Home / АЛЛОМАЛАР / АБУ БАКР ЖАССОС ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ

АБУ БАКР ЖАССОС ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ

Абу Бакр Жассос (ваф. 370/981) қолдирган илмий мерос ҳанафий мазҳабида ўзига хос аҳамиятга эга. Аллома шахсий хислати, шогирдлар тарбияси ва фиқҳга оид қимматли асарлари билан ҳанафий мазҳаби ривожига салмоқли ҳисса қўшган. Абу Бакр Жассос шахсияти, илмий сафарлари ва асарлари чуқур тадқиқ этилиши лозим.

Абу Бакр Жассос ҳанафий мазҳаби бўйича фиқҳ ва усулнинг ечилиши оғир муаммоларини ҳал қилишда ёрдам берадиган кўплаб шарҳлар ёзган. Олим ёзган шарҳлар унинг чуқур илм, ўткир зеҳн ва кенг мушоҳада эгаси эканидан далолат беради. Унинг асарларини уч гуруҳга ажратиш мумкин: а) аллома ўзи тасниф этган асарлар; б) шарҳлар; в) мухтасар.

Абу Бакр Жассос ўзи ёзган асарлар:

  1. “Аҳком ал-Қуръон”. Қуръон оятларидан ҳукм олган ҳанафий фиқҳидаги машҳур китоблардан ҳисобланади. Бу унинг охирги асарларидан биридир [1].
  2. “Китоб усул ал-фиқҳ”. Абу Бакр Жассос “Ал-Фусул фил усул”ни ўзининг машҳур китоби “Аҳкомул Қуръон”дан ҳам олдин ёзган. Муаллиф бу китобда асосан фиқҳий масалаларга тўхталса-да, аммо усулул фиқҳ масалаларига келганда кенгроқ шарҳ берган. “Ал-Фусул фил усул” усули фиқҳ илмида ҳанафий мазҳаби бўйича ёзилган дасталабки ва асосий китоблардан биридир. Абу Бакр Жассос “Ал-Фусул фил – усул”ни ўзининг машҳур шайхи имом Кархий вафотидан кейин ёзган. Бу асар унинг илмий тажриба ва амалий хулосаси сифатида юзага келган ва ҳанафий мазҳабидаги усул ал-фиқҳнинг тожига айланган.
  3. “Жавабат ал-масоил”. Бу асарда алломадан сўралган масалалар жамланган [1].
  4. “Адаб ал-қози”. Мазкур асар ҳақида тарожим китобларда маълумот учрамайди. Унинг Абу Бакр Жассосга мансуб экани ҳақидаги фикрни ироқлик тадқиқотчи Муҳаммад Жасим Ҳадисий илгари сурган.

Муҳаммад Жасим Ҳадисий 1985-1988 йилларда Ироқ давлат қўлёзмалар музейи фондида сақланаётган китобларни тадқиқ этиш жараёнида у ерда Абу Наср Самарқандийнинг Абу Бакр Аҳмад Жассос (ваф. 370/981) ёзган “Адаб ал-қози” асарига ёзган шарҳи ҳам сақланаётгани ҳақида ёзган [4:22]. Немис тадқиқотчиси Улрих Ребшток хулосаларига кўра, Абу Бакр Аҳмад Жассос йирик ҳанафий фақиҳи бўлишига қарамай, унинг фатвоси Ироқ ва Шом ҳанафий мактабларига хос бўлган. Мовароуннаҳрлик фақиҳлар эса, Жассосдан кўра Хассофнинг “Адаб ал-қози” асарига шарҳ ёзишни афзал кўрган [14:110-122]. Аммо Муҳаммад Жасим Ҳадисийнинг гувоҳлик беришича, Мовароуннаҳр олимлари Абу Бакр Жассос асарларига ҳам алоҳида эътибор қаратган. Жумладан, қозилик масалаларига бағишланган бир қатор асарлар муаллифи Ҳоким Абу Наср Самарқандий Абу Бакр Жассоснинг “Адаб ал-қози” китобига шарҳ ёзган. Аллома Абу Наср Самарқандий 486/1093 йилда Самарқандда таваллуд топган ва 550/1155 йилда шу шаҳарда вафот этган. Абу Наср Самарқандий, “Имомул ҳуда”, “Фақиҳ” номлари, “Абул Лайс” куняси билан машҳур бўлган Наср ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Иброҳим Самарқандийни (ваф. 375/985) ўзига устоз санаб, унинг асарларидан талабаларга дарс берган. Бу маълумот “Кашф аз-зунун” асарида келтирилган. Тарихчи Қураший Абу Наср Самарқандийни “Ибрисмий” нисбаси билан зикр қилган. “Ибрисмий” нисбасидан шу нарса маълум бўладики, Абу Наср Самарқандий араб эмас, балки маҳаллий фақиҳлардан бўлган [7:109].

