Home / МАҚОЛАЛАР / Динлараро бағрикенглик жамият барқарорлигининг кафолатидир

Динлараро бағрикенглик жамият барқарорлигининг кафолатидир

Тарихга назар соладиган бўлсак, юртимизда ҳамиша ижтимоий ҳамкорлик руҳи ва бағрикенгликни тарғиб этувчи қадриятлар устувор бўлиб келганидан далолат беради. Мустақиллик туфайли ўзлигимизни англаш, маънавий қадриятларимизни тиклаш жараёни кечаётган ҳозирги пайтда умуман динга ва айниқса ота-боболаримиз дини бўлиб келган ислом динига муносабат тубдан ўзгарди. Бу соҳадаги ютуқлар ва ўзгаришларни санаб ўтишга ҳожат йўқ албатта.

Диний бағрикенглик ҳамиша диний заминдаги адоватга қарши ўзига хос қалқон вазифасини ўтаган. У турли эътиқоддаги дин вакилларининг бир замон ва маконда биргаликда мавжуд бўлишига, уларнинг ташувчилари ўртасидаги ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликнинг шаклланишига йўл очди. Миллати ва динидан қатъи назар улар чин инсонийлик фазилатларига хос муомалада бўлишган. Бу эса ўз навбатида, юрт тинчлиги ва тараққиётига, умуминсоний маданият ва маънавият ривожига хизмат қилиб келмоқда. Ҳукуматимиз томонидан оқилона, диний бағрикенглик сиёсати олиб борилмоқда. Республикада ислом дини билан бир қаторда, 16 диний конфессияга мансуб ташкилотлар эмин-эркин фаолият кўрсатмоқда. Фуқароларнинг миллати, ирқи, динидан қатъи назар, барча учун тенг ҳуқуқлар қонун орқали кафолатланган. Буни юртимизга очиқ қалб билан келаётган ҳар бир меҳмон ўз кўзи билан кўрмоқда ва бунга амин бўлмоқда. Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов таъкидлаганидек, “Ўзбекистон турли динларга мансуб қадриятларни асраб-авайлашга, барча фуқароларга ўз эътиқодини амалга ошириш учун зарур шароитларни яратиб беришга, динлар ва миллатлараро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга, улар ўртасида қадимий муштарак анъаналарни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда”[1]. Конститутциямизда ҳам “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар”[2], – деган қоиданинг мустаҳкамлаб қўйилгани бундай ютуқларга сиёсий-ҳуқуқий замин яратди.

