Home / МАҚОЛАЛАР / АМИР САИД ОЛИМХОН ШАХСИЯТИ

АМИР САИД ОЛИМХОН ШАХСИЯТИ

Тарихда шундай шахслар борки, уларнинг ҳаёти доимий равишда одамларда қизиқиш уйғотган. Бухоро амирлигининг сўнгги ҳукмдори Амир Саид Олимхон ҳаёти, унинг сиёсий фаолияти совет даврида оммага етарлича очиб берилмаган. У ҳақдаги маълумотлар атайин бўрттирилиб, амир маишатпараст, қўрқоқ, худбин, халқ ҳолига бефарқ ҳукмдор сифатида талқин қилинган. Ваҳоланки, бу борада олиб борилган сўнгги тадқиқотлар воқеликка бошқа томондан қарашга ундамоқда.

Саид Олим Тўра 1881 йил 1 январда Бухоро амири Абдулаҳадхон хонадонида Кармана беклигидаги Олчин саройида дунёга келган. Саид Олим Тўранинг тўлиқ исми Саид Мир Муҳаммад Олимдир. Амир Саид Олимхонни ёшлигидан бошлаб Тўражон деб эъзозлашган[7:509]. Онасининг исми Давлат Бахт ойим. Амир Саид Олимхон оилада иккинчи фарзанд эди. Отаси Амир Абдулаҳадхон томонидан Амир Саид Олимхоннинг акаси Саид Мир Абдуллоҳ тахт вориси этиб тайинлангани учун ҳеч ким Олим Тўрани тахтга ўтиришини кутмаган[5:109].

Аммо 1888 йилда акасининг кутилмаганда безгак касалидан вафот этиши Саид Олим Тўрага тахт учун йўл очди. Амир Абдулаҳадхон ўғлининг замонавий таълим олишини ва тахт вориси сифатида Россия томонидан эътироф этилишини хоҳлар эди. Бухоро амирларидан биринчи бўлиб Абдулаҳадхон шахсан Россия императори билан учрашиш амалиётини бошлаб берган. Унинг 1893 йилда ташкил этилган илк сафари натижасида Саид Мир Олим тахт вориси сифатида эътироф этилган[6:8].

Шу тариқа Россия императори Александр III Саид Олимхонни Бухоро амирлиги тахт вориси эканини эълон қилади. Амир Саид Олимхон ўз даври учун керакли билимларни отаси саройида эгаллаган. Унинг авлодларидан бири Саййид Мансур Олимий таъкидлаганидек: “Диний ҳамда ўша даврда кенг тарқалган билимларни замонасининг олимларидан ўрганди”[11:71].

Амир Саид Олим Тўра 13 ёшида отаси амир Абдулаҳадхон буйруғи билан ҳарбий таълим олиш учун Петербургга бориб, 3 йил давомида ҳарбий муҳандислик мутахассислиги бўйича билим олади[8:305]. У Николаев кадет корпусида император олий ҳазратларининг фахрий қоровуллари вазифасини бажарадиган “пажлар” бўлимида ўқишни бошлайди. Олимхон рус зодагонлари таълим оладиган мактабга ўқишга қабул қилинади, аммо бир муддат ўтгач, ҳарбий қисмга олиб кетилади ва у ерда ҳарбий тайёргарликдан ташқари сарой қоровули вазифасини ҳам бажаради. Бу қисмни муваффақиятли тамомлаб, подшонинг казаклардан ташкил топган гвардия полкига командир этиб тайинланади. Бухоро амири бўлгач, Олимхоннинг ўзи худди Петербургдаги каби қўриқчилар полкини тузган. Лекин бу қўриқчилар полки Петербургдагидек Терек казакларидан эмас, балки амирнинг хизматидаги қуллардан тузилган эди.

