Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Илмий муҳокама ва ижодий ёндашув

Илмий муҳокама ва ижодий ёндашув

Жорий йил 2 июль куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида илмий ходимлар ва Кинематография агентлиги вакили, режиссёр Шоҳруҳ Расулов иштирокида Имом Бухорий мажмуаси тарихи, унинг янгидан бино қилинаётгани тўғрисида суратга олинадиган ҳужжатли фильмнинг ғоявий йўналиши ва сценарийси юзасидан муҳокама ўтказилди.

Таъкидланганидек, ушбу фильм орқали Имом Бухорий мақбараси атрофида бунёд этилаётган улкан мажмуа нафақат диний-маърифий, балки маданий-маънавий марказ сифатида намоён бўлиши кўзда тутилган. Лойиҳанинг асосий мақсади Имом Бухорий сийрати ва илмий меросини кенг жамоатчиликка етказиш, унинг илмга фидойилиги ва садоқатини бор бўй-басти билан кўрсатишдан иборат.

Фильмда Имом Бухорий сийратини акс эттирадиган бадиий эпизодлар орқали таърифлаб бўлмас даражада юксак илмий мерос соҳибини яна бир бор эътироф этиш ва у зотга нисбатан ҳурмат ва эҳтиром туйғусини янада мустаҳкамлаш кўзда тутилган. Мажмуада айни пайтда олиб борилаётган қурилиш ишлари, барпо этилаётган инновацион музей, масжид ва зиёрат туризми учун яратилаётган замонавий инфратузилма ҳақида тўлиқ маълумот фильм марказидан ўрин олади.

Мулоқот давомида фильмнинг умумий ғояси, метафора ва образлар, концептуал ёндашув батафсил муҳокама қилинди. Асосий эътибор Имом Бухорийнинг маънавий мероси ўзига хос меъморий ечимлар орқали акс эттирилишига қаратилди. Мажмуадаги ҳар бир таркибий қисм бугунги авлод учун маънавий-маърифий мерос сифатида намоён этилаётгани кўрсатилади.

Бир неча нуфузли хорижий ва маҳаллий олимлар ва жамоатчилик вакилларининг фикрлари акс эттириладиган фильм “Ҳужжатли ва хроникал фильмлар киностудияси” ДУК томонидан Тошкент ва Самарқандда, Имом Бухорий мажмуаси ва илмий муассасаларда суратга олинади.

Лойиҳа ижодий жамоаси Имом Бухорий мажмуасини фақат меъморий эмас, балки руҳий ва маънавий тимсол сифатида ёритишни мақсад қилган. Мажмуанинг ҳар бир қисмида мужассамлашган маънолар ҳикматлар воситасида теран ифода этилади.

Мухтасар айтганда, яратиладиган фильм Имом Бухорий сиймосига қаратилаётган эътиборни янгидан барпо қилинаётган мажмуа мисолида замонавий таҳлил, бадиий ифода ва тарихий ҳақиқат уйғунлигида кенг жамоатчиликка етказишга хизмат қилади.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Зиёрат туризмини янада ривожлантиришда муҳим қадам

Жорий йил 27 июнь куни Индонезия Республикасининг “Умра плюс” ва зиёрат туризми йўналишида фаолият юритувчи …