Home / МАҚОЛАЛАР / ХОЖА МУҲАММАД ПОРСОНИНГ КАЛОМ ИЛМИГА ҚЎШГАН ҲИССАСИ

ХОЖА МУҲАММАД ПОРСОНИНГ КАЛОМ ИЛМИГА ҚЎШГАН ҲИССАСИ

Бугунги кунда Ислом динининг асосий оқими – аҳли сунна вал жамоанинг икки йирик мактаби вакиллари – ашъарийлар ва мотуридийлар дунё мусулмонларининг аксар қисмини ташкил этади. Бу икки ақида ғояларини кенг тарғиб қилишда, илмий асослари баён қилинган асар ёзишда ўтган олимлар хизмати беқиёсдир. Зеро, уларнинг фидокорона меҳнатисиз ушбу ақида мактаблари кенг ривожланмас эди. Хожа Муҳаммад Порсо ана шундай олимлардан биридир. Бу зотнинг илмий фаолиятини ёритишга киришишдан олдин калом илми тарихи ҳақида бироз тўхталсак.

Калом илми саккизинчи асрда пайдо бўлган. Бу асрда ислом дини кенг ёйилиб, турли эътиқоддаги халқларни ўз тасарруфига олган эди. Мусулмонлар орасида турли мухолиф фирқа ва мазҳаблар ҳам пайдо бўлди. Улар қўзғаган бундай баҳс-мунозаралар аҳли сунна ақидасидаги мусулмонларни ташвишга солар, айримлар эътиқодини заифлаштирар эди. Боз устига юнон фалсафаси фикрлари ҳам мусулмонлар орасида тарқалган бўлиб,бу ҳолат мўъминлар эътиқодини сусайтиришга хизмат қилди.

Ана шундай вазиятда ғоявий курашга чиққан мутакаллимлар мухталиф мазҳабларнинг турли-туман нотўғри ақидаларига, фалсафачиларнинг сафсаталарига жавоб бериш учун ўртага чиқди.

“Бошқа динлар ҳужумидан Ислом ақоиди усулини муҳофаза қилиш натижасида ислом илмларидан бири калом илми пайдо бўлди. Хусусан, насронийлар ўз маслагини юнон мантиғи асосида ҳимоя қилишга ўтиб олган эди” [10:334].

Мана шу тарзда калом илми вужудга келди. Калом илмида асосан ислом илоҳиёти, Аллоҳ таолонинг зоту сифатлари, инсоннинг яратилиши, нубувват, охират, ундаги мукофот ва жазо каби мавзуларда баҳс қилинади.

Калом илми уч босқичда ривожланган. Дастлаб, калом илми муътазилия номи билан маълум бўлган эди. Иккинчи босқичда бу илм ашъария каломи ва мотуридия каломи деган номлар билан кенг ёйилди.

Калом илми ривожланишнинг учинчи босқичида, ўз йўналишини фалсафа билан аралаш тарзда қоришиқ бир илмга айланди. Яъни ўзига тегишли масалаларни муҳокама қилибгина қолмасдан онтология, гносеология илми муаммолари билан ҳам машғул бўлди. Натижада фалсафа фанининг рақибига айланди. Бу йўлни Имом Муҳаммад Ғаззолий бошлаб берган бўлса, кейинчалик Шаҳристоний, Фаридуддин Балхий, Фахруддин Розий, Иззуддин Ийжий ва Имом Тафтазоний каби олимлар унинг йўлини давом эттирди.

Бу учинчи босқичдаги фалсафага қоришган калом илми ўзгалар фалсафасини фош этавериши натижасида ўз мустақиллигини қўлга киритди  ва оқибатда ҳақиқий ислом фалсафаси сифатида танилди.

Калом илми ҳозир ҳам мусулмонлар яшайдиган айрим мамлакатларда эътиборли илмлар қаторида туради. Ўтмишда калом илмида баҳс қилинган мавзулар бугун “эски калом илми” номига муқобил тарзда туғилган “янги калом илми” номидан кўрила бошланди. Бу “янги калом илми”нинг ўз олдига қўйган вазифасини неотомизм оқими мақсадларига ўхшатиш мумкин. Зеро, бу янги калом ҳам худди неотомизм каби дин нуқтаи назаридан дунёга боқиш фалсафасини тарғиб қилади. Ва бу ғояни мустаҳкамлаш учун материализмнинг диалектикасига муқобил равишда “янгича илмий аслаҳалар” билан қуролланиб жангга киришади; илмдаги нодир масалаларга диний таълимот нуқтаи назаридан изоҳ бериб, илм ва дин ўзаро қарама-қарши эмаслигини далиллар билан исботлашга  ҳаракат қилади [9].

Хуллас, “Калом илми” ибораси Ислом ақидасини ўрганувчи илмга берилган кўплаб номлардан бири бўлиб, нақлий ва ақлий далиллар орқали  соф диний эътиқодни ўргатади ва “ақидани ўрганиш”га замонавий илмий тилда “теология”, илоҳиётшунослик ҳам дейилади.

Бугунги кунда аҳли сунна вал жамоа эътиқоди бўйича амал қилувчи мусулмонлар иккита йирик мактаб – ашъарийлар ва мотуридийларга эргашган. Чунки ўз вақтида икки буюк аллома – Имом Мотуридий ва Имом Ашъарий мўминлар ақидасини аҳли бидъат ташвишидан муҳофаза қилган. Уларнинг издошлари бўлмиш қатор олимлар ҳам кейинги асрларда самарали фаолият олиб борган.

Жумладан, Имом Боқиллоний (ваф. 1013), Жувайний (ваф. 1085), Шаҳристоний (ваф. 1153), ар-Розий (ваф. 1209) каби мутакаллимлар ашъарийлик мактабининг йирик намояндалари саналади. Ашъарийлар зоҳиран ўзини муътазилийларга қарши қўйиб, ҳанбалийлар билан муроса қилишга интилган. Шундай бўлса-да, дунёқараши бўйича муътазилийларнинг ақл-идрокка асосланган йўлини давом эттирган.

Калом илмининг иккинчи йирик мактаби – мотуридийлик ҳам мустақил тарзда тараққий этди. Ашъарийлар мактаби асосан шофеъийлар орасида тарқалган бўлса, мотуридийлик ҳанафий мазҳаби тарқалган ҳудудларда кўплаб тарафдорларга эга бўлди. Хусусан, мотуридийлик Мовароуннаҳр мусулмонларининг асосий ақидасига айланди.

XVIII асрдан калом илми Ибн Сино асос солган шарқ фалсафаси билан яқинлаша бошлади. Натижада, Ибн Халдун таъбири билан айтганда, калом ва фалсафани бир-биридан ажратиш мушкул бўлиб қолди. Бу ҳол Байзовий (ваф.1286), Исфаҳоний (ваф.1349), Ийжий (ваф.1355), Тафтазоний (ваф.1390) ва Журжоний (ваф.1413) сингари олимлар ижодида ўз ифодасини топди. Хожа Муҳаммад Порсо ҳам мана шу тарихий даврда яшаб ижод қилган. Унинг илмий меросида, хусусан, калом илмига оид асарларида мотуридийлик анъанаси яққол кўриниб туради.

Калом илмига оид асарлар Хожа Муҳаммад Порсо ижодининг асосий йўналишларидан биридир. Олим аҳли сунна вал жамоа вакили ўлароқ мотуридия ақида мактабини ривожлантириш мақсадида “Фасл ал-хитоб”, “Рисола фил эътиқод вал амал вал ахлоқ”, “Эътиқодот” (“Эътиқод қилинадиган нарсалар бўйича рисола”) [20], “Ҳафтоду се фирқа” (“Етмиш уч фирқа”) [18], “Муқаддима ли жомиъ ул-калим” [14], “Шарҳу “Фусус ал-ҳикам” [19], “Таҳқиқот” [15] каби рисолалар ёзиб қолдирган.

Калом илми ва тасаввуф масалаларига бағишланган асари – “Фаслул хитоб ли-васлил аҳбоб” (“Дўстларга етиш учун аниқ сўз”) унга катта шуҳрат келтирган. Бу китобдан уламолар тасаввуф ва калом илмлари бўйича асосий қўлланма сифатида фойдаланиб келади. Асарнинг турли фондларда сақланадиган қўлёзмалари мавжуд, тошбосмаси ҳам бор[16].

“Фаслул хитоб”да исломда баҳсли ҳисобланган 494 та масалага жавоб берилган. Жумладан, тасаввуф таълимотидаги фалсафий тушунчалар шарҳланган.

Хожа Муҳаммад Порсо “Фаслул хитоб” асарини ёзишда калом ва тасаввуфга оид манбаларни таҳлил қилган ва уларнинг бир қисмини эслатиб ўтади. Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти хазинасида мазкур асарнинг бир нечта қўлёзма нусхалари бор [17].

Порсонинг асосий асарларидан яна бири “Шарҳу “Фусус ал-ҳикам” ҳам форс тилида ёзилган [19]. Асар машҳур мутасаввиф Муҳйиддин ибн Арабийнинг (1165-1240) калом ва тасаввуфнинг назарий масалаларига бағишланган “Фусус ал-ҳикам” номли асари шарҳига бағишланган.

Порсонинг тасаввуфдаги назариялари ҳақида тадқиқот олиб борган Ж.Холмўминов қуйидаги фикрларни баён қилган:

“Хожа Муҳаммад Порсо бутун умр Ибн ал-Арабийнинг садоқатли мухлиси ва издоши, хусусан, ваҳдатул-вужуд фалсафасининг йирик тадқиқотчи – изоҳловчиси бўлган кўринади. Бу ҳақда Мавлоно Жомий ўзининг “Нафаҳотул унс”ида Хожа Муҳаммад Порсонинг ўғли – Хожа Абунаср Порсо зикрида шундай қимматли маълумотни келтиради: “Бир куни у кишининг (Абунаср Порсо – Ж.Х.) мажлиси шарифларида Шайх Муҳйиддин бин Арабий – қаддасаллоҳу таъоло сирраҳу – ва унинг таснифлари ҳақида сўз борарди. Волидларидан (отаси – Хожа Муҳаммад Порсо – Ж.Х.) нақл қилдиларки, у киши шундай деган эканлар: “Фусус” (Ибн Арабийнинг “Фусус ул-ҳикам”и – Ж.Х.) жондир, “Футуҳот” (Ибн Арабийнинг “Футуҳотул Маккия” асари – Ж.Х.) эса дил”. Ва яна айтар эдиларки: “Кимки “Фусус”ни яхши билса, унинг Ҳазрати Рисолат саллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган тобелик даражаси кучли бўлгай. Хожа Муҳаммад Порсо Ибн ал-Арабийнинг “Фусус ул-ҳикам”ини энг содда ва тушунарли тарзда шарҳлаб берган шарҳловчилардан бири саналади. Шунинг ўзи унинг ваҳдатул вужуд фалсафасини нечоғлик чуқур ва теран англай олганини кўрсатади [21:20].

Порсонинг яна бир рисоласи “Ҳафтоду се фирқа”(Етмиш уч фирқа) асарида ҳар бир фирқанинг асосий даъволари қисқача келтирилган. Кейин уларга аҳли суннат вал жамоа олимлари томонидан берилган раддиялар қисқа ва мазмунли қилиб ёзилган. Рисоланинг асл матни ва ўзбек тилидаги таржимаси билан яқинда чоп этилди [3].