Бундан шуни билиш мумкинки, Мовароуннаҳрда ҳам Абу Бакр Жассос илмий меросига қизиқиш катта бўлган. Бу ҳақда кўпроқ маълумотга эга бўлиш учун немис тадқиқотчиси Улрих Ребшток фикрини чуқурроқ таҳлил қилиш ва Абу Наср Самарқандийнинг ушбу қўлёзма асарини тадқиқ этиш мақсадга мувофиқ.

Абу Бакр Жассос шарҳлаган асарлар:

  1. “Шарҳ ал-Жомеъ ал-кабир”. Мазҳаб имомлари ривояти жамланган фуруъ бўйича Имом Муҳаммаднинг “Ал-Жомеъ ал-кабир” асарига шарҳ. Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийнинг (ваф. 187/803) “Ал-Жомеъ ал-кабир фил фуруъ” китоби ҳанафий мазҳабига доир асосий манбалардан саналади. Ҳожи Халифа “Кашф аз-зунун” асарида: “Муҳаққиқлар бу китобни таҳқиқ қилишни истаб, унинг ажойиб лафзларига алоҳида аҳамият қаратган. Ҳатто унга шарҳлар ёзилиб, мазмуни янада кенгроқ баён қилиб берилди”, деб хабар беради. 370/980 йили вафот этган Абу Бакр Жассос номи билан машҳур имом Абу Бакр Аҳмад ибн Али шарҳи шундай китоблардан бири бўлганини айтиб ўтади [15:569]. Имом Абу Бакр Жассоснинг таржимаи ҳоли ёзилган кўплаб манбаларда ушбу китоб олимга нисбат берилган ва бу ҳақда ўзига тааллуқли асарларда ҳам келтирилган [2:212]. Ушбу шарҳ тўққиз юз варақдан иборат бўлиб, ҳар бир саҳифада ўн тўққиз сатр мавжуд экани хусусида ҳам қўшимча маълумот бор. Мазкур китоб унинг илк асарларидан бўлиши мумкин. Чунки китоб нусхаловчиси (560/1165 йили кўчирилган) ушбу китобни аллома 348/959 йили Бағдоддаги Салом шаҳрида ёзиб тугатганини, бу унинг Нишопурдан қайтиб, устози Кархий ўрнида Бағдодда дарс ва фатво бера бошлаганидан тўрт йил кейинга тўғри келиши  ҳақида айтиб ўтган.
  2. “Шарҳ ал-Жомеъ ас-сағир”. Бу асар ҳам Имом Муҳаммаднинг китобига шарҳ бўлиб, у Имом Абу Юсуфнинг Абу Ҳанифадан ривоят қилган 352 фуруъ масалаларидан иборат. Ҳожи Халифа “Кашф аз-зунун”да Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийнинг “Ал-Жомеъ ас-сағир” асари ҳақида хабар бериб, бундай дейди: “Асар қадимий ва муборакдир. Баздавий айтганидек, китоб 352 та масалани ўз ичига олган, шундан 170 тасида ихтилоф зикр қилинган, қиёс ва истеҳсон фақат иккита масалада келтирилган. Устозлар ушбу асарни улуғлаб: “Унинг масалаларини билмай туриб, бирон киши фатво ва қозиликка лойиқ бўла олмайди”, деган” [15:563]. Шундан сўнг Ҳожи Халифа Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийнинг “Ал-Жомеъ ас-сағир” китобига ёзилган 13 дан ортиқ шарҳини келтириб, улар орасидан Абу Бакр Жассос китобини ҳам қайд этади. Ушбу шарҳ Абу Бакр Жассосга оид экани Адирнавийнинг “Маҳам ал-фуқаҳо”, Лакнавийнинг “Ан-Нофеъ ал-кабир”, Ибн Қутлубуғонинг “Тож ат-тарожим” каби манбаларида ҳам келтирилган [5].
