Home / МАҚОЛАЛАР / ТУРКИСТОН ҲУДУДИДА СУД ИШЛАРИ ВА ҚОЗИХОНАЛАР ТАРИХИ

ТУРКИСТОН ҲУДУДИДА СУД ИШЛАРИ ВА ҚОЗИХОНАЛАР ТАРИХИ

Маълумки, қози лавозими ислом ҳуқуқшунослигидаги ўзига хос мансаблардан бири саналган. Қози сўзи араб тилидаги “қазо”дан олинган бўлиб, луғавий маъноси “кесиш”, “ажратиш” ва “ҳукм қилиш” маъноларини англатади. Ҳанафий уламоларининг таърифига кўра ўзига хос йўл билан хусуматларни ажратиш ва низоларни кесиш “қазо” деб юритилган. Замонавий тадқиқотларда “қозилик” деганда маҳкама, яъни “суд” муассасаси тушунилади.

Айниқса, ислом динининг кириб келиши жамият ҳаётининг барча соҳаларининг шариат қоидалари асосида тартибга солиниши Ўрта Осиё ҳудудида ҳам қозилик маҳкамаларининг пайдо бўлишига олиб келди. Улар жамиятда адолатни қарор топтиришнинг ҳуқуқий кафолатига айланди. Ўтган ўн икки аср давомида қозилар фаолият юритадиган маскан – “қозихона”лар “дор-ул қузот”, яъни адолат даргоҳи сифатида ном қозонди.

Ўрта Осиё хонликларида, одатда, қозилар ўз фаолиятини олиб бориш учун қулай деб билган жойни ўзи танлаган. Улар аксарият ҳолларда масжид, мадраса ёки ўз уйида иш олиб борган. Кейинчалик маҳкама учун алоҳида бино қурилиб, махсус қозихоналар ташкил этилган. Бухоро амирлигида қозихоналар фаолияти Амир Шоҳмурод (1785-1800) даврида кенгайди. Ҳукмдор юртда адолатни таъминлаш мақсадида Минораи калон яқинидаги ҳовлисида фуқаролар арзини эшитиш ва уларни ҳал қилишни йўлга қўйди [7]. Мамлакатда қозилик ишларини амир Шоҳмуроднинг шахсан ўзи бошқарган. Судлов ишларини олиб бориш учун махсус судлов қонунлари мажмуаси ишлаб чиқилган бўлиб, мамлакатдаги барча қозилар мана шу қонунлар мажмуаси асосида иш олиб борган [6].

Бу даврда асосий суд идораси қозилик маҳкамалари ҳисобланиб, қозикалон бутун мамлакатнинг бош қозиси эди. Суд ишларини кўриб чиқиш оддий кўринишда бўлган. Қозига оғзаки ёки ёзма равишда мурожаат қилиш мумкин эди.  Қозилар олиб борадиган суд жараёнида гумондорни айблаш ёки айбини исботлаш учун шариат қоидаларига риоя қиладиган ростгўй ва ҳалол кишиларнинг гувоҳлиги етарли асосга эга бўлган. Гувоҳлар эса ўз навбатида камида икки киши бўлиши керак эди. Қозилар суд жараёнида айбдорнинг моддий аҳволи, айбининг даражаси, қилмиши учун чин кўнгилдан пушаймон бўлиши, зарарни ихтиёрий қоплаши, жабрланган шахсдан узр сўраши каби ҳолатларни инобатга олган ҳолда жазо тайинлаган [3]. 

Қўқон хонлигида ҳам асосий суд органи қози ҳисобланиб, уларни хоннинг ўзи тайинлар эди. Қозилар ҳам диний, ҳам фуқаролик ишларини кўрган. Улар ҳатто ўлим ҳукмини чиқаришга ҳам ҳуқуқли бўлган. Хонликнинг бош қозиси “Қози ул-қуззот” (қозилар қозиси, яъни адлия вазири) деб номланган. Бундан ташқари, “Қози калон” (пойтахтда ва вилоят марказларидаги қозиларнинг ва қозихона ишларининг устидан назорат қилган), “Қози мутлақ” (бош қози), “Қози аскар” (қўшин қозиси), “Қози раис” (қўшинларда аскария муфтиси берган фатволарнинг ижро этилиши устидан назорат қилган) ва бошқалар фаолият юритган.

Қўқон хонлигида қози калон хизмати учун йилига 800 ботмон ғалла ва 1200 танга пул олган. Диний ва суд тизимига алоқадор лавозимларда бўлганлар давлат томонидан белгиланган маош ва турли хайр-эҳсонлар ҳисобидан кун кўрган. Бундай даромадларга никоҳона, таракона (тарака қилинган мулкдан), мерос ҳақи ва бошқа хил тўловлар кирарди [5].

