Home / МАҚОЛАЛАР / Сўзнинг тузи нимада?

Сўзнинг тузи нимада?

Тил инсонга ато этилган сув ва ҳаводек бебаҳо неъмат. Мисол учун, қаршингиздаги одамга «мен ҳозир бозорга бориб келдим» деган гапни тил воситасида бир-икки сонияда етказиш мумкин. Лекин худди шу хабарни имо-ишора билан англатиш учун анча кўп вақт керак бўлади.

Тилнинг нақадар муқаддаслиги ва ҳаёт учун қанчалар зарурлиги ҳақида Қуръони каримда ибратли воқеа баён қилинган. “Эсланг, (эй Муҳаммад!) Раббингиз фаришталарга: «Мен Ерда халифа (Одам) яратмоқчиман», деганида, (улар) айтдилар: «Унда (Ерда) бузғунчилик қиладиган, (ноҳақ равишда) қон тўкадиган кимсани яратмоқчимисан? Ҳолбуки, биз Сенга ҳамдинг билан тасбеҳлар айтамиз ва Сени муқаддас деб биламиз. (Аллоҳ) айтди: «Албатта, Мен сизлар билмаган нарсаларни билурман». (Аллоҳ) Одамга барча (яратилган ва яратилажак нарсаларга тегишли) номларни ўргатди. Сўнг уларни фаришталарга (бирма-бир) кўрсатиб деди: «Агар (эътирозингизда) ростгўй бўлсангиз, ана у нарсаларни номлари билан Менга айтиб берингиз!» (Улар) дедилар: «Зоти покинг ҳаққи, бизда Ўзинг билдирганингдан ўзга илм йўқдир. Албатта, Сен Доно ва Ҳакимдирсан» (Бақара сураси, 30-32 оятлар)”.

Нарсаларнинг номларини билиш шунчалар зарур экан, ният ва хатти- ҳаракатни, макон ва замонни, қувончу қайғуни, умуман, дилдаги ҳиссиёт ва илинжларни осонлик билан изҳор этишнинг қанчалар муҳимлиги ҳақида сўзлашга ҳожат йўқ.

Шундай экан, ҳар қандай ҳурфикр инсон ўзининг тилга муносабатини бу неъматнинг муқаддаслигидан келиб чиққан ҳолда белгилаб олиши лозим. Гапирганда ҳам, ёзганда ҳам ҳар бир сўз ва ҳар бир жумланинг мазмун-моҳияти, салмоғи, аҳамияти ва бошқа жиҳатларига эътибор қаратиш зарур.

Абдулла Қаҳҳор «Адабиёт атомдан кучли» деганида фақат адабиётнинг ўзини эмас, умуман, сўз қудратини назарда тутган бўлиши керак. Бунинг тасдиғи сифатида доно халқимизнинг сўз билан «илон инидан, пичоқ қинидан чиқади» деган нақлини келтириш мумкин. Бир оғиз гап билан одамни қуюшқондан чиқариш ёки тинчлантириш ҳеч гап эмаслигини ҳаётий мисоллардан яхши биламиз. Ёмон гап ё шумхабардан одамларнинг қон босими кўтарилиши ё аллергияси қўзғаши ё қанд миқдори ошиб кетиши ҳеч гап эмас. Дейлик, «фалончи сенинг нафсониятингга тегадиган фалон гап айтди» ёки «шу билан сирингни ҳамма билиб бўлди» қабилидаги гапларни эшитган одам бирдан ғазабланади. Аксинча, «ундай эмас, бошқача гапирди», «йўқ, адашаяпсан, аслида бундай» каби гаплар одамни бирдан тинчлантиради.

Энди бевосита мақсад ҳақида сўзлайдиган бўлсак, кўзланган ният бугун матбуотимизда, телерадиомизда, мажлису йиғинларимизда тилимизга беҳурматлик намоён бўлаётган ҳолатлардан айримларини келтириб, ҳамюртларимизни бебаҳо неъматлардан бирига ўта масъулият билан ёндашишга даъват қилишдан иборат. Зеро, неъматни қадрламаслик, диний қадриятларни ҳисобга олмаган тақдирда ҳам, яхшиликка олиб келмайдиган қусурдир. Айтайлик, халқимизда азалдан нон ерга тушиб кетса, дарҳол олиб, ўпиб, кўзга суриб, тепага олиб қўйиш одати бор. Бу азиз неъматга ҳурмат, болаликдан ҳамма кўриб, дилига тугиб қўядиган тамойил.

