Home / МАҚОЛАЛАР / ШАРҚДА ДАСТЛАБКИ ИЛМИЙ МАРКАЗЛАРНИНГ ШАКЛЛАНИШИ ВА РИВОЖЛАНИШИ 

ШАРҚДА ДАСТЛАБКИ ИЛМИЙ МАРКАЗЛАРНИНГ ШАКЛЛАНИШИ ВА РИВОЖЛАНИШИ 

Тарихга назар ташласак, жаҳондаги ҳеч бир юксалиш илм-маърифатсиз амалга ошмагани аён бўлади. Милоддан аввалги 380 йилда Платон (Афлотун) асос солган фалсафий мактаб дунёдаги илк академия саналади. Ушбу муассасага нисбатан қўлланган “академия” атамаси афсонавий юнон қаҳрамони Академ ёки Гекадем номи билан боғлиқ, деган тушунча мавжуд. Платон академиясида кенг кўламли тадқиқот ва ўқитиш ишлари олиб борилган. Уларнинг энг муҳими теология, фалсафа, математика, астрономия ва табиий фанлар билан боғлиқ бўлган. Ушбу академия ўз моҳиятига кўра, диний-фалсафий ва аниқ фанлар билан боғлиқ йўналишларни ўзида мужассам этган ҳамда баҳс-мулоқотни ўқитишнинг асосий услуби сифатида белгилаган. Мазкур академия милодий 529 йилгача фаолият кўрсатган [1: 9].

Милодий 529 йилда Византия императори Юстиниан (483-565) Афинада фаолият юритаётган барча академияларни ёпди. Шундан кейин бу ерда фаолият юритган олимлар Эронга кўчиб келди. Милодий 271 йилда Эроннинг жанубий ҳудудида, ҳозирги Хузистон шаҳри яқинида Шопур I томонидан Гунди Шапур академияси деб номланган шаҳарга асос солинди.

Ардашер I (224–239) вафотидан кейин Сосонийлар давлати тахтига Шопур I (243–273) чиқади. Сосонийлар давлати эса Эроншаҳр – орийлар подшолиги ёки эронийлар шоҳлиги деб номланади. Яқин ва Ўрта Шарқда милодий III-VII асрларда ҳукмронлик қилган сосонийлар давридаги маданият равнақида Қадимги Эрон, Парфия, Бобил, Эллин ва бошқа халқлар маданиятининг таъсири кучли бўлди. Бу асрлар орий халқлари маданияти шаклланиши, тиббиёт, математика, астрономия, фалсафа ва география фанларининг ривожланиш даврларидан бири ҳисобланади. Унинг шаклланишида Гунди Шопур академиясининг роли катта бўлган [2: 131-135].

Гунди Шопур – шаҳар ёки йирик ҳарбий қароргоҳ бўлиб, Шопур I (242-272) буйруғи билан римлик етмиш минг маҳбус асирлар кўмагида Чанто Шопур (“Гўзал боғлар”) харобалари ўрнида қурилган. Унинг пойдевори шахмат тахтасига ўхшаш Антиохия шаҳри режасига кўра тамомланган. Унинг қурилиши тугаллангач, Шопур I шаҳар дарвозасига “Илм ва ҳикмат қиличдан кучли” деган сўзларни ёзишни буюрди [3:584-585]. Баъзи ривоятларга кўра, Шопур I Рим императори Аврелианнинг қизига уйланган (Аurеliаnus, мил. 214-275) ва бу рим қизи ўзининг Буқрот тиббиётига асосланган икки юнон шифокорини ҳам Гунди Шопурга олиб келган [4:10-35].

Бу илмий марказ тарихий манбаларда “Гундишопур”, “Гандишапур”, “Жундишопур” ва “Жандишпур” номи билан машҳур. Араблар “г” ҳарфи ўрнига гоҳ “ч”, гоҳида “гҳ” ҳарфини ёзгани учун бу дастлабки икки сўз “Қанди Шопур” сўзининг бузилган шаклидир. “Қанд” сўзи асли сўғд тили бўлиб, “жой”, “шаҳар” ва “юрт” маъносини билдиради. Қанди Шопур академияси дастлаб “Шопур шаҳри академияси” деган маънони билдирган [5:229-262].

