Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Янги лойиҳа бошланди

Янги лойиҳа бошланди

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш маркази (IRCICA) ҳамкорлигидаги “Марказий Осиё – Ислом цивилизацияси ўчоғи” номли илмий лойиҳага старт берилди.

Лойиҳадан кўзланган мақсад – Марказий Осиё халқлари тарихи, маданияти, ёзма манбалар, ёдгорликлар ва илмий меросига оид мавзулар юзасидан Ўрта асрларда жаҳон тамаддуни ривожига бебаҳо ҳисса қўшган аллома ва мутафаккирларимизнинг турли йўналишлардаги изланишлари, дунёвий ва исломий билимлари, соҳага доир замонавий илмий-тадқиқотлар билан танишиш ва тажриба алмашишдан иборат.

Унинг доирасида ислом тарихи, маданияти, санъати каби йўналишларда нуфузли хорижий ва маҳаллий илмий муассасалардаги илмий доиралар вакиллари иштирокида тизимли равишда онлайн семинарлар йўлга қўйилади.

29 апрель куни лойиҳанинг илк семинари ташкил этилди. Унда Марказ ходимлари, Ўзбекистон Фанлар академиясининг Тарих институти ва Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти, Тошкент давлат шарқшунослик университети, Бухоро ва Самарқанд давлат университетлари, Ўзбекистон Халқаро ислом академияси, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети олимлари, Ўзбекистон файласуфлар ассоциацияси вакиллари, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Бердақ номидаги Қорақалпоқ адабиёти тарихи давлат музейи, Ўзбекистон Миллий архиви илмий ходимлари, шунингдек, Қирғизистон илмий муассасалари тадқиқотчилари жами элликка яқин нуқтадан туриб иштирок этди.

Даставвал Марказ директори Шовосил Зиёдов маҳаллий ва хорижий илмий ҳамжамиятлар вакилларини янги лойиҳа билан табриклаб, унинг аҳамияти ҳамда бундан кўзланган мақсад ва вазифаларга тўхталди ва Марказнинг бошқа илмий лойиҳалари сингари давомли ва самарали бўлишига ишонч билдирди.

Семинарнинг асосий қисмида IRCICA Бош директорининг Марказий Осиё тадқиқотлари бўйича маслаҳатчиси, профессор, др. Аширбек Мўминовнинг “Марказий Осиё илмий марказларида анъаналар давомийлиги: инқирозлар ва узилиш даврлари” мавзусидаги маърузаси тингланди.

Олим минтақа илмий ҳаётининг тарихий босқичларида кузатилган инқирозли даврларни тавсифлаб, уларнинг сабаб ва оқибатларини баён қилди. Мўғуллар истилоси ва ундан кейинги даврларда ҳам манбалар маълумотлари таҳлилининг мавжуд бўлмагани, ҳукмрон синфларнинг уламоларга нисбатан бефарқ муносабати ва бошқа қатор ижтимоий-иқтисодий омиллар илмий марказлар ривожига салбий таъсир кўрсатганини таъкидлади.

Жумладан, “Ал-Қанд фи зикри уламои Самарқанд” ва “Ал-Ансоб” асарларида XVII аср ўрталаригача бўлган маълумотлар мавжуд бўлса-да, кейинги давр хронологияси учрамайди. Олимлар билан ҳукмрон доиралар ўртасидаги нозик, баъзан зиддиятли бўлган муносабатлар эса бу борадаги ўрганишларда янги концепциялар ишлаб чиқишни талаб этади.

Шунингдек, ислом илмлари тараққиётида тасаввуф таълимотининг ҳам таназзулга учраган ҳолатлари тилга олиниб, диний уламолар ва дунёвий олимлар ўртасида юзага келган ихтилофлар борасида ҳам мулоҳазалар билдирилди.

Маърузачи ҳар бир тарихий босқичда кўплаб анъанавий силсилалар муайян муддат сақланиб қолгани, ўша даврлар учун замонавий бўлган услубларда янги асарлар яратила боргани илмий фаолиятни ўта аянчли ва ортга қайтмас инқироздан муҳофаза қилганини қайд этди. Айниқса, кейинги даврда махсус стипендияларнинг жорий қилиниши, оғзаки тарихдан ёзма анъаналарга ўтилиши, уламолар ҳаёти ва ижодига оид тарихий ва биографик асарларнинг вужудга келиши таназзулдан тараққиёт сари қўйилган одимлар сифатида эътироф этилди.

Профессор тарихий даврлардаги им-фан тараққиётига доир олиб борилаётган замонавий тадқиқотлар борасида ҳам сўзлаб, хусусан, тасаввуф силсиласи XVII асрда тўхтаб қолмагани, кейинги юзйилликларда ҳам давом этгани Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими Мехрожиддин Амонов томонидан илмий жиҳатдан исботлаб берилганини ижобий баҳолаб, янги-янги манбаларни нафақат излаб топиш, балки янада хос услуб ва ёндашувлар, замонавий тенденция ва услубиятлар асосида ўрганишга оид бир неча таклифларни илгари сурди.

Семинар қизғин савол-жавоблар билан давом этди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Россия мусулмонларига янги нашрлар тақдимот қилинди

Аввал хабар берилганидек, Қозон шаҳридаги Булғор ислом академиясида “Россия мусулмонларининг VI халқаро форуми” бўлиб ўтмоқда. …