Home / МАҚОЛА / СОХТА “ТАРИҚАТ”ЛАРНИНГ НОЎРИН ИДДАОЛАРИ

СОХТА “ТАРИҚАТ”ЛАРНИНГ НОЎРИН ИДДАОЛАРИ

Зарафшон воҳаси тарихида тариқатдан сабоқ беришни даъво қилувчилар, сохта тариқатчилар ҳам учрайди. Сохта тариқатчилар деганда, тасаввуфнинг фақат ташқи жиҳатларига, маросим ва турли зикр мажлисларига асосий эътиборни қаратиб, унинг фалсафий-ирфоний хусусиятларидан бехабар фаолият юритаётган, муайян бир кишини пир санаб, унинг этагидан тутувчи, жамиятнинг бошқа аъзоларидан четлашиб, пир хизматини ҳаётдаги энг асосий мақсад, деб билувчи жоҳил кишилар ёки жамоалар, гуруҳлар тушунилади. Улар фаолиятида тасаввуф таълимотида, шариат аҳкомларидан келиб чиқиб, қабул қилинган тартиб-қоидалардан четга чиқиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Бунинг сабабларидан бири, улардаги мутаассиблик ғояларигина эмас, тасаввуф тарихи, мақсади ва вазифалари тўғрисида илмий асосланган, мисол ва фактлар билан исботланган тушунтириш ишлари етарли эмаслигидадир. Баъзи замонавий тариқат вакиллари ўз тариқатларидаги айрим ҳаракатлари билан кишилар эътирозига сабаб бўлмоқда. Улар минг йиллар олдин шаклланиб, муқаддас деб улуғланган диний аҳкомларнинг илдизларини тўла-тўкис тушунмайдиган кишилар онгини заҳарламоқда.

Тариқатга кирган кишига илмнинг шарт эмаслиги ва ҳатто илмни тарк қилиш афзаллиги тўғрисидаги масала ҳам, айни пайтда, долзарб.  

 Сохта шайхлар жоҳил, илмсиз суфийлар ва ботил тариқатлар тасаввуфда қаттиқ танқид остига олинади. Илм талаб қилишни рад этувчи “тариқатчилар” қуйидагиларни далил қилиб келтиради: “Аввало, илмнинг моҳияти ибодатга восита бўлишдир. У орқали инсон Роббини танийди ва унга бандалик қилишга ҳаракат қилади. Модомики, инсон Аллоҳга ибодат қилиш йўлига ўтган экан, унга илмнинг кераги йўқ”[1]. Тариқатчилар фаолиятида ҳам исломга мутаносиб келмайдиган баъзи бидъат ва хурофотлар борки, уларни илмий асосда бартараф этиш зарур.

XVII асрда Аҳмад Сирҳиндий айнан шундай масалаларни ислоҳ қилиш мақсадида “Мактубот”[2] асарини ёзган. Асарда тасаввуфнинг моҳиятини содда иборалар билан шарҳлаб, ёт қарашларга ишончли ҳужжат ва далиллар билан раддия берган. Унинг мактублари ўз давридан кўра кўпроқ келажакка хитоб[3] қилган. Улар ўз давридан кўра келажакка аталган мактублардир.

Сўфи Оллоҳёрнинг “Саботул ожизин” асари ақида, фиқҳ, тафсир, ҳадис, тарих, сийрат ва адаб илмларини ўзида жамлаган мўътабар манбадир. Унда ислом асосларини ўргатувчи энг муҳим фан бўлган ақидага оид масалалар туркий тилда шарҳланган. Асарда Аллоҳ таолонинг маърифати, тавҳиди, сифатлари, имон, фаришталар, қабр азоби, қиёмат, умрнинг фонийлиги ҳақида сўз юритилади. Шунингдек, авлиёлар каромати, пири комиллар, ризо ва сабр, тама, дунё ҳийлаларидан қочиш, кибр, таваккул, дарвешлик, мулойимлик, эзгулик, ҳақирлик, садоқат каби инсон камолотини белгиловчи фазилатлар ва ҳолатлар содда тил ва таъсирчан руҳда баён этилган. Шунингдек, ўша даврдаги ўн тўртта бидъат таълимот жиддий танқид қилиниб, уларнинг муддаолари ўринсиз экани очиб берилган.