Қўқон хонлиги маҳаллий бошқарув тизимида ва бошқа хонликлардаги каби қозилар муҳим рол ўйнаган. Қозилар зиммасига фуқаролар арз ва шикояти ва талаблари асосида шариат қонунларига асосланган ҳолда судлов ишларини ташкил этиш юклатилган. Қўқон хонлигида вилоят ва шаҳар қозилари, Бухоро ва Хива хонликларидан фарқли равишда ― хон ёрлиғига биноан шаҳар ҳокимлари томонидан тайинланган. Кўп ҳолларда қозиларни тайинлашда уларнинг қозилар авлодидан эканига ҳам эътибор берилган. Маҳаллий бошқарув тизимида фаолият юритган қозилар бу бошқарув тизимининг тепасида турган ҳокимлар, беклар олдида жавобгар эди. Қозилар ҳукмидан норози фуқаро олий ҳукмдор хонга ва ҳокимга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган.

Хива хонлигида ҳам давлатни бошқаришда ислом дини мафкуравий асос сифатида хизмат қилган. Қонунлар шариат қоидалари асосида ишлаб чиқилган ва амалга татбиқ этилган. Шайх ул-ислом – хонликдаги энг юқори мартабали киши эди. У диний маросимларнинг аниқ бажарилиши устидан назорат қилган. Мусулмон ҳуқуқи ва қонунлар бажарилишини шариат асосида назорат қилган амалдор “Қози ул-қузот (қози калон)” деб номланган. Қози калон пойтахтда ўз девони ва маҳкамасига эга бўлган. Ҳар бир вилоят марказида эса ўша ҳудуд қозиси фаолият юритган. Бундай маҳкамалар Дорул қазо деб аталган. Қўшиндаги қонун-қоидаларни қози аскар (аскар қозиси) назорат қилган ва шаръий масалаларни ҳал қилган.

Шунингдек, Хива хонлигида Муфти – қозиларнинг ҳуқуқшуноси эди. Улар бирор иш кўрилаётганда иштирок этиши, ҳукмона тузиши ва ҳукмларнинг тўғрилигини тасдиқлаш учун ҳужжатларга муҳрини босиши лозим эди. Хивада бош муфти еттита бўлиб, барча муфтиларнинг хон ёнида ўрни бўлган. Лашкарда ўзининг муфти лашкари хизмат қилган.

Бу даврда аълам муфтиларнинг бошлиғи ҳисобланган. Унинг вазифаси фатвода келтириладиган шариат ривоятларини текширишдан иборат бўлиб, айрим ривоятларнинг асл нусхасига мослигини аниқлагач, унга ўз муҳрини босган. Раислар эса шариат тартиб-қоидалари, диний маросимлар – рўза, беш вақт намоз, таҳорат, хайри-эҳсон ишларининг аниқ бажарилиши устидан назорат қилган. Ҳар бир шаҳар ва катта қишлоқнинг ўз раиси бўлиб, қози калон тақдимига мувофиқ хон томонидан тайинланган [4].

Ўрта Осиё Россия империяси томонидан босиб олингунга қадар бу ерда, юқорида айтилганидек, анъанавий суд тизими иш олиб борди. Муқаддас Қуръони карим оятлари, уламо ва дин пешволари асарлари, шунингдек, ҳадисларда адолатли судлов масалалари ўз аксини топган. Бу борада Бурҳониддин Марғинонийнинг Ҳидоя асарини [1] мисол сифатида кўрсатиш мумкин. Хусусан, асарнинг 16-боби олди-сотди ишларини юритиш, 18-китоби эса шартномалар тузишдаги кафолат бериш қоидаларига бағишланган. Юқорида номлари келтирилган манбалар Туркистон ўлкасида XIX асрда амал қилган қозилик ва бийлик судлари учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилган.

Империя ҳарбийлари Туркистонда диний ва этник омилнинг мураккаблигини ҳисобга олиб, турли халқлар истиқомат қиладиган минтақаларни маъмурий-ҳудудий бирлаштиришга қарши бўлган. Айрим шарқшунос олимлар фикрича, бу даврда нафақат босиб олинган ўлкаларда, балки Россиянинг ўзида ҳам ислом динига эътиқод қилувчиларнинг кўплиги империя учун хавф манбаи бўлган. Шунинг учун XIX аср иккинчи ярмида империя ҳукуматининг диний сиёсати ислом дини тарқалишини чегаралаш ва таъсирини камайтиришдан иборат бўлган.