  3. “Шарҳ ал-манасик”. Бу китоб ҳам Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний асари шарҳи бўлиб, алломанинг бизгача етиб келмаган асарларидан саналади. Ушбу шарҳни аллома “Шарҳ мухтасар ат-Таҳовий”да келтириб, ўз шарҳида “Мухтасар ат-Таҳовий”даги маносик масалалари барчаси Имом Муҳаммаднинг “Ал-Маносик” асарида мавжудлигини баён қилган. Шу билан бирга, “Шарҳ мухтасар ат-Таҳовий” ҳам турли масалалар доирасида муҳим жиҳат ва фойдаларни ўз ичига олган [13:68]. Унинг бошқа бир қанча манбаларда ҳам Абу Бакр Жассосга мансуб экани зикр қилинган. Буни Ибн Надим “Ал-Фиҳрист” асарида, Итқоний Абу Бакр Жассоснинг “Шарҳ мухтасар ат-Таҳовий” асари охирги варағида, Исмоил Бошо Бағдодий “Ҳадият ал-орифин” асарида ва Ибн Қутулубуғо “Тож ат-тарожим” асарида келтириб ўтган [10].
  4. “Таълиқ ъала ал-асл лил Имам Муҳаммад ибн ал-Ҳасан”. Абу Бакр Жассос Хассофнинг “Адаб ал-қази” асарига ёзган шарҳида ушбу китоб ҳақида сўз боради. Лекин тарожим китобларида бирор кишининг буни тилга олгани маълум эмас [9:123].
  5. “Шарҳ Мухтасар Кархий”. Ҳанафий мазҳаби фуруъ ал-фиқҳига оид асар. Имом Абулҳасан Убайдуллоҳ ибн Ҳусайн Кархий (ваф. 340/951) Абу Бакр Жассоснинг улуғ устозларидан биридир. Унинг фиқҳ ва усул ал-фиқҳга бағишланган кўплаб асари бор. “Мухтасар Кархий фи фуруъ ал-ҳанафия” шулар жумласидандир. Бу асар ҳанафий мазҳаби фиқҳи бўйича ёзилган муҳим асарлардан саналади. Абу Бакр Жассос устозининг мухтасарига шарҳ ёзиши табиий ҳолдир. Бир қанча манбаларда ушбу шарҳ унга мансуб деб кўрсатилган [16].
  6. “Шарҳ Мухтасар ат-Таҳовий”. Бу асар ҳам фуруъ бўйича бўлиб, жуда қисқа шарҳланган [9:124-127]. Имом Абу Жаъфар Аҳмад ибн Муҳаммад Таҳовийнинг (ваф. 321/933) “Мухтасар ат-Таҳовий фи фуруъ ал-ҳанафия” китоби ҳанафий мазҳабида ёзилган илк мухтасар асарлардан бўлишига қарамай, унда энг асосий ва муҳим масалалар ўрин олган. Ҳожи Халифа бу асарга Абу Бакр Жассос ҳам шарҳ ёзганини айтиб ўтган [15:167]. Абу Бакр Жассос таржимаи ҳоли ёзилган манбаларнинг деярли барчасида ушбу шарҳ унга мансуб экани айтилган. Алломанинг ўзи “Аҳком ал-Қуръон” асарида кўп ўринларда шу асарига мурожаат қилган [9:124-127].

“Мухтасар ат-Таҳовий” асари асосан икки хил – катта ва кичик ҳажмда бўлиб, аллома унинг кичик ҳажмлисини шарҳлаганини Шайх Жоруллоҳ Румий [8] айтиб ўтган [11:1].