Олимхоннинг таълим олиш учун Москвага юборилиши унинг меросхўр сифатида эълон қилиниши натижасидир. Россия томонидан валиаҳднинг қабул қилиниши ўша даврда Бухоро амирлиги учун шарт эди. Чунки Россиянинг розилигини олмаган сулола аъзосининг амир бўлиши ёки аввалги ҳукмдор томонидан амир деб эълон қилиниши Россиянинг Бухородаги сиёсий, ҳарбий ва иқтисодий мавқеи туфайли мумкин эмас эди. Айнан рус ҳукумати 1868 ва 1873 йилларда тузилган келишувлар натижасида тахт ворисларини тасдиқлар ва бошқарув ишларига аралашарди. Чунки бу келишувларга кўра, Бухоро Россия ҳимоясини қабул қилган эди. Тегишли келишувларнинг ҳаётга татбиқ этилиши Бухоро амирлигининг сиёсий аҳволига бевосита таъсир кўрсатди. Шунингдек, ушбу шартномалар Россия таъсирининг Бухорода чуқурлашишига йўл очар ва империяга қарамликни янада оширар эди[5:110].

Саид Олимхоннинг бу мактабга юборилиши унга ғарб ва рус маданияти билан яқиндан танишиш имконини берди. Олимхон олган таълим унинг маънавий ҳаётига сезиларли таъсир кўрсатди. Дарҳақиқат, Қизил Армия Бухорога бостириб кирганида, Олимхон саройидан Толстой, Достоевский, Белинский ва Некрасов асарларининг топилиши унинг Россияда олган билими натижасидир.

Корпусдаги таълим даврида тарбиячи полковник Демин Саид Олимхоннинг психологик портретини таърифлашга ҳаракат қилган. Буни қуйидаги фикрлар исботлайди: “Саид Мир Олим мағрур, унга бириктирилган амирлик амалдорлари билан шарқона муносабатга киришади. Корпусдан ташриф буюрган кадет болалари билан бирга ўйнаганда, ғолиб ёки биринчи бўлсагина ўйнашни истайди”[6:25].

Петербургда уч йил ўқиган Саид Олимхон 1896 йил 7 майда диплом олиб отасининг ёнига қайтади. Ёш бухороликлар партияси асосчиларидан бири Фитрат у ҳақда қуйидагича ёзади: “Абдулаҳад ўғлининг таҳсилни тугатиши муносабати билан Петербургга бориб, катта зиёфат ва инъомлар берган ҳолда Амир Саид Олим Тўрани ўзининг валиаҳди деб эълон қилди” [1:12].

Саид Олимхон отасидан иқтисодий, сиёсий, савдо, давлат бошқаруви, ички таълим масалаларини икки йил давомида ўрганади. Отасининг буйруғига кўра 1898 йил Бухоро амирлигининг Қарши беклигига ҳоким қилиб тайинланади[9:27].

Саид Олимхон Қаршидаги ҳокимлик фаолиятини шундай эслайди: “Бу ожиз банданинг Насаф вилоятидаги ҳукмронлиги муддати ўн икки йил давом этди. Бу муддат ичида менинг ҳукуматим ҳамиша фақирпарвар ва ғарибнавозликка интиларди, мазлумларни золимлардан асраб, ҳақни қарор топтирарди. Шундай қилиб, мазкур вилоят аҳолисини ўзимдан хурсанд-у мамнун этардим. Мазкур вилоятга яқин жойда Қашқа деган шўх дарё оқарди. Ундан камбағал бева-бечораларнинг кечиб ўтишда роҳати бузилиб, доимо ғам-ташвишда эди. Аҳолининг осойишталигини кўзлаб мазкур дарёга тош-у темирдан бир кўприк қурдирдим, кўприкни эса ўз номим билан атадим. Шояд фақиру фуқаролар сув кечиш ташвишидан қутилиб, тинч осуда яшасалар, деб ўйладим. Шу билан яна бошқа бир қанча мадраса ва ибодатхоналар қуриб, бу борада анчагина юмушларни юзага келтирдим” [2:4].

Амир Саид Олим Тўранинг Қаршидаги ҳокимлик даври хусусида унинг авлоди Саййид Мансур Олимий ўзининг “Бухоро – Туркистон бешиги” рисоласида қуйидагича таъкидлайди: “12 йиллик ҳукмронлик даврида катта Қарши наҳри устига кўприк қурдирди, мадраса барпо этди”[11:71].

