Home / МАҚОЛАЛАР / Оила мустаҳкамлиги тарбияга боғлиқ

Оила мустаҳкамлиги тарбияга боғлиқ

«Одам бахтлиман дейишга қанчалик ҳаққи бор? Агар оиланг билан сен бахтли бўлсанг, бахтлиман дейишга ҳаққинг бор. Фақат оилам эмас, халқим бахтли бўлса мен ўзимни бахтли деб биламан» Шавкат Мирзиёев.

Оила жамиятнинг бир бўлаги бўлиб, бир нечта оила тўплами жамият деб юритилади. Оила авлодлар давомийлиги, ҳаётнинг абадийлиги, шунингдек келажак авлодлар қандай инсон бўлиб вояга етишишлари учун ўз таъсирини бевосита кўрсатадиган улуғ бир тарбия масканидир.

Шу ўринда бир мулоҳаза, оиланинг мустаҳкамлиги кўп жиҳатдан таҳлил қилинганда маънавий тарбия ва масъулиятни ҳис қилишга боғлиқ. Шу маънода фуқароларимиз онгига оилага хос муқаддас туйғулар инсоний фазилатларни сингдириш муҳим вазифалардан саналади.

Оиланинг мустаҳкамлиги учун энг аввало оиланинг ташкилотчиси бўлган эр-хотин ўртасидаги муносабатлар ўзаро меҳр-муҳаббат, ҳақиқат ва адолат, омонатдорлик, сабр бардошлилик каби инсоний туйғулар шаклланган бўлиши лозим. Аллоҳ таоло инсониятни яратиб, уларнинг давомийлиги асоси бўлган оила қуришлари Ўзининг марҳамати эканини таъкидлаб, Қуръони каримда шундай дейдики:

«Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир». (Рум, 21 оят).

Ҳозирда кўплаб оилаларнинг бузилиб кетиши ва унинг сабабларини таҳлил қилсак, оиладаги илоҳий ва умуминсоний туйғулар зебу зийнат ёки мол-мулк билан қоришиб кетгани десак тўғрироқ бўлади, чунки никоҳ тўйларининг дабдабали бўлиши, келин сеплари ким ўзарга қилиниши, қудалар ўртасида қаноатсизлик ҳамда муросасизлик келтириб чиқармоқда, яна бир сабаб келин-куёв оила қуриши учун фақатгина молиявий харажатлар ҳисобга олиниб, маънавий таълим-тарбия эса иккиламчи ҳолатда, баъзида умуман этиборсиз қолаётгани ўзининг салбий таъсирини кўрсатмоқда.

Бизга кўплаб оилавий муаммолар тўғрисида мурожаатлар бўлиб туради, уларнинг ўрталаридаги жанжалларини тинглаб кўрилганда арзимаган кичик нарсаларнинг келишмовчиликларига сабаб бўлаётганига гувоҳ бўламиз.

Оиланинг муқаддаслигини билсалар эди, бу муаммонинг ечимини ўзаро тинчлик билан ҳал қилиб олишарди. Эр хотиннинг камчилигини айтса, хотин эса эридан нолийди, шуларга қарата айтаманки, дунёда камчиликсиз аёл борми ёки дунёда бенўқсон эр бўладими, ҳар бирининг ўзига хос яхшилиги ҳам ва ёмон одатлари ҳам бор, унинг ёмонлигини яхшилиги билан беркита олсалар ва иккиси ҳам бир бирининг камчилиги билан қабул қилишга журъат қила олсалар оила мустаҳкамлигига зарар етмайди.

Дунёда бенуқсон ким бор, бировнинг камчилигини кўриб бурттирамиз, лекин ўзимизнинг камчилигимизни ўйлаб ҳам кўрмаймиз, шунинг учун оилавий можаро жанжаллар келиб чиқаверади.

Давлатимиз томонидан ҳам оилани ҳар томонлама мустаҳкамлаш ва муҳофаза қилиш тўғрисида конститутциявий моддалар киритилган: 63-модда: оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга.

Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқийлигига асосланади.

64-модда. Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар.

Давлат ва жамият етим болаларни ва ота оналарининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлайди, болаларга бағишланган хайрия фаолиятларни рағбатлантиради.

65-модда. Фарзандлар ота-оналарнинг насл-насабидан ва фуқаролик ҳолатидан қатъий назар, қонун олдида тенгдирлар.

Оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилинади.

66-модда. Вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар.

1998 йил 30 апрелда эса оила ва оила аъзоларнинг ҳақ-ҳуқуқларини янада ҳимоялаш мақсадида 8 та бўлим, 30 та боб, 238 та моддадан иборат Ўзбекистон Республикаси Оила Кодекси қабул қилинди ва 1 сентябрдан кучга киритилди.

Шубҳасиз, оила мустаҳкамлигининг асосий омилларидан бири унинг қонуний ва меҳр-муҳаббат асосида қурилганидир. Шу боис, оилалар билан якка тартибда суҳбат олиб бориш, уларнинг муаммоларини ҳал этишда маслаҳатчилар ҳамда ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ўтказилаётган тадбирлар яхши самара бермоқда. Хусусан, хотин-қизлар қўмитаси, ФҲДЁ бўлимлари, ҚВП ва оилавий поликлиникалар ҳамкорлигида аҳоли ўртасида оила ва никоҳ муносабатларининг қонунийлигини таъминлаш, ёшларни турмушга тайёрлаш, никоҳдан аввал тиббий кўрикдан ўтказишга бағишланган турли маънавий-маърифий тадбирлар уюштирилаётир. Бундай тадбир ва тарғиботлар ёшларнинг мустаҳкам оила қуришларига замин яратади.

Исроилов Шухратилла
Учқўрғон тумани “Муҳаммад Зариф” жомеъ
масжиди имом хатиби

Check Also

МАВЛОНО МУҲАММАД ҚОЗИНИНГ «СИЛСИЛАТУЛ-ОРИФИН ВА ТАЗКИРАТУС-СИДДИҚИН» АСАРИДАГИ ТАРИХИЙ-ТАСАВВУФИЙ ҒОЯЛАР

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида дунёга машҳур алломаларимиз маънавий меросини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Биз …