Сўфи Оллоҳёр – равшания, аббосия, ҳуббия, малоҳид, авлиёия, ҳулулия, ҳурия, воқифия, мутакосила, илҳомия ва иддаоия каби “сохта тариқат”лар ва уларнинг нотўғри “иддао”ларига муносиб раддия берган.

Жумладан, ҳуруфийлар икки гуруҳга бўлинган: авбошийлар ва равшанийлар. Равшания[4] – ҳуруфийлардан ажралиб чиққан бўлиб, жаҳрий зикр билан шуғулланган. “Жазба аҳлимиз” деб, девона қаландар бўлиб, шаҳарма-шаҳар, қишлоқма-қишлоқ юрган. Оқшомлари жам бўлиб, турли мусиқа асбоблари – най, қўбиз кабиларни чалиб, ҳикматлар айтган. Йиғилган хотинлар ва ёш йигитлар жўр бўлиб ашула айтган[5]. Албатта, бу шариат ва тариқат қоидаларига мутлақ тўғри келмайди. Бу даврда авбошийлар кўпайиб кетгани таъкидланган.

Аббосия – фаҳш ва гиёҳвандликка мубтало бўлган. Ҳуббиялар эса Аллоҳни қаттиқ севса, шариат аҳкоми соқит бўлишини айтишган.

Сўфи Оллоҳёр бундай дейди:

“Яқин билгилки, баъзи номусулмон,
Демиш: “Вақтики қурбат топса инсон,
Кўтарур Ҳақ шариат ҳукмин андин”,
Бўлур юзи қаро мундоғ дегандин.
Бу ботил сўз эрур қавли малоҳид,
Шариатга эрур ул фирқа жоҳид”.

Буларни танқид қилиб юзи қаро бўлгани, бу ботил сўз эканини таъкидлаб, малоҳидларнинг бу иддаолари шариатга зидлигини тушунтириб, кескин раддия беради. Асрлар давомида шаклланган исломий дунёқарашнинг бузилиши ва носоғлом муҳитнинг вужудга келишига сабаб бўладиган бу таълимотларга эргашмасликка чақиради. Такаббур бўлмаслик, қиёматда насабдан сўралмаслиги, “қорача” “хожа”дан ёки “муаллим” “саййид”дан юқори туриши мумкинлиги тушунтирилган. Бу иллатларга биргаликда курашиш[6]  зарурлиги таъкидланган.

Жалолиддин Румий бундай дейди:
Нист дунё нуқраҳу фарзанди зан,
Чист дунё? Аз Худо ғофил будан.

Яъни сен бойликни ҳам, аёл ва фарзандни ҳам дунё деб билма, улардан юз ҳам бурма! Сени нима ғафлатда тутса, нима ҳақиқатдан узоқлаштирса ана шуни дунё деб билгил. Инсоннинг оиласи  ва яқинларига доимо меҳр-оқибат билан муносабатда бўлиши чин инсонийлик намунасидир.

Юқорида номлари зикр қилинган бир қанча ботил тариқатлар пайдо бўлди ва уларнинг барчаси аҳли сунна вал жамоа эътиқоди бўйича кескин танқид остига олинди. Нотўғри бўлганлиги боис уларнинг аксарияти тарих саҳнасидан тушиб қолди.

