Home / МАҚОЛАЛАР / “АТ-ТАЙСИР ФИТ ТАФСИР” АСАРИНИНГ ЎЗИГА ХОСЛИГИ ВА АҲАМИЯТИ (1-қисм)

“АТ-ТАЙСИР ФИТ ТАФСИР” АСАРИНИНГ ЎЗИГА ХОСЛИГИ ВА АҲАМИЯТИ (1-қисм)

Ҳозирги кунда юртимизда ислом илмлари тарихига, ҳадисшунослик ва тафсир илмига қизиқиш тобора ошмоқда. Айниқса, кейинги йилларда ислом илмларининг олтин даврини бошлаб берган асрларни ўрганишга кенг имкониятлар очилиши билан бу иштиёқ янада кучаймоқда. Бундай асарлар қаторида Мовароуннаҳрда яшаб ижод этган етук аллома, фақиҳ ва муфассир, балоғат ва фасоҳат илми, тилшунослик бўйича таниқли олимлардан бири – Абу Ҳафс Насафийнинг “Ат-Тайсир фит тафсир”[1] (“Тафсир борасида енгиллик”) китоби алоҳида ўрин тутади.

Абу Ҳафс Насафий номи билан машҳур бўлган алломанинг тўлиқ исми Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Исмоил ибн Муҳаммад ибн Али ибн Луқмон Ҳанафий Насафий Самарқандийдир. 461/1069 йилда Насаф шаҳрида таваллуд топган. Фиқҳда ҳанафия мазҳабида бўлгани учун ҳанафий, Насаф шаҳрида туғилгани боис Насафий нисбаларини олган.

Жаҳон мамлакатлари фондларида сақланаётган Абу Ҳафс Умар Насафий қаламига мансуб асарларнинг қўлёзма нусхалари тадқиқ қилинганда, аллома ислом илмлари, хусусан, фиқҳ, ақида, тафсир, ҳадис, балоғат ва тасаввуфга доир барча китобларининг мазмун-моҳиятини мухтасар шаклда “Ат-Тайсир фит тафсир”да ифодалагани аён бўлади. Буни ўша давр олимлари ҳам эътироф этган.

Мазкур асарнинг айрим қўлёзма нусхалари Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институти қўлёзмалар бўлимининг асосий фондида Р:3231, Р:5265, Р:3164, Р:4789, Р:3150, Р:7124 ва Туркиянинг Сулаймония кутубхонасида №10, №88 рақамлари остида, шунингдек, Файзуллоҳ Афанди кутубхонасида сақланмоқда.

“Ат-Тайсир фит тафсир”нинг қўлёзма нусхаси.

Асар боши.

“Ат-Тайсир фит тафсир”нинг қўлёзма нусхаси.

Асар муқаддимаси.

“Ат-Тайсир фит тафсир”нинг қўлёзма нусхаси.

Асар охири.

Бу тафсир алломанинг дурдона асарларидан биридир. У ўз йўналиши бўйича ноёб китоб ҳисобланади. Ғоят қизиқарли ва ўзига хос маълумотлар тўплами бўлган бу китобда тафсир ва таъвилнинг кўплаб фойдали усуллари очиб берилган.

Асарни мутолаа қилган киши муаллиф тафсир илмида Замахшарий, Ибн Атийя каби имомлар ва уларнинг табақасидан бўлган замондош уламолардан ўзиб кетганининг гувоҳи бўлади. Аммо Насафий уни ёзишда замондош муфассирларнинг на китобларидан фойдаланган ва на уларнинг сўзларига таянган.

Муаллиф фақат муфассир эмас эди. Унинг фиқҳ ва бошқа соҳаларга оид китоблари Шарқ ва Ғарбда машҳур бўлган. Насафий грамматика бўйича ҳам таниқли олим эди.

Шу боис у ўз замонасининг манбаларига мурожаат қилмаган. Аксинча, юксак илм ва маърифати, ноёб ва илғор фикр ва ғоялари туфайли кўплаб муфассирлар ва кейинги келган уламолар унинг ёзганларидан баҳраманд бўлган.