Гунди Шопур академияси тиббиёт фани маълум даражада дин таъсиридан ҳоли, махсус даволаш базаси ва дорихона бўлимига эга бўлган дунёдаги биринчи тиббиёт масканидир. Бу ердаги шифокорлар дарс бериш, асарларни таржима қилиш ва луғат тўпламларини тузиш билан шуғулланган. Мазкур марказнинг биринчи раҳбари этиб, насроний Бухтишуъи ал-Авал тайинланди. Бахтишулар сулоласи вакиллари табиблик касбини VI аср биринчи ярмидан ХI асргача, яъни 200 йилдан ортиқ вақт давомида авлоддан-авлодга ўтказиб келди [6:30-33].

Гунди Шопурда талабаларнинг билим ва кўникмалари тўғридан-тўғри бемор ётоқхонасида синовдан ўтказилган. У ерда беш минг талаба таҳсил олган. Уларни тайёрлаш билан беш юз нафар ўқитувчи шуғулланар ва академия ёнида 259 ўринли катта кутубхона ҳам бор эди [7:134, 8:443, 9:37, 10:430, 11:246]. Талабалар паҳлавий, юнон ва суроний тилларида таҳсил олиб, қадимги Эрон, ҳинд-араб ва юнон-рим табобатини ҳам ўрганган [12:120]. Мисол учун, таниқли насроний шифокор Теодор (310-379) узоқ йиллар Гунди Шопур академиясида юнон табобатидан дарс берган ва Шопурнинг шахсий шифокори бўлган. Теодор паҳлавий тилида тиббиётга оид китоб ёзади. Шопур I унга миннатдорлик сифатида Гунди Шопур яқинида черков қурдиради ва кўплаб ватандошларини ҳарбий асирликдан озод қилади [6:60].

Хусрав I ва Бузургмеҳр даврида Гунди Шопур академиясида диний, ирқий ва тил эътиқодидан қатъи назар, кўплаб олимлар фаолият юритган. Улар Бухтишуъи ал-Авал (университетнинг биринчи раҳбари), Бухтишуъи Соний, Барзуя, Абдулла ибн Муқаффа Эроний, Муҳаммад ал-Хорис ибн Калида, Теодор, Сабур ибн Саҳл, Сахорбуҳт, Мусавайҳ, Абу Закария ибн Мусавайҳ ва бошқалардан иборат эди.

Гунди Шопур академияси Хусрав I (531-579) даврида Хусрав Анушервон номи билан ҳам машҳур бўлган. Византия империяси таъқибидан қочган юнон олимлари ва суриялик насронийларга бошпана берилди, ўз навбатида, уларга тиббий матнларни юнон ва суроний тилларидан паҳлавий (ўрта форс)га таржима қилиш буюрилди [13:96]. Масалан, ҳинд шифокори Манка (Манга) ал-Ҳиндий узоқ йиллар Гунди Шопур академиясида ишлаган ва “Китоб ас-самум” деб номланган қадимий ҳинд тиббиёт китоби “Шонакака”ни ҳинд тилидан паҳлавий тилига таржима қилган. Ундан Гунди Шопур талабалари дарслик сифатида фойдаланган[14:160].

Машҳур олим Абу Закариё Юҳно ибн Мосавайҳ ал-Хузий (160/777-242/857) Гунди Шопурнинг бош доришуноси бўлган. У кейинчалик Бағдод халифалари Ҳорун ар-Рашид ва Мутаваккил саройида ишлаган. Унинг “النوادر الطبية” (“Тиббий ноёб нарсалар”), “كتاب الازمان” (“Замонлар китоби”), “كتاب الحميات” (“Парҳезлар китоби”), “كتاب عن دغل العين” (“Кўз иллати ҳақида китоб”), “كتاب المنجى فى التداوى من صنوف الامراض و الشكاوى” (“Ал-Мунжийнинг турли хил касалликлар ва шикоятларни даволаш ҳақида китоби”), “طبقات الاطباء” (“Шифокорлар табақалари”), “كتاب الكامل” (“Комил китоб”), “الادوية المسهلة”  (“Ич сурадиган дорилар”), “كتاب دفع مضار الاغذية”  (“Озиқ-овқатнинг зарарли таъсирини даф қилиш китоби”), “علاج الصداع” (“Бош оғриғини даволаш”), “الفصد و الحجامة” (“Қон олиш ва ҳижома қилиш”) ва бошқа китоблари бор. Шунингдек, марказнинг яна бир вакили Собур ибн Саҳл (ваф. 255/869) Гунди Шопур шаҳрида табиб оиласида туғилган. У 233/848-235/850 йилларда доришунос сифатида Бағдод шаҳрида ҳам ишлаган. У доришунослик фани тарихида “كتاب القرابين الكبير” (“Катта қурбонликлар китоби”) номли асар ҳам таълиф қилган бўлиб, унинг ягона қўлёзма нусхаси ҳозирги кунда Мюнхен кутубхонасида сақланмоқда[13:125].

Гунди Шопур илмий маркази 300 йилдан ортиқ фаолият юритиб, тиббиёт ва мунажжимлик илмларини ўрганишда муҳим роль ўйнади. Ўз даврида бу марказ олимларнинг кўплаб йиғинларини ўтказиш учун муносиб маскан бўлган. Масалан, Хусрав I Анушервон фармони билан 561 йилда Гунди Шопурда деярли барча ривожланган давлатлар олий таълим даргоҳларида фаолият юритувчи тиббиёт фанлари олимларининг биринчи анжумани чақирилган. Унда тиббиёт фанининг долзарб муаммолари ва ривожланиш стратегияси кўриб чиқилган [6:60].

Хусрав I топшириғига биноан машҳур олим Барзуий Ҳиндистонга бориб, “Панжтантра” (“Абадий ҳикмат”) махфий китобининг бир нусхасини Гунди Шопур академиясига олиб келди. Бу китоб ҳозиргача “Калила ва Димна” номи билан сақланиб қолган. Марказда “Калила ва Димна” паҳлавий ва бошқа тилларга таржима қилинади. Қадимги ҳинд табобати сирларидан Шарқ ва Узоқ Шарқ мамлакатлари олимлари ҳам фойдаланишига замин яратилди [16:177]. ХII асрда Абулмаоли Насруллоҳ ХV асргача машҳур бўлган “Калила ва Димна”ни араб тилидан форс тилига, ХV асрда Мавлоно Ҳусайн Воиз Кошифий Абулмаоли Насруллоҳнинг “Калила ва Димна” таржимасини қайта таржима қилган. Султон Ҳусайн Бойқарога (872/1468-911/1506) яқин бўлган Шайх Аҳмад Суҳайлий туфайли бу китобга “Анвари Суҳайлий” деб ном берилган [16:154-155]. “Калила ва Димна” китоби VIII асрда Гунди Шопурнинг машҳур табиби Шопур Абдуллоҳ ибн Муқаффа (102/721-162/779) томонидан паҳлавий тилидан араб тилига таржима қилинган ва жаҳон тамаддунига ҳавола этилган. Кейин эса 60 та тилга таржима қилинган ва 200 марта нашр этилган [6:35].   

Хулоса қилиб айтганда, дунёдаги энг қадимги илмий марказ Афлотун академияси қарийб 900 йил фаолият кўрсатиб, бу ерда асосан фалсафа, табиий-математика фанлари тадқиқ қилинган. Улар тиббиёт, фалсафа, астрология ва бошқаларни ўрганган. Гунди Шопур академияси эса уч юз йилдан ортиқ фаолият кўрсатган. У ерда Миср, Греция, Ҳиндистон ва Римнинг машҳур олимлари тиббиёт, фалсафа, астрология ва бошқаларни ўқитиш ва ўрганиш билан шуғулланган. Сосонийлар давлати 651 йилда таназзулга юз тутганидан кейин табибларнинг бир қисми ва Гунди Шопур кутубхонаси ҳам “Байтул-ҳикма”га кўчирилди. Улар орасида Абдуллоҳ ибн Муқаффа, Бармакий, Рузбеҳ каби машҳур олимлар ҳам бор эди. Гунди Шопур тугатилгач, унинг таъсири остида Ғарбий Эрон, Марв, Хоразм ва Бағдодда қатор марказлар ташкил топди.

Мусулмон Шарқи тарихида ҳам оламшумул аҳамият касб этган академиялар мавжуд бўлган. Энг эътиборли академиялар қаторига Бағдодда фаолият кўрсатган “Байтул ҳикма” (“Донишмандлик уйи”, VIII аср), Хоразмдаги “Мажлис ал-уламо” (Маъмун академияси, ХI аср), Табриз академияси (Эрон, ХIII аср), шунингдек, фаолият кўлами ва эришган ютуқлари маҳобатига кўра том маънодаги академия мақомига кўтарилган Самарқанддаги Улуғбек мактаб – расадхонасини (ХV аср) киритиш мумкин [17:9].

Ўрта аср мусулмон Шарқидаги энг машҳур илк илмий марказлардан бири “Байтул ҳикма” бўлиб, Бағдодда дастлаб кутубхона сифатида бунёд этилган. Кўп вақт ўтмай, у ер ушбу муассасада жамланган китобларни араб тилига таржима қилиш марказига айланди. Кейинчалик эса бу марказ атрофида ўз даврининг энг йирик олим ва таржимонлари тўпланиб, ижод қилди. Бу марказда юнон, ҳинд ва форс тилларидаги нодир асарлар жамланди, уларнинг энг ноёблари танлаб олиниб, араб тилига ўгирилди ва муомалага киритилди. Шунингдек, муҳим асарларни яратган таниқли олимлар “Байтул ҳикма”да тўпланди. Юқоридаги омиллар ушбу муассасани ўрта асрларнинг энг машҳур илмий даргоҳига айланиши ва илмий адабиётларда “Бағдод илмий мактаби” ва “Бағдод академияси” деган номлар билан танилишига асос бўлди [18:35].

Абул Аббос Саффоҳ халифа Марвон II ни 131/749 йилда тахтдан ағдаргач, халифаликни бошқариш Аббосийлар сулоласи қўлига ўтади. Бағдод тез орада шарқда Марказий Осиёгача, ғарбда Испанияга қадар кенгайган йирик давлат пойтахтига айланди. Босиб олинган мамлакатларнинг моддий ва маънавий бойликлари аста-секин Бағдодга оқиб кела бошлади. Айниқса, ал-Мансур (136/754-137/755), Ҳорун ар-Рашид (169/786-193/809), ал-Маъмун (197/813-218/833) каби Аббосий халифалар қадимий қўлёзма асарлар ва йирик олимларни ўз саройига жалб этишга алоҳида эътибор қаратди. Натижада, Бағдод тез орада бутун халифаликда илмий фаолият юритиш учун катта имкониятга эга шаҳарга айланди. Бу эса, ўз навбатида, олимларнинг ўша ерда ижод қилиш иштиёқини ошириб юборди [18:35-36].

