Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Машғулотлар амалиёт билан боғланди

Машғулотлар амалиёт билан боғланди

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан ўтган давр мобайнида қатор халқаро нуфузли ташкилот ва илмий муассасалар билан ўзаро ҳамкорликка оид англашув меморандумлари имзоланиб, муайян ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Халқаро фаолият йўналишидаги мазкур ишларнинг мантиқий давоми сифатида имзоланган англашув меморандуми ижроси асносида Самарқанд шаҳрида АҚШ Тинчлик институти (USIP) томонидан Марказ илмий жамоаси учун “С5+1” формати доирасида Марказ ходимлари ўртасида ўтказилаётган тренинг машғулотларининг  навбатдаги босқичи ташкил этилди.

Тренингларни уюшқоқлик билан ташкил этиш ва самарали тарзда ўтказишга бағишланган кўп кунлик машғулотларда Марказнинг 14 нафар ходими иштирок этди.

Ўқувлар иштирокчиларда тренинглар ўтказиш тажрибасини янада ошириш, фасилитация кўникмаларини шакллантириш, амалий машғулотлар орқали билимларни мустаҳкамлаш ҳамда мустақил тарзда талаба-ёшлар иштирокида тренинг машғулотларини ўтказиш мақсадларига йўналтирилди.

Машғулотлар давомида ўзликни англашнинг услуб ва воситалари, маърифатли инсон сийратининг ўзига хос хусусиятлари ва уларни шакллантиришнинг ноанъанавий йўллари кўриб чиқилди. Зиддиятли ҳолатларда мулоқот кўникмалари, мулоқотнинг вербал ва новербал турларига оид тушунчалар берилиб, диалогда оҳанг кучи, суҳбат жараёнида фаол тинглаш техникасининг аҳамиятига ҳам эътибор қаратилди.

Тренингда инсоннинг лидерлик салоҳиятини аниқлаш, ташвиқот ишида моделлаштириш, тарғибот тадбирларини ҳамкорликда ташкил этиш ва ўтказишга оид билимлар мустаҳкамланди. Шунингдек, суҳбатдошни тинглаш назарияси ва аудиторияга таъсир кўрсатиш омиллари кўрсатиб ўтилди.

Машғулотларда фасилитация, яъни тренерлик ишини амалиётда қўллаш машқлари ҳам бажарилди. Унда тренингларни бошлаш, бошқариш ва якунлаш билан боғлиқ амалий кўникмалар шакллантирилди.

Ўқувларнинг сўнгги кунларида иштирокчилар томонидан мустақил равишда Самарқанд шаҳридаги “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети талабалари иштирокида маърифатли инсон хусусиятлари ва лидерлик салоҳиятини рўёбга чиқаришга қаратилган икки кунлик тренинг машғулотлари ўтказилди.

Университетнинг 20 нафар талабаси қатнашган машғулотларда Марказ ходимлари томонидан олинган билим ва орттирилган кўникмалар намоён этилиб, фасилитация ва моделлаштириш жараёнларини қўллаган ҳолда иштирокчиларга маърифатли инсон сийрати ва шахснинг лидерлик салоҳиятини намоён этишга оид зарурий тушунча ва контентлар етказиб берилди.

 Машғулотлар эркин тарзда, савол-жавоб кўринишида ташкил этилди.

Тренингларда фаол қатнашган талабалар АҚШ Тинчлик институтининг эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Машғулотлар якунида талабалар билан ўтказилган тренинг якунлари, самарадорлиги, ютуқ ва камчиликлари ўзаро муҳокама қилинди. Бунда асосий эътибор эришилган натижалар ҳамда келгусидаги тадбирларда уларни сифат жиҳатдан янги поғонага олиб чиқишга қаратилиб, янги методологик усулларни қўллаш орқали мазмундорликни ошириш мақсадида ўзгартирилиши зарур бўлган жиҳатлар очиқланди.

Шундан сўнг, машғулотларнинг якуни муносабати билан тренингга оид қисқа мулоқот ўтказилди. Унда АҚШ Тинчлик институти лойиҳа раҳбари Бармак Пажвак ўтказилган тренинг машғулотлари барча иштирокчиларга бирдек манфаатли бўлишига умид билдириб, институт номидан онлайн тарздаги мулоқотларга ҳам доим тайёрлигини таъкидлади. Бармак Пажвак машғулотлар ташкилотчиларга завқ бағишлагани, шунингдек, қатнашчиларнинг фаол иштирокини алоҳида қайд этди. Шу билан бирга, тренинг раҳбари мана шундай машғулотлар ўтказилишига имконият яратиб берган мамлакатимиз ҳукуматига алоҳида миннатдорлик изҳор этиб, буни бевосита давлатимизда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотларга қаратилаётган эътибор сифатида баҳолади.

Мулоқотдан сўнг, тренинг иштирокчиларининг барчасига ташкилотчилар томонидан тегишли сертификатлари топширилди.

Ўз навбатида тренерлар ҳамда лойиҳа раҳбариятига Марказ жамоаси номидан эсдалик совғалари ҳадя қилинди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Семинар мунозаралар майдонига айланди

Бугун, 2 май куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Самарқанд давлат …