Бу омил асарнинг ислом илмлари ривожидаги ўрнини қайта баҳолашга сабаб бўлмоқда. Бу эса тафсирнинг мазкур китобдаги ўзига хос жиҳатларини очиб бериш ва унда илгари сурилган ғояларни чуқур тадқиқ этиб, маънавий ҳаётга татбиқ қилишни тақозо этади.

Муаллиф ушбу тафсирдан икки мақсадни кўзлаган.

Биринчиси, имон ва тақвони мустаҳкамлаш. Асардаги ваъзлар, ҳикматлар, илмига амал қиладиган олимлар, самимий ва холис зоҳидларнинг иқтибослари шундан далолат беради.

Иккинчиси, инсоннинг Қуръони карим бўйича илмини унинг тили ва таҳлили, тафсири ва талқини билан бойитиш. Бу омилларнинг аксарияти бошқа китобларда йўқ ва фақат шу тафсирнинг ўзигагина хосдир. Шу сабабли ҳам муаллиф уни “Ат-Тайсир фит тафсир” деб номлаган.

Асарнинг ёзилиш услубига қараб, оятлар қуйидаги илмларга асосан шарҳланганини кўриш мумкин:
– Тилшунослик билимлари: грамматика, луғат, араб адабиёти ва шеърияти, мақоллар, балоғат ва фасоҳат;
– диний билимлар: Қуръон, ҳадис, ақида, фиқҳ, қироат ва тасаввуф;
– ижтимоий ва аниқ фанлар: тарих, география, ҳисоб-китоб ва ҳоказо;
– сура ва оятларнинг нозил қилиниш сабаблари ва фазилатлари;
– саҳобаларнинг исмлари ва шарҳланаётган оятлар тафсири ҳақидаги сўзлари;
– қироатнинг етти тури ва машҳур қироат қорилари номлари;
– айрим оятлар ҳақида тасаввуф пешволарининг таъвиллари.

Демак, бу китоб, ўз номига кўра, оятлар тафсирини осон, енгил ва мукаммал англаб етишга хизмат қиладиган асардир.

Уламолар Абу Ҳафс Насафий мотуридий таълимотининг бевосита ривожлантирувчиси ва давомчиси бўлиб, ўзининг кенг қамровли фикрлари билан Мовароуннаҳрда адашган оқимлар таъсирини йўққа чиқариб, уларнинг барҳам топишига улкан ҳисса қўшганини таъкидлаган. Аллома илмий меросини чуқур ўрганиш турли қарашларга сабаб бўлаётган масалаларга жавоб топишда, адашган фирқалар, диний экстремизм ва терроризм ғояларига раддиялар беришда, айниқса, ёш авлодни буюк аждодларимизга муносиб тарзда, ватанпарварлик, эзгулик, меҳр-оқибат ва Ватанга садоқат руҳида тарбиялашда бугун ҳам улкан аҳамиятга эга.

“Ат-Тайсир фит тафсир” Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари томонидан ўзбек тилига таржима қилиниб, нашрга тайёрланмоқда. Уни ўрганиш минтақада қуръоншунослик ва тафсир илми ривожига улкан ҳисса қўшади, деб умид қиламиз.

[1] Юртимизда ва хорижий фондлардаги қўлёзма нусхалари қиёсий таҳлил қилинганда, асар турлича номлар билан аталгани аниқланди. Улардан энг кўп қайд қилингани “Ат-Тайсир фит тафсир”, “Тайсирун фит тафсир” ва “Ат-Тайсир фи илмит тафсир”дир.
 Нодир ҚОБИЛОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

“САҲИҲУЛ БУХОРИЙ” ИНСОНЛАРНИ ИЛМГА ЧОРЛАЙДИ

“Аллоҳ жалла зикруҳу айтади: “Бандалар орасида Аллоҳдан фақат олимларигина қўрқарлар”[1]. “Лекин уларга фақат олимларнинг ақли …