Home / МАҚОЛАЛАР / БУХОРОЛИКЛАРНИНГ ТУРКИЯ (УСМОНИЙЛАР САЛТАНАТИ)ДАГИ МАДАНИЙ-МАЪРИФИЙ УЮШМАЛАРИ ТАРИХИ (1905-1913 ЙИЛЛАР)

БУХОРОЛИКЛАРНИНГ ТУРКИЯ (УСМОНИЙЛАР САЛТАНАТИ)ДАГИ МАДАНИЙ-МАЪРИФИЙ УЮШМАЛАРИ ТАРИХИ (1905-1913 ЙИЛЛАР)

XIX аср охири XX аср бошларида Бухоро амирлигидаги тараққийпарварлик ҳаракати аъзолари ва тарафдорларининг Туркиядаги “Ёш турклар” билан муносабатлари йўлга қўйилди. Натижада Бухоро ёшларининг Истанбулга интилиши кучайди. Истанбул – Бухоро  ўртасидаги азалий муносабатлар ва савдо алоқалари туфайли Туркияда бухороликлар ҳам кўпчиликни ташкил этар эди. Айниқса, Истанбул  XX аср бошларида Европа илм фани ва маданиятини ўрганиш ва тарғиб қилишнинг Шарқ дунёсидаги муҳим марказига айланди. Шунинг учун Истанбулда Бухоро фуқароларининг  миллий уюшмалари вужудга келгани табиий жараён эди. 1905 йилда ушбу шаҳарда бухороликларининг иккита миллий  уюшмаси, яъни “Бухоро маорифи нашри” ҳамда “Фан ва илмни тарғиб қилиш Бухоро жамияти” иш олиб борган. Амирликдан бу мамлакатга доимий вакил қилиб Абдулҳамид Абдураҳмон афанди юборилган. Жамиятни моддий жиҳатдан қўллашда сармоядор бухороликлар муҳим роль ўйнаган [2: 163-165].

Ушбу шахслар ва 1905 йилда ҳаж зиёратидан қайта туриб Истанбулда ўрнашиб қолган Нурали Ҳасанов ва ўғли Ғиёс Ҳасановларнинг савдо дўконлари, тегирмонлари ҳамда бошқа кўчмас мулклари бўлган. Бу мулклар Истан­бул ўқув юртларида бухороликларнинг таҳсил олиши учун вақф қилингани архив ҳужжатларидан маълум. Бухоро­нинг Туркиядаги агентлари Мукаммалиддин Махсум Бурхонов ва Муҳар Бурхонов ҳомийлигида 1909-1910 йилларда 15 та, 1911-1912 йилларда юқорида номлари келтирилган уюшмалар орқали 30 нафар бухоролик ёшлар Истанбулда таҳсил олган [1:199; 22].

XX аср бошларида Бухоро амирлиги маркази Бухоро шаҳрида 7 минг нафар турк, 4 минг сонли афғон истиқомат қилган [3: 200-201]. Ушбу фуқароларнинг Туркиядаги бухоролик талаба ва ўқувчилари билан ўзаро алоқалари мавжуд бўлганини архив ҳужжатлари тасдиқлайди. Туркистонликлар ва Бухоро ижтимоий-маданий ҳаётида 1909 йил декабрь ойида Истанбулда очилган “Бухорода барча кишилар орасида фойдали илмларни тарқатишнинг бахтли жамияти” уюшмасини ҳам ўзига хос ўрни бор. Ушбу жамиятнинг қароргоҳи Истанбул шаҳридаги Вазирхон кўчасида жойлашган бўлиб, мақсади ва вазифаларини белгилаб берган Низоми қабул қилинган эди. Жамиятнинг Низоми орадан кўп вақт ўтмай, ТРҚБ[1] бошлиғига 10 нусхада тақдим этилган. Россия империясининг Туркистондаги махфий идораси ушбу жамият фаолиятидан тезда хабардор бўлиб, унга хайрихоҳ бўлган “панисломчи” ва “пантуркистлар”ни Бухоро амирлиги ҳамда Туркистон ўлкасидан излай бошлаган. Бу ҳақда Туркистон генерал-губернаторлик девонхонаси билан ТРҚБ ўртасидаги ўзаро ёзишмалар хабар беради [5:16].