Амир Саид Олим Тўранинг Қаршидаги фаолияти хусусида Фитрат келтирган маълумотлар эса шундай: “Олим Тўра Қаршига келган заҳотиёқ вилоятнинг барча иш, юмушларини Усмонбек ихтиёрига қолдириб, ўзи айш-ишрат билан шуғулланди. Мамлакатнинг аҳволи ва ишларидан шунчалик узоқ эдики, ҳеч ким бирор иш юзасидан унга мурожаат этмасди” [1:12]. Шу ўринда биринчи ўзбек профессори Абдурауф Фитратнинг Амир Саид Олимхонга мухолифатда эканини унутмаслигимиз керак.

Саид Олим Тўра Қаршида 12 йил ҳукмронлик қилади. Амир Абдулаҳадхоннинг соғлиги ёмонлашгач, Карманага ҳоким этиб тайинланади. Орадан 2 йил ўтгач Абдулаҳадхон вафоти муносабати билан Саид Олим Тўра Бухоро амирлигининг ҳукмдорига айланади. Бу ҳақда ўша давр рус матбуотида ҳам эълон берилган эди[3:57].

Шу тариқа Амир Саид Олимхон Бухоро амирлигини бошқаришга киришди. Халқ орасида Абдулаҳадхон вафотидан кейин унинг ўрнига тахтга ўтирган меросхўр нима қилади, деган савол туғилди. Мамлакатда ёш амир ҳақида ижобий муҳит вужудга келди ва халқ унинг салтанат бошқарувини сабрсизлик билан кута бошлади. Амир Саид Олимхон Санкт-Петербургда рус ва Европа цивилизациялари билан маълум даражада танишиш имконига эга бўлган шахс эди. Шу сабаб жамоатчилик ва зиёлилар орасида мамлакатда ислоҳотлар ҳақида фикрлар мавжуд эди. Баъзи миш-мишлар кўчаларда айлана бошлади. Гўёки “амир мамлакат бошқарувини мутлақо янгича услублар бўйича ташкил қилади, мактаб ва таълимга аҳамият беради, давлат хизматчилари ва аскарларнинг ойлик маошларини оширади, порахўрликни йўқ қилади”[10:72].

Бу ғояларнинг шаклланиши ва одамларнинг шунга ўхшаш умидлари бошдан кечирган ўзгаришлар натижасидир. Абдулаҳад даврида Олимхон қайсидир маънода бу фикрга эга бўлганлар учун умид манбаи бўлган[5:112].

Амир Олимхоннинг Туркиядаги Ғозиантеп шаҳрида яшаётган ўғилларидан бири Абдулкабир Азимий отасининг шахсий фазилатлари ҳақида қуйидагиларни айтган эди:

“Қиблагоҳим 1944 йилда Кобулда оламдан ўтдилар. Ўшанда мен 13-14 ёшларда эдим. Менга: “Болаларга қара, жаноза пайтида ташқарига чиқиб, бақир-чақир қилишмасин”, деб топшириқ бердилар. Ҳарамдан ташқарида катта ҳовли бўларди. Ўша ерда қорилар йиғилиб, Қуръон тиловат қилишарди. Отамни ювиб, ўраб, бир хонага ётқизиб қўйишганди. Аёллари чиқиб кетгач, биз фарзандлари саф тортиб, бирма-бир кириб, отамнинг қўллари ва оёқларини ўпиб чиқдик. Отамнинг бош вазири Ҳошимхон ва яна бир қанча амалдорлар у ерда саф тортиб туришарди. Падаримизни олиб чиқишаётганда мени бир нарса ҳайратга солди. Йиғламаган одамнинг ўзи қолмаганди. Жанозага ҳаттоки Бухоро яҳудийлари ҳам келишганди. Улар шунчалар кўз ёш қилишар эдики, мен кўриб кўзимга ишонмасдим. Одамлардан бири улардан: “Сиз нимага йиғлайсиз?” – деб сўраганида, улар: “Ахир у бизнинг подшоҳимиз эди”, – деб жавоб қайтаришганди. Ўша куни Афғонистонда байроқлар ярим туширилди, ҳатто, баъзи элчихоналар байроқлари ярим туширилганди”.

