Home / МАҚОЛАЛАР / “ҚАРО КЎЗ” ВАСФИ

“ҚАРО КЎЗ” ВАСФИ

Низомиддин Мир Алишер Навоий (раҳимаҳуллоҳ) бутун илмий ва бадиий ижодида, давлат арбоби сифатидаги сиёсий-ижтимоий фаолиятида ислом сарчашмалари бўлмиш Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардаги умумбашарий, илғор ғоя­ларга таянди, тасаввуф назарияси, унинг илмий-ғоявий асоси бўлмиш вужудиюн таълимотини чуқур ўрганди ва тарғиб этди. У ўз давридаги энг илғор маданий-маърифий ҳамда бадиий тафаккур ютуқларини асарларида бой фалсафий мазмун ва гўзал бадиий нафосат уйғунлигида ўқувчисига тақдим этди. Унинг бадиий тафаккури тараққиёти ислом маънавиятини кенг идрок қилиш ва уни ўз ижодий ва ижтимоий фаолиятида тарғиб этиш ғоялари билан бевосита боғлиқдир.

Мўътабар исломий манбалар бўлмиш Қуръони карим ва Ҳазрати пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳадисларида ифодаланган фикрлар Алишер Навоийнинг бадиий асарларида гўзал ташбеҳлар, бетакрор лавҳалар воситасида акс этади. Улуғ шоир ўзининг муқаддас туйғуларини ҳам ўқувчисига баъзан ошкора, баъзан хуфиёна рамзий маънолар, тимсоллар воситасида баён этган. 

Бугунги кунга қадар Навоий лирик меросининг мукаммал нашрлари амалга оширилди, бунинг асосида шоир биографияси, дунёқараши, ижодий методи, адабий-танқидий қарашлари, санъаткорлиги масалаларига доир фактлар тўпланди ва таҳлил этилди, шоир ижод этган тарихий шароит ва унинг буюк мутафаккир турли соҳалардаги фаолиятига таъсири масалалари ўрганилди. Навоий ғазалиёти ва поэтикасини назарий жиҳатдан жанр поэтикаси хусусиятлари нуқтаи назаридан изчил текшириш, ундаги образлар тизимининг эстетик асосларини аниқлаш соҳасидаги тадқиқотлар эса икки-уч махсус илмий асар доираси билан чегараланади. Бироқ ҳозирги адабиётшунослик талабларини бу ҳол албатта қониқтирмайди. Навоийшуносликнинг улуғ шоир ғазалиёти маърифий мазмуни, ундаги ирфоний ғоялар таҳлили ва талқинлари соҳасида янги илмий-услубий асослардаги тадқиқотлар яратилиши лозимлиги масаласи бугунги кунда долзарб бўлиб қолмоқда.

Алишер Навоийнинг “Қаро кўзум …” деб бошланувчи ғазали ғоявий-маърифий маъно-мазмун нуқтаи назаридан шарҳ ва талқин, қиёсий-тарихий таҳлиллар, биографик (ҳасбу ҳол) усуллари воситасида ўрганилган. Ушбу мақолада айнан шу услубий асосларда ғазал таҳлил этилиб, ўқувчи эътиборига янги фикр-мулоҳазалар ҳавола қилинади.

“Қилғил” радифли ушбу ғазал бундан ярим асрлардан кўпроқ вақт муқаддам ўзбек адабиётшунос олимлари талқин ва мубоҳасалари мавзусига айланиб, ҳаттоки “Навоийнинг “Қаро кўзум”и ким эди?” номли бир мужалладнинг дунёга келишига ҳам сабаб бўлган. Зукко навоийшунос олимларимиз ғазал мазмуни ва рамзий маънолари ҳақида ниҳоятда нуктадонлик билан фикр билдирар экан, улуғ шоир васф этган мамдуҳни гоҳ дунё гўзали – маҳбуба, гоҳ – яқин дўст, ёр, гоҳ – шоирнинг асранди ўғли, гоҳ – Оламлар парвардигори Ҳақ таолонинг ҳамди, дея таърифлаган. Ватанимизда ёт эл ва ёт мафкура ҳукмронлик қилган бир даврда зукко олимларимиз ўзлари билган ҳақиқатни ҳам айта олмаган. Чунки бу мафкуранинг асосий талабларидан бири – миллат руҳини кўтарадиган, миллий ғурур пайдо бўлишига восита бўладиган тарихий ҳодиса ва шахслар ҳақида сўз юритишни ман этиш эди. Башарият миллий ифтихори бўлмиш ягона комил инсон – севимли пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ана шундай “сўз очишдан эҳтиёт бўлмоқ лозим” бўлган шахсиятлар сафининг энг бошида турар эдилар. Бу ҳам Ҳақ таолонинг биз билмаган ҳикматларидан бири бўлгандир балки?! Чунки ноёб гавҳар хазиналар тўрида яшириб қўйилади. Ҳақ таоло ўзининг муҳаббат билан яратган бебаҳо гавҳарини бандалари қалби тўрида макон тутиб туришини ният қилгандир. Шундай бўлган ҳам. Аммо инсонда шундай бир хусусият бор эканки, қалбида жўш урган ҳиссиёт тоғлар қаърини ёриб чиққан булоқ сингари эртами-кечми унинг тилига ҳам кўчар экан. Навоий ҳазратларининг қуйидаги ғазаллари шундай фикр уйғонишига сабаб бўлади. Ғазал – наът ва илтижо мазмунидадир: 

Қаро кўзум, келу, мардумлиғ эмди фан қилғил,

Кўзум қаросида мардум киби ватан қилғил.

Ҳазрат қалблари маҳбубига мурожаат этиш учун, аввало, сўз, ибора ёхуд ташбеҳ излайдилар. Инсон танасининг энг зарур ва азиз бўлган аъзоси кўз неъмати экан, улуғ шоир севимли маҳбубнинг кўзларини тасаввур этадилар. Исломий манбаларни мукаммал билган Ҳазрат Навоий Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўзлари тим қора эканлигини таъкид этароқ, бевосита ийҳом санъати билан – ҳам севимли Пайғамбаримиз алайҳиссаломга хаёлан мурожаат этадилар, ҳам ул зоти бобаракотни ўзларининг кўзлари ўрнида тасаввур қилиб, улуғлайдилар: “Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг кўзлари қораси тим қора эди”. [5/1:304]

Мардумак – кўзнинг гавҳари. Маълумки, кўз қабул қилган тасвирлар ана шу мардумакда, гавҳаракда акс этиб туради. Фан – касб, ҳунар маъносини англатади. Улуғ шоир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга илтижо билан: “Эй қаро кўзли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, кўзларимдек азизим, Сизни тушларимда кўрай, кўзларим мардуми ичида доимо сиймонгиз акс этиб турсин, менинг кўзларим мардуми бўлишингиз бир ҳунардек такрор-такрор бўлсин. Ватан – тарк этиб бўлмайдиган маскан, Кўзим мардумини фақатгина Сизнинг аксингиз эгалласин, ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, бу ватанга бошқа ҳеч ким кирмасин”, демоқдалар.

“Низомиддин” – давлатда дин қонунларининг бузилмаслигини назорат қилиб турувчи шахс рутбасида бўлган вазири аъзам Навоий ҳазратлари сарвари коинот, фахрул-оламийн соллаллоҳу алайҳи васалламни тушда кўриш қанчалар катта бахт-саодат эканини билган, комил гўзалликни, мукаммал ахлоқ тасвирини қалбида муҳрлаб, тушларида аён-равшан кўришни орзу қилган.

Юзунг гулиға кўнгул равзасин яса гулшан,

Қадинг ниҳолиға жон гулшанин чаман қилғил.

“Гулдек гўзал юзларингиз ташрифи билан менинг кўнглим боғчасини гулшан қилинг, ниҳол каби қаддингиз жоним гулшанини чамандек яшнатиб юборсин”.

Такаварингға бағир қонидин ҳино боғла,

Итингға ғамзада жон риштасин расан қилғил.

“Меърож кечаси осмонларга кўтарилар экансиз, такаварингиз – Буроқнинг – фаришта бўлса-да, туёқларига менинг жигарим қонини эзиб, хино қилиб боғланг, чунки Сиз соллаллоҳу алайҳи васаллам энг улуғ бир сайрга, сайилга чиқдингиз. Сайил – байрам кечаси, одатга кўра, қўлларга, оёқларга хино боғланиб, безанилади”.

Севимли Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳаётлари тарихини диққат билан ўрганган улуғ шоир отдан сўнг ит ҳақида сўзлаш билан бир воқеа тафсилотига ишора этади. Саҳиҳи Муслимда келган 2104 – ҳадисда Оиша онамиз (р.а.) шундай ривоят қиладилар: Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Жаброил алайҳиссалом қайси вақтда ҳузурларига келишини айтиб ваъда берди. Аммо ўша вақтда келмади. Жаброил алайҳиссалом келганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўлларида бир таёқ бор эди, ўша таёқни ташладилар-да:“Аллоҳ ҳам, унинг элчилари ҳам ваъдасига хилоф қилмайди-ку”, дедилар. Жаброил алайҳиссалом: “Мен ўша куни келдим, аммо Сизнинг уйингизда ит бор эди, биз фаришталар ит бор уйга кирмаймиз”, дейдилар. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша куни бир “сарир” – чорпоя сўриларида ётганларида, сўрининг тагига бир кучукча кириб қолади. Шуни кўриб, уйга фаришта кирмайди.  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билиб қолиб, итни чиқариб юборадилар, шундан сўнг Жаброил алайҳиссалом Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келади. Улуғ шоир илтижоларида: “Менинг ғам чекавериб зада бўлиб кетган ипдек жонимни ўша кучукчанинг бўйнига боғлаб, чиқариб юборинг, шўхлик қилмасин”, демоқда.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларида ит билан боғлиқ бошқа бир воқеа бўлгани ҳақида ҳам хабар берилади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу  ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам очиқ жойда намоз ўқиётганларида олдиларидан бир ит ўтиб кетади. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам намозни қайта ўқимайдилар. Шу муносабат билан намоз ўқиётган одамнинг олдидан ит ўтса, намоз бузилмайди, қайта ўқилмайди, деган ҳукм қолади. Навоий ҳазратлари шу воқеага ишора қилиб: “Намоз – мўминнинг меърожидир. Севимли Пайғамбаримиз алайҳиссалом Яратган Парвардигор билан сўзлашиб турган пайтларида мабодо ит яқинлашса, дарҳол тутиб, унинг бўйнига менинг ғамлар чекавериб ипдек бўлиб қолган жонимни боғланг, токи севимли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам озор чекмасинлар”, демоқчи бўлгандир, каби мулоҳаза уйғонади.

Навоий ҳазратларининг:

Эй, нубувват хайлиға хотам бани одам аро,

Гар алар хотам, Сен ул отким, бўлур хотам аро …

деб бошланувчи наътлари мақтаъсида ҳам ит тимсоли бор. Мақтаъ:

Итларинг махсусу маҳзундур Навоий, кошки,

Бўлса бу маҳрум ҳам ул зумраи маҳрам аро.

Улуғ шоир бир марта бўлса ҳам Равзаи муборакка боришни, севимли Пайғамбаримиз алайҳиссаломни уйларига адашиб кириб қолган ўша кучукча қаторида, бир неча дақиқага бўлса ҳам атрофларида бўлишни орзу қилиб, бу сатрларни ёзган. Яна бир ғазалнинг мақтаъсида шундай руҳдаги илтижо бор:

Итингдур шоҳлар, йўқтур Навоий итча оллингда,

Алар иттин кўпу бу – ит аёғи туфроғидин кам.

Яъни дунё подшоҳлари гўёки Сенинг итларинг кабидирлар, чунки Сен дунёни хор тутгансан, ундаги шоҳларни азиз тутармидинг?! Навоий эса назарингда итча ҳам эмас. “Дунё” истаган шоҳлар итдан ҳам кўп, Навоий эса ўша итлар оёғининг тупроғидан ҳам кам.

Фироқ тоғида топилса туфрағим, эй чарх,

Хамир этиб, яна ул тоғда кўҳкан қилғил.

“Сизни соғинаман, фироқингизни торта-торта тупроқдек совурилиб кетдим. Мабодо, шу тупроғимдан бир зарра топилса, эй Чарх, ундан бир вужуд ясаб, ўша фироқ тоғида мени Фарҳоддек тоғ қазувчи қилгин”. Кўҳкан – “Фарҳод ва Ширин” достонидаги Фарҳоднинг лақаби:

Демаким, теша бирла кўҳкан ул,

Ки зарби даст бирла хорошикан ул”.[2:160] 

Юзунг висолиға етсун десанг кўнгулларни,

Сочингни боштин-аёғ чин ила шикан қилғил.

“Тушларда азиз юзингизни кўриш, Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам осон, оддий бир иш эмас. Шундай орзуда бўлган умматларингизга, ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, бу йўлнинг сочларингиздек ўрам-ўрам, жингалакдек тўлқин-тўлқин эканини эслатинг”. “Саҳиҳи Муслим”да 2338-ўринда келган ҳадисда шундай дейилган: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сочлари жингалак ҳам эмас, текис-силлиқ ҳам эмас эди (яъни, сал-сал тўлқинли бўлган). Сунани Абу Довуд”да 4191-ўринда келган ҳадиси шарифда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сочлари гоҳида елкаларигача, гоҳида қулоқларигача тушиб турарди. Сочларини ўрам қилиб олганлари ҳам ворид бўлган: Умму Ҳони ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккага келганларида сочларида тўртта ўрам бор эди”.

Хазон сипоҳиға, эй боғбон, эмас мониъ,

Бу боғ томида гар игнадин тикан қилғил.

Ҳазрат дил дардларини баён этиб бўлгач, энди дунёдаги дўстлари – рафиқларига мурожаат этмоқда: куз келиши билан дарахтлардан бостириб тушаётган хазонни, эй боғбон, боғинг томида игналарни тикандек қадаб қўйсанг ҳам тўхтата олмайсан. Қонуниятни буза олмайсан. Худди шунингдек, менинг умрим ҳам куз фаслига етди, ҳаётим боғи энди гулга эмас, хазонга тўлмоқда. Бу хазонрезликни ким тўхтата олади – ҳеч ким!

Юзида терни кўруб ўлсам, эй рафиқ, мени,

Гулоб ила юву гул баргидин кафан қилғил.

Навоий ғазалларида мақтаъдан олдинги байт асарнинг ғоявий мазмунини англатиб, алоҳида эътиборни талаб қилади. Бу байтда улуғ шоир умри ниҳоясига етаётганини дўстига арз этиб, “Тушимда севимли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзларидаги тер томчисини кўриб, бахт ва сурурдан жон таслим этсам, мени гул ҳидлари уфуриб турувчи терни кўрган энг бахтиёр бир кимса сифатида, гул суви билан ювиб, кафанимни ҳам гул баргидан қилинг. Чунки мен тушимда бўлса ҳам, севимли Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам терларидан келган гул ҳидидан баҳраманд бўлиб, шарафланиб қолдим”, дея орзу қилмоқда.

Навоий анжумани ишқ шавқи жон аро тузсанг,

Анинг бошоғлиқ ўқин шамъи анжуман қилғил.

Мақтаъ – бу арзи ҳол, асосий мақсад ифодаси. Улуғ Ҳазрат: “Шундай гўзал орзулар билан менинг жоним Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган ишқдан завқу шавққа тўлмоқда. Эй Навоий, агар шу шавқли ҳолингда ўзинг каби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ошиқларни йиғиб, бир давра, анжуман тузсанг, шу анжуман тузилган хонани ёритиш учун Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг камонлари ўқини шамъ қилғил! Ҳеч бўлмаганда, севимли Ҳабибуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг камонлари ўқи ул зоти бобаракот илтифотларига интизор ошиқлари даврасига учиб келиб тушсин!”. Муҳтарам жанобимиз – Ҳазрати севимли Пайғамбаримиз Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг 6 та камонлари бўлганлиги ҳақида ривоят етиб келган. Унга кўра, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завро, равҳо, сафро, байзо, катун, садот номли “қавс”лари – камонлари бўлган [1:124].

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламни тушда кўришнинг фазилати ҳақида Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” асарида Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ким мени тушида кўрса, албатта (қиёматда) ўнгида ҳам кўради. Шайтон менинг кўринишимга кириб ололмайди”, дедилар. Имом Муслим ҳам шу ровийдан ҳадис келтиради: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматимнинг менга энг қаттиқ муҳаббатлиси мендан кейин келадиган, аҳлини ва молини тикиб бўлса ҳам мени кўришни истаган инсонлардир”, дедилар.

Навоий ҳазратлари бир байтларида:

Мажоздин манга мақсуд эрур ҳақиқий ишқ,

Нединки, аҳли ҳақиқатқа бу тариқат эрур,

дер экан “ҳаётим мазмунини, қалбимдан кечган туйғуларимни бир мажозий тимсол воситаси билан ифода этаман, менинг девонимда ишқ-муҳаббат мавзусини кўрсангиз, билингки, бу ишқ – оламларни яратган Ҳақ таолога бўлган муҳаббатимдир, бундан ўзга эмас! Чунки мен “аҳли ҳақиқат” – маърифат талабидагиларга эргашганман, уларнинг йўллари, усуллари, амаллари ва ҳоллари шундайдир” каби хулосалари билан ўз ижодиётининг моҳиятини тушунтириб беради.  

“Қаро кўзум …” ғазалини ўқиб, ўрганиб чиқдик. Шунчалик туйғун бир муҳаббат ифодасини дунёдаги бир оддий маҳбуба шаъни ёки шарафига бағишлаш мумкинми?!  Ғазал – наът, деган муқим бир фикрда тўхталдик.

Бу – илми ноқис бир тадқиқотчининг улуғ шоирнинг гўзал бир ғазали мазмуни ҳақидаги фикр-мулоҳазалари. Бу мулоҳазалар улуғ Ҳазратни англаш йўлида унинг оламшумул ижодиётига нисбатан пайдо бўлган чексиз муҳаббат, миннатдорлик, мамнуният ва ифтихордан юзага келгандир.

Ҳақ таоло Мир Алишер Навоийни азиз қилмаганида ва ўзига дўст тутмаганида унинг номини асрлар давомида шарафлаб, ижодий меросини баракотли қилиб, турли миллат ва элатларни ундан баҳраманд этиб қўймас эди, деб ўйлаймиз.

Севимли Пайғамбаримиз Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам сийратлари ва буюмлари ҳақидаги ҳадиси шарифларни Самарқанд давлат чет тиллар институти яқин шарқ тиллари кафедраси магистранти Абдулбосит Абдулвоҳид тўплади.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Абдулазиз ибн Жамоа. Мухтасарул-кабир фий сиратир Росул. Уммон: Дорул Башир. 1993.
  2. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий. Ал-жомеъ ас-Саҳиҳ. 4 томлик. – Т.: Қомуслар, 1992-1997.
  3. Абу Исо Муҳаммад Термизий. Сунани Термизий таржимаси. 1-ж. – Т.: Шарқ, 2012.
  4. Алишер Навоий асарлари тилининг изоҳли луғати. IV томлик. Т.2. – Т.: Ўз ФА, 1983.
  5. Қози Иёз. Шифо битаърифи ҳуқуқил Мустафо. – Уммон: Дорул Файҳо, 1986.

 

ДИЛОРОМ САЛОҲИЙ,
филология фанлари доктори, профессор

Check Also

«ЖОНЛИ» ва «ЖОНСИЗ» тарбия

«Агар огоҳсан сен – шоҳсан сен. Агар шоҳсан сен – огоҳсан сен» «Авлиёларнинг авлиёси», «мутафаккирларнинг …