  1. “Шарҳ адаб ал-қози лил Хассоф” [6]. Хассофнинг бу асарига Абу Бакр Жассосдан бошқа кўплаб олимлар шарҳ ёзган. Ҳожи Халифа улардан 9 тасининг номини келтирган [3:85]. “Адаб ал-қози” муаллифи Хассоф номи билан танилган ҳанафий мазҳаби фақиҳи, Имом Абу Бакр Аҳмад ибн Умар Шайбоний (ваф. 261/875) фиқҳ илмида “Адаб-ал-қози” номли асар ёзиб, уни 120 та бобга ажратган ҳолда тизимлаштирган. Ҳожи Халифа ушбу китоб жуда мазмунли эканини айтиб, унга тўққиз киши шарҳ ёзганини билдирган ва Абу Бакр Жассосни ҳам шулар қаторида тилга олган [15:46].

Мазкур шарҳ бир қанча манбаларда, хусусан, “Маҳам ал-фуқаҳо”, “Ҳадийят ал-орифин” ва “Ал-Фавоид ал-баҳийя” асарларида Абу Бакр Жассос қаламига мансуб экани айтилган [12]. “Тарих ат-турос ал-арабий” асари муаллифи унинг бир неча қўлёзмаси мавжудлигини айтиб ўтган [9:123-124].

Ушбу китоб алломанинг бошқа асарларига ўхшамайди. Баъзи фикрларга кўра, асар Абу Бакр Жассос томонидан имло қилинган. Хассофнинг матни аниқ, алоҳида ва унга бошқа бирон қўшимча киритилмаган. Шу боис, баъзи ўринларда “Бобнинг қолган қисми тушунарли, шунинг учун уларни келтиришни маъқул топмадик” [9:132-142], дейилган. Бу каби фикрлар ушбу икки шахсни бир олим сифатида эътироф этишга сабаб бўлиши мумкин. Абу Бакр Жассос билан Абу Бакр Хассофни бир шахс сифатида талқин қилиш хатодир.

Абу Бакр Жассос тушунтириш керак бўлган масалаларни тушунтириб, баъзи ўринларда қисқа тарзда, баъзида эса муфассал қилиб, гоҳида бошқа китоблардан мисол келтириб тушунтирган. Буни дарс вақтида имло қилдирганига яна далил шуки, баъзи ўринларда бир масала қайтарилган ва унга қайтадан шарҳ берилган.

  1. “Шарҳ ал-Асма ал-ҳусна”. Манбаларда ушбу китоб номи учрайди, лекин унинг аҳамияти ва мундарижаси хусусида маълумот йўқ. Юқоридаги шарҳ асарлари билан бирга, қуйидаги катта ҳажмдаги асарларни мухтасар шаклга келтирган. Жумладан, “Ихтисор ихтилаф ал-фуқаҳо лит-Таҳовий” асари мазҳабларни ўзаро қиёслашда мўътабар ва муҳим манба ҳисобланади. “Кашф аз-зунун” муаллифи зикр қилишича [15:32], бу асар яна “Ихтилаф ар-ривайа” деб номланиб, мухтасар ҳолга келтирилмасдан олдин 130 дан ортиқ жуздан иборат бўлган.

Имом Абу Жаъфар Таҳовий бир қанча илмни тўлиқ билиши билан танилган олимдир. “Ихтилоф ал-фуқаҳо” китоби айни шу соҳада ёзилган мукаммал асар бўлиб, 135 та жуздан иборат. Шунинг учун уламолар ҳажмини камайтириш мақсадида унга мухтасар ёзишган.

Ҳожи Халифа уламолар ихтилофига тўхталиб, бундай дейди: “Бу соҳада бир қанча уламолар асар тасниф қилган. Улардан бири Имом Абу Жаъфар Аҳмад ибн Муҳаммад Таҳовий Ҳанафийдир (ваф. 321/933). Унинг “Ихтилоф ар-ривоят” деб номланган китоби 135 та жуздан иборат. Имом Абу Бакр Аҳмад ибн Али Жассос Ҳанафий уни мухтасар ҳолатга келтирган” [17:32]. Дарҳақиқат, катта ҳажмдан иборат асарларни мухтасар ҳолга келтириш осон иш эмас. Бунда китобнинг асосий мазмуни ва белгиларини ўзгартирмаган ҳолда ундан кўплаб маълумотларни олиб ташлашга тўғри келди. Абу Бакр Жассос ушбу вазифани тўлиқ уддалай олган. У масаланинг ортиқча ва кенгайган тафсилотларини олиб ташлаган ва кўп ҳолларда масаланинг ўзини келтиришдан нарига ўтмайди. Аввал Абу Ҳанифа ва унинг шогирдларини зикр қилиб, кейин уларга мувофиқ келганлар сўзини келтиради. Сўнг Имом Молик ва унга мувофиқ олимлар сўзларини келтирган ва шу тартибда уламолар сўзини кетма-кет баён этади.