Абдулкабир Азимий яна давом этади: “(Отам) ҳаётликларида Омонуллохон отамни Пағмонга чақиради. Йўлда кетаётиб, Русия элчисининг автоулови лойга тиқилиб қолганини кўрадилар. Отам унга ёрдам беришни айтадилар. Кейин элчи: “Бу киши ким?” – деб сўрайди. “Бухоро амири”, – деб жавоб қиладилар. У келиб, отамга ташаккур билдиради. Падаримнинг ҳайдовчилари кобуллик бўлган, у киши: “Нима учун унга ёрдам қилдингиз?” – деб сўраганларида, отам: “Мен бир пайтлар Русияда туз-нон еган эдим”, –деб жавоб берган эканлар. Отам ана шундай инсон эдилар” [12].

Амир Саид Олимхон ҳукмронлиги даврида таълим соҳасида ҳам ислоҳотларни амалга оширди. У 1911 йил март ойида “Таълим тўғрисида” фармон чиқарди. Унда қуйидаги вазифалар белгиланган эди:

– мадраса талабаларига турли ҳошиялар ўқитил­маслиги, тафсир ва ҳадис расмий дарс сифатида ўқитилиши;

– давлат хазинасига олинган вақфлардан йиғилган пулларга шаҳарнинг турли ерларида мактаблар қуриш ва уларга муаллимлар тайинлаш;

– мактаб муаллими олим, хушхат ва хушқироат бўлиши;

– уларга мактабларнинг вақфларидан ташқари давлат хазинасидан йиллик 120 рубль маош тайинлаш;

– таҳсил учун болалардан пул олмаслик;

– мактабларга бир нозир тайинлаш ва у ҳар ой мактабни тафтиш қилиб, амирга ҳисобот бериш[4].

Юқоридаги маълумотлар атрофлича таҳлил қилинса, Амир Саид Олимхон совет даври адабиётларида талқин қилинганидек маишатпараст, қўрқоқ, худбин эмас, балки қайсидир маънода халқ ҳолига бефарқ бўлмаган ҳукмдор сифатида гавдаланади. Албатта, бу ўринда биз амирни камчиликдан холи шахс сифатида тасвирлашдан йироқмиз. Амир Саид Олимхон қаҳрамон эмас эди, аммо бу шахсни хоин деб ҳам бўлмайди. Давр, вазият тақозоси билан амир Бухородан чиқиб кетса ҳам бир умр ватан соғинчи билан яшаган. Тарихий шахсларнинг ютуқларидан намуна, камчиликларидан эса сабоқ олган ҳолда холисона ўрганишимиз керак.

Фойдаланилган адабиётлар:

  1. Абдурауф Фитрат. Амир Олимхоннинг ҳукмронлик даври. – Т.: Минҳож, 1992.
  2. Амир Саййид Олимхон. Бухоро халқининг ҳасрати тарихи. – Т.: Фан, 1991.
  3. Эмир Бухарский // Нива, 1911, № 3.
  4. Жамолова Д. // Ўзбекистон тарихи, №2. 2017.
  5. Nurettin Hatinoğlu. Türkistanda son türk devleti Buhara emirliği ve Alim Han. – Istanbul: Ötüken, 2011.
  6. Қиличев О. Саййид Мир Олимнинг ҳарбий таълими. – Бухоро: Дурдона, 2021.
  7. Ражабов Қ. Олимхон // Ўзбекистон миллий энциклопедияси. Том 6. – Т.: ЎзМЭ нашриёти, 2003.
  8. Ражабов Қ. Туркистон тарихида ўтган 55 буюк сиймо. – Т.: Фан, 2022.
  9. Ражабов Қ. Бухорога кизил армия босқини ва унга қарши кураш: тарих ҳақиқати (1920-1924). – Т.: Маънавият, 2002.
  10. Садриддин Айний. Бухоро инқилоби тарихи учун материаллар. – М.: Центральное издательство народов СССР, 1926.
  11. Саййид Мансур Олимий. Бухоро-Туркистон бешиги. – Бухоро: Бухоро, 2004.
  12. www.bbc.com/uzbek/news “Узоқдаги яқинлар ва ё ҳижратдаги тақдирлар”.
МАҲМУД ҲАМРАЕВ,
НавДПИ таянч докторанти

Check Also

МУСТАҚИЛЛИК ЙИЛЛАРИДА ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИНИНГ ТАДҚИҚ ЭТИЛИШИ

Мустақилликнинг илк йилларида ислом динига қўйилган бир асрлик чеклов [4:252] барҳам топиб, эътиқод эркинлиги учун …