Муайян тариқат пири шариатдан бехабар бўлса, унинг ортидан эргашганлар ундан-да саводсиз бўлса, бу ҳолат нима билан якун топишини тасаввур қилиш мумкин. Улар атрофга жаҳолат тарқалади ва халқ маънавиятига салбий таъсир кўрсатади. Ман шу каби “сохта тариқат”чиларнинг “сохта” даъволари жамият орасида гоҳ-гоҳида тўлқинланиб туради. Жумладан, “Пирга қўл берган кишининг қазо намозлари соқит бўлиши”, “Пухта илм олишлик шарт эмаслиги”, “Чап қўл билан синдирилган нонни емаслик”, “Пир таҳорат қилган сув муқаддаслиги” каби бир қатор ношаръий иддаолари аҳолининг турли тушунмовчиликларига сабаб бўлмоқда.

Пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.) муборак ҳадисларидан бирида бундай дейдилар: Умматимнинг энг яхшиси охират иши деб дунё ишини, дунё иши деб охират ишини қолдирмайдиганларидир”, дедилар.

Аллоҳ таоло роҳиблик, яъни таркидунёчилик йўқ эканлиги хабарини қуйидаги оятда марҳамат қилган: “Роҳибликни ўзлари чиқариб олдилар. Биз буни уларга фарз қилмаган эдик, фақат ўзлари Аллоҳнинг розилигини тилаб қилдилар, лекин ҳақиқий риоясини қила олмадилар. Бас, улардан иймон келтирганларига ажрларини бердик, лекин уларнинг кўпи фосиқдурлар” (Ҳадид сураси, 27 ояти).

Муҳаммад (с.а.в.) ҳадиси шарифларидан бирида бундай марҳамат қиладилар: “Исломда роҳиб ( таркидунёчи)лик йўқ” [7].

Кўриниб турибдики, айрим тариқатчиларнинг қилаётган амаллари шариат асосларига ҳам, тариқат анъаналарига ҳам тўғри келмайди. Бундан ташқари, оддийгина инсоний мантиқ мезонига ҳам мос эмас.

Тасаввуф асоси – Қуръони карим ва суннати мутаҳҳаро устида бунёд этилган. Тасаввуф қоидаси: “Ҳар бир диний фикрий ёндашув илмийдир”. Тасаввуф  ҳар томонлама қалбни софлаш, тозалаш, тафтиш қилиш, тушуниш ва мулоқот қилишни талаб қилади. Унинг ички қоидалари шариат фиқҳига асосланган бўлиб, шариат каби ислоҳот ва тадриж жараёнини ҳам қабул қилади.

Яссавия тариқати пешволари “Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим” (Ваз-зориёт сураси, 56-) оятидан маърифатни тушунишади. Маърифатдан таъбир эса ибодатга ишора бўлиб, маърифат ибодатсиз ҳосил бўлмаслиги[8] айтилган.

Нақшбандийлик таълимоти маърифатни кенг маънода тушунтириб, руҳий камолотнинг асосий мақсади маърифатли бўлишдир, деб таъкидлайди. Тавҳидга етишиш осон, лекин маърифатли бўлиш оғир. Бунга фақат муршид-устозлар раҳнамолиги орқалигина етишиш мумкинлиги тушунтирилади.

Инсон маърифатли бўлиши, ўзини англаш, ўрганиш учун аввало нафсини бошқара олиши, бор куч-қувватини илоҳий ишқ йўлида сарфлаши, бутун вужудини идора этиб, уни руҳий камолот учун сафарбар қилиши кераклиги таъкидланади. Ердан яхши ҳосил олиш учун уни барча бегона ўтлардан тозалаб, кейин уруғ сепилгани каби ботинни поклаб, сўнг зикр уруғини сепиш кераклиги тушунтирилади. Шунингдек, инсон маърифатли бўлишда нафсга қарши сабр фазилатини ўзига сингдириши керак. Бу жараёнда ҳалол луқма ва ҳушёрликка алоҳида эътибор бериб, қўл меҳнати билан ҳаёт кечиришни кундалик одатга айлантириш лозимлиги уқтирилган.