Динимизда ҳам инсонларга мурувватли бўлишлик, бошқа дин вакиллари билан чиройли суратда муомала қилиш, уларга эҳтиром кўрсатиш ҳамда бағрикенглик билан муносабатда бўлишга алоҳида эътибор қилиб келинмоқда. Бу хусусда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “(Эй мўъминлар), сизлар Аҳли китоблар билан фақат энг чиройли услубда мунозара қилинглар, илло, уларнинг орасида зулм (тажовуз) қилганлар бундан мустаснодир[3]. Мазкур оятда Аллоҳ таоло бошқа дин вакиллари билан чиройли услубда муомала қилишга буюрмоқда.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа дин вакилларига бағрикенг бўлиш, уларнинг эътиқодини ҳурмат қилиш, ҳақларига риоя этишнинг олий намунасини кўрсатибгина қолмасдан, биз инсонларни ҳам ҳамиша ана шу йўлдан боришга даъват қилганлар. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилиб: “Ким аҳдлашган бошқа дин вакилини ўлдирса жаннат ҳидини ҳам ҳидламайди. Ваҳоланки, жаннатнинг ҳиди қирқ йиллик масофадан келиб туради” деганлар. Мусулмонларнинг асрлар оша ўзга дин вакиллари билан бағрикенг бўлишларига сабаб, илоҳий таълимотга оғишмасдан амал қилганлари сабабидандир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда мусулмонларга хитоб қилиб шундай дейди: “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳ учун ҳақда туринг, адолатли гувоҳ бўлинг. Бир қавмни ёмон кўришингиз сизни уларга нисбатан адолат қилмасликка олиб бормасин. Адолат қилинг. Бу тақвога оид ишдир. Аллоҳга тақво қилинг. Албатта Аллоҳ қилаётган амалингиздан хабардор зотдир[4]. Исломда кечиримли бўлиш, бағрикенглик мақталган ахлоқлардандир. Аллоҳ таоло Пайғамбари ва мўъмин – мусулмон бандаларга шу сифатлар билан зийнатланишликка амр этган. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Авфни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг!”[5] деган. Авфни (қабул қилиб) олинг. Авф этиш бирор кишининг айб, ёмон ишларини кечириш, айбдорга нисбатан жазо лойиқ бўлса ҳам, унга лутф ила жазоламаслик. Кечиримли ва сабрли бўлиш динимизнинг асосий тамойилларидан биридир. Уламоларимиз “Авф” сўзини “бағрикенглик билан ўзгаларнинг узрини қабул қилиш, оғирликни ўзига олиб, бошқаларга енгиллик бахш этиш” дея изоҳлаган эканлар. Имом Табарий раҳматуллоҳ алайҳ бундай дейди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳиссаломдан ушбу оятни шарҳлаб беришни сўраган эканлар. Шунда Жаброил алайҳиссалом: “Аллоҳ таоло Сизга буюриб айтмоқда-ки, Сизга зулм қилган кишини Сиз авф этинг, Сизга бермаган кишига Сиз беринг, Сиздан узулиб кетган кишига Сиз яқинлашинг!”, деб шарҳлаганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламда бу фазилатларнинг барчаси мужассам, сўзлари ва феълларида ҳам бу хулқ ила зийнатланган эди, бошқаларни ҳам кечиримли бўлишга ундардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кофирларни ислом динини қабул қилишга қизиқтирсаларда, аммо уларни бунга ҳеч қачон мажбур қилмаганлар. Балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалллам гўзал ахлоқлари ва бағрикенгликлари уларнинг Исломга киришларига сабаб бўлган. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллламнинг хушмуомалаликлари, мулойим ва раҳмдиллигининг шарофатидир. Яна бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалллам: “Одамларга раҳм қилмаганга Аллоҳ раҳм қилмайди”, деганлар. Бу ерда фақат мусулмонларга эмас, балки бутун инсониятга раҳм – шафқатли бўлишга чақирилмоқда.

Аллоҳ таоло Қуръони карим оятларида мусулмонларни бошқа дин вакиллари билан яхшилик ва меҳр-мурувват қилишга чорлаб, ўзаро тинчлик ва тотувликда бағрикенглик ҳамда меҳр- шафқатли бўлишни “Мумтаҳана” сурасида қуйдагича марҳамат қилади: “Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта Аллоҳ адолатли кишиларни севар”.

Буюк муфассир Абу Лайс Самарқандий “Баҳру-л-улум” номли тафсир китобида Қуръондаги мазкур оятни шундай тафсир қилган: “Сизлар билан динда уруш қилмаган ўзга дин вакиллари билан борди-келди қилинг, улар билан адолатли муомала қилинг”.

Мовароуннаҳрлик машҳур муфассир Абул Баракот Насафий “Мадорику-т-танзил” асарида мазкур оятларни “Ўзга дин вакилларига эҳтиром кўрсатинг ҳамда уларга сўзда ва амалда яхшилик қилинг”, деб шарҳлайди[6].

Демак, Ислом дини инсонларни доимо бағрикенг, раҳмдил ҳамда кечиримли бўлишга инсонлар билан доимо хушмуомалали бўлишга чорламоқда. Гўзал ва мустақил юртимизда истиқомат қилаётган барча дин вакилларини тинчлик ва осойишталикда, ўзаро ҳамжиҳатликда бардавом бўлишини насиб қилсин. 

Машраб Хидиров
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Фиқҳшунослик шўъбаси раҳбари
[1]Каримов И.А. “Жаҳон динлари тинчлик маданият йўлида” халқаро анжумани иштирокчиларига табрик. 2000 й сентябр.
[2]Ўзбекистон Республикаси Конститутцияси. Т: Ўзбекистон, 2003. Б.12.
[3]Қуръони карим. Анкабут сураси, 46-оят.
[4]Қуръони карим. Моида сураси, 8-оят.
[5]Қуръони карим. Аъроф сураси, 199-оят.
[6]Имом Бухорий сабоқлари. 2016/4. Б – 59-60.

Check Also

БУЖАЙРИЙ НИСБАЛИ РОВИЙЛАР СИЛСИЛАСИ

IX-XII асрлар ислом оламида илм-фан ривожининг олтин даври сифатида эътироф этилган. Кўплаб манбаларда айни ўша …