Хўш, нонга муносабат шундай экан, нима учун баъзи ҳолларда тилнинг ҳурматини уни ерга урадиган даражада эътибордан соқит қиламиз?

Қуйида матбуот, телерадио, ҳар хил анжуманларда энг кўп учрайдиган қўпол хатолардан баъзиларини келтирамиз.

Матбуотда кўзимиз тушадиган ва телерадиода қулоғимизга чалинадиган гаплардан бири «афсуски» сўзи билан бошланади. Бундай жумлаларнинг аксарияти «ачинарлидир» сўзи билан якунланади. «Афсуски, фалон нарса бўлмади» ёки «фалон иш-ҳаракат туфайли фалон нарса бўлмади» деганда, кўрсатилаётган муаммонинг моҳияти очилган бўларди.

Кўп ҳолларда «айтиш керакки» деб бошланган жумла «дейиш мумкин» деган сўзлар билан якунланаяпти. Эҳтимол, эфирда бу нуқсон билинмаслиги мумкиндир, лекин чоп қилинган нарсада яққол кўзга ташланиб туради.

Ўйлаб кўрайлик. Ҳар бир ёзганимиз ва ҳар бир айтганимизни.

Яқинда «ҳаётимни қўйганман» деган гап чиқди. Видеофилм кўрасизми, радио эшитасизми, матбуот ўқийсизми барибир. Ота болага, ўғил онага, куёв келинга шундай ваъда бераяпти. Ҳаёт ҳеч қаерга қўйилмайди! Ҳаёт тикилади. Тикилганидан кейин ундан қайтиб бўлмайди. Бу жуда оғир гап. Уни ҳар ким айтавермаслиги керак. Ҳатто видеофилмда ҳам «Ҳар» сўзи кўпчиликни сарсон қилаяпти ва саводсизлигини кўрсатиб қўяяпти. Илгариги даврда журналистика ё филологияни битириб келган одам билан эҳтиёт бўлиб гаплашиларди, ҳозир уларга ҳамма нарсани янгидан ўргатишга тўғри келаяпти. Масъулиятни касбдан ўрганади, лекин саводини ўша ўқиган жойида оширмаган бўлса, бор тингловчиларини саводсиз қилади.

Энг кўп учрайдиган жиддий хато тўғри келса-келмаса «ҳар» сўзини ҳамма ёқда ишлатиш. «Ҳар бир Аллоҳ таолонинг сўзи», «ҳар бир Имом Бухорийнинг асари». Бу ўринда, диний томондан қарайдиган бўлсак, гуноҳларнинг энг каттаси бўлган ширкка йўл қўйилаяпти. «Ҳар бир Аллоҳ таоло» деганда, бир неча илоҳ тушунилади, Аллоҳ таолонинг ҳар бир сўзи эмас. Яна «Ҳар бир президентнинг фармони» ёки «тўртта президентнинг қарори» деганда эса президентларнинг қарори тушунилади. Аслида бу гап «президентнинг ҳар бир фармони» ва «президентнинг тўртта қарори» деб айтилиши керак.

Жумла тузишда сўзларни ўз ўрнига қўя олмаслик иллати шу қадар кенг тарқалиб кетдики, айримлар замонавий нашрларни ўқишдан безиб қолди, телерадиони кузатмай қўйди. «Очиқдан-очиқ аёлларга дискриминация», «гижжалар билан қандай уй шароитида курашиш мумкин?» деган жумлалар ва телба-тескари иборалар ҳар нарсани ўқиб эшитишга интиладиган ёш авлоднинг тафаккурини бузиши бутун жамият келажаги учун зарардир. Ҳозир баъзилар таржимаи ҳолини ё таътилга чиқиш аризасини ҳам ёза олмаслиги мана шундай майда кўринган, лекин томиб-томиб кўл бўлган иллатларнинг оқибати бўлса керак. «Уй шароитида гижжаларга қарши қандай курашиш мумкин?» дейиш қийинми?!

