Home / МАҚОЛАЛАР / БЕҲБУДИЙ ВА УНИНГ ДАВЛАТЧИЛИК ҒОЯСИ

БЕҲБУДИЙ ВА УНИНГ ДАВЛАТЧИЛИК ҒОЯСИ

Маҳмудхўжа Беҳбудий XX аср бўсағасида Туркистондаги ижтимоий-сиёсий ҳаракатнинг энг йирик намояндаси, янги давр ўзбек маданияти асосчисидир. Туркистон жадидлари пешвоси, мустақил республика ғояси ташаббускорларидан бири, янги мактаб назариётчиси ва амалиётчиси, ўзбек драматургиясини бошлаб берган биринчи драматург, театрга асос солган шахс, ношир ва журналист. У тарихимизнинг ғоят оғир ва мураккаб даврида яшади.

Марказий Осиёда XVI асрдан бошланган ижтимоий инқироз ва давлат бошқарувидаги турғунлик миллат ва халқни ҳолдан тойдирди. Бундай имкониятдан фойдаланган Россия империяси ўлкани истило қилди. Мустамлакачилар зўр бериб, бу ҳудудни турғун ҳолатда сақлашга уринди. Мана шундай шароитда Ватанни бутунлай йўқ бўлиш хавфидан сақлаб қолиш, ёшларни эрк, озодлик ва мустақиллик руҳида тарбиялаш Беҳбудий каби фидойи зиёлилар зиммасига тушди.

Ушбу мақолада миллий менталитетимизга хос миллий давлатчилик бошқарувининг шаклланиши ва такомиллашиб боришини Беҳбудий асарлари орқали асослашга ҳаракат қилдик. Беҳбудийнинг давлат, давлат бошқаруви, Туркистон мухторияти ҳақидаги фикр, мулоҳаза ва лойиҳаларини ахлоқ фалсафаси нуқтаи назаридан ўрганиш муҳим аҳамиятга эга. Маърифатпарварнинг Ватан келажаги ҳақидаги орзу ва дунёқараши бугунги кунда маънавият соҳасида давлатимиз юритаётган сиёсат билан ҳамоҳангдир.

Беҳбудийнинг ижтимоий-сиёсий ва ахлоқий қарашлари шаклланишида саёҳат, юрт кезиш, дунё илми ва тажрибасини ўрганиш айниқса катта роль ўйнаган. У қаерга бормасин, ўша ердаги идора усули ва жамиятнинг демократик жараёнлари билан қизиқди. Беҳбудий асос солган “Ойна” журналининг 1914-1915 йиллардаги бир қанча сонида босилган “Саёҳат хотиралари” адиб дунёқараши тўғрисида муайян тасаввур ҳосил қилишга имкон беради. Бу борада немис олимаси Ингебор Балдауф фикрига қўшилиш мумкин. У ҳам ушбу масала ҳақида сўз юритиб, агар “Ойна” Париждан Японияга қадар дунёни Ўрта Осиё буржуазиясига кўрсатган бўлса, “Саёҳат хотиралари” Туркистон қаршисидаги мусулмон Шарқини кашф этиб берди”, деб ёзган [1:3]. Шубҳасиз, Беҳбудий ўз халқи келажагини фақат маърифат билангина боғламаган. Аллома ўз халқининг келажаги қандай кечиши лозимлиги масаласи билан ҳам қизиққан. Шунинг учун бошқа давлатлар сиёсий тузумини ўрганган ва уларнинг қай биридан андоза олиш мумкинлиги тўғрисида бош қотирган. У ўз халқи тараққиётини нафақат маърифати, бал¬ки сиёсий мақомининг ўзгаришида, мустақиллигини қўлга киритишда, деб билган.

