Home / МАҚОЛАЛАР / ЧОКАРДИЗА ҚАБРИСТОНИ ҚАЧОН ТАШКИЛ ТОПГАН?

ЧОКАРДИЗА ҚАБРИСТОНИ ҚАЧОН ТАШКИЛ ТОПГАН?

Чокардиза қабристон бўлиб шаклланишидан олдин машҳур олим Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Шаммос Самарқандийнинг боғи[1] бўлиб, кейинчалик ундан Хожа Абу Лайс Самарқандийнинг қўлига ўтган[2]. Боғнинг ўзи шаҳар деворининг ташқарисида, Самарқандни қўриқлайдиган қалъача ёнида барпо этилгани боис шу ном билан аталган.

“Мадинаи мунавварадаги Бақиъ ва Маккаи мукаррамадаги Муалло қабристонларини айтмаганда, Чокардизадан бузургроқ қабристон йўқдир”[3]. Бу маскан қандай қилиб мусулмон оламида машҳур уч қабристоннинг бири бўлиб қолди? Қуйида шу ҳақда сўз боради.

Боғнинг ўз ўрнини қабристонга бўшатишига мана бу воқеа сабаб бўлган. Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Шаммос Самарқандий 221/835 йил муҳаррам/декабрь ойининг душанба (3/27) куни вафот этган ва чоршанба (5/29) куни[4] Чокардизадаги ўз боғига дафн қилинган.

Имом Бухорий “Тарихул кабир” асарида Самарқандий нисбаси бўлган уч ровий – Иброҳим ибн Шаммос Абу Исҳоқ Самарқандий, Исҳоқ ибн Иброҳим Абу Али Самарқандий ва Аҳмад ибн Айюб Самарқандий ҳақида маълумот берган. Уларнинг ҳар бири ҳадис соҳасида ишончли шахслар бўлган.

Абу Ҳасан Дорақутний: “Иброҳим ибн Шаммос Самарқандий бўлиб, сиқа (ишончли, адолати ва зеҳни юқори даражада ўткир ровий)дир”, деган.

Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Шаммос[5] суннат ва жамоат аҳлидан бўлиб, жасур, олим, фозил, илмига амал қилувчи, ҳадис ривоят қилишда ишончли ва мустаҳкам бўлган.

Иброҳим ибн Шаммос Самарқандий ривоят қилган ҳадислар ишончлилиги билан ажралиб турган. У Бақия ибн Валиддан, у Ҳакам ибн Абдуллоҳдан, у Зуҳрийдан, у Саид ибн Мусаййибдан, у Оиша розияллоҳу анҳодан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Илмим зиёда бўлмайдиган кунимга Аллоҳ барака бермасин” деганларини ривоят қилган.

“Ҳидоятга бошловчилар имоми”, “Мусулмонлар ақидасини ислоҳ этувчи”, “Аҳли сунна пешвоси” бўлган Абу Мансур Мотуридий 944 йили вафот этгач, Чокардиза (Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Шаммос Самарқандий қабри ёни)га дафн этилган.

Мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб алломалар меросини ўрганишга бўлган давлат даражасидаги эътибор, айниқса, яқин беш йилликда бу борадаги ишлар салмоғи ортиб бормоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 мартдаги “Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори маънавий-маърифий ҳаётда тарихий воқелик бўлди.

Мовароуннаҳр алломаларининг бағрикенглик, мўътадиллик ва маърифат тамойилларига асосланган таълимоти, уларнинг бебаҳо илмий-маънавий меросини тадқиқ этиш – тўғри йўлга бошловчи маёқ бўлади.

Чокардизада дафн этилган баъзи алломалар:

Имом Абу Қосим Ҳаким Самарқандий (ваф.953), Абу Лайс Самарқандий (ваф.983), Фахрул Ислом Абу Юср Паздавий (ваф.1089), Абу Бакр Муҳаммад Ёркасий (ваф.1126), Абу Саъд Абдураҳмон (ваф.1015), Абу Ҳафс Умар Дизакий (ваф.1118), Абулмаолий Қайс Марғиноний (ваф.1132), Aбy Ҳacaн Али (Бурҳониддин) Mapғинoний (ваф.1197), Нажмиддин Абу Ҳафс Умар Насафий (1142 йил вафот этган ва Абу Мансур Мотуридий ёнига дафн этилган), Абу Муҳаммад Юсуф Уструшаний (ваф. 1133), Абу Наср Аҳмад Соғаржий (ваф.1130), Шамсиддин Муҳаммад (Ҳаким) Сўзаний (1174 йил вафот этган ва Абу Ҳафс Умар Насафий қабри ёнига дафн этилган), Бакр Уструшаний (ваф.1125), Бакр Харқоний (ваф.1131), Абу Бакр Муҳаммад Харқоний (ваф.1128), Абу Муҳаммад Абдулҳамид Қатавоний (ваф.1129), Абу Умар Усмон Қатавоний Самарқандий (ваф.1120) каби алломалар Чокардиза қабристонига дафн этилган.

Мехрожиддин АМОНОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, PhD
[1] Абу Тоҳир хожа. Самария / Таҳрир ҳайъати: Б. Аҳмедов ва бошқ. – Т.: Камалак, 1991. – Б. 37.
[2] Абу Ҳафс Нажмиддин Умар Насафий. Қандия / Қадимий китоблар таржимаси [Матн]: рисола / Каттаев К. Каттаева Г. – Т.: Qaqnus, 2020. – Б. 16.
[3] Абу Ҳафс Нажмиддин Умар Насафий. Қандия / Қадимий китоблар таржимаси [Матн]: рисола / Каттаев К. Каттаева Г. – Т.: Qaqnus, 2020. – Б. 16.
[4] Хатиб Бағдодий. Тарихи Бағдод / Мустафо Абдуқодир Ато таҳқиқи. – Байрут: Дорул кутубил илмия, 2004. Ж. 6. – Б. 99.
[5] Аллома ҳақида батафсил қаранг: Нематов А. “Тарихул кабир”да номлари келган самарқандлик ҳадис ровийлари // bukhari.uz. 2024 йил 28 февраль.

Check Also

Исломда мўътадиллик тимсоли – мотуридийлик руҳининг халқаро тараннуми

Мисрнинг «Ақидатий» (Менинг ақидам) номли ахборот сайтида 22 апрель куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази …