Home / МАҚОЛАЛАР / ҚУРЪОН ВА СУННАТДА БАҒРИКЕНГЛИК ТАЛҚИНИ

ҚУРЪОН ВА СУННАТДА БАҒРИКЕНГЛИК ТАЛҚИНИ

Инсонларга миллати, ирқи ва динидан қатъи назар уларни камситмай, қўполлик қилмай, мулойим хатти-ҳаракатлар билан муносабатда бўлиш бағрикенгликни ифодалайди. Бу юксак ахлоқли кишиларга хос олий фазилатдир.

Ислом дини манбаларида ахлоқий тамойиллар муҳим ўрин тутиб, булар орасида бағрикенгликнинг алоҳида ўрни бор. Энг сўнгги динга “Ислом” номининг берилиши унинг бошқа маънолар қаторида бағрикенг ва бағрикенглик дини эканини англатади. Афсуски, сўнгги пайтларда ислом номидан турли бузғунчилик, одамлар орасида хавф ва қўрқув уйғотиш, тинч аҳоли қонини тўкиш, мол-мулкига зиён етказиш каби қабиҳ ишларни амалга ошираётган айрим тоифалар ҳақида кўп эшитмоқдамиз. Президентимиз бу ҳақда “Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз”[1], деган эди.

Қуръони карим оятларига назар ташласак, Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир[2], (Эй инсонлар!) Сизларнинг ушбу динингиз (аслида) бир дин (яъни, ислом)дир. Мен эса (барчангизнинг) Раббингиздирман. Бас, Менга ибодат қилингиз!”[3], “Унинг белгиларидан (яна бири) – осмонлар ва ерни яратиши ва сизларнинг тилларингиз ва рангларингизни хилма-хиллигидир. Албатта, бунда барча олимлар учун аломатлар бордир”[4], “Эй инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир”[5], “Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севар”[6], деб айтилган.

Инсонда бағрикенглик туйғусини қуйидаги хислатлар шакллантиради:

  1. Ўзгаларнинг камчиликларини беркитиш. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ким мўминнинг айбини яширса, Аллоҳ қиёмат куни унинг айбини яширади, деганлар[7].
  2. Ғазабни енгиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: Бировни (курашиб) йиқитган полвон эмас, ғазабланган вақтида жаҳлини ютган одам полвондир!”[8].
  3. Кечиримлилик. Аллоҳ таоло: Афвни ихтиёр этинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг!”[9] дейди.
  4. Қўполликдан сақланиш. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Албатта мен раҳмат ўлароқ юборилдим[10], деганлар.
  5. Ёмон гумондан тийилиш. Аллоҳ таоло: Эй мўминлар, кўп гумон(лар)дан четланинглар! Чунки баъзи гумон(лар) гуноҳдир!”[11] деди.
  6. Кибр ва манманликдан сақланиш. Аллоҳ таоло: Одамларга (кибрланиб) юзингни буриштирмагин ва ерда керилиб юрмагин. Чунки, Аллоҳ ҳеч бир кибрли, мақтанчоқ кимсани суймас”[12], дейди.
  7. Одамларни масхара қилишдан эҳтиёт бўлиш. Аллоҳ таоло: Эй мўминлар, (сизлардан) бир қавм (бошқа) бир (мўмин) қавмни масхара қилмасин!”[13] дейди.
  8. Сабрли бўлиш. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: Сабр қилингиз! Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир”[14]. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ҳеч кимга сабрдан кўра яхшироқ ва кенгроқ неъмат берилмаган[15], деганлар.

Исломда дин ва эътиқодга мажбурлаш йўқ. Эътиқод куч билан эмас, аксинча, фақат ишонтириш ва шахснинг розилиги билан ўзгариши лозим. Бош Қонунимизда “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар ким хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди”[16], дейилган. Aгар дин одамларга қўрқув ва шафқатсизлик орқали етказилса, имоннинг маъноси қолмайди.

Оилавий ҳаётда бағрикенгликка аёлларга яхши муносабат, фарзандларга меҳр-шафқатли бўлиш, ота-она ҳуқуқларига риоя қилиш орқали эришилади. Бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам энг ибратли зот бўлганлар. Аёлларига меҳрли, сабр-тоқатли ва муҳаббат билан муомала қилар, фарзандлари ва набираларига мурувват кўрсатар эдилар. Ривоятларда келтириладики, намоз ўқиётганида набиралари Ҳасан ва Ҳусайн елкаларига миниб олганида ҳам сабр қилиб, уларга индамаганлар.

Динда мажбурлаш йўқлиги ҳақида Aллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: Динда зўрлаш йўқ, зеро, тўғри йўл янглиш йўлдан айро бўлди. Бас, ким шайтон (ёхуд бутлар)ни инкор этиб, Аллоҳга имон келтирса, демак, у мустаҳкам ҳалқани ушлабди. Аллоҳ эшитувчи ва билувчидир”[17]. Бу борадаги яна бир оят: Агар Раббингиз хоҳласа эди, Ер (юзи)даги барча кишилар ёппасига имон келтирган бўлур эдилар. Бас, Сиз одамларни мўмин бўлишларига мажбур қиласизми?!”[18].

Мусулмон масжидга бориш ҳуқуқига эга бўлганидек, насроний черковда, яҳудий эса синагогада ибодатини адо этиш ҳуқуқига эга. Дарҳақиқат, Қуръони каримда бу борада бундай дейилган: “Aгар Aллоҳ одамларнинг баъзиларини баъзилари билан даф этиб турмас экан, албатта, Аллоҳ номи кўп зикр қилинадиган (роҳибларнинг) узлатгоҳлари, (насронийларнинг) бутхоналари, (яҳудийларнинг) ибодатхоналари ва (мусулмонларнинг) масжидлари вайрон қилинган бўлур эди”[19].

Маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадина жамоатида бир муддат бирга яшаган яҳудийларнинг ибодатларини чекламаганлар ва Нажрон насронийларнинг диний амалларига рухсат берганлар. Мусулмонларга аҳли китоблар сўйган ҳайвонларнинг гўштини ейишга ва покиза аёлларига уйланишга изн берганлар. Яҳудийларни исломга қизиқтириш учун олдилардан олиб ўтилган тобутни кўриб, ўрниларидан турдилар, маййитга ҳурмат бажо келтирдилар ва буни саҳобаларга ҳам тавсия қилганлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам яҳудийларга масжидга киришга рухсат берганлар, мушрикларга ман қилганлар. Шу ижобий муносабат туфайли яҳудийларнинг бир қисми мусулмон бўлган. Абдураҳмон ибн Симак Яҳудий, Абдуллоҳ ибн Салом ибн Хорис, Абдураҳмон ибн Абу Қуразий, Абдулқуддус Исроилий, Али ибн Рифа Қуразий, Асъад ибн Убайд ва Маймун ибн Ямин кабилар исломни қабул қилган. Яҳудийлар мусулмон бўлиш билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни раҳбар ўлароқ қабул қилиб, Мадинага қарши ҳар қандай ташқи таҳдид ёки ҳужумга қарши мусулмонлар билан бир сафда турган. Шаҳарда дин ва эътиқод эркинлигини, одамлар ҳаёти ва мулкий хавфсизлигини таъминлаган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзаро келишувга эришилган ғайримусулмонлар (зиммийлар) ҳақ-ҳуқуқлари борасида ниҳоятда эҳтиёткор эдилар. Бу борада “Ким бирор зиммийга озор берса, менга озор берган бўлади, Ким биз аҳдлашган ғайримусулмонлардан бирига зулм қилса, унинг ҳаққидан ушлаб қолса, қўлидан келмайдиган ишни буюрса ёки мажбурласа, қиёмат куни мен унинг душмани бўламан”[20], деганлар. Халифалар ҳам мусулмон бўлмаганлар ҳуқуқ ва имтиёзларининг ҳимоячиси эдилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам доим Aллоҳ таолонинг амрига итоат этиш, махлуқотларга меҳр-шафқат кўрсатиш, мўътадил бўлиш, душманлик ўрнига дўстлик ва муҳаббат ришталарини ўрнатишга, ғазаб ёки қасос ўрнига юмшоқлик, ёмонлик ўрнига хайрихоҳ бўлиш кераклигини таъкидлаганлар. Эзгулик барча динларнинг асоси эканига ишора сифатида ўтган пайғамбарлар ва уларга нозил бўлган муқаддас китобларини ҳурмат қилганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бағрикенгликни асосий тамойиллардан бири деб билганлар. (Эй Муҳаммад) Раббингизнинг йўли (дини)га ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват қилинг! Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг!”[21] оятидан келиб чиқиб, динни бағрикенглик билан тарғиб этдилар. Одамларнинг даъватга қўпол муносабати у зотни бундан қайтара олмади. Тоиф аҳли Пайғамбар алайҳиссаломга хунук муомала қилганда, кечиримлиликка асосланиб, Аллоҳ таолодан уларни ҳалок этмасдан, балки тўғри йўлга солишини сўраб дуо қилганлари жаҳолатга қарши маърифатнинг айни мисолидир.

[1]Мирзиёев Ш.М. БМТнинг 72-сессиясида сўзлаган нутқидан. 2017 йил 20 сентябрь. АҚШ.
[2]Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Таржима ва изоҳлар муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. – Т.: ТИУ, 2006. Моида сураси 2-оят. (Кейинги ўринларда сура номи ва оят рақами берилади)
[3]Анбиё сураси 92-оят.
[4]Рум сураси 22-оят.
[5]Ҳужурот сураси 13-оят.
[6]Мумтаҳана сураси 8-оят.
[7]Саҳиҳи Бухорий. 2442-ҳадис, Саҳиҳи Муслим.2580-ҳадис.
[8]Саҳиҳи Бухорий. 76-боб. Ғазабни босиш ҳақида. 6114-ҳадис.
[9]Аъроф сураси 199-оят.
[10]Имом Муслим ривояти.
[11]Ҳужурот сураси 12-оят.
[12]Луқмон сураси 18-оят.
[13]Ҳужурот сураси 11-оят.
[14]Анфол сураси 46-оят.
[15]Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривояти.
[16]Ўзбекистон Республикаси Конституцияси. 35-модда. 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси референдумида умумхалқ овоз бериш орқали қабул қилинган.
[17]Бақара сураси 256-оят.
[18]Юнус сураси 99-оят.
[19]Ҳаж сураси 40-оят.
[20] Саҳиҳи Абу Довуд. 3052-ҳадис.
[21]Наҳл сураси 125-оят.
Тохир ЭВАДУЛЛАЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
бўлим бошлиғи

Check Also

МЕҲР КЎРСАТГАН МЕҲР КЎРАДИ

  Имом Бухорийнинг устозларидан бири Имом Муҳаммад ибн Салом Байкандийдан қуйидаги ҳадиси муборак ривоят қилинади: …