Мустақилликка эришиш йўлидаги энг муҳим қадамлардан бири, Беҳбудий назарида, ёшлар ва кекса авлод вакиллари бирлашувидир. У ёш авлод ўзидаги шошқалоқлик иллатидан қутулиб, масалани ҳал қилишда илмий асосга суянган ҳолда иш кўриши ва мустаҳкам ирода намоён этиши лозимлигини таъкидлаган. Беҳбудийнинг “Китоби мунтахаби жуғрофияи умумий” (“Умумий жуғрофиядан сайланма китоб”) асарининг маълум қисми инсоннинг маиший ҳаёти, ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий масалаларга бағишланган. “Ҳукумат ва ҳукмронлар” фаслида қуйидаги фикрни билдиради: “Ер юзидаги бадавий (маданиятдан узоқроқ) ва маданий халқларни ҳукмдор ва сардорлари бўладурки, (уларни) бек, амир, шоҳ ва бошқа исм ва луғатлар ила атайдурлар. Ҳар бир тилда ҳукумдорларни(нг) луғати бошқадур. Оврупо халқи императўр, қирол, дўқа, принс, президент, кназ, тсар (царь) ва бошқа луғатлар ила аталган ҳар бир ҳукумдорни мартаба ва ҳукумати бошқа навъдур” [2:4].

Беҳбудий замонасидаги мавжуд идора усулларини уч гуруҳга бўлади:

  1. Идораи мустақалла (давлат бошқарувининг монархия кўриниши);
  2. Идораи машрута (конституциявий парламент ҳокимияти);
  3. Идораи жумҳурият (республика).

Беҳбудий бу идора усулларини шундай изоҳлаган:

  1. “Ани устидан қарагувчи подшоҳ соҳиби ихтиёр ва ҳар бир ройи ва амри закун ва низом бўладур. Амри, ҳукми маслаҳатхона¬ларни иттифоқи, хоҳиши, ҳукму ўшал императорни мустаҳкам қилиш имзосиға мавкуфдур. Шундай императорларни янгидан мансуб бўли¬ши ҳар бир давлат ва ҳукуматда муқаррарий қонун ва одатлар бўйча мерос ёинки валиаҳдлик қоидалари ва ўшал ҳукуматни қўйган “тартиб ва тадбирға мувофиқ бўладур” [2:5]. Демак, ХХ аср бошидаги Европа давлатларида мавжуд уч сиёсий тузумдан бири монархия бўлиб, унда салтанат эгасининг қарашлари устувор аҳамиятга эга бўлган.
  2. Идораи машрута – “… бу ҳукуматға тобеъ одамлар аксар аҳли илм ва ҳунардурлар. Элу уруғлари илм, ҳунар ва дунё ишлариға тараққий қилгандурки, шу тариқа фуқаролар ўз ароларидан инсонлик, илм ва дунёдан хабарлик одамларни ўзлариға катта ва бошқарғувчи вакил сайлайдурлар ва шул тариқа сайланган вакилларни подшоҳ жамлаб, муқаррарий маҳкамаларга мамлакатдорлик ишлариға аралашиб, машварат ила тузатилмоқ ва муҳофазат қилинмоқиға кўз бўлмоқлари учун қарор берадурки, аларни(нг) мажлис ва маҳкамалари “Миллат мажлиси”, “маслаҳатхона”, “парламенту”, “Эл мажлиси” деган исмлар ила ёд қилинадур. Яна баъзи маслаҳатхоналар борки, маслаҳатбошиларни ҳукумдор(подшоҳ)ларнинг ўзи тайин қиладур. Ушбу миллат мажлисини(нг) чилон (аъзо)лари машварат ила мамлакатдорлик ишлариға аралашадур. Подшоҳ бу мажлис амриға тобеъдур. Мажлис маъбусон (депутатлар)ни(нг) ройи бўлмагунча катта ишларни бошланмоқиға амр ва ҳукум қилолмайдур. Хулоса, император соҳиб ихтиёр бўлмай, дурустроқ ишларға қонун ва низомларни чиқарилмоқиға бутун эл мажлисиға тобеъ бўлиб турадур”[3:42]. Беҳбудий таснифидаги иккинчи давлат тузуми парламентар республикадир. Давлат қурилишининг бу турида салтанат эгаси парламент ё “миллат мажлиси” раъйига қарайди ва унинг қонунларига бўйсунади.
  3. “Идораи жумҳурият” аксар фуқароси аҳли илм бўлиб, бу аҳли дониш аҳолини сайлаган вакиллари, яъни ҳукуматға етти йилғача ўз мамлакат ва ҳукуматларини бошқармоғи учун ўз ораларидан бир нафар донишманд одамни бошлиқ сайлайдурларки, “раиси жумҳурият”, “садрнишини миллат”, “президент” аталадур. Бу раис гўё бир оризий (вақтинча), омонат подшоҳдир. Ҳар бир ҳукм ва амру тартибни, мамлакат ва кўйга тааллуқ ишни, Миллат мажлисини(нг) қилиб берган дастурламал, яъни қонун ва низом номалариға мувофиқ қилиб, бутун элға тобеъ, аларни(нг) ҳукму талабларини ўрниға келтирувчи¬дур. Бу икки тоифани(нг) подшоҳи баъзи мамлакатдорлик мутасаддиларини тафтиш қилмоқға, терғовға бермоқға, ҳатто, ўшал соатда бирдан бекор қилдурмоқға баъзи Миллат мажлисларини(нг) ихтиёри бордур. Ҳозирги Оврупо ҳукуматларини(нг) рафтори, одати шу уч усулни(нг) бирига дохил, тобеъ ва мувофиқдур. Бу икки тоифани подшоҳи баъзи мамлакатга “Элга тобе бўлуб турарман”, деб қасам ичиб, баъд мансабға чиқадур. Мустақил ҳукумдорларни(нг) қўл остида ҳам мажлислар ва машварат маҳкамалари бордур. Илмсиз ҳукуматлардек неча милйўн халқни(нг) маишати, рафтори, ихтиёри бир нафар одам (подшо)ни(нг) ихтиёр ё ройи ва ҳукмиға йўқдур. Бир нафарни(нг) ақли, фикри ила ўн нафар аросида на қадар фарқ бордур? Ушбу сабаблардандурки, озгина Оврупо халқи бутун курраи арзга ҳоким ва мутасарриф (эга)дурлар. Сабаб: ҳукумат, илм ва дароят, қонун, мусовот (тенглик), машварат (маслаҳат) ва тадбирдур” [4:146].

