Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / ИБН СИНОНИ ЎРГАНИШГА ЭРОНДА ЖИДДИЙ АҲАМИЯТ ҚАРАТИЛГАН

ИБН СИНОНИ ЎРГАНИШГА ЭРОНДА ЖИДДИЙ АҲАМИЯТ ҚАРАТИЛГАН

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда “Зарафшон воҳаси маданий бойликлари” туркумида навбатдаги онлайн семинар бўлиб ўтди. Унда Марказ ходимлари, юртимиз ва хориждаги илмий муассасалар тадқиқотчилари, шунингдек, Германия ва Туркиядан олимлар иштирок этди.

Семинарда Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти илмий ходими Фахриддин Ибрагимовнинг “Эронда Ибн Сино меросини ўрганиш тенденциялари” мавзусидаги маърузаси тингланди.

Маърузачи файласуф, ҳаким ва энциклопедик олим сифатида тарихда қолган Ибн Сино қисқа ҳаёти сарсон-саргардонлик ва ҳибсларда ўтишига қарамасдан замонасининг барча фанларини пухта эгаллаб, кўплаб асарлар ёзиб қолдирганини таъкидлади.

Биз буюк ватандошимиз деб биладиган ва эътироф этадиган аллома ўзини форс деб атамаган бўлса-да, Эронда уни форс миллатига мансуб деб билишади. Асарларининг кўпини Эрон шаҳарларида ёзгани ва қабри ҳам Ҳамадонда бўлгани учун Ибн Сино меросини ўрганишга жиддий эътибор беришади. Ўтган асрнинг 50-йилларидан ҳозирги давргача Эронда Ибн Сино ҳаёти ва илмий-адабий мероси бўйича жами 45 та докторлик диссертацияси ёқланган. Бундан ташқари у ерда мутафаккир меросини тадқиқ қилиш ва оммалаштиришда Ҳамадондаги “Ибн Сино” халқаро фонди ва Теҳрондаги “Фалсафа институти” асосий ўрин тутмоқда.

Олимнинг таъкидлашича, Ибн Сино меросини Эронда ўрганилишини ўтган асрнинг 50-йилларидан 80-йилларигача ва 80-йиллардан ҳозирги пайтгача бўлган икки даврга ажратиш мумкин. Биринчи даврда, асосан алломанинг ҳаёти, илмий фаолияти ва асарлари библиографияси ҳақидаги тадқиқотлар кўзга ташланса, иккинчисида Ибн Сино асарларини ўрганиш, уларнинг танқидий матнларини яратиш, ғарб тилларида олиб борилган тадқиқотларни форс тилига ўгириш каби йўналишларни кўриш мумкин.

Тадқиқотчи алломанинг шогирдлари, эронлик илк синошунос олимлар хусусида маълумот берди.

Семинар қизғин савол-жавоблар билан давом этди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Тарғибот тадбирлари бошланди

Ўтаётган ҳафтада Самарқанд вилоятидаги маҳалла ва таълим муассасаларида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида кенг …