Абу Бакр Жассос машҳур мазҳаб мужтаҳид имомлари ва уларнинг шогирдлари томонидан берилган фатво ва ҳукмлар билан бирга, Авзоъий (ваф. 157/774), Суфён Саврий (ваф. 161/778), Лайс ибн Саъд (ваф. 175/791), Усмон Баттий (ваф. 143/760), Ибн Абу Лайло (ваф. 148/765) ва Ҳасан ибн Солиҳ (ваф. 167/783) каби унчалик машҳур бўлмаган уламолар фикрларини ҳам келтирган. Шунингдек, саҳоба ва тобеинларнинг фиқҳга оид кўплаб фикрини келтирган. Шу жиҳатдан, Абу Бакр Жассоснинг ушбу китоби энг қадимги мужтаҳидлар, айниқса, кейинчалик мазҳаблар эътибордан қолган уламолар қарашлари ва уларнинг ихтилофли масалаларни ҳал этишда тутган ўрнини аниқлашда жуда муҳим манба ҳисобланади.

Фойдаланилган адабиётлар:
  1. Абу Бакр Жассос. Аҳком ал-Қуръон. Ж.1-3. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, (нашр йили кўрсатилмаган).
  2. Абу Бакр Жассос. Аҳком ал-Қуръон. Ж.3. – Байрут: Дор ал-фикр, 2008.
  3. Абу Муҳаммад Абдулқодир ибн Абул Вафо Муҳаммад ибн Муҳаммад Мисрий Қураший. Ал-Жавоҳир ал музийа фи табақот ал-ҳанафия. Ж.1. – Хайдаробод: 1913.
  4. Абу Наср Самарқандий. Китобуш шурут вал васоиқ / Муҳаммад Жасим Ҳадисий таҳрири остида. – Бағдод: Визаратус сақофа вал-иълам, Доруш шуъун ас-сақофийя ал-ъамма, офоқ ъарабия, 1419/1998.
  5. Адирнавий. Маҳам ал-фуқаҳо. – Мирс: Дор ал-кутуб ал-мисрия (йили кўрсатилмаган). – Б. 69-70. Абдулҳай Лакнавий. Ан-Нофеъ ал-кабир ли-ман ютолиъ ал-Жомеъ ас-сағир. – Карачи: Идара ал-Қуръон ва ал-улум ал-исламия, 1990. – Б. 35; Зайниддин Қосим ибн Қутлубғо. Таж ат-тарожим фи табақот ал-ҳанафия. – Лепциг: Брокхаус, 1862. – Б. 96; Ҳожи Халифа. Кашфуз зунун. Ж.1. – Истанбул: 1941-43. – Б. 563.
  6. Аҳмад ибн Умар Шайбоний Абу Бакр Хассоф (797/181-875/261) муҳаддис, фараз ва ҳисоб-китоб илмида моҳир, мазҳабни яхши билган машҳур ҳанафий олимлардан бўлиб, зоҳид, тақводор, ўз касби билан кун кўрган инсон сифатида тарихда қолган. Отаси орқали буюк ҳадис имомларидан ҳадис ривоят қилган, кўп асарлари бор. Бағдодда вафот этган (Қаранг: Ибн Абулвафо. Ал-Жаваҳир ал-мудийя фи тобақот ал-ҳанафия. Ж.1. – Ҳайдаробод: Дираят ал-маъариф ан-низомия. – Б. 87-88; Муҳаммад Абдулҳай Лакнавий. Ал-Фаваид ал-баҳия фи тарожим ал-кутуб ал-ҳанафия. – Миср: Матбаъ дар ас-саъода, 1906. – Б. 29-30).
  7. Бекмирзаев И.И. Мовароуннаҳрда қозилик ҳужжатлари: тарихий илдизлар ва таҳлилий ёндашувлар. Монография, – Т.: Тошкент ислом университети, 2014.