“Бухорода барча кишилар орасида фойдали илмларни тарқатиш бахтли жамияти” Низоми илова қисмидан ташқари 17 банддан иборат бўлиб, унинг аъзолари ҳақиқий аъзолар ва мухбир (корреспондент) аъзолардан иборат эди. Ҳақиқий аъзолар орасидан 14 кишидан иборат Бошқарув кенгаши сайланган. Жамиятга аъзо бўлиб кирадиганлар бирданига 2 Усмон лираси миқдорида аъзолик бадали ва ҳар ойда 10 пиастра бадал тўлаган. Агар аъзолардан кимки уч ойда кетма-кет ойлик бадалини тўламаса, бундай шахс жамият аъзолигидан чиқарилган. Мухбир аъзолар таркибига кириш учун эса 120 пиастра (турк пули) бадал тўланган. Агар  жамиятга ўқувчилар аъзо бўлиб кирса, 100/3 қисм йиллик бадални тўлаган. Агар улар ишончга кириб улгурмаган бўлса, 120 пиастра бадал тўлаган [5:17].

Жамиятнинг фавқулодда йиғилиши 1 йилда бир бор чақирилган, умумий йиғилиш 3 ойда бир марта ўтказилган. Кенгаш йиғилишлари эса жорий масалаларни ҳал қилиш учун ҳар ҳафтада бир бор чақирилган [5:7].

Жамият Кенгашида энг муҳим қарорлар 14 нафар кенгаш аъзоларидан 10 нафари бир фикрга келганда қабул қилинган. Туркистондан Истанбулга сафар қилган, жамиятга аъзо ва хайрхоҳ шахслар сафар харажатлари уюшма маблағларидан тўланган. Жамият Истанбулда янги усул (усули савтия) мактаблари учун ўқув қўлланма, дарсликлар чоп этиш, китоблар харид қилиш, туркистонлик ва бухоролик ёшлар орасидан Туркияда ўқитиш учун талабалар танлаш ва уларни ўқитиш билан шуғулланган [4:18].

Ҳар бир шаҳардаги 30 нафар жамият аъзоси бир нафар ўқувчини ўқишга юбориши, қайси шаҳарда аъзолар сони 30 дан ортиқ бўлса, унга бир нафар кўп талаба юбориш ваколати берилган. Жамият маблағлари унга аъзо бўлган Туркия,Туркистон ва Бухоро амирлигидаги шахслар тўлаган бадаллардан, бой-бадавлат ер эгалари, вақф мулклари сармоядорларидан ва савобталаб инсонлар берган ёрдам ҳисобидан тўпланган. Истанбулда Бухоро ва Туркистон ўлкаси шаҳарларидан дўкон, тегирмон, вақф қилинган мулклар эгалари бўлган бой-бадавлат сармоядорлар анчагина эди.

Архив маълумотларига кўра, XX аср бошида Истанбулда 15-20 та бухоролик тижорат ва ер-мулк эгалари ушбу жамиятни моддий қўллаб турган [7].

Ўқувчи ва талабаларни танлаб ўқитишда уларга бир қатор талаблар қўйилган. Биринчидан, саводи чиққан ва ёзишни билиши, иккинчидан, мустаҳкам ва кучли эътиқодга эга бўлиш, учинчидан, ёши 10-15 ёшдан катта бўлмаслиги  шарт қилиб қўйилган. Бироқ бадавлат сармоядор шахсларнинг болалари 10 ёшдан кичик бўлса ҳам (7-9 ёш оралиғида) ўқишга қабул қилинарди. Сармоядор шахсларга икки ой давомида фарзандларидан хабар олиш, улар харажатини шахсий ҳисобидан қоплаш мажбурияти ҳам юкланган. Ўқувчи болаларнинг расмий ҳужжатлари, гувоҳнома ва паспортлари ўқиш муддати тугагунга қадар жамиятда сақланган. Жамият  бошқа ташкилотлар ва давлат ихтиёридаги уюшмалар билан деярли алоқа қилмаган. Ҳар йили (1909-1913 йиллар) жамият ҳисобидан Истанбулда таҳсил олган  ўқувчи ва талабалар 15-20 тадан ошмаган [6:21].