Саройда қўлёзма асарларни сақлаш одати уммавийлар сулоласи даврида ҳам мавжуд бўлса-да, бу иш аббосий халифалардан ал-Мансур даврида доимий жараёнга айланди. Уларнинг сифат ва миқдори ҳам тубдан ўзгарди. Ал-Мансур нодир қўлёзма асарларни тўплашдан ташқари, ўзга юртлардаги олимларни ҳам ўз саройига жалб эта бошлади. Бу борада Ибн ал-Қифтий (567/1172-645/1248) “إِخْبَارُ الْعُلَمَاءِ بِأَخْبارِ الْحُكَمَاءِ” (Олимларни ҳакимлар ҳақидаги маълумотлар билан таништириш) асарида шундай дейди: “Ҳорун ар-Рашид ҳукмронлиги даврида “Байтул ҳикма” таркиби кутубхона, таржима қилиш, муқовалаш ва бошқа вазифаларни адо этувчи гуруҳлардан иборат бўлган” [19; 26]. Унинг саройида Эрондаги Гунди Шопур (دانشگاه گندیشاپور)‎ мактабидан таклиф этилган турли диний эътиқодда бўлган кўпгина олим, табиб, кимёгар, географ ва муҳандислар хизмат қилган. Ибн Халдун (732/1332-808/1406) “المقدمة” асарида: “Байтул ҳикма”даги мусулмон олимларининг аксари насл-насабига кўра араб эмас эди”[20; 196], деб таъкидлаб ўтади. Ибн ан-Надим (ваф. 382/993)“الفهرست“  номли асарида шундай дейди: “Улар орасида Бағдод шаҳрининг қурилишида иштирок этган астрологлар – эронлик Абу Саҳл Фазл ибн Навбахт ва “Машааллаҳ” номи билан танилган басралик яҳудий Манассия (ваф.199/815) ҳам бор эди” [21:8]. Ибн Аби Усайбиъа (596/1200-668/1270) нинг “عيون الأنباء فى طبقات الأطباء” (Табиблар тоифалари ҳақида асосий маълумот) китоби нафақат табиблар, балки “Байтул ҳикма”даги бошқа олимлар ижоди ва илмий меросини тадқиқ этишда муҳим манба ҳисобланади. Хусусан, у Абу Бакр ар-Розий, Абу Наср Форобий, Абул Хайр ибн Ҳаммор каби Бағдодда ижод қилган олимлар ҳақида қизиқарли маълумот тўплаган [22:84].  Ибн Халликон (607/1211-685/1286) “وفيات الأعيان وأنباء أبناء الزمان” (Машҳур кишилар вафоти ва замондошлар ҳақида маълумот) асарида “Байтул ҳикма”даги кўпгина алломалар қаторида Муҳаммад Хоразмий ва Мусо ибн Шокирнинг уч ўғли – Муҳаммад, Аҳмад ва Ҳасаннинг фаолияти ёритилади. Шунингдек, Заҳириддин Байҳақий ҳам ўзининг “تتمة صوان الحكمة” (Ҳикматлар хазинасига қўшимчалар) китобида мазкур марказдаги 110 нафар олим биографиясига тааллуқли энг нодир маълумотларни жамлаган [18:32].

Ал-Мансур даврида Гунди Шопур мактабидан Бағдодга таклиф этилган бир қанча табиблар саройда ҳам фаолият кўрсатган. Улар орасида Бахтйашу оиласига мансуб бир қанча христиан табиблари бўлиб, энг йирик намояндаси бўлмиш Жибрил ибн Бахтйашу, халифа Мансур учун табобатга оид кўпгина асарларни юнон тилидан араб тилига таржима қилади. Жибрил ибн Бахтйашунинг ўзи ва бу оиланинг ўндан ортиқ бошқа табиблари Бағдод шаҳрида узоқ йиллар давомида табиблик шуғулланган. Ҳарронлик йирик кимёгар ва таржимон Жобир ибн Ҳайён ҳам халифа Мансур даврида яшаган. Иброҳим Фазарий халифа Мансур топшириғига биноан, ҳиндларнинг астрономияга оид йирик қомусий асари “Синдҳинд”ни санскрит тилидан араб тилига таржима қилади. Юқорида зикр этилган асарлардан ташқари, халифа Мансур учун фалсафа, табобат, фалакиёт, риёзиёт, тарих, адабиётга оид бошқа китоблар ҳам таржима қилинган. Халифа Мансур мазкур китоблар, ёзилган ноёб қўлёзма асарларни сақлаш учун ўз саройидан махсус жой ажратган [23:383]. Аммо бу кутубхонанинг вазифаси китобхонларни зарурий адабиётлар билан таъминлаш эмас, балки тўпланган нодир қўлёзма асарлар, турли мамлакатлардан келтирилиб, араб тилига ўгирилган китобларни сақлашдан иборат бўлган. Халифа Мансур даврида бу маскан ҳали “Байтул ҳикма” деб номланмаган эди [18:37].

