Home / МАҚОЛА / ЖОҲИЛЛИК ДАРАЖАСИГА ТУШИРАДИГАН АМАЛНИ БИЛАСИЗМИ?

ЖОҲИЛЛИК ДАРАЖАСИГА ТУШИРАДИГАН АМАЛНИ БИЛАСИЗМИ?

Итоат исломнинг муҳим шартларидан биридир. Мусулмонларнинг Аллоҳ ва Расулига итоат этиши фарз бўлгани каби ўз раҳбарларига итоати ҳам фарздир. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай дейилган: «Эй имон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, Пайғамбарга ва ўзингиздан бўлган иш эгаларига (бошлиқларга) итоат қилинг» (Нисо сураси, 59-ояти).

Ушбу оят билан раҳбарга итоат қилиш худди Аллоҳ ва Расулига итоат этиш каби фарз қилинган. Фарзнинг инкори – раҳбарга итоатсизлик катта гуноҳ бўлади. Лекин бу итоатнинг ўзига хос талаблари бор. Фақат Аллоҳнинг тоатига, бандаларнинг диний ё дунёвий манфаатларига, ислоҳотларга буюрилганда итоат фарз бўлади. Аммо гуноҳ ишлар амр этилганда итоат қилинмайди. Масалан, раҳбар қўл остидагиларга ё улардан бири ўғирлик ё зино қилиш каби ишларни буюрса, унга сира ҳам ҳолатда итоат этилмайди. Чунки Имом Аҳмад ва Табароний Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга осий бўладиган вазиятда бандасига итоат қилинмайди. Итоат яхши ишларда бўлади», деганлар.

Анас Ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизга боши майиздек (қора) ҳабаший ҳоким этиб тайинланган бўлса ҳам қулоқ солинг ва бўйсунинг!» дедилар» (Имом Бухорий ривояти).

Барча уламолар раҳбарга итоатни Аллоҳ ва Расулига итоат сингари фарз деб билган. Хусусан, Абу Жаъфар Таҳовий раҳимаҳуллоҳ бундай дейди: «Имомларимиз ва раҳбарларимиз бизга зулм қилсада, уларга қарши чиқишни ҳақ деб билмаймиз. Ҳеч бирини қарғаб, дуоибад қилмаймиз. Уларга итоат қилишдан бош тортмаймиз. Модомики, гуноҳ иш буюрмас экан, уларга итоат қилишни Аллоҳга итоат қилишдек фарз деб биламиз. Уларнинг ҳаққига салоҳият, тавфиқ ва саломатлик сўраб дуо қиламиз» («Ақидатут Таҳовий»).

Таъкидланганидек, раҳбарга итоат қилиш лозим. Аммо гуноҳ иш буюрса, итоат этилмайди. Фақат сабр қилиб, унга қарши қурол кўтаришдан тийилиш лозим. Зеро, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Ким амир томонидан бирор қарорни номаъқул кўрса, сабр қилсин. Чунки, ким подшо қарорларидан бир қарич бўлсада ташқари чиқса, шубҳасиз жоҳиллик бўлиб (жоҳил мақомида) ўлади», деб ривоят қилади  (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Доримий, Имом Аҳмад ривояти).

Буюк ватандошимиз Умар Насафий раҳимаҳуллоҳнинг мана бу сўзлари ҳам юқоридаги фикрни қўллаб-қувватлайди: «Имом фосиқлиги ва жабри сабабли ишдан четлатилмайди» («Ақоидун Насафий»).

Каъбул Ахбордан раҳбарлар ҳақида сўрашганда: «Улар – Аллоҳнинг Ердаги сояси. Ким уларга насиҳат қилса, тўғри йўлни топади. Ким уларни алдаса, адашади», деган.

Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу: «Раҳбарларни сўкманг.Чунки улар Аллоҳнинг ердаги соясидир. Аллоҳ улар билан ҳақни қоим қилади, динни ошкор қилади, зулмни даф қилиб, фосиқларни ҳалок қилади», деган.

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан бундай ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қиёмат куни Аллоҳ таолога энг суюкли ва энг яқин бўладиган банда одил раҳбардир», деганлар» (Имом Термизий ривояти).

Тўрт халифадан кейин келган раҳбарлар ва амирлар орасида зулм очиқчасига кенг тарқалган бўлган. Исломнинг дастлабки уч асрида яшаб ўтган саҳобалар, тобеинлар ва улардан кейингилар раҳбарларга қарши қўзғолон кўтариш фикридан йироқ бўлган. Ислом тарихида мусулмон раҳбарга қарши исён кўтариб чиққан илк тоифа «хаворижлар» бўлиб, улар ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг халифалигини тан олмаган. Бугун мусулмонларни раҳбарларга қарши исён қилишга даъват этаётган баъзи кимса ё тоифалар айнан ўша «хаворижлар»нинг маънавий давомчиларидир.

Афсуски, бугун ҳам ношукрлик қилиб, раҳбарлар ҳаққига нолойиқ гаплар гапирадиган, имомларни «сарой муллалари» деб масхара қиладиган жоҳиллар ҳам учраб турибди. Чунки улар бу гуноҳнинг ўзи учун қанчалик оғир эканини тушунмайди.

Ҳар бир мусулмон бу масалада ниҳоятда эътиборли бўлиб, тинч-осуда ҳаётга раҳна солиб қўйишдан сақланиши, исломдан чиқиб, жоҳил ҳолатига тушиб қолишдан эҳтиёт бўлиши керак. Раҳбарлар ва уламоларга итоатда бўлиб, ҳаққига дуо қилиб туриш лозим.

Қонунлар жамият фойдаси учун ишлаб чиқилади. Исломнинг тарихий манбаларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Мадинада яшаган тўрт асосий гуруҳ: муҳожир, ансор, яҳудий ва исломни қабул қилмаган араблар ўртасида тузилган шартнома ҳақида сўз боради. Тарихда «Мадина Конституцияси» номини олган ушбу аҳднома том маънода конституция вазифасини ўтаган.

Ҳар бир давлатнинг Конституцияси жамиятда адолат, эркинлик ва ҳуқуқни таъминлашга қаратилади ва тинчлик, барқарорлик ва тараққиётни таъминлашга хизмат қилади. Бундан ташқари, мамлакатдаги барча соҳаларни, одамлар ўртасидаги ижтимоий масалаларни тартибга солиб турадиган қонунлар ҳам бўлади. Уларга амал қилиш ҳамманинг зиммасидаги бир хил мажбурият ҳисобланади. Ким амал қилмайдиган бўлса, зиммасидаги мажбуриятни тарк қилган бўлади. Бунинг учун эса, табиийки, жазо қўлланади ва у ҳам ўша қонунларда белгилаб қўйилган бўлади.

Исломнинг энг забардаст уламолари – аввалгилари ҳам, ҳозиргилари ҳам – раҳбарга қарши исённи жоиз деб билмаган. Раҳбар бўлмаган жойда муқаррар парокандалик, бошбошдоқлик ва бошқа иллатлар урчийди. Демак, биз ҳам уламолар йўлидан бориб, ўзимизни ислоҳ қилиш, дунё ва охиратимиз учун фойдали бўлган ишлар билан машғул бўлишимиз керак. Раҳбарлар ҳаққига салоҳият, тавфиқ, ҳидоят, омонлик тилаб дуои хайрлар қилиб юришимиз лозим.

Абдувоси ШОНАЗАРОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

Ўзбекистонда Имом Мотуридий илмий меросига юксак эътибор қаратилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори жаҳон …