл — билимни ривожлантириш воситаси, ҳикмат эса ўрганиш мақсадидир. Инсон ҳикматни излаганида унинг билими ошади, билими ошган сари янги ҳикматларни кашф этади.

У ўз даврида ақлини ишлатмай, фақат нақлга таянганлар билан ҳамда ақлини ваҳийдан устун қўйганлар билан курашган. Ушбу масалада катта ютуқларга эришган ва унинг фикрлари ҳамда баҳолари ислом дунёсининг кенг қисмида эътиборга сазовор бўлган. Унинг илмий етуклиги ва муаммоларни ақл билан ҳал қилиш борасидаги хизматлари ислом илм-фанида катта аҳамият касб этган.

Мотуридий мероси ҳақиқат, илм ва ақлга таянган дунёқарашнинг ёрқин тимсолидир. У каби буюк сиймоларга эътибор қаратиш орқалигина ўзликни англаш ва ёш авлодни тўғри йўлга йўналтириш, радикализм ва экстремизмга қарши маърифий курашиш, ислом оламида мавжуд бўлган турли ғоявий қарама-қаршиликларга ечим топиш имконияти пайдо бўлади.

Айниқса, бугунгидай инсон онгини эгаллаб бошқаришга уринишлар авж олган даврда Имом Мотуридий каби улуғ аждодларимиз меросига эҳтиёж ортиб бораверади. Янги Ўзбекистоннинг халқпарвар, тинчликсевар сиёсати сабаб бугун ана шундай буюк шахслар ижоди ва илмий мероси халқаро майдонда кенг тарғиб этилаётгани қувонарлидир.

Отабек МУҲАММАДИЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори
Манба: «Янги Ўзбекистон» газетаси 2025 йил 30 апрель, 87-сон

Check Also

Бугунги руҳият: Имом Бухорий илмий-тадқиқот маркази

Қуйида Туркиянинг “SANATKıbrıs” газетасида чоп этилган мақоланинг тўлиқ таржимаси келтирилмоқда. Хулоса ва таассуротларни ўқувчининг ўз …