Нақшбандийлик хожаликни эмас, меҳнаткашликни тарғиб қилгани жиҳатидан ҳам ўз даври учун улкан ижтимоий ҳодиса эди. Бу тариқатда жаҳоннинг энг муҳим ижтимоий муаммоси – меҳнатга ва унинг натижасида эришиладиган бойликка муносабат масаласига жиддий эътибор берилади. “Дил ба ёру даст ба кор”, яъни “Кўнглинг доим Аллоҳда бўлсин, қўлинг эса ишда” шиори кишининг меҳнат қилиб туриб ҳам тасаввуф билан машғул бўлиши мумкинлигини исботлади. Агар ҳар ким ўз меҳнати билан тирикчилик қилса, бойликка фақат меҳнати орқалигина эга бўлишга интилса, бу дунёда ноҳақлик юз бермайди, ижтимоий адолат тантана қилади. Баҳоуддин Нақшбанд амал қилган “Дил ба ёру даст ба кор” шиор кишини ҳам маънавий юксалтиришга хизмат қилади, ҳам жамиятда баҳамжиҳат яшаб, ўзаро бир-бирига ёрдам бериш, меҳнат, бунёдкорлик билан юртни обод қилишга сафарбар этади.

Аввало тариқатларда мурид-муршидлик муайян тартиб-қоидалар асосида юзага келиб, қатъий шариатга таянган ва тариқат одобларини ўзида мужассам этган ҳамда муршиднинг кўрсатмаларига риоя этиш шарти билан тариқатга муршидлик қилиш ҳуқуқи пир-муршидлар томонидан берилган. Тариқат муршиди шариат қонун-қоидаларини яхши билиши ва тариқат силсиласи саҳиҳ бўлган устозлар занжирига уланиши асосий шартлардан саналади. Тарихда тариқат маснадига ўтирган муршидларга ўз устозлари томонидан тасдиқланган ижозатномалар берилган. Ушбу ҳужжат муршид,  қози  ёки замона уламолари муҳри билан тасдиқланган.

[1] Юлдашходжаев Х. Тариқатчиликнинг замонавий кўринишлари. – Тошкент: ТИУ, 2010. – Б. 17.
[2] Муҳаммад Масрур Аҳмад, Жовид Иқбол Мазҳарий, Иқбол Аҳмад Ахтар Қодирий. Жаҳони Имом Раббоний мужаддиди алфи соний шайх Аҳмад Сирҳиндий // Соҳибзода Сожид ар-Раҳмон. Имоми Раббоний кий таълимоти тасаввуф. Т. 2. – Карачи: Имоми Раббоний фондейшн, 2005. – Б. 501.
[3] Görmez, “Açılış Konuşmaları I”, Uluslararası İmâm-ı Rabbânî Sempozyumu Tebliğleri, – Istanbul: Hüdâyî Vakfı, 2018. – S. 10.
[4] Асосчиси балхлик Ибн Сафвон Равшанийдир.
[5] Сирожиддинов Ш. Сўфи Оллоҳёр илоҳиёти (I қисм). – Т.: Имом ал-Бухорий халқаро жамғармаси нашриёти, 2001. – Б. 19.
[6] Сирожиддинов Ш. Сўфи Оллоҳёр илоҳиёти (I қисм). – Т.: Имом ал-Бухорий халқаро жамғармаси нашриёти, 2001. – Б. 25.
[7] Шамсиддин Абу Бакр Муҳаммад ибн Абу Саҳл Сарахсий. Мабсут. – Байрут: Дорул фикр, 2000. 4-жилд. – Б. 353.; Ҳусайн ибн Масъуд ал-Бағавий. Шарҳус суннат. – Байрут: Мактабатул исломия, 1983. 2-жилд. – Б. 371.
[8] Муҳаммад Олим шайх Азизон. Ламаҳот. – Б. 245.
Меҳрожиддин АМОНОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази бўлим бошлиғи
Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), катта илмий ходим

Check Also

МАЪРИФАТЛИ АЁЛНИНГ ТАЪСИРИ АСРЛАРГА ТАТИЙДИ!

Ҳаётда инсоннинг беғараз ёрдамчилари жуда кўп бўлади. Масалан, жазирама иссиқда дарахтнинг сояси ё зилол чашманинг …