Home / МАҚОЛАЛАР / ВАҲИЙНИНГ КEЛИШИ (бир ҳадис шарҳи)

ВАҲИЙНИНГ КEЛИШИ (бир ҳадис шарҳи)

عَنْ عَائشَةَ أُمِّ المؤْمِنِينَ رَضي الله عَنْها أنَّ الحَارثَ بْنَ هشَام رضي الله عَنْه سَأَلَ رَسُولَ الله صَلى الله عَلَيه وَسَلم فَقَالَ: يَا رَسُولَ الله، كَيْفَ يَأْتِيكَ الوَحْيُ؟ فَقَالَ رَسُولُ الله صلى الله عليه وسلم: أحْيَانًا يَأْتِيني مِثْلَ صَلْصَلَة الجَرَس، وَهُو أَشَدُّهُ عَلَيَّ، فيُفْصَمُ عَنِّي وَقَدْ وَعَيْتُ عَنْهُ مَا قَالَ، وأَحْيَانًا يَتَمَثَّلُ لي الملَكُ رَجُلًا فَيُكَلِّمُني فَأَعِي مَا يَقُولُ.

قَالَتْ عَائشَة رَضي الله عَنْها : وَلَقَدْ رَأَيْتُهُ يَنْزِلُ عَلَيْه الوَحْيُ في اليَوْمِ الشديدِ البَرْدِ، فيَفْصِمُ عَنْهُ وَإنَّ جَبِينَهُ لَيَتَفَصَّدُ عَرَقًا.

 Мўминлар онаси Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

“Ҳорис ибн Ҳишом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Эй Аллоҳнинг Расули! Сизга ваҳий қандай келади?” деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Гоҳида қўнғироқнинг жаранги каби келади, шуниси энг оғиридир. Сўнг арийди, мен эса айтилганларни сингдириб олган бўламан. Гоҳида фаришта менга инсон қиёфасида кўриниб гапиради, шунда айтаётганини сингдириб оламан”, дедилар”.

Оиша розияллоҳу анҳо айтдилар: “Дарҳақиқат, у зотга қаттиқ совуқ кунда ваҳий нозил бўлаётганини, сўнг у зотдан ариганида пешоналаридан тер чиққанини кўрганман”.

* * *

Уламолар ваҳийни қуйидагича таърифлайди: “Ваҳий Аллоҳ таолонинг бандалари орасидан Ўзи танлаб олган шахсга Ўзи ирода қилган ҳидоятни тез
ва махфий равишда билдиришидир”.

Бошқача айтганда, Аллоҳ таолонинг Ўз анбиёларидан бирига кўрсатмалар юбориши ваҳийдир. Бу юбориш тезлик билан, бошқалардан махфий равишда бўлгани боис унга “ваҳий” сўзи қўлланган. Ваҳийни, яъни диний кўрсатмаларини набийларга тезлик билан ва бошқалардан махфий равишда юборишнинг бир неча услуби бўлган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳорис розияллоҳу анҳунинг саволига жавобан ваҳийнинг қандай келишини – унинг икки кўринишини баён этдилар: қўнғироқ жаранглаши ва фариштанинг инсон қиёфасида келиши. Оиша розияллоҳу анҳонинг мазкур гапи ваҳийнинг шиддатидан далолат беради. Ваҳий кўпинча ана шу икки шаклнинг бирида нозил бўларди. Бироқ у фақат шу икки кўриниш билан чегараланмаган. Бошқача ҳолатларда ҳам тушган.

Бу ўринда тўхталиш лозим бўлган яна бир жиҳат ваҳийнинг оғир ва машаққатли эканидир. Аллоҳ истаганда уни ҳеч қандай машаққат ва оғирликсиз нозил қилган бўлар эди. Ваҳийнинг бу тарзда туширилиши унинг азамати, жалоли, қадри ва даражаси нақадар юқори эканини ифодалайди.

Шунингдек, бу билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мақом-даражаларини юксалтиради. Буни қуйидагича тушуниш мумкин: оддий
бир инсон дунёда дини учун қанча кўп машаққат чекиб, қийинчиликларга сабр қилса, охиратдаги ажри шунча зиёда бўлади. Демак, афзали коинот
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бу машаққат етадиган бўлса, у зотнинг ажрлари, даражалари ҳам чандон-чандон зиёда бўлиши турган гап. Бундан бошқа ҳикматларини эса Аллоҳ таолонинг Ўзи билади.

 «Саҳиҳи Бухорий» шарҳи (1-жилд) китоби асосида тайёрланди
 
Равшан ЭЛМУРОДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими

Check Also

МАЪРИФАТЛИ АЁЛНИНГ ТАЪСИРИ АСРЛАРГА ТАТИЙДИ!

Ҳаётда инсоннинг беғараз ёрдамчилари жуда кўп бўлади. Масалан, жазирама иссиқда дарахтнинг сояси ё зилол чашманинг …