Жадидлар тарихий-маданий анъана орқали мустақилликка эришиш ва “мажлиси уламо” (яъни, парламентаризм)ни шакллантириш тарафдори эди. Жадидлар сиёсий оқим сифатида пайдо бўлган. Тўғри, жадидлар ҳам “қадимийлар” ва “замонавийлар”, яъни консерваторлар ва либерал демократик ғоя тарафдорларига бўлинган. Шарқшунос олим Закий Валидий эсдалигидан бу ёндашувлар ўртасидаги фарқни англаш мумкин. У “Бугунги турк эли (Туркистон) ва яқин тарихи” асарида 1917 йил апрель ойида ўтказилган “Туркистон мусулмонларининг биринчи конгресси” ҳақида бундай ёзади: “Конгрессда зиёлиларнинг бир қисми (билқисса Чўқаев ва Шоҳинахмедов), Қозондан келган вакиллар (Оренбургда чиқаётган “Вақит” газетаси муҳаррири Кобир Бекир ва ҳукумат аъзоси сифатида Тошкентга келган Садри Мақсудийларнинг) таъсири остида Туркистоннинг бошқарув усули масаласида федерацион қурилиш фикрига мухолиф бўлдилар. Мунавварқори ва унинг айрим дўстлари ҳам тараддудда қолдилар. Фақат Маҳмудхўжа Беҳбудий билан мен автономия ва федерация фикрини ёқлаб, охиригача бу ишончимизда мустақил турдик” [5:357].

Европа мамлакатларидаги давлат бошқарув тузумини Беҳбудий уч гуруҳга ажратади. Бу давлат тузумлари ўртасидаги фарқни ҳам шу давлатлар тасарруфидаги халқнинг илмли ёки илмсизлиги, маърифатли ёки маърифатсизлиги билан боғлайди. Халқ қандай маданият ва маърифат босқичига кўтарилган бўлса, уни идора этаётган сиёсий тузум ҳам шу халқ даражасини акс эттириши мумкинлигига эътиборни қаратади. Хулоса қилганда, Беҳбудий ўзи яшаган даврдаги Туркистонда ҳукмронлигини ўрнатган рус чоризми ва муваққат ҳукуматнинг мустамлакачилик сиё¬сатини фош қилади ва ўша даврдаги қонунларни танқид қилади. Ўзининг китоб ва мақолаларида Туркистоннинг сиёсий ва ижтимоий аҳволига эътиборни қаратади. Озодлик ва мустақилликка халқнинг ижтимоий ва сиёсий онгини ошириш орқали эришиш мумкин эканини таъкидлайди.