Ҳорун ар-Рашид (169/786-193/809) тахтга ўтиргандан сўнг “Байтул ҳикма” турли адабиётлар сақланадиган маскандан таржима ва тадқиқотлар олиб бориладиган марказга айланди. У ерга келган таниқли уламо ва тадқиқотчилар нафақат турли мавзулардаги китоблар билан танишиш, балки уларни мутолаа қилиш имкониятига ҳам эга эди. Бу даврда таржима ишларига бўлган аҳамият бағоят ортиб, “Байтул ҳикма”даги асарлар сони янада кўпайди. Ибн Қифтий шундай деб ёзади: “Ҳақиқатан, “Байтул ҳикма” турли илмий йўналишлар маркази бўлиб, Ҳорун ар-Рашид бу маскан ҳақидаги фикрнинг ибтидоси эди. Унинг ўғли халифа Маъмун бу ишни амалга оширди. “Ҳикмат” сўзи мусулмон олимлари фикрига кўра, илоҳий илмлар, ҳисоб, табобат ва фалакиётни қамраб олган”[19:383].

Ҳорун ар-Рашиднинг ўғли халифа Маъмун “Байтул ҳикма”га алоҳида эътибор билан қаради. Унинг даврида “Байтул ҳикма”даги илмий муҳит мисли кўрилмаган даражада ривожланиб, у ерда юнон, форс ва ҳинд тилларидаги муҳим китоблар араб тилига ўгирилди ва шарҳланди. Шу билан бирга, мустақил илмий фаолият ҳам олиб борилиб, янги асарлар ёзилди. Халифа Маъмуннинг бевосита ҳомийлигида Юнонистон, Ҳиндистон, Рум, Эрон ва Марвдан “Байтул ҳикма”га катта миқдорда турли мавзудаги китоблар келтирилган. Уларнинг баъзилари эса ҳарбий юришлардаги ўлжа сифатида Бағдодга олиб келинган. Бу даврда энг сара асарлар танлаб олиниб, араб тилига ўгирилди. Таржималар, одатда, юнон тилидан сурёний тилига, сўнгра араб тилига, баъзан эса юнон тилидан тўғридан-тўғри араб тилига таржима қилинган. Аксар ҳолларда таржималар китоб матнининг асли билан таққослаб амалга оширилган. Ҳар бир таржимонлар гуруҳи таркибида матн кўчирувчи ва китобларни муқоваловчи мутахассислар бўлган [18:40].

“Байтул ҳикма” IХ аср ўрталарида дунёдаги энг катта кутубхона бўлган. У математика, астрономия, тиббиёт, кимё, зоология, география ва картография каби илмлар ўрганиладиган марказ ҳисобланган. Унда санъат ва илм-фанга оид турли тиллардаги тўрт миллион жилддан иборат ноёб қўлёзма ва китоблар жамланган. Халифа Маъмун даврида “Байтул ҳикма” қошида осмон жисмларини кузатиш учун иккита расадхона ҳам бунёд этилган. Биринчиси 212/828 йилда Бағдоднинг Шаммосия минтақасида, иккинчиси Дамашқ яқинидаги Қасиюн тоғида 216/831 йилда қад кўтарган. Ҳорун ар-Рашид ва ўғли Маъмун тадқиқот олиб бориш, янги илмларни кашф қилишга алоҳида эътибор берган. “Байтул ҳикма”ни ташкил қилишга халифа Маъмун 200 000 динор сарфлагани бунга ёрқин далилдир.