Тўғри, асарда номлари келтирилган фирқаларнинг ҳаммаси ҳам машҳур оқимлар эмас. Фикримизча, муаллиф Хожа Муҳаммад Порсо ўзига маълум ва ўз замонасигача чиққан фирқалар рўйхатини, уларнинг бош ғояларини келтирган, холос. Бу ерда тилга олинган фирқалар орасида ислом уммати олимлари томонидан якдил адашган дея эътироф қилинган оқимлар ҳам бор эди. Уларга батафсил изоҳлар бериш, ҳозирги давримизда мавжуд бўлган фирқа ва оқимларнинг ғоялари билан таққослаш, уларнинг фаолиятини таҳлил қилиш эса кейинги тадқиқотлар мавзусидир [2].

Яна бир асари – “Таҳқиқот” бўлиб, унда Хожа Порсо тасаввуф ва каломнинг нозик жиҳатларини баён қилган [15]. Жумладан, тавҳид масаласи, Аллоҳ таолонинг исму сифатлари каби ақоиддаги тамал мавзулардан баҳс қилади. Масалан, Хожа Муҳаммад Порсо маърифатуллоҳ борасидаги қайдлардан кейин, қуйидаги фикрни ўртага ташлайди:

لما عرفنا الله سبحانه بالاجمال انه موصوف بصفات الکمال فقد عرفنا الله سبحانه حق معرفته

“Аллоҳ субҳанаҳу камолот сифатлари билан сифатланишини ижмодан билиб, У зотни танисак, Аллоҳ субҳанаҳуни ҳақиқий маърифат ила таниган бўламиз”[15:3].

Демак, ақида илмида мўмин киши Аллоҳ таолонинг барча сифатларини билмоғи талаб қилинади. Шундагина банда ҳақиқий маърифат соҳиби бўлади ва ўз Яратувчисини танийди. Бу маърифат ҳам икки хил бўлади, деб таъкидлайди Хожа Порсо:

در کتاب کشف المحجوب آورده است که معرفت حق سبحانه عز و جل بر دو گونه است یکی علمی  دوم حالی.

“Кашфул маҳжуб” асарида келтириладики, Ҳақ субҳанаҳу азза ва жалланинг маърифати (у зотни таниш) икки хил бўлади. Бири – илмий, иккинчиси – ҳолий”[15:4].

Хожа Муҳаммад Порсо айрим маълумотларни ўзидан олдин ёзилган манбалардан иқтибос олиб келтирса-да, ўзининг илмий хулосалари билан бойитади:

و معرفت علمی قاعدۀ همۀ خیرات دنیا و اخرتست و مهمترین خیرها مر بنده را اندر همۀ اوقات و احوال شناخت خدای است سبحانه.

“Илм-маърифат дунё ва охиратнинг барча яхшиликлари учун қоидадир. Банда учун энг муҳим яхшилик – барча вақт ва ҳамма ҳолатда Худойи субҳанаҳуни танимоғидир”[15:4].

Хуллас, “Таҳқиқот” асарида Порсо ҳазратлари инсон Аллоҳ  таолони тўғри танимоғи лозимлигини уқтиради ва бу билан у нафақат бу дунёда, балки охиратда ҳам бахту саодатли ҳаёт кечиришини таъкидлайди.

Порсонинг асарлари Марказий Осиё халқлари ижтимоий-фалсафий меросида ўзига муносиб ўринни эгалламоғи лозим. Унинг ақида борасидаги асарлари юртимиз мусулмонлари амал қилиб келган мотуридия йўналишида ёзилган бўлиб, бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Жумладан, Хожа Муҳаммад Порсонинг “Фаслул хитоб”, “Ҳафтоду се фирқа”, “Таҳқиқот” ва ақида мавзусидаги бошқа асарлари бугунги кунда исломни ўз билганича талқин қилаётганлар, ақидапараст ва адашган оқимларга раддия беришда қимматли манба сифатида муҳимдир.