Марказий Осиё халқлари суд тизимини қайта ташкил этиш орқали Россия империяси аҳоли орасида ислом дини таъсирини сусайтиришга ҳаракат қилди. Империя ҳукмрон доираларида ҳам шариат судлари ва қозилар фаолиятига муносабат бир хил бўлмаган. Туркистон вилояти ҳарбий губернатори М.Г.Черняев Ўрта Осиё ҳукмдорлари ваколатига кирган барча ҳуқуққа эга бўлган, аммо шу билан бир вақтда шариат судлари ишига аралашмаган. Аммо империя расмийлари Черняевнинг бундай сиёсатидан норозилигини билдириб турган ва бу ҳолат унинг ишдан четлаштирилишига олиб келган [2:377].

Черняев ўрнини эгаллаган Д.И.Романовский Тошкентда маҳкама жорий этиш тўғрисида буйруқ берган. Мазкур маҳкама раислигига рус амалдори тайинланган. Маҳкаманинг мажлисларида маҳаллий аҳоли муаммоларига оид масалаларга ойдинлик киритиш мақсадида қозининг иштироки таъминланган. Маҳкаманинг бошқа яна 3 аъзоси фуқаролар томонидан Тошкентнинг эътиборли кишилари орасидан танлаб олинган.

Тошкентдаги маҳкамада кўчманчи ва ўтроқ аҳоли учун икки бўлим фаолият олиб борган. Барча масалалар шариат асосида кўриб чиқиларди. Эътирозли ҳолатлар юзага келган тақдирда маҳкама аъзоларининг қарорига кўра ишни ҳарбий губернатор ихтиёрига жўнатиш тартиби амал қиларди.

Тарихчилар фикрича, Тошкентдаги маҳкама фаолияти тугатилишининг асосий сабаби шариат пешволари орасидаги келишмовчилик ва аҳолининг ушбу муассасага ишончсиз муносабатда бўлиши билан боғлиқ эди. Хусусан, дастлабки вақтларда маҳаллий аҳолининг рус судларига мурожаат қилиши бўйича тахмини ҳам йўққа чиқди. Маҳаллий аҳоли аввалгидек, шариат қоидалари асосида ўз муаммоларини ҳал қилишни маъқул кўрди.

Хулоса қилганда, Туркистон ҳудудида суд тизими ва у билан боғлиқ қозихоналар фаолияти ўзига хос тарзда кечди. Ўрта Осиё хонликлари даврида Қуръон, ҳадислар, ушбу соҳа мутахассислари асарлари ва бошқалар суд тизимида асосий манба ҳисобланган. Қозихоналар масжид қошида бўлиши керак бўлса-да, кўпгина судлов ишлари қозиларнинг уйларида, бозор кунлари эса бозорларда кўрилган. Ўрта Осиё Россия империяси томонидан босиб олингандан сўнг, бу соҳада ҳам руслаштириш олиб борилди. Бу эса, ўз навбатида, қозихоналар фаолиятига ўзининг салбий таъсирини кўрсатди.

Шодиёр АЛИМОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
бўлим бошлиғи
Фойдаланилган адабиётлар
  1. Бурхануддин Маргинани. Хидоя. Комментарии мусульманского права. В двух частях. Четрёх томах. Часть 1. https://www.worldislamlaw.ru/?p=1343).
  2. Васильев Д.В. русский Туркестан: судьба и власть (Туркестанские генерал-губернаторы в 1865-1886гг.) //Азиатская Россия: люди и структуры империи: сборник научных статей. К 50-летию со дня рождения профессора А.В. Ремнева / Под ред.Н.Г. Суворовой. -Омск: Изд-во ОмГУ, 2005.– С.377.
  3. Тошев С. Бухоро амирлигида амир Шоҳмурод ислоҳотлари// Academic research in educational sciences. Volume I. Issue 3. 2020.
  4. http://xorazmiy.uz/uz/pages/view/576
  5. https://kh-davron.uz/kutubxona/uzbek/shodmon-vohid-qoqon-xonligidagi-unvon-va-mansablar.html
  6. https://shosh.uz/buhoro-amirligi-avvali-va-ohiri/
  7. https://yuz.uz/news/buxoroning-qadimiy-qozixonalari-qayta-tiklanmoqda

Check Also

МУСТАҚИЛЛИК ЙИЛЛАРИДА ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИНИНГ ТАДҚИҚ ЭТИЛИШИ

Мустақилликнинг илк йилларида ислом динига қўйилган бир асрлик чеклов [4:252] барҳам топиб, эътиқод эркинлиги учун …