«Ҳар иккиси» ё «ҳар учаласи» деган сўзлар ҳам жуда урф бўлди. Икки киши ҳақида гапира туриб, ҳар иккиси дейиш бемаъни. Аслида «иккови» ё «икковининг ҳар бири» ё жўнгина «ҳар бири» бўлади.

«Ҳафтанинг ҳар пайшанба куни» қабилидаги гаплар ҳам «ҳар касаллиги»нинг бир тури. Ойнинг ҳар пайшанбаси дейиш мумкин, чунки бир неча марта келади. Ҳафтада эса битта бўлади. Шунинг учун оддий қилиб «ҳар пайшанба» десак, ҳеч кимнинг ғижини келмайди.

«Ҳар» билан «ҳеч»нинг фарқига ҳам бориш керак. Бундай қўпол «адашиш»га мисоллар кўп. Мана биттаси: «Ҳар бир шоирнинг китоби ватан ҳақидаги шеърсиз чиқмайди».

Кейинги ноўрин қўлланаётган сўзлардан бири «ажрим»дир. Бу ҳукм маъносини билдиради. Масалан, «суднинг ажрими чиққан» деймиз. Шунинг учун ажрим сўзини оилавий ажрашишларга нисбатан ишлатиб бўлмайди. Масалан, «оилавий ажримга олиб келувчи фалон сабаб ва омиллар» деб кўп гапирилаяпти.

Сценарийми, кўрсатув ё эшиттириш матними, нутқ, маъруза ё мақолами, нима ёзишимиздан қатъи назар, ортиқча сўз ва қўшимчаларни ўйлаб ишлатишимиз керак. Илм эгаллашга бўлган интилиш, спортга бўлган қизиқиш ва ҳоказо. Бу «бўлган»ларнинг нима кераги бор, тушуниб бўлмайди. Фаросатимиз оқсаши оқибатида «бўлган»ни «бўлмаган»га айлантираяпмиз.

«Бежиз» сўзига -га, «ҳозир» сўзига -да қўшиш расм бўлди. Руслар «в сейчас», инглизлар «at now» демайди. Бошқа халқлар ҳам «ҳозир»га бундай қўшимча қўшмайди. Биз қачон, қаердан ўргандик, шуни сира англаб бўлмайди.

Қўшимчалар орасида -лик масаласида ҳам иш пачава. Бу қўшимчани бўлар-бўлмас жойларга зўрлаб киритаяпмиз. Борганликлари, келганлиги, бошқа шакли боришлик, келишлик… буни ёзган ҳам қийналади, ўқиган ҳам, эшитганнинг эса энсаси қотади.

Яна -лар қўшимчаси борасида ҳам аҳвол яхши эмас. Ҳурмат ва кўплик маъносида ишлатилганда, эътирозга ўрин қолмайди. Лекин бу сўзни ҳамма ёққа суқавериш саводсизлик ва адабсизликдир. Дейлик, ўзбек тилида рақам ишлатилса, «-лар»га ҳожат қолмайди. Ўнта талаба, миллионта калава деб кетаверамиз. Бу бир жиҳати. Иккинчидан, кўпликни ҳар нарсага ҳам ишлатиб бўлмайди. «Ўнта талаба келди» деймиз, «Ўнта талаба келдилар» демаймиз. Бир репортажда «Қазилма ишлари чоғида бу ердан суяклар чиқишди» деган жумла кетган эди. «Уларнинг фалон иш қилишганликлари» тарзидаги қусурли гаплар эфирда ҳам, нашрда ҳам кўп учрайди.

Энди «шундай-бундай муносабатлари» га озгина тўхталсак. Шу дейиш учун аввал бу деб олиш керак. Масалан, «бу китоб фойдали, шуни оламан» дейилади. Биз эса бирор иқтибос келтирадиган бўлсак, «фалончи шундай деди:» рамкасини ишлатамиз. «Ўрмонга ўт кетибди, фалончи шундай деди» десак, бу маъқул. Лекин аввал маълумотни келтирмай туриб, «шундай»ни ишлатсак, ғализ бўлади. Нима учун ҳаётий жумлаларнинг ўзидан келиб чиқмаймиз? Масалан, устоз бирор нарсани ўргатганда, «аввал бундай қиласан, кейин мана бундай қиласан, шундай қилсанг яхши бўлади» дейди.

