Туркия, Анқара – 2025 йил, 10 июль.
Айни пайтда Туркияда турли минтақалардан келган тадқиқотчилар иштирокида “Мовароуннаҳр тўртинчи ёзги семинарлари” муваффақиятли давом этмоқда.
Туркия Ислом тафаккури институти ташаббуси билан йўлга қўйилган анъанавий ўқувларнинг жорий йилги иштирокчиларини Туркия Республикаси Президенти Aдминистрацияси ҳузуридаги Диёнат ишлари бошқармаси раҳбари Доктор Али Эрбош қабул қилди.
Дин ишлари бўйича олий идора раҳбари тингловчиларни қутлаб, Туркиянинг диний-маърифий соҳада тўплаган тажрибаси, халқаро таълим фаолияти ва глобал ҳамкорликдаги устувор йўналишлари ҳақида сўзлаб берди.
– Биз Туркиянинг тажрибасини фақат ўз ҳудудимиз билан чеклаб қўймаймиз. Қалбларимиз боғланган, маънавий алоқаларимиз мавжуд юртларда ва эҳтиёж сезилаётган барча минтақаларда ушбу тажрибани улашишга ҳаракат қиламиз. Бунинг учун фақат хайр-эҳсон эмас, таълим ва маърифат ҳам муҳим. Чунки Туркия тарихан ислом оламининг илмий ва маънавий марказларидан бири бўлган. Бугун шу мақомда бардавом бўлишга интилаяпмиз. Бу – биз учун маънавий масъулият ва жиҳоддир, – деди Доктор Али Эрбош.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази вакили Қодирхон Маҳмудов мазкур семинар дарсларида иштирок этиш билан бирга, Туркияда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган илмий ишлар билан яқиндан танишиш имконига эга бўлиб, турли давлатлар олимлари билан фикрлашиш, ҳамкорликни кенгайтириш ва тажриба алмашиш мақсадида муҳим учрашувларда ҳам фаол қатнашмоқда.