Home / МАҚОЛАЛАР / КИЧИК ЁШДАГИ САҲОБАЛАР

КИЧИК ЁШДАГИ САҲОБАЛАР

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу

Абдуллоҳ ҳижратдан уч йил олдин туғилган. Отаси Аббос пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакиларидан бири бўлиб, у зотдан икки ёш катта эди.

Исломнинг илк йилларида мусулмон бўлмасада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни доим қўллаб-қувватлар эди. Абдуллоҳнинг онаси Лубоба розияллоҳу анҳо эса исломни илк қабул қилганлар сафида эди.

Абдуллоҳ туғилганида онаси уни пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига олиб борди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак тупукларидан олиб унинг оғзига қўйдилар. Унинг ичига илк кирган нарса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тупуклари бўлди.

Исломга душман бўлган маккалик мушриклар илк мусулмонларга тазйиқлар ўтказиб, зулм остида тутишарди. Мусулмонларни уч йил давом этган қуршов ва ситам остида ушлаб туришди. Улар ҳатто мусулмонларнинг асосий эҳтиёжларини қондиришларига ҳам йўл қўйишмасди. Шу боис мусулмонлар уч йил давомида асорат, муҳтожлик ва танқисликда яшашди. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу ана шундай оғир бир пайтда туғилди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва аллам унинг туғилишини оиласига олдиндан хурсандчилик билан хабар берган эдилар ва туғилгандан кейин ўзлари унинг исмини қўйдилар.

Мадинага ҳижрат қилинганида Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ҳали уч ёшлик гўдак эди. Отаси исломни қабул қилмагани боис ҳижрат қилмаганди. Шунинг учун Абдуллоҳ ота-онаси билан Маккада қолди. Унинг ёшлиги ўн ёшига қадар ота-онасининг ёнида ўтди.

Отаси Макка фатҳидан бироз олдин мусулмон бўлганини эълон қилишга қарор қилди. Шундан сўнг у оиласи билан бирга Мадинага ҳижрат қилди. Шу вақтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккани фатҳ қилиш учун тайёргарлик кўриб, қўшин билан йўлга чиққан эдилар. Жиърона деб номланган жойда ўғли билан бирга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан учрашган Ҳазрат Аббос розияллоҳу анҳу дарҳол Маккага қайтди.

Абдуллоҳ ибни Аббос розияллоҳу анҳу ҳали 10 ёшга ҳам етмаган пайтида Макка фатҳига шоҳид бўлган эди. Шундан кейин доим пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида бўлди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг яқин қариндоши бўлиши ва Расулуллоҳнинг уларнинг уйига тез-тез ташриф буюриб туриши у учун катта неъмат эди. Абдуллоҳ ибни Аббос розияллоҳу анҳу пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларига бемалол кириб чиқа олгани боис Расулуллоҳни яқиндан таниш имкониятига эга бўлди. Отасининг истаги билан баъзи кечалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларида қолиб, у зотнинг тунги ибодатларига ҳам шоҳид бўлди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа болаларни яхши кўрганлари каби Абдуллоҳни ҳам жуда яхши кўрар эдилар. Бир кун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уни туяларининг ортига миндирдилар. Сўнгра унга: “Болам! Мен сенга баъзи сўзларни ўргатаман, уларни ёдда сақла ва ҳеч қачон унутма!”, деб, жуда чиройли насиҳатларни берган эдилар:

“Эй Абдуллоҳ! Мени нима учун яхши кўрсанг, мен ҳам сени шу учун яхши кўраман. Жаброил алайҳиссалом мендан сени яхшиликка буюришимни ва сен ҳақингда: “Абдуллоҳ бу умматнинг яхшиларидандир. У бу умматнинг олим бўлади, унга яхшиликни тавсия қил” деди”.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир сафар унинг учун “Аллоҳим! Уни динни яхши тушунувчилардан қил! Унга Қуръон тафсирини (Қуръоннинг чуқур маъноларини) ўргат!” деб гўзал дуо қилган эдилар.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга шогирдлик ҳам қилган. Бўлганда ҳам энг меҳнаткаш шогирдлардан бири эди. Кичик ёшда эканига қарамай қисқа вақт ичида Қуръони каримнинг узун сураларини ёдлаб олган эди.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг энг муҳим хусусиятларидан бири унинг жуда ҳам диққат-эътиборли бўлганидир. У барча эътиборини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ниманидир ўрганишга бағишларди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар онларини, ҳар бир ҳаракатларини диққат билан кузатиб борарди. Масалан, бир куни Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида эканида, бир деҳқон келиб: “Ё Расулуллоҳ! Таҳорат қандай олинади?” деб сўраган эди. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам дарҳол сув сўрадилар. Дастлаб уч марта қўлларини ювдилар, кейин уч марта оғиз ва бурунларига сув олиб ювдилар. Уч марта юзларини ювдилар. Кейин ўнг қўлларини ва чап қўлларини тирсаклари билан бирга уч мартадан ювдилар. Сўнг бошларини ва шу сув билан қулоқларининг ташқари юзасини масҳ қилдилар. Энг охирида уч марта оёқларини ювдилар ва кишига юзланиб: “Таҳорат мана шундай олинади. Ким бундан ортиғини қилса, ҳаддан ошган ва зулм қилган бўлади”, дедилар.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ёшлигидан бу юксак хусусиятларга эга бўлгани сабабли, иккинчи халифа Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу даврида маслаҳат кенгашида ҳам иштирок этган. Ўша пайтда у эндигина 15 ёшга кирган бола эди.

Жуда зийрак ва билимли инсон бўлгани учун унга “Таржимонил Қуръон”, яъни «Қуръон таржимони» деган ном берилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва исломга бўлган чексиз боғлиқлигининг энг катта белгиси унинг ибодатларни амалга оширишдаги ҳассослиги эди. У бутун умри давомида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир ибодатларини, ҳатто ҳар бир ҳаракатларини аниқ бажаришга ҳаракат қилган.

Отабек МУҲАММАДИЕВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими

Check Also

Ўзбекистонда Имом Мотуридий илмий меросига юксак эътибор қаратилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори жаҳон …