Home / МАҚОЛАЛАР / ИСЛОМ – МАЪРИФАТ ДИНИ

ИСЛОМ – МАЪРИФАТ ДИНИ

Бугун айрим ғараз ниятли гуруҳлар бузғунчи ғояларни тарқатаётгани туфайли ислом динига тараққиётдан орқада қолган ёввойиларнинг эътиқоди сифатида қарашлар юзага келаётгани ҳеч кимга сир эмас. Аслида илм-фанни дунёга танитиш ва тарқатишда айнан ислом дини асосий йўлбошчилик вазифасини ўтаган.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида ташкил этилган “Ўрта асрларда исломда таълим тизими”[1] семинарида Малайзиядаги Ислом цивилизацияси маркази директори Муҳаммад Юсуф Усмон: “Ислом, аввало, шахсни ақлан ривожлантиришга, унинг қалби, сурати ва сийратини юксалтиришга, масъулиятини оширишга қаратилгандир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Бешикдан қабргача илм изланг!” деган ҳадисларида ҳам шу маъно-мазмун мужассам”, деган эди.

Ўшанда малайзиялик олим ислом илмни “озод” қилганини алоҳида қайд этди. Яъни, муқаддас динимиз ирқи, миллати, жинси, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, ҳар бир инсон учун илм-фанни умумий қилди. Чунки унгача илм одамларини дин пешволари туфайли қатағон қиларди. Исломда эса, дин энди-энди шаклланаётган пайтдаёқ масжидлар қурилиб, улар нафақат ибодат, балки таълим ва маърифат марказларига айлантирилди. 737 йилда Тунисда Зайтуна университети, 786 йилда Ироқда “Байтул ҳикма”, 786-788 йилларда Испанияда Кордоба университети, 813 йилда Маъмун академияси, 859 йилда Марокашда Қаровийюн университети, 972 йилда Мисрда Ал-Азҳар университети, 984 йилда Малида Санкор университети очилгани айнан ислом динининг шарофатидан эди.

Европадаги биринчи олий таълим муассасаси бўлмиш Болонья университети (1088), сал кейинроқ Оксфорд университетининг (1096) очилишида маърифатпарвар исломга тақлид ва ҳавасни кўриш мумкин.

Албатта, исломда таълимни ривожлантиришга мовароуннаҳрлик алломалар беқиёс ҳисса қўшганини алоҳида қайд этиш керак. Илм-фан эволюциясидан хабардор бўлган ҳар бир инсон Басра, Бағдод, Қоҳира, Дамашқ каби илм марказлари қаторида Самарқанд, Бухоро, Хоразм ва Фарғона сингари шаҳарларимизни ҳам ҳурмат билан тилга олади. Алкоголь, алкали, алгебра, алгоритм, мусиқа, камера каби атамаларнинг илм-фанга, нотанинг мусиқий санъатга киритилиши бевосита Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Форобий сингари буюк аждодларимиз номи ва меҳнати билан боғлиқ. Бутун ислом дунёси, жаҳон илмий ҳамжамияти бу шахсларни “Ўзбекистон марваридлари” деб тан олади.

Оддий мисол келтирамиз. Исломда ибодатни мукаммал адо этиш учун вақтни аниқ билиш, макон ва замонда ҳисобдан чалғимаслик (ориентация) зарурати география, физика, математика, астрономия каби фанлар ривожланишига асос бўлди. Бугунги электроника воситалари кашф қилинишидан анча аввал аллома бобокалонларимиз нафақат мусулмон дунёси, балки бутун башарият учун манфаатли кашфиётлар қилди. Беруний Америка қитъаси мавжудлиги ҳақида уни адашиб “топиб олган” Колумбдан бир неча аср олдин фараз билдирган, Улуғбекнинг “Зижи Кўрагоний” юлдузлар жадвали юзлаб йиллар давомида денгизчилар ва саҳрода йўлини йўқотганлар учун маёқ вазифасини ўтаган, Ибн Синонинг “Тиб қонунлари” тиббиёт бўйича асосий қўлланма бўлиб келган бўлса, Хоразмийнинг меҳнати туфайли бугунги кунда ҳам ўнлик системаси, “алгоритм” ва “алгебра” каби атамалар фаол қўлланади.

Илмни “озод” қилишга қайтадиган бўлсак, таъкидланганидек, тарих турли замонларда кўплаб илғор фикрли инсонлар айнан дин пешволари туфайли қатағонга учраганига энг яхши гувоҳдир. Галилео Галилей ё Жордано Брунонинг қисматини келтиришнинг ўзи кифоя. Исломнинг илк даврида эса, халифалар бутун дунёдан олимларни йиғиб, ўтмишдан қолган бор илмий меросни таржима қилиш, ўрганиш ва ўргатиш, ёйиш, илм-фаннинг янги тармоқларини ривожлантириш йўлидан борди.

Европа тажрибасига мурожаат қиламиз. Андалусиядаги Кордова шаҳри ўз даврида ислом оламининг Ғарб дунёсидаги пойтахти бўлиб, Константинополь (Истанбул), Дамашқ ва Бағдод билан баҳслашадиган даражадаги илмий салоҳиятга эга эди. Айрим тадқиқотчилар VIII асрда Андалусияда пайдо бўлган мадрасалар дунёдаги илк университетларнинг пойдевори бўлганини таъкидлайди. Бу масканларда диний ва дунёвий таълим берилган, кўплаб давлат арбоблари айнан шу гўшаларда таҳсил олган.

Ҳа, ислом маданияти Ўрта асрларда Ғарбий Европада илмий мактаблар ва университетлар тизими шаклланишида асосий ўрин тутган. Хусусан, ўша даврларда Кордова илм шаҳри ҳисобланар, одамлар, жумладан, аёллар саводхонлиги бўйича Европада биринчи ўринда турарди. Ваҳоланки, у кезлари “кўҳна дунё”нинг бошқа мамлакатларида руҳонийларга алоқаси бўлмаган энг катта мансабдорлар ҳам бесавод эди. Кордовада эса, мусулмон ҳукмдорлар ташаббуси билан дунёнинг энг етакчи илм одамлари тўпланган, 400 минг жилдлик кутубхона ташкил қилинган, фалсафа, математика, астрономия, мантиқ, тиббиёт ва бошқа фанлар бўйича таҳсил берадиган марказлар очилганди. Эътиборли яна бир жиҳатни айтиб ўтиш керак – мадраса ва марказлар хайрия маблағлари ҳисобига иш юритган. Эҳсон соҳибларининг саховат ва муруввати шу даражада бўлганки, муаллим ва хизматчилар мунтазам маош олган, талабалар эса, китоблар, стипендия ва турар-жой билан таъминланган.

Бундан ташқари, масжидлар таълим маркази вазифасини ўтаган. Одамлар олимлар билан учрашиш, суҳбатларидан баҳраманд бўлиш, маърузаларини тинглаш, улар билан бирга китоб мутолаа қилиш ва билим олиш учун масжидларга тез-тез бориб турган[2].

Энди исломни ибтидоий жамоанинг эътиқоди деб ҳисоблайдиган тоифаларга келсак, уларга мана бу саволнинг ўзи етарли: “Ислом ўз даврида таълим ва маърифатни ривожлантирмаганида, бугун ҳам похолдан оёқ кийим кийиб юрармидингиз ё алгоритм асосида ишлайдиган смартфон ишлатармидингиз?! Ахир, Рим рақамлари билан кўпайтириш, бўлиш ё илдиз чиқариш, математик формулалар тузиш у ёқда турсин, қўшиб айиришни ҳам бир неча карра кўп ташвиш билан амалга оширар эдингиз-ку!”

Бас, шундай экан, аллақандай бузғунчиларнинг бемаъни сафсаталарига асосланиб, исломни қолоқликда айбламоқ умуман ноўриндир. Аксинча, шуни тан олиш керакки, динимиз хизматчиларининг меҳнати бўлмаганида, бугунги турмушимиз ҳозирги ҳолатдагидан анча орқада, анчайин қолоқ бўлар эди.

[2] Древнейшие университеты Испании. https://espanarusa.com/ru/pedia/article/646509
Анвар БАБАЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот илмий ходими

Check Also

ҲАКИМ ТЕРМИЗИЙНИНГ ҲАДИС ИЛМИДА ТУТГАН ЎРНИ ВА БУ СОҲАГА ОИД АСАРЛАРИ ТАҲЛИЛИ

Ўрта асрларда илм-фан ва ислом маданияти ривожида Мовароуннаҳр ва Хуросондан етишиб чиққан уламолар илмий мероси …