  8. Валиюддин ибн Мустафо Қистинтиний, ҳижрий 1101 йилда вафот этган, фақиҳ ва усул олими бўлган. (Қаранг: Умар Ризо Каҳҳола. Муъжам ал-муаллифин – Тарожим мусаннифи ал-кутуб ал-арабия. Ж.2. – Байрут: Муассаса ар-рисала, 1957. – Б. 168; Хайриддин Зириклий. Ал-аълам – Қомус тарожим ли ашҳур ар-рижал ва ан-ниса мин ал-араб ва ал-мустаърибин ва ал-мусташрқин. Ж.8. – Байрут: Дор ал-илм ли ал-малайин, 1998. – Б.118).
  9. Доктор Сафват Мустафо. Ал-Имам Абу Бакр Жассос ва манҳажуҳ фи ат-тафсир. – Қоҳира: Дар ас-салом, 2008.
  10. Ибн Надим. Ал-Фиҳрист. – Теҳрон: 1971. – Б.261; Исмоил Пошшо Бағдодий. Ҳадия ал-орифин – Асма ал-муаллифин ва осор ал-мусаннифин. Ж.1. – Байрут: Дар иҳё ат-турос ал-арабий, 1951. – Б.67; Зайниддин Қосим ибн Қутлубғо. Таж ат-тарожим фи табақот ал-ҳанафия. – Лепциг: Брокхаус, 1862. – Б.96.
  11. Имом Жассос. Шарҳ мухтасар ат-Таҳовий / Қўлёзма. – Истанбул: Сулаймония кутубхонаси, 717-рақам. 1-варақ.
  12. Исмоил Пошшо Бағдодий. Ҳадия ал-орифин – Асма ал-муаллифин ва осор ал-мусаннифин. Ж.1. – Байрут: Дар иҳё ат-турос ал-арабий, 1951. – Б. 166; Муҳаммад Абдулҳай Лакнавий. Ал-Фаваид ал-баҳия фи тарожим ал-кутуб ал-ҳанафия. – Миср: Матбаъ дар ас-саъода, 1906. – Б. 28.
  13. Таҳқиқ ал-жуз ас-саний мин шарҳ мухтасар ат-Таҳовий. Ж.1. Докторлик диссертацияси. – Макка: Жамиат Умм ал-қуро марказий кутубхонаси, рақам 1924.
  14. Ulrich Rebstock. Abwägen als Entscheidungshilfe in den usûl al-fiqh: Die anfänge der targîh-Methode bei al-Gassоs // Der Islam (zeitschrift für geschichte und kultur des Islamischen orients). – Berlin: Walter de Gruyter, 2003. – № 80.
  15. Ҳожи Халифа. Кашфуз зунун. Ж.1. – Истанбул: 1941-43.
  16. Ҳожи Халифа. Кашфуз зунун. Ж.2. – Истанбул: 1941-43. – Б. 1634; Ибн Абулвафо. Ал-Жаваҳир ал-мудия фи тобақот ал-ҳанафия. Ж.1. – Ҳайдаробод: Дираят ал-маъариф ан-низомия. – Б. 223; Зайниддин Қосим ибн Қутлубғо. Таж ат-тарожим фи табақот ал-ҳанафия. – Лепзиг: Брокхаус, 1862. – Б. 96. Муҳаммад Абдулҳай Лакнавий. Ал-Фаваид ал-баҳия фи тарожим ал-кутуб ал-ҳанафия. – Миср: Матбаъ дар ас-саъода, 1906. – Б. 28.
  17. Ҳожи Халифа. Кашфуз зунун. Ж.2. – Истанбул: 1941-43.
Бурхон АХМЕДОВ,
ЎзХИА катта ўқитувчиси, PhD

Check Also

ХОРАЗМНИНГ ИЛК РОВИЙЛАРИ

Уйғониш даври тарихини ўрганиш жараёнида шу нарсага амин бўламизки, Хоразм ўлкаси VIII асрдан мусулмон дунёсига …