Фойдаланилган адабиётлар:
  1. Григорян С.Н. Из истории философии Средней Азии и Иран VII—XV вв. – М., 1960.
  2. Исмоилов М. Хожа Муҳаммад Порсо “Ҳафтоду се фирқа” рисоласининг исломдаги фирқаларни ўрганишдаги аҳамияти. – Мотуридия журнали, №3. – Б.33-39.
  3. Исмоилов М. Хожа Муҳаммад Порсонинг “Етмиш уч фирқа” асари исломдаги фирқалар тарихини ўрганишга оид манба сифатида. – Т.: Маҳалла ва оила, 2023. – Б. 168.
  4. Калом / Н. Қулматов // Исҳоқ – Кашиш. – Душанбе: СИЭМТ, 2011–2020. – Энциклопедияи Миллии Тоҷик: [тахм. 25 ҷ.] / сармуҳаррир Н.Амиршоҳӣ).
  5. Қаранг: №1449, 1450, 2238, 534.
  6. Оқилов С., Сагдиев Ҳ. ва бошқ. Калом (дарслик). – Т.: “Ўзбекистон халқаро ислом академияси” нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2021. – Б.228.
  7. Осимий М. Пайдоиш ва ташаккули тафаккури фалсафӣ. – Д., 1970.
  8. Петрушевский И. П. Ислам в Иран в VII—XII вв. – Л., 1966.
  9. Сайид Аҳмад Сафоий سیداحمد صفاﺋﯽ. علم کلام. تهران، ١٩٥٤؛ شبلئ نممانی. علم کلام جدید. تهران،١٩٥٤؛ همان. تاریخ علم کلام. تهران،١٩٦٠
  10. Сайид Ҳусайн Наср. Илм ва тамаддун дар ислом. – Теҳрон., 1972. – Б.334.
  11. Таҳқиқот. 3а варақ.
  12. Таҳқиқот. 4а варақ.
  13. Таҳқиқот. Ўша жойда.
  14. Хожа Муҳаммад Порсо. Муқаддима ли-жомиъул калим. – ЎзР ФА ШИ қўлёзмаси, № 3039/III. 3 в.
  15. Хожа Муҳаммад Порсо. Таҳқиқот. – ЎзР ФА ШИ қўлёзмаси, №№1411. – 336 варақ.
  16. Хожа Муҳаммад Порсо. Фасл ул-хитоб. – Тошкент: Ғулом Ҳасан Орифжонов нашриёти (санасиз).
  17. Хожа Муҳаммад Порсо. Фаслул хитоб. – ЎзР ФА ШИ қўлёзмаси, №3133; 11605; 4335; 1450; 5766; 584; 2238; 1449; 11682; 3188; 5547; 5546; 522/VI.
  18. Хожа Муҳаммад Порсо. Ҳафтоду се фирқа. – ЎзР ФА ШИ қўлёзмаси, № 10870/III. – 21 в.
  19. Хожа Муҳаммад Порсо. Шарҳи “Фусус ул-ҳикам”. – Шарҳу фусус ал-ҳикам. – Истанбул, Сулаймония кутубхонаси, №01366–002, Шаҳид Али Пошо бўлими.
  20. Хожа Муҳаммад Порсо. Эътиқодот. – Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар хазинаси (Бундан кейин – ЎзР ФА ШИ қўлёзмаси), №3844/ III. – 22 в.
  21. Холмўминов Ж. Хожа Муҳаммад Пopco Бухорий. Ҳаёти ва фалсафий-ирфоний мероси. – Т.: Тафаккур томчилари, 2020. – Б. 20.
МАСЪУДХОН ИСМОИЛОВ,
ЎзХИА доценти

Check Also

ҲАКИМ ТЕРМИЗИЙНИНГ ҲАДИС ИЛМИДА ТУТГАН ЎРНИ ВА БУ СОҲАГА ОИД АСАРЛАРИ ТАҲЛИЛИ

Ўрта асрларда илм-фан ва ислом маданияти ривожида Мовароуннаҳр ва Хуросондан етишиб чиққан уламолар илмий мероси …