Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Ўзбекистон делегацияси Индонезияда: илмий мулоқот, маънавий яқинлик ва ҳамкорлик ривожи

Ўзбекистон делегацияси Индонезияда: илмий мулоқот, маънавий яқинлик ва ҳамкорлик ривожи

Айни вақтда Дин ишлари қўмитаси, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари вакилларидан иборат мамлакатимиз делегацияси Индонезияда хизмат сафарида бўлиб турибди. Делегация таркибида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов ва илмий ходим Камола Ҳасанова ҳам учрашувларда фаол иштирок этмоқда.

Сафар доирасида Ўзбекистон делегацияси Индонезия Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Ижтимоий ривожланиш вазири Муҳаймин Искандар, Индонезия Уламолар кенгаши Бош котиби Амиршоҳ Тамбунан ҳамда Наҳдатул уламо ташкилотининг Олий кенгаши вакили Улил Абсор Абдуллоҳ билан учрашувлар ўтказди.

Музокаралар чоғида икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, долзарб диний-маърифий масалалар юзасидан қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш, тажриба алмашиш ва илмий салоҳиятни ошириш юзасидан фикр алмашилди.

Муҳаймин Искандар Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк алломалар қолдирган илмий меросда мужассамлашган умуминсоний ғоялар бугунги глобал муаммоларга ечим топишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб ўтди. Унинг қайд этишича, Имом Бухорий асарларида баён этилган маънавий ва ахлоқий қадриятлар Индонезия жамиятидаги кўплаб ижтимоий муаммоларни бартараф этишда муҳим манбага айланган.

Шунингдек, Улил Абсор Абдуллоҳ ҳозирги кунда Индонезияда кўплаб оилалар фарзандларига Бухорий, Мотуридий, Термизий ва Улуғбек каби номларни бериб келаётганини фахр билан таъкидлади.

Делегация сафари давом этмоқда.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

“Тараққий”дан бошланган саодатли сафо

2025 йил 27 июнь куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Матбуот ва оммавий ахборот воситалари …