Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / МАРКАЗ ХОДИМИ ГЕРМАНИЯДА АМАЛИЁТ ЎТАМОҚДА

МАРКАЗ ХОДИМИ ГЕРМАНИЯДА АМАЛИЁТ ЎТАМОҚДА

 Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими Барот Амонов Германияда Гамбург университети қошидаги Осиё-Африка тадқиқотлари институтида илмий амалиёт бошлади. Марказ вакили Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан 2023 йилда ёш олимларни етакчи хорижий илмий ташкилотларда қисқа муддатли илмий стажировкаларга юбориш бўйича эълон қилинган танловда ғолиб бўлиб, мазкур йўлланмани қўлга киритди.

Тадқиқотчи Гамбург шаҳрида Осиё-Африка тадқиқотлари институти профессори, др. Стефан Хайдман билан учрашди. Мулоқот чоғида Ўзбекистоннинг Ғарб ва Шарқ давлатлари билан олиб бораётган оқилона сиёсати ва шартномалар асосидаги ўзаро ҳамкорлик келишувлари давлатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлаб бораётгани таъкидланди. Жумладан, илмий-маърифий йўналишда Ўзбекистон ва Германия илмий-тадқиқот марказлари ва маданий муассасалари ўртасида 2019-2023 йилларга мўлжаллаб тасдиқланган ҳамкорликка оид “Чора-тадбирлар режаси” икки давлат илмий муассасалариаро қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун асос бўлиб хизмат қиляпти. Суҳбатда Марказ билан институт ўртасида 2020 йилда имзоланган меморандум асосида “Зарафшон воҳаси тарихи ва маданияти” мавзусида узлуксиз тарзда ўтказиб келинаётган онлайн семинарлар самараси қайд этилиб, истиқболдаги режалар муҳокама қилинди.

Б.Амонов мазкур институтнинг Империя ва трансмаданий тадқиқотларни қиёсий ўрганиш Роман-Ислом марказида илк ислом даврига оид топилмалар, тарихий обидалар, ёзма ёдгорликлар ва манбаларни ўрганишга бағишлаб ўтказилган конференцияда иштирок этди. Кембриж, Нью-Йорк, Мичиган университетлари, Германиядаги қатор олий таълим муассасалари ва музей фондларининг исломшунос, диншунос ва шарқшунос олимлари ва тадқиқотчилар қатнашган анжуманда Марказ вакили Ўзбекистонда турли соҳаларда, жумладан маънавий ва диний-маърифий жабҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси, Марказнинг хориждаги турдош ташкилотлар билан турли илмий-маърифий йўналишда хусусан, қўлёзмаларни сақлаш, таъмирлаш, таржима ва нашр қилиш бўйича ўрнатилган ҳамкорлик алоқалари хусусида маълумот берди.

Тадқиқотчининг илмий амалиёти 3 ой давом этади.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Тарғибот тадбирлари бошланди

Ўтаётган ҳафтада Самарқанд вилоятидаги маҳалла ва таълим муассасаларида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида кенг …