Home / МАҚОЛАЛАР / ҲАДИСЛАРНИ ТЎҒРИ АНГЛАШНИНГ ЎЗИГА ХОС УСУЛЛАРИ

ҲАДИСЛАРНИ ТЎҒРИ АНГЛАШНИНГ ЎЗИГА ХОС УСУЛЛАРИ

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадислари ҳар бир мусулмон учун Қуръони карим оятлари каби муҳим аҳамиятга эга. Аммо ҳадисларни тўғри таржима қилиш, маъносини таҳлил қилиб, моҳиятини тўғри тушунишга ҳамманинг ҳам илмий салоҳияти етарли эмас. Шу сабабли ота-боболаримиз шаръий масалаларга доир ечимларни оят ва ҳадислардан мустақил равишда ўзлари олишга интилмаган. Аксинча, бу борада илмий салоҳияти етарли, чуқур билимга эга уламоларга мурожаат қилган. Уламолар, фақиҳ ва муҳаддислар эса оятларни, хусусан, ҳадисларни чуқур таҳлил қилиб, одамларга уларнинг замиридаги ҳақиқий маъноларни етказган.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадисларини таҳлил қиладиган бўлсак, улар мусулмонлар орасида содир бўлаётган воқеъликка асосланган ҳолда, баъзан кишининг шахсияти, салоҳияти ва феъл-атворидан келиб чиқиб айтилганини англаймиз.

Айрим ҳадислар вақт ўтиши билан мансухга айланганини, яъни ҳукми бекор бўлганини кўрамиз. Масалан, исломнинг аввалида қабрларни зиёрат қилиш тақиқланган, ширкка тенглаштирилган бўлса, кейинчалик Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари буни тарғиб қилиб, унинг савобли амаллардан бири эканини таъкидлаганлар.

عن أنس بن مالك رضى الله عنه: يقولُ النَّبيُّ صَلَّى اللهُ عليه وسلَّمَ:كنتُ نهيتُكم عن زيارَةِ القبورِ ألا فزورُوها ، فإِنَّها تُرِقُّ القلْبَ ، و تُدْمِعُ العينَ ، وتُذَكِّرُ الآخرةَ ، ولا تقولوا هُجْرًا

Анас ибн Моликдан ривоят қилинади:Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим. Сўзимга диққат қилинг! Қабрларни зиёрат қилаверинг, зеро, бу амал қалбларни юмшатиб, кўзларнинг ёшини оқизади ва сизга охиратни эслатади”, деб айтар эдилар”.

Айрим ҳадислар то қиёматгача амал қилади. Масалан, амаллар ижросида холис бўлиш, ота-она, қариндош-уруғ ва қўни-қўшнига яхшилик қилиш, таниган-танимаганга салом бериш, илм олишга рағбатли бўлиш, нафақат одамзот, балки ҳайвонот оламига ҳам яхши муомалада бўлиш шулар жумласидандир.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида мусулмонлар жамиятда кенг тарқалган иллатлардан қайтарилган. Манманлик ва кибр билан юриш тақиқланган ҳадисларни мисол келтириш мумкин. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида киши ерга судралиб турадиган даражада узун кийим кийиши кибр аломати саналган. Шу сабабли Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам узун кийишдан қайтарганлар.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким манманлик билан кийимини судраб юрса, қиёмат куни Аллоҳ унга назар солмас”, дедилар”.

Бизнинг замонамизга келиб, бу ҳадисни тўғри англаш учун унинг мажозий маъноси таъвил қилинади. Масалан, одамлар 100 минг сўмлик соат таққани ҳолда, бир киши ўзини кўрсатиш учун 1 миллионлик соат тақса, ўша ҳолат кибр бўлади. Аммо эҳтиёж юзасидан, яъни касби (масалан, геолог, йўлбошловчи, алпинистлар ва ҳоказо) тақозосига кўра, бир неча вазифани бажарадиган қиммат соат тақиши манманлик саналмайди. Одамлар 100 минг сўмлик кийим кийса-ю бир киши ўзини кўрсатиш учун айнан шундай кийимнинг энг қимматини кийишга интилса, у ҳам кибр бўлади. Аммо ўзини садақа ва закотдан беҳожат кўрсатиш мақсадида ҳаддидан ошмаган, бошқаларнинг назарини жалб қилмаган ҳолда ўртамиёна ё қимматроқ кийиниши мустасно.

Ҳадисларни таҳлил қилсак, айрим саҳобаларнинг умумий буйруқ маъносида айтилган ҳадисдан истисно қилинганини ҳам кўрамиз. Абу Бакр розияллоҳу анҳуни мисол келтиришимиз мумкин. Таъкидланганидек, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида узун кийим кийиш манманлик, мутакаббирлик аломати ҳисобланган. Аммо узун кийим кийган ҳар бир киши мутакаббир бўлавермас экан.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким манманлик ила кийимини судраб юрса, қиёмат куни Аллоҳ унга назар солмас”, дедилар. Абу Бакр: “Эй Аллоҳнинг Расули, албатта, менинг изорим (пастки кийим)нинг бир томони, уни ушлаб юрмасам, тушиб қолади?” деди. У зот: “Сен манманлик ила қиладиганлардан эмассан”, дедилар. Яъни, Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг узун кийим кийиши манманлик ва фахрланиш учун эмаслиги сабабли унга ижозат бердилар.

Айрим ҳадислар муайян шахсга хос бўлиб, индивидуал аҳамият касб этади. Яъни, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромларнинг ҳар бирига уларнинг салоҳияти ва имкониятига қараб амал буюрганлар. Масалан, бир саҳобага “ғазабланма” деган бўлсалар, бошқасига тунларни ибодатда ўтказиш, нафл намозлари ўқишни буюрганлар. Яна бирига тунни Ватан сарҳадлари ҳимоясида бедор ўтказиш савоби нақадар улуғлигини айтганлар. Яъни, қайси саҳоба қандай амалга салоҳиятли бўлса, ўшанга мос амални буюрганлар. Ота-онаси ёрдамга муҳтож бўлган инсонга уларга яхшилик қилишни, бой одамга садақа қилишни амр қилганлар. Камбағал кишига “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “садақа қил”, деб айтганлар, сен ҳам садақа қил”, деб айтилмайди. Ёки шифокор “қандай иш савоблироқ” деб сўраса, “кечаси билан таҳажжуд намози ўқиш” ё “чегарада қўриқчилик қилиш” деб жавоб берилмайди. Ҳар бир инсоннинг салоҳиятидан келиб чиқиб, имкониятига қараб яхшилик қилиш буюрилади. Шифокорга қўли калта беморга текин хизмат кўрсатиш, ҳайдовчига йўлда қолганга ёрдам бериш ва ҳоказо.

Ислом тарихига назар солсак, ислом шариати ҳукмлари ҳар доим ҳам ижрода қўлланмаганига гувоҳ бўламиз. Бир аёл зинога қўл уриб қўйганини тан олиб, ўзига ҳад (жазо) жорий этилишини сўраб мурожаат қилганда, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам жазоламаганлари, Макка фатҳ этилганда, аҳолиси асир олинмагани, Умар розияллоҳу очарчилик пайти ўзи ва оиласини тўйдириш учун ўғрилик қилган кишининг қўлини кестирмагани бунга мисол бўла олади. Демак, шариат мақсади фақат жазолаш эмас, аксинча, тарбия бериш, тўғри йўлга солиш ҳам экан.

Айрим ҳадислар маъноси замони келганда бўладиган воқеа-ҳодисалар билан тафсир қилинади. Константинополнинг (Истанбулнинг) фатҳ этилиши, умматнинг етмиш икки фирқага бўлиниши, осмонўпар бинолар қурилиши, охирзамон фитналари ва шундай маънодаги бошқа ҳадислар шулар жумласидандир.

Юқоридагилардан хулоса қилиб айтиш мумкинки, ҳадисларни шарҳлаш ва улардан ҳукм олиш ўта нозик, илмталаб ишдир. У чуқур билим ва салоҳият талаб қилади. Биз, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам умматлари илмсиз равишда ё саёз билим билан ҳадисларга маъно беришдан сақланишимиз керак. Ҳадисларга амал қилиб, ҳаётимизга татбиқ этишдан аввал соҳа олимларидан маслаҳат сўраш турли адашиш ва тушунмовчиликларнинг олдини олади.

[1] Имом Ҳоким – Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Найсобурий. Ал-Мустадрак аъла ас-саҳиҳайн. – Байрут: “Рисолатул оламия” нашриёти, 2018. 2-жилд. 1393-ҳадис.; Имом Аҳмад. Муснад. – Байрут: Муассасатур рисола, 2001. 21-жилд. 13487-ҳадис. 
Нодир ҚОБИЛОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

МАЪРИФАТЛИ АЁЛНИНГ ТАЪСИРИ АСРЛАРГА ТАТИЙДИ!

Ҳаётда инсоннинг беғараз ёрдамчилари жуда кўп бўлади. Масалан, жазирама иссиқда дарахтнинг сояси ё зилол чашманинг …