Беҳбудий ХХ аср бошларида Европа давлатларида мавжуд бўлган уч сиёсий тузумни чуқур ўрганган, унинг ижобий ва салбий томонларини кўрсатиб берган. Керак бўлса, улардан андоза олиш лозимлигини таъкидлаган. Беҳбудий дунёқараши шарқ таълимотларига мос келадиган, аммо Европа сиёсий қарашларининг ижобий жиҳатларини қамраган ҳолда шаклланди.

Жадидлар Туркистонда республика ваколатига кирадиган масалалар бўйича қонунларни нашр этиш, ҳокимият, бошқарув ва суднинг олий органларини ташкил қилиш, давлат тузилмаларини яратиш ва ҳоказоларга жиддий эътибор билан қараган. Шу тариқа демократик жамиятни шакллантириш устувор мақсад қилиб қўйилган. Унда демократик ҳуқуқ ва эркинликлар берилиши, шунингдек, конституциявий кафолатланиши масалалари кўзда тутилган. Бу борада Беҳбудийнинг “Туркистон маданий мухторияти лойиҳаси” [4:146] дастури бевосита жадидларнинг Туркистонда демократик давлат қуришнинг назарий асосларини яратишга интилиши деб қараш мумкин.

Маҳмудхўжа Беҳбудий миллий тил масаласига катта эътибор қаратди. Унинг биргина “Ойна” журнали маърифат ва маданият тарқатишга жуда катта хизмат қилди. Унда миллат ва унинг ҳақ-ҳуқуқи, тарихи, тили, адабиёти масалалари ва дунёдаги вазиятга доир қизиқарли мақолалар бериб борилган. Айниқса тил масалалари муҳаррирнинг ҳамиша диққат марказида турган. Беҳбудий миллатнинг тараққиёти учун бир неча тил билишни шарт деб ҳисоблаган. Масалан у журналнинг 1913 йил августдаги биринчи – нишона сонидаёқ “Икки эмас, тўрт тил лозим” деган мақола билан чиққан эди.

Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг илмий, ижодий, педагогик фаолияти ва мероси алоҳида аҳамиятга молик. ХХ аср ўзбек адабиёти ва санъатида, ижтимоий-сиёсий жараёнларида фаол иштирок этган, миллат маърифати, озодлиги, ҳурлиги йўлида мардонавор курашган улуғ аллома фаолияти авлодлар учун ибрат мактабидир.

Фойдаланилган адабиётлар:
  1. Балдауф Ингеборг. Маҳмудхўжа Беҳбудий Фаластинда // Ўзбекистон адабиёти ва санъати. 1993 йил 21 май.
  2. Беҳбудий М. Бизга ислоҳ керак. // Нажот. 1917 йил 7 ноябрь (17 апрель). 18-сон.
  3. Беҳбудий М. Китоби мунтахаби жуғрофияи умумий. Сочинитель издатель Самаркандец. 1905. – С.42.
  4. Беҳбудий М. Туркистон маданий мухторияти лойиҳаси // Жаҳон адабиёти. – Тошкент: 2009. – Б.146.
  5. Тўғон З.В. Бугунги турк эли (Туркистон) ва яқин тарихи. – Истанбул, 1981. – Б.357.
  6. Алимардонов Т. Сиёсат ва ахлоқ мувозанати. – Т.: Янги аср авлоди, 2011. – Б.175.
ЖАМШИД ШОНАЗАРОВ
ҚаршиДУ Педагогика институти доценти

Check Also

ҲАКИМ ТЕРМИЗИЙНИНГ ҲАДИС ИЛМИДА ТУТГАН ЎРНИ ВА БУ СОҲАГА ОИД АСАРЛАРИ ТАҲЛИЛИ

Ўрта асрларда илм-фан ва ислом маданияти ривожида Мовароуннаҳр ва Хуросондан етишиб чиққан уламолар илмий мероси …