“Байт ал-ҳикма”да араб, форс, иврит, сурёний, юнон ва лотин тилларидаги китоблар хорижий мамлакатлардан турли йўллар билан олиб келинган. Бу марказга Арасту (Аристотель), Афлотун (Платон), Буқрот (Гиппократ), Батламйус (Птолемей), Уқлийдис (Евклид) каби қадимги юнон олимлари асарларини  Румдан, бармакийлар эса Эрон ва Ҳиндистондан форс тилидаги адабиётларни олиб келган. Бу борада Ибн Надим шундай хабар беради: “Рум ҳокимлари билан ўзаро мактуб алмашишдан фойдаланган халифа Маъмун, Рум ҳокимидан у ерда сақланадиган қадимий илмларга оид асарларни беришига рухсат сўраб, мактуб йўллайди. Аввалига эътироз билдирган ҳоким, сўнгра розилик беради. Халифа Маъмун бу вазифани бажаришга Ҳажжож ибн Матар, Ибн Батриқ, Салам ва бошқа олимлардан иборат бир гуруҳни тайинлайди. Гуруҳ аъзолари у ерда нималарни топса ва қандай адабиётларни муносиб кўрса, ҳаммасини халифа Маъмунга келтирди. Халифа Маъмун уларни араб тилига таржима қилишга буйруқ берди. Айтишларича, Румга сафар қилганлар орасида Юҳанно ибн Мосавайҳ ҳам бўлган” [21:304]. 

“Байтул ҳикма”да таржимонлар етакчиси Ҳунайн ибн Исҳоқ тўрт тилда бемалол суҳбатлашадиган йирик олим бўлган. У Платон ва Аристотель асарлари, шарҳлари ва юнон табобатининг уч асосчиси – Гиппократ, Гален, Диоскориднинг асарларини араб тилига ўгирган. Шунингдек, Евклиднинг “Ибтидо”, Птоломейнинг “Алмагест”, Менелайнинг “Сферика” асарлари ҳам таржималар орасидан ўрин олган. Машҳур таржимонлар орасида Аристотелнинг “Ҳайвонлар китоби”ни араб тилига ўгирган руҳонийнинг ўғли Юҳанно ибн Батрик ҳам бор эди. “Байтул ҳикма”да бошқаларнинг асарлари шунчаки таржима қилинмасдан, балки мутахассис олимлар уни ўрганиб, воқелик билан солиштирган, изоҳлаган ва керак ўринларда раддия ёзган.

IХ-ХI асрлар Шарқ халқлари фани ва маданиятидаги улкан юксалиш, шубҳасиз, кўп жиҳати билан Марказий Осиё олимларининг самарали ижоди туфайли содир бўлди. Бу даврда риёзиёт, фалакиёт, табобат, кимё, география, тилшунослик, ҳадисшунослик, адабиёт  ва ҳатто, мусиқа соҳаларидаги янги кашфиётларни Марказий Осиё олимлари хизматисиз тасаввур қилиб бўлмайди [18:15]. Б.Абдуҳалимовнинг “Байтул ҳикмада” фаолият юритган Марказий Осиёлик ўн беш нафар аллома ҳақидаги хулосалари ҳам буни тасдиқлайди[18:173-243].   

Хулоса қилганда, Ҳорун ар-Рашид асос солган “Байтул ҳикма”да юнон, лотин, санскрит, хитой, сурёний, иброний ва форс тилида битилган машҳур илмий китобларнинг араб тилига таржима қилингани илм-фан ривожидаги давомийликни таъминлади. Айтиш мумкинки, жаҳон илмий тафаккури бир жойда араб тилида тўпланди. Бунда ислом нафақат дин, балки янги маънавий юксалиш асоси бўлиб хизмат қилганини кўриш мумкин. Бу даврда билим ва илм-фанга ҳурмат устувор бўлди. Диний ва дунёвий илмлар ўзаро боғлиқ ҳолда ривожланди. Қадимги Юнон, Ҳиндистон ва бошқа юртлар анъаналари ва илм манбаларидан ижодий фойдаланишга имкон яратилди. Мазкур даврда Ўрта Осиё ҳам Шарқнинг муҳим илмий-маданий марказларидан бирига айланди.