Жамият ўқишни тугатган ёшлар тақдири билан ҳам қизиқиб, уларни ишга жойлаштириш чора-тадбирларини ҳам кўрган. Собиқ ўқувчилардан қай бири кўпчилик қарорига қарши чиқиб, ўзбошимчалик қилса, ундан жамият ўқиши учун қилган харажатларни қайтариш талаб қилинган. Ушбу жиҳат жамият Низомининг илова қисми 4-бандида алоҳида қайд этиб қўйилган [6:21].

Жамият харажатлари йилдан-йилга ошиб боргани учун айрим ўқувчиларнинг бой-бадавлат қариндошларидан ортиқча харажатларни қоплаш учун ҳар йили 50 рубль маблағ талаб қилинган. Жамиятнинг кутубхонаси бўлиб, унда китоб, рисола турли соҳага оид трактатлар мавжуд эди. Кутубхона китоб фондидан жамият аъзолари, ўқувчи ва талабалар бирдек, яъни текин фойдаланган [6:23].

“Бухорода барча кишилар орасида фойдали илмларни тарқатишнинг бахтли жамияти” аъзоларининг сони, унинг таъсисчи ва ташаббускорлари ҳақидаги маълумотларни манбаларда учратмадик. Эҳтимол, бу каби миллий ватанпарварлар жамиятлари империя маъмурлари томонидан қатъий назоратга олиниши туфайли таъсисчилар ўз исм-шарифини сир тутган ёхуд асл номини ўзгартиришга мажбур бўлган. Усмонийлар салтанати пойтахти Истанбулдаги Россия элчихонаси туркистонликлар хатти-ҳаракатини  синчковлик билан кузатиб, улар ҳақидаги маълумотларни Санкт-Петербург, Тошкент, Янги Бухоро, Петро-Александровскийга мунтазам етказиб турган. Чунки, бу каби миллий уюшмалар фаолияти империя манфаатларига зид бўлиб, улар миллий ғурур ва руҳни уйғотишга хизмат қилар, туб жой аҳоли саводхонлиги учун кураш олиб борар эди.

Фойдаланилган адабиётлар:
  1. ЎМА. И-3 фонд. 1-рўйхат. 1168-йиғма жилд. 199-варақ. Ҳайитов Ш. Ўзбек муҳожирлиги тарихи (1917-1991 йиллар). Abu-matbuot konsalt, 2008. – Б. 22.
  2. ЎМА. И-3 фонд. 1-рўйхат. 1168-йиғма жилд. 163-165-варақлар.
  3. ЎМА. И-3 фонд. 1-рўйхат. 1168-йиғма жилд. 200-201-варақлар.
  4. ЎМА. И-461-фонд. 1-рўйхат. 942-йиғма жилд.18-варақ.
  5. ЎМА. И-461-фонд. 1-рўйхат. 949-йиғма жилд. 16-варақ.
  6. ЎМА. И-461-фонд. 1-рўйхат. 949-йиғма жилд 21-варақ.
  7. Ҳайитов Ш.А. Бухороликларнинг хориждаги ташкилот ва уюшмалари. // Из Истории культурного наследия Бухары (2 выпуск). Изд. Бухара, 2008. – С.71-74.; Шу муаллиф: Бухороликларнинг хориждаги мулклари ва ворисийлик ҳуқуқи масаласига доир (XIX аср охири – XX аср бошлари) // Бухоро давлат университети илмий ахбороти. 2012. 3-сон. – Б. 35-39. Шу муаллиф: Бухоро амирлигидан Истанбул ва муқаддас шаҳарларга вақф қилинган мулклар //БухДУ илмий ахбороти. 2008. 2-сон. – Б. 47-50.
 
[1] ТРҚБ (Туркистон район қўриқлаш бўлими, Охранка, Махсус идора, махфий маълумотлар тўплаш учун тузилган идора)
ЗОКИР ТОҒАЕВ
НавДПИ тадқиқотчиси

Check Also

МАВЛОНО МУҲАММАД ҚОЗИНИНГ «СИЛСИЛАТУЛ-ОРИФИН ВА ТАЗКИРАТУС-СИДДИҚИН» АСАРИДАГИ ТАРИХИЙ-ТАСАВВУФИЙ ҒОЯЛАР

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида дунёга машҳур алломаларимиз маънавий меросини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Биз …