Шу сафдаги яна бир қўполлик жумлада «қанчалик» сўзи келган бўлса, «шунчалик» сўзи ишлатилмаётганидир. «Бадантарбияни қанчалик тез одат қилсангиз, ўзингизга яхшидир». Бу жумла кемтиклиги билиниб турибди. Бунга қўшимча сифатида «қанча»,«неча» ва «нечта»ни ҳам фарқлай билиш керак. «Нон қанча туради?», «нон неча пул?», «нечта нон бор?» каби саволлар кундалик ҳаётда кўп ишлатилади, лекин қоғозга тушиши билан ғализлашиб кетади.

Биз «илиқ» билан «иссиқ»ни ҳам фарқламай қўйдик. Об-ҳаво маълумотида ҳаво салқинроқ бўлса, «илиқ» сўзи ишлатилади. Ёзги иссиқларга нисбатан «иссиқ» қўлланади. Аслида иссиқлик физикага оид тушунча бўлиб, даражада айтилганда, унга изоҳ бериш шарт эмас. «Иссиқ» бир даража ҳам, миллион даража ҳам бўлиши мумкин. «Илиқ» эса ўта нисбий тушунча. Шимолда яшовчилар учун илиқ бўлган даража жанубдагилар учун совуқ бўлади ва аксинча. Қатъий гап шуки, илиқлик ҳеч қандай даража билан ўлчанмайди ё белгиланмайди. Яна ҳаммамиз озми-кўпми биладиган рус тилига қиёс қилсак, улар «столько-то градусов прохлады» ё «пятьсот градусов жары» демайди. Шундай экан, физика атамаларига тўлиқ амал қилиш керак. Ҳаво ҳароратига қараб, даражага илиқ иссиқ деб баҳо бериб бўлмайди. Рус тилидан мисол келтирадиган бўлсак, «…градусов тепла» тарзидаги жумла ишлатилади, улар «… градусов жары», «…градусов прохлады» демайди. Бошқа халқларда ҳам шундай.

Кейинги пайтларда «ҳақиқатдан», «барчаларимиз» дейишга ўргандик. «Маънан», «жисмонан», «табиатан» дейилгани каби «ҳақиқатан» демай қўйдик. «Ҳаммамиз» деганда кўпчиликни, барчани тушунамиз, лекин «барчаларимиз», «барчаларингиз» дейишни маданият, одоб белгиси деб қабул қилиб олдик. Яъни, саводсизлик адабга айланиб бораяпти. Бошқа мисол керакми?! «Ўқинилган», «айтинилган» деган сўзлар кунда-кунора қулоққа чалинаяпти. «Ўқимоқ»нинг мажҳул нисбати «ўқилмоқ», «айтмоқ»ники «айтилмоқ». «Ўқинилмоқ» деган феъл йўқ!

Албатта, бир мақолада бундай қусурларнинг ҳаммасини санаб ўтишнинг иложи йўқ («иложиси йўқ» дейилмайди). Сўз якунида бир гапни айтиб ўтамиз, холос: чиройли гапириш ё ёзишга иштиёқмандлар кўп. Афсуски, уларнинг аксариятига бошқалар «устоз», «домла» деб мурожаат қилади, айтганини мутлақ ҳақ ва тўғри нарса деб билади. Одамлар телерадио ва газета-журналлар, мажлису анжуманлардаги гапларни эталон ё ҳақиқат сифатида қабул қилишга ўрганган. Шундай экан, айтадиган ё ёзадиган ҳар бир нарсамизга масъулият билан ёндашишимиз зарур. Акс ҳолда, бу шунчаки лоқайдлик эмас, балки ўз она тилимизга ҳурматсизлик, куфрони неъмат бўлади.

Анвар БОБОЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Манба: «МАЪНАВИЙ ҲАЁТ»
тарихий-фалсафий, маънавий-маърифий, илмий-оммабоп журнал, №3/2024

Check Also

ИХТИЛОФ ФОЙДАЛИ НАРСАМИ?

Ихтилоф луғатда “ҳар хиллик” деган маънони англатади. Шаръий истилоҳда эса мужтаҳидларнинг бирор фиқҳий масалада ҳар …