Фойдаланилган адабиётлар:
  1. Мунавваров З. Ислом университетидан халқаро академия сари. “Ислом зиёси” журнали, № 1. – Тошкент. “Ўзбекистон халқаро ислом академияси” нашриёти, 2019.
  2. Shаpur shаhbаzi А. аnd Richtеr Lutz. “Gоndе šāpоr” in Еncyclоpаеdiа Irаnicа. – Nеwyоrk: Cоlumbiа univеrsity , 1999.
  3. Расулиён Қ. Гунди Шопур // Энциклопедияи миллии точик. – Ч. 4 – Душанбе: СИЭМТ, 2015.
  4. Якубов Ю. Ёдгориҳои болооби Зарафшон. – Душанбе, 1977.
  5. Комилӣ А. Аз таърихи пайдонши академия ва Академияи илмҳо // Илм, технология ва технологияи инноватсонӣ. – Ашқобод, 2014.
  6. Исхокӣ Ю., Точиев Я. Таърихи мухтасари тибби точик. – Душанбе, 1993.
  7. شهرويني، مهربان. دانشگاه گندي ‌شاپور در گهوارة تاريخ. تهران: پورشاد، 1381
  8. نجم‌آبادي، محمود. تاريخ طب در ايران. تهران: دانشگاه تهران، 1341
  9. ممتحن، حسينعلي. سرگذشت جندي‌ شاپور. اهواز: دانشگاه جندي ‌شاپور، 1350
  10. سارتون، جورج. تاريخ علم. ترجمة احمد آرام، تهران: اميركبير، 1357
  11. محمدي، محمد. فرهنگ ايراني پيش از اسلام و آثار آن در تمدن اسلامي و ادبيات عربي. تهران: دانشگاه تهران: 1356
  12. Нуралиев Ю. Медицина эпохи Авиценны. – Душанбе, 1981.
  13. Нуралиев Ю. Медицина эпоху Мухаммада ал-Хоразми // Хоразм и Мухаммад ал-Хоразми в мировой истории и культуре. – Душанбе: Дониш, 1983.
  14. Қурбон И. Дар дуроҳаи фано ва эҳёи. 2007.
  15. Исхоқӣ Ю.Б., Точисв Я. Таърихи тиб. – Душанбе, 1997.
  16. Шарофзода Р. Таърихи номаҳои Аҷам. – Душанбе, 1997.
  17. Мунавваров З. Ислом университетидан халқаро академия сари. “Ислом зиёси” журнали, № 1. – Тошкент: “Ўзбекистон халқаро ислом академияси” нашриёти, 2019.
  18. Б.Абдуҳалимов. “Байтул ҳикма” ва Марказий Осиё олимларининг Бағдоддаги илмий фаолияти. – Т.: Ўзбекистон, 2010.
  19. ابن القفطي جمال الدين أبو الحسن علي بن يوسف بن إبراهيم الشيباني القفطي. إخبار العلماء بأخبار الحكماء. القاهرة. 1908 م.
  20. ابن خلدون عبد الرحمان بن خلدون المغربي. المقدمة. القاهرة. المطبعة الشرقية 1914 م.
  21. ابن النديم، أبو الفرج محمد بن إسحق بن محمد بن النديم. تحقيق رضا تجدد إبن علي بن زين العابدين الحائري المازاندراني. “الفهرست“: بيروت، 1988م.
  22. ابن أبي أصيبعة، مُوَفَّق الدين أبو العباس أحمد بن القاسم بن خليفة الخزرجي. عيون الأنباء فى طبقات الأطباء. القاهرة. 1882.
  23. Lippеrt J. Ibn аl-Qifti҆+s Tаʼriї аl-hukаmаʼ. – Lеipzig, 1903.
МУСЛИМ АТАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети катта ўқитувчиси,
тарих фанлари номзоди 

Check Also

ОЯТЛАР БИЛАН ҲУКМ ҚИЛМАГАНЛАРНИ КОФИРГА ЧИҚАРИШ МАСАЛАСИДА УЛАМОЛАРНИНГ ҚАРАШЛАРИ

Ислом дини инсонларни илм, ҳамжиҳатлик ва аҳилликка чорлайди. Улар орасида жоҳиллик, фирқаланиш ва ўзаро келишмовчилик …