Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Теран тафаккур маърифат билан озиқланади

Теран тафаккур маърифат билан озиқланади

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходимлари жойларда ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, ёшларни ёт ғоялар таъсиридан асрашга йўналтирилган маънавий-маърифий тарғибот тадбирларини ўтказмоқда.

Ҳудудлардаги давлат ва жамоат ташкилотлари, хусусан, маҳалла фуқаролар йиғинлари, таълим муассасаларида “Жаҳолатга қарши – маърифат” ғояси асосида ташкил этилаётган мулоқотларда маънавиятни юксалтириш, миллий ва умуминсоний қадриятларни мустаҳкамлаш, турли бузғунчи ғояларга қарши соғлом иммунитетни шакллантириш борасида тушунтириш бериш билан бирга, Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепцияси мазмун-моҳияти ҳам кенг тарғиб этилмоқда.

Шундай тадбир Самарқанд шаҳар ҳокимлигида ўтди. Унда Марказ ходими У.Муҳаммадиев ҳокимлик аппарати ходимлари, ташкилот ва муассасалар раҳбарларига мазкур йўналишда олиб борилаётган ишлар тўғрисида, хусусан, ёшлар онгига турли ёт ғоялар сингдирилишининг олдини олишда маърифатнинг ўрни, диний саводхонликни оширишнинг аҳамияти ҳақида маълумот берди.

Таъкидланганидек, жаҳон миқёсида турли мураккаб ғоявий курашлар авж олаётган ҳозирги пайтда жамиятда маънавий барқарорликни таъминлаш, диний масалаларга оид тўғри ва ҳаққоний маълумотларни тарқатиш орқали фуқароларнинг, айниқса, ёшларнинг мафкуравий иммунитетини кучайтириш муҳим вазифалардан ҳисобланади.

Тадбир давомида Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш, турли дин ва эътиқод вакилларининг тинч-осойишта ҳаёт кечириши учун яратилаётган шарт-шароит, шунингдек, диний соҳадаги давлат сиёсатининг очиқлиги ва инсонпарварлик тамойиллари асосида амалга оширилаётгани қайд этилди.

Мулоқот сўнгида иштирокчилар ўзини қизиқтирган саволларига жавоблар олди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Туркияда тўртинчи ёзги семинар

Туркиянинг Анқара шаҳридаги Ислом тафаккури институтида “Мовароуннаҳр тўртинчи ёзги семинарлари” доирасидаги малака